LOTIN-КИРИЛЛ

УЧҚУДУҚДА “ФАРЗАНДФУРУШ” ОНА ҚЎЛГА ОЛИНДИ

     Қирғинбарот уруш  йилларида ҳам одамлар очликдан, муҳтожликдан эзилиб, ҳамма нарсаларини сотиб, очликдан силласи қуриган болаларига бир бурда нон олиб берганлигини  кўп бора эшитганмиз. Ўшандай оғир йилларда ҳам одамлар ҳамма нарсасини, бор - будини  сотса ҳам, ҳеч ким ўз боласининг бешигини сотмаганлигини ҳар гал эслаганда, юракни шарҳсиз туйғулар эгаллаб олади. Жонсиз ёғоч буюмга шу қадар эҳтиромда ўзига хос меҳр борлиги бизнинг миллий ўлмас қадриятимизга айланганлиги кўнгилга  ғурур бағишлайди.

    Бугун-чи, бугун? Бешик эмас, ўз боласини сотаётганларни кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсиз.  Ажабо, онани ўз дилбандини сотишга нима мажбур қилиши мумкин? Эътибор қилганмисиз, ҳатто   ақл-идроки йўқ энг йиртқич жонзотлар ҳам боласига яқинлашмоқчи бўлганларни тилка-пора қилиб ташлашга тайёр туради.

     Онани йўқчилик эмас, тўқчилик, бағритошлик, шафқатсизлик, ўз тинчини ўйлаш,  “енгил” ҳаёт,  ношукурлик, нонкўрлик, энг ачинарлиси, Ватанга хиёнат  Оллоҳ берган улуғ неъматни сотишга мажбур қилиши мумкин.

   Учқудуқлик  Дилдора ( мақолада исмлар  ўзгартирилди) ҳам ўз жигарпорасини сотиб, бой бўлишни орзулаган  бу она  – аслида "она" деган номга  номуносиб аёл. 

   Тақдир синовлари, ҳаёт ташвишларини ақл билан енгиш, ечиш ўрнига  Дилдора “Аслон бобо”  чойхонасига келиб, " фарзанд савдоси"ни бошлаб юборди. “Савдо” шу қадар  тез “пишди”ки, “харидор”лар  фарзандфуруш онага  келишилган 60 миллион сўмни бергандан сўнг, уларга боладан  воз кечганлиги тўғрисида тилхат ёзиб берди. Пул эвазига ўз боласидан воз кечиш тўғрисида ўз қўли билан тилхат ёзган онани ҳеч қачон, ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

   Одам савдоси драмасининг бу машъум пардаси шу ерда  ёпилиши керак эди. Аммо  парда ортида турган ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари бундай жирканч ишга қўл урган “болафуруш” онанинг қабиҳ  хатти-ҳаракатига чек қўйишди.

     ИИБ ЖҚБ, ДХХ Учқудуқ туман бўлимлари ва департаментнинг Учқудуқ туман бўлими ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир вақтида Дилдора  ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

     Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди ҳукмига кўра, Дилдора Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси135-моддаси 3-қисмининг “а” бандида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилиб, унга  4 (тўрт) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

    Йиллар ўтиб, уч яшар қизалоқ вояга етади. Бу “савдолар” ҳақида эшитса, онасидан сўраб қолса, унинг саволларига жавоб беришга Дилдоранинг кучи етармикан, виждони, юзи чидармикин? Билмадик...

Аббос НУРИЛЛАЕВ,

Учқудуқ туман прокуратураси

терговчиси.                                                        

O'qilgan: 614 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: