Мамлакатимиз саноатининг фахри, байроқдори бўлган Навоий кон-металлургия комбинати Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги “Дағизтау” кони ташкил этилганлигига 20 йил тўлди.
Бугун ўзининг навқирон 20 ёшини нишонлаётган меҳнат жамоаси, соҳа фидоийлари ҳамда корхонада узоқ йиллар ишлаб, ҳозирда кексалик гаштини сураётган нуронийлар иштирокида тадбир ўтказилди.
Шунингдек тадбирда Навоий кон-металлургия комбинати АЖ бош директори Қ.Санақулов, Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроев, Шимолий кон бошқармаси директори Н.Ахатов ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, “Дауғизтау” кони мустақил Ўзбекистон тарихида иш бошлаган дастлабки конлардан бири бўлиб, 3 - сонли гидрометаллургия заводининг хомашё базаси ҳисобланади. Албатта, 20 йил тарих учун қисқа давр бўлиши мумкин. Аммо, ана шу муддатда “Дауғизтау” конининг узунлиги қарийб 3 минг метрга етказилди. Бу эса ҳали унинг ён - бағирларида очилмаган мўъжизалар кўплигини англатади. Шу боис бу ерда кон умрини узайтириш мақсадида геологик қидирув ишлари олиб борилмоқда.
Бундан 20 йил муқаддам “Дауғизтау”да бошланган бунёдкорлик ишларини кенгайтириш, янада юқори босқичга кўтариш, мустақил юртимиз иқтисодий қудратини юксалтиришни кўзлаб, конда руда қазиб олиш режа-топшириқларини ортиғи билан адо этиш – бугунги жамоа зиммасидадир!
“Дауғизтау” кони – 20 ёшда мавзусида ўтказилган маърифий тадбирда корхона ишчи-ходимларининг бир гуруҳи 1,2,3 даражали “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони, фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалар билан мукофотландилар.
-Бугунги кунда 3 - сонли гидрометаллургия заводига олтинга бой маъданларни етказиб бераётган конда 500 нафарга яқин ишчи-ходим фаолият юритаяпти. Айни вақтда “Дауғизтау” кони 270 метрдан зиёд чуқурликка эга бўлиб, ундан фойдаланиш вақтидан бошлаб, 217 миллион куб метрга яқин тоғ жинслари 3 - сонли гидрометаллургия заводига хомашё сифатида етказиб берилган. 2021 йилда эса кон ташкил топгандан буён қазиб чиқариш бўйича рекорд натижа қайд этилди. “Дауғизтау” ва “Мағрибкон” карьерларидан 33 миллион куб метрдан ортиқ кон массаси қазиб олинди, - дейди кон бошлиғи Шерзод Ҳамроев.
-“Дауғизтау” кони ташкил этилганлигининг 20 йиллиги катта тантаналар билан нишонланмоқда – дейди кон бош маркшрейдери Шахобиддин Гадоев. -Менинг камтарона меҳнатларим юксак баҳоланиб, сана муносабати билан менга 3-даражали “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони берилди. Албатта бу каби эътироф ва эътибордан кўнглимиз тоғдек юксалди. Белгиланган режа-топшириқларни ортиғи билан уддалашга бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Тадбир доирасида йиғилганлар “Дауғизтау” кони кузатув майдончасида бўлиб, техникаларнинг ҳаракатланиш жараёнини онлайн кузатишди. Кон фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Ҳа, бугунги дориламон кунларга шукроналик ҳисси билан меҳнат қилаётган Ҳуррият, деб аталмиш муқаддас неъматни кўз қорачиғидек асраш, уни ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва боқийлигини таъминлашга муносиб улуш қўшаётган “Дауғизтау” кони жамоасига мустаҳкам соғлик, оилаларига тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат тилаймиз. Олган тупроғингиз зар, иродангиз мустаҳкам бўлсин, деймиз!
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.