Бугун, 2 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизматининг навбатдаги брифинги бўлиб ўтди.
Унда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов давлатимиз раҳбари иштирокида жорий ҳафтада кутилаётган муҳим тадбирлар ҳақида журналистларга маълумот берди.
Унга кўра, бу ҳафтада ҳам бир қатор тадбирлар кун тартибига киритилган. Жумладан, Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тизимларини модернизация қилиш бўйича тақдимот ҳамда ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор ўтказилиши режалаштирилган.
Жума куни Президентимиз Туркманистоннинг Аваза шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги маслаҳат учрашувида иштирок этади.