Ёшларнинг жўшқинлиги ва шижоати мамлакат тараққиётида беқиёс кучдир. Улар қалбида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, келажакка ишончини ошириш азалий анъана ва қадриятларнинг умрбоқийлигини таъминлайди.
Шу боис, юртимизда айнан ёшлар масаласига эътибор давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган.
Учқудуқ туманида ҳам “Ўзбекистон ёшлари форуми-2021” доирасида ташкил этилган лойиҳа ва тадбирларда барча туман ёшлари фаол иштирок этди.
Ўтган бир ой давомида форум доирасида “Ёш китобхон”, “Зукко китобхон” интеллектуал танлови, “Мунозара” беллашуви, “Ёш истеъдод” телевизион танлови, “Рэп-2021”, “Ҳар ҳафтада бир китоб”, “Киберспорт”, “Автопойга”, “Йил етакчиси Республика танловининг туман босқичи” ва бошқа кўплаб тадбирлар ва спорт беллашувлари ўтказилди.
Шунингдек, ёшларни ватанга садоқат, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида “Хотира” хиёбонига ташрифи, уюшмаган ёшлар ва умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчиларининг № 99818 – сонли ҳарбий қисмга саёҳати ташкил этилди.
Бундан ташқари, “Депутат ва ёшлар”, “Сектор раҳбари ва ёшлар” ҳамда “Ташкилот раҳбари ва ёшлар” каби учрашувлар бўлиб ўтди. Ўтказилган мазкур лойиҳалар ёшларнинг ғоя ва таклифларини эшитиш, замон қаҳрамонларини кашф этиш, уларнинг илмий ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва мамлакатимиздаги янгиланишларга фаол жалб қилиш мақсадини кўзлагани билан ҳам аҳамиятли бўлди.
“Янги Ўзбекистон ёшлари форуми - 2021” якуни бўйича бугун “Учқудуқ” маданият уйида галаконцерт дастури ўтказилди. Унда Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроев сўзга чиқиб, мамлакатимизнинг келажакда янада равнақ топишида, мустақиллигини мустаҳкамлашда, учқудуқлик ёшлар ҳам ўз билим ва тафаккури, изланиш ва интилиши билан муносиб ҳисса қўшишларига ишонч билдирди.
Форум доирасида ўтказилган беллашувлар ғолбилари туман ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Тадбирда “Учқудуқ” ва “Қизилқум” маданият уйи бадиий жамолари ҳамда санъатсевар ёшларнинг чиқишлари барчага бирдек манзур бўлди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.