LOTIN-КИРИЛЛ

Тадқиқотни Ню-Жерсидаги Рутгерс тиббиёт мактаби илмий-тадқиқот институти ва минтақавий биологик хавфсизлик лабораториялари билан ҳамкорликда Colgate компанияси ўтказган.

Таркибида рух ёки қалай бўлган тиш пасталари коронавирусни икки дақиқа ичида 99,9 фоизга йўқ қилиши мумкин. Бу ҳақда Британия стоматология ассоциациясининг British Dental Journal нашрида чоп этилган тадқиқот натижаларида маълум қилинди.

 Шунингдек, таркибида цетилпиридиний хлориди бўлган оғиз чайиш воситалари ҳам оғиздаги коронавирусни йўқотган. Бу унсурни тиш пасталари ва томоққа сепиладиган спрейлар таркибида ҳам учратиш мумкин.

Оғиздаги коронавирусни бутунлай йўқотиш учун цетилпиридиний хлоридили оғиз чайиш воситасига 30 сония керак бўлди, дейилади мақолада.

 Тадқиқотни Ню-Жерсидаги Рутгерс тиббиёт мактаби илмий-тадқиқот институти ва минтақавий биологик хавфсизлик лабораториялари билан ҳамкорликда Colgate компанияси ўтказган.

«Цетилпиридиний хлориди хусусиятларидан коронавирусни даволашда эмас, балки унинг профилактикасида фойдаланиш керак», — деди Гамалея номидаги марказнинг бош илмий ходими Анатолий Альтштейн.

Унинг сўзларига кўра, цетилпиридиний хлориди SARS-CoV-2 вирусининг липид қобиғини емиради ва унинг йўқ қилинишига олиб келади. Шунинг учун коронавирус юқтирган бемор таркибида ушбу унсур бўлган восита билан оғзини тез-тез чайиб туриши лозим.

2020 йил 11 декабр куни Олий Мажлис Сенати кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. 

Сенат ахборот хизмати хабарига кўра, Сенат раиси Танзила Норбоева олиб борган мажлисда Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисини 2020 йил 18 декабр куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди. 

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказиладиган ялпи мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган.  

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги, “Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларга доир суд қарорларини қайта кўришнинг процессуал тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларга доир суд қарорларини қайта кўришнинг процессуал тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Суд ҳужжатларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Иқтисодий процессуал кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Фуқаролик процессуал кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидан.

Бундан ташқари, “2021 йил учун давлат бюджети  тўғрисида”ги, “Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “2021 йил учун давлат бюджети тўғрисида”ги қонун қабул қилинганлиги муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Шаҳарсозлик кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида”ги, “Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги халқаро конвенцияга (Киото, 1973 йил 18 май, 1999 йил 26 июндаги ўзгартиришлар билан) Ўзбекистоннинг қўшилиши тўғрисида”ги қонунлар кўриб чиқилиши режалаштирилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон давлат бюджетининг 2020 йил тўққиз ойидаги ижроси муҳокама қилиниши назарда тутилган.

Ўзбекистон адлия вазирининг давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти, Наманган вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳақидаги ҳисоботи эшитилиши режалаштирилган.

Шунингдек, 2020-2023 йилларда Қорақалпоғистонни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар ижро этилишининг бориши тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилиниши назарда тутилган.

Бундан ташқари, кенгаш мажлисида халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари фаолиятига доир намунавий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020 йилнинг 9 ойи давомида ФҲДЁ органларида 614,7 минг нафар туғилганлик ҳолатлари қайд этилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24,9 минг нафарга кўп.

Қўмита ахборот хизмати хабарига кўра, туғилганлик ҳолатлари ҳудудлар бўйича таҳлил қилинганда, энг кўп туғилишлар сони Самарқанд вилоятида (74,4 минг нафар), энг ками эса Сирдарё вилоятида (15,6 минг нафар) қайд этилгани маълум бўлган.

Ушбу кўрсаткич аҳоли сонига нисбатан таҳлил қилинганда, Сурхондарё вилоятида энг кўп, яъни ҳар минг нафар аҳолига 28 нафар чақалоқ тўғри келган бўлса, Қорақалпоғистон Республикасида энг кам, яъни ҳар минг нафар аҳолига 20 нафар чақалоқ тўғри келгани кузатилди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди муқаддам Ўзбекистон Олий судида таъминотчи вазифасида ишлаган Ш.А.нинг ўлимида айбланган икки шахс устидан ҳукм чиқарди.

11 декабр куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг судьяси Алишер Жалилов қотиллик иши бўйича суд ҳукмини эълон қилди. Бу ҳақда суд мажлисида иштирок этган Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Ш.А.нинг жасади 8 август куни кечга яқин Қибрай туманидаги ГЭС ҳудудидан, саёҳат чамадонига тиқиб қўйилган ҳолда топилган.

52 ёшда бўлган эркак муқаддам Ўзбекистон Республикаси Олий судида таъминотчи вазифасида ишлагани ҳақида маълумотлар бор. Шунингдек, у Самарқанд вилоятида туғилгани, пойтахтнинг Яккасарой туманида яшаб келгани маълум.

Мурдани кўздан кечириш давомида баданида тан жароҳати ва ундан қолган излар аниқланмаган, суд тиббий экспертиза бўлинмаси у бўйнидан тўмтоқ жисм билан бўғилиши оқибатида нафас етишмаслигидан вафот этган, деган бирламчи хулосани берган.

11 декабр куни судланувчи М. ҳимоя сўзида қотилликка алоқадор айбини тан олиб, қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишини сўради.

«Ижозат берсангиз, сўнгги сўзимни ёзма топшираман. Адвокатим сўзларини қўллаб-қувватлайман. Яъни, фақат 241 бўйича (Жиноят кодексининг 241 моддаси («Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш») назарда тутилган жиноят бўйича – таҳр.) айбимга иқрорман. Қолган учта моддага рози эмасман. Марҳумнинг қариндош ва яқинларидан кечирим сўрайман. Иложи бўлса, ёшим ҳурмати, кейин болаларим бор... Мумкин бўлса, қамоқ жазоси бўлмаган, бошқа жазо тайинланг», — деди М.

Қотилликни амалга оширган Ҳ. ҳам сўнгги сўзида қонун доирасида унга енгилроқ жазо тайинланишини сўради.

«Муқаддам судланмаганим, жамиятга тегиши мумкин бўлган нафимни ҳисобга олиб, енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олиб, жазо тайинланг», — деди у.

Суднинг ҳукмига кўра, Ҳ. Жиноят кодексининг 97 моддаси («Қасддан одам ўлдириш») 2 қисми «в» («айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни») банди ва 227 моддаси («Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш») 2 қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли, деб топилди. Унга, жиноятлар мажмуи тариқасида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан, узил-кесил 19 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Судланувчи М. Жиноят кодексининг 227 моддаси («Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш») 2 қисми «а» банди ва 241 моддаси («Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш») иккинчи қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбли, деб топилди. Унга, жиноятлар мажмуи тариқасида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан, узил-кесил 5 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Жабрланувчининг қонуний вакили Г. эса суд ҳукмидан норози бўлиб, жиноятчиларга умрбод қамоқ жазоси берилишини сўрагани ҳақида гапирди. Марҳум яқин қариндошларидан бири суд ҳукми устидан юқори инстанцияга шикоят қилишини маълум қилди.

Алишер Рўзиохунов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Шерзод Эгамбердиев.

 

Ўзбекистон ҳудудида дастлабки аҳолини рўйхатга олиш 1897 йилда ўтказилган. Ўшанда аҳоли сони расман 3,9 млн нафарни ташкил этгани қайд этилган.

Шундан сўнг:

▪️1939 йил 6,3 млн
▪️1959 йил 8,1 млн
▪️1970 йил 11,8 млн
▪️1979 йил 15,4 млн
▪️1989 йил 19,8 млн нафар аҳоли яшагани аниқланган.

Ўзбекистонда навбатдаги аҳолини рўйхатга олиш 2023 йилда ўтказилади.

Бу йил 27 декабр якшанба кунига тўғри келиши сабабли, умумтаълим мактабларида қишки таътил бошланғич синфлар учун 25 декабр, юқори синфлар учун 26 декабрдан бошланади.

Бу ҳақда Халқ талими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мактабларида таътиллар жадвали қуйидагича:

  • кузги таътил – 4 ноябрдан (6 календар куни)
  • қишки таътил – 28 декабрдан (14 календар куни)
  • баҳорги таътил – 21 мартдан (7 календар куни)
  • ёзги таътил – 26 майдан – 1 сентябргача.

Лайло Рустамованинг маълум қилишича, вазирлик ушбу тартибни бекор қилиб, узайтирилган ягона қишки таътилни жорий этиш ҳақидаги бир гуруҳ фаоллар илгари сурган таклифни қўллаб-қувватламайди.

«Таътил вақтларини ўзгартириш юзасидан билдирилаётган таклифларга жавобан, мактабларни иситишдан кўра совитишга кўпроқ энергия ресурслари талаб этилишини маълум қиламиз», – деди ХТВ расмийси.

Аввалроқ бир гуруҳ жамоатчилик вакиллари мактаб ўқувчилари учун 25 декабрдан 2 февралгача давом этадиган ягона қишки таътилни жорий этиш, биринчи ва сўнгги қўнғироқ кунларини 26 август ва 31 май этиб белгилаш, бошланғич синфларда дарслар давомийлигини 45 дақиқадан 40 дақиқага тушириш каби таклифлар билан чиққан эди.

Мазкур қатнов «Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, Транспорт ва Ташқи ишлар вазирликлари раҳбариятининг россиялик ҳамкорлар билан музокаралари натижасида пандемия даврида Россияда қолиб кетган юртдошларимизни мамлакатга олиб келиш мақсадида ташкил қилинди. 

Фото: LiveJournal

“O‘ztemiryo‘lyo‘lovchi” AJ хабарига кўра, қатнов 14, 21, 28 декабр кунлари Москва Казанский-Тошкент йўналишида  амалга оширилади. Поездлар Москвадан маҳаллий вақт билан Ўзбекистон пойтахтига соат 22:28да жўнайди.

Маълум қилинишича, ушбу поездларга фақат бир томонга, яъни Москва-Тошкент йўналишига чипталар сотилади. 

«Йўловчиларга чипта харид қилишда қулайлик яратиш мақсадида чипталарни электрон тарзда сотиш йўлга қўйилди. Москвадаги фуқароларимизнинг яқинлари Ўзбекистонда туриб, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати нусхаси билан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ веб-сайти орқали чипталарни электрон тарзда харид қилиб олиб, жўнатишлари ҳам мумкин» дейилади хабарда. 

Қўшимча маълумотларни 1005 қисқа телефон рақами, жойлардаги темир йўл кассалари ҳамда маълумотлар бюросидан билиб олиш мумкин.

11 декабр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Беларус президенти, Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши раиси Александр Лукашенконинг таклифига биноан Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)нинг видеоанжуман шаклидаги саммитида иштирок этмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон ва Кубага ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Тадбирда ЕОИИга аъзо давлатлар – Россия, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, шунингдек, кузатувчи мақомидаги Молдова ва таклиф этилган мамлакат сифатида Куба етакчилари иштирок этмоқда.

Шу йил май ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи фаолиятида кузатувчи давлат мақомида иштирок этиши тўғрисидаги таклифни маъқуллаган эди.

«Иттифоқ пулимни сўнгги тийинигача бермагунича овқат ҳам емайман, сув ҳам ичмайман. Ортимда турган 300дан ошиқ оилалар ҳақи-ҳурмати бу ноҳақликлардан ўлимга ҳам тайёрман», – деб ёзди тадбиркор Шуҳрат Сотволдиев очиқ хатида.

Жиззах шаҳридаги Ёшлар инновацион марказини қуриш ва реконструкция қилиш билан шуғулланган «Жиззах Реал қурилиш таъмир» корхонасининг 9 миллиард сўмга яқин ҳақи Ёшлар иттифоқи томонидан 1,5 йилдан бери тўлаб берилмаяпти.

Kun.uz бу ҳақда май ва ноябрь ойларида танқидий мақолалар эълон қилган эди. Ёшлар иттифоқи масала ҳал этилишини таъкидлаб баёнот берган.

Айни пайтда, ундирувдан умиди сўнаётган тадбиркор Шуҳрат Сотволдиев таҳририятга йўллаган хатида жорий йил 15 декабр куни Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши биноси олдида очлик эълон қилмоқчи эканини маълум қилди.

Мактуб Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси Акмал Жумабоевга, Ўзбекистон Бош прокуратурасига, Миллий телерадиокомпанияга ҳамда Ўзбекистондаги йирик интернет нашрлари ва блогерларга ҳам юборилган.

«Мен муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи ва Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов тасдиқлаган ҳужжатга ишониб, Ёшлар иттифоқи учун Жиззах вилоятида 14 млрд 343 млн сўмлик бинони деярли ёнимдан қурдим. Шундан салкам 9 млрд сўмини ҳали олганим йўқ. Ёшлар иттифоқининг раҳбарлари мени бир ярим йилдан бери сарсон қилиб, адойи тамом қилди. Бор-будимдан айрилиш арафасида турибман. Ўзимни ўзим ўлдириш даражасига етиб келдим.

Шу йил 15 декабр куни тонгда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши биноси олдида очлик эълон қиламан. Иттифоқ пулимни сўнгги тийинигача бермагунича овқат ҳам емайман, сув ҳам ичмайман. Менинг ортимда турган 300дан ошиқ оилалар ҳақи-ҳурмати бу ноҳақликлардан ўлимга ҳам тайёрман.

Ҳурматли оммавий ахборот воситалари, блогерлар, Сизлардан илтимос!

Мени алдаб ҳар куйга солиб келаётган Ёшлар иттифоқи раҳбарларининг қилмишларини ҳамма кўриб қўйиши учун ушбу жараённи ёритсангизлар, токи аҳолининг 60 фоизини ташкил этувчи ёшлар фирибгарлар ва бировнинг ҳақидан қўрқмайдиган шахслар ортидан эргашаётганини билиб қўйишсин!

Ҳурматли Бош прокурор Ниғматилла Тўлқинович!

Сиздан илтимос, мабодо очликдан иттифоқни остонасида вафот этгудек бўлсам, мени ўзимни ўзим ўлдириш даражасига етказган Ёшлар иттифоқи масъулларига нисбатан қонуний чора кўришингизни сўрайман», – деган тадбиркор ўз мурожаатида.

Эслатиб ўтамиз, Жиззах шаҳрида вилоят Ёшлар марказини қуриш ва реконструкция қилиш билан «Jizzax Real qurilish ta’mir» МЧЖ шуғулланган. Объектнинг жами қиймати 14 млрд 343 млн сўмни ташкил этади.

2019 йил 19 апрел куни бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов имзолаган чора-тадбирларнинг 35-бандида, Жиззах шаҳрида Ёшлар инновацион марказини ташкил этишнинг молиялаштириш манбаси сифатида Ёшлар иттифоқи белгиланган. Ушбу сумманинг 5 млрд 446 млн сўми қурувчи тадбиркорга тўлаб берилган холос.

Тошкент туманлараро иқтисодий суди шу йилнинг 19 октябрида тадбиркорга «Yoshlar qurilish invest» МЧЖ ҳисобидан даъвогар фойдасига тўланмай қолган 8 млрд 897 млн сўмни тўлаб бериш мажбуриятини назарда тутувчи ҳал қилув қарори чиқарган.

Бинонинг қуриб-битказилиб, фойдаланишга топширилганига ҳам қарийб бир йил бўлган. Аммо маблағ ажратиш учун масъул бўлган Марказий кенгаш турли баҳоналар билан жавобгарликни ўзидан соқит қилишга уриниб келди.

 11 декабр куни тадбиркорнинг мурожаати ижтимоий тармоқларда тарқалгач, Иттифоқ яна бир бор қурувчининг ҳақи «ўзи сўраган муддат ичида» берилишини билдирди.

«Аввал таъкидлаганимиздек, биз қурувчининг иш ҳақини олиши тарафдоримиз. Қурувчи иш ҳақини, ўзи сўраган муддат ичида тўлиқ олади. Шу билан бир қаторда бюджет маблағини ҳам мақсадли ажратилишига биринчидан қонун олдида, иккинчидан виждон олдида жавоб бериш масъулиятини ҳис қилган ҳолда, юқоридаги масалани охирига етказамиз», – дейилади баёнотда.

Таъкидлаш жоизки, фуқароларнинг бирор бир муаммони ҳал қилишни сўраб очлик эълон қилиши амалиёти хорижий давлатларда одат тусига айланган. Ўзбекистонда эса бу каби ҳодисалар кам кузатилади.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан республика ов ва балиқ ови спорт бирлашмасининг Навоий вилояти бўлими ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш Навоий вилояти бошқармасида ўтказилган текширувда, 2019-2020 йилги ов мавсумида рухсат берилган квотадан ташқари жами 13 минг (қуён, ғоз, ўрдак ва бошқа.) бошдан ортиқ ёввойи ҳайвонларнинг ноқонуний овланишига имконият яратилганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш Навоий вилояти бошқармаси мансабдор шахслари 2019 йилги ов мавсумида 1 707 ҳолатда овчилар томонидан ноқонуний ов амалга оширилганлиги бўйича ўз вақтида маъмурий чоралар қўлламаганликлари натижасида, 1,9 млрд сўмлик жарималар бюджетга ундирилмасдан, давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказишган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: