LOTIN-КИРИЛЛ

    Кўксарой қароргоҳида Туркманистон президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Маросимдан сўнг президентлар Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов тор доирада учрашув ўтказди.

   Учрашув аввалида давлат раҳбари Туркманистон етакчисини самимий қутлаб, 27 сентябрь куни нишонланган байрам – ушбу мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги билан яна бир бор муборакбод этди ҳамда биродар туркман халқига тинчлик-осойишталик ва фаровонлик тилади.

«Ҳар бир учрашувимиз тарихий аҳамиятга эга муҳим воқеадир. Барча эришилган келишувлар ҳаётга татбиқ этилди ва халқларимизга хизмат қилмоқда. Бугун шериклигимизнинг долзарб масалаларини батафсил муҳокама қилиш ва узоқ муддатли истиқболга янги «ўсиш нуқталарини» белгилаб олиш учун яхши имконият бўлади. Сизнинг ташрифингиз минтақавий ва халқаро майдонда ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади», - деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

    Туркманистон президенти меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, икки давлат ўртасидаги муносабатлар юксак даражага етганини қайд этди.

«Ўзбекистон – бизнинг яқин қўшнимиз ва стратегик шеригимиз. Кейинги йилларда ҳамкорлик жадал ривожланиб бормоқда. Бу сиёсатда ҳам, савдо-иқтисодий соҳада ҳам, маданий-гуманитар соҳада ҳам ўз аксини топмоқда. Минтақавий ва халқаро масалаларда бир-биримизни қўллаб-қувватлаяпмиз. Чунки мақсадларимиз ҳамоҳанг», - деди Гурбангули Бердимуҳамедов.

    Учрашувда давлат раҳбарлари кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик, ўзаро ишонч ва қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланган икки томонлама муносабатларнинг бугунги даражасини юксак баҳоладилар. Етакчилар Ўзбекистон-Туркманистон кўп қиррали ҳамкорлигида мавжуд масалаларнинг бутун доирасини муҳокама қилиб, конструктив сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратдилар.

   Кейинги тўрт йилда ўзаро савдо ҳажми уч баробарга кўпайиб, 400 миллион доллардан ошди. Жорий йил бошидан товар айирбошлаш яна 25 фоизга ортди.

    Жорий йил 14 сентябрь куни бўлиб ўтган Икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 16-йиғилиши ҳамда 4 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Туркманистон иқтисодий форуми натижалари ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

    «Икки мамлакатнинг, айниқса чегарадош ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликнинг салоҳияти улкан экани алоҳида таъкидланди. Туркманистоннинг Лебап ва Дошоғуз вилоятлари раҳбарларининг шу йил 22 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Бухоро ва Хоразм вилоятларига дўстлик ташрифлари бунга мисолдир. Президентлар бундай мунтазам учрашувлар икки мамлакат ва халқ ўртасида ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

    Сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликка юқори баҳо берилди. Томонлар 13 сентябрь куни Тошкентда Сув хўжалиги масалалари бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши муваффақиятли ўтказилганини мамнуният билан қайд этдилар.

    Минтақа ва халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашилди. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини мунтазам ўтказиш ҳамда жорий йил 6 август куни Авазада ўтказилган учрашувда эришилган келишувларни амалга ошириш муҳим экани таъкидланди.

    Тошкентдаги музокаралар мамлакатларимиз ва халқларимизнинг ўзаро англашуви ва жипслигининг - бугунги кунда рўй бераётган воқеалар фонида айниқса муҳим бўлган жиҳатнинг навбатдаги тасдиғи бўлди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

    Жорий йилнинг июль-сентябрь ойларида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари томонидан қариндош бўлган 675 нафар келин-куёвнинг никоҳлари қайд қилинди. 

    Давлат хизматлари агентлиги хабарига кўра, шундан 285 нафар келин-куёв бир-бирига нисбатан холавачча, 172 нафари тоғавачча, 114 нафари амакивачча ва 104 нафари аммавачча ҳисобланади.

     Энг кўп қариндошлар ўртасида никоҳ қайд қилинган ҳудудлар Сурхондарё (268 та), Қашқадарё (179 та) ва Сирдарё (40 та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

     Оила кодексининг 16-моддасига асосан насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида никоҳ тузиш тақиқланади.

     Мутахассислар фикрича, яқин қариндошлар ўртасида никоҳ юрак-қон томир касалликларининг туғма турларининг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

 

     Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш санасида чақирув асосида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар бўлган, шунингдек контракт бўйича ҳарбий хизматга жалб этилган ҳарбий хизматчилар бўлган ва уларнинг ёпиқ ҳудудларда яшаётган оила аъзоси бўлган респондентлар ҳақидаги шахсга доир маълумотларни йиғиш ҳарбий қисм командири ёки у ваколат берган шахс томонидан амалга оширилади.

Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш санасида:

болалар интернатларида, тарбия муассасаларида, «Болалар шаҳарчалари»да;ижтимоий муассасаларда;

диний муассасаларда;

шифохоналарда ва бошқа соғлиқни сақлаш ташкилотларида;

зўравонликдан жабрланган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказларида;

қамоқда сақлаш жойларида, тергов ҳибсхонасида, ахлоқ тузатиш муассасаларида ва махсус муассасаларда яшаётган (бўлган) респондентлар тўғрисидаги шахсга доир маълумотларни йиғиш ушбу қисмда назарда тутилган муассасалар ҳамда ташкилотлар маъмуриятлари томонидан амалга оширилади.

     Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари ходимлари бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда уларнинг ўзи билан бирга бўлган оила аъзолари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотлардаги квоталанган лавозимларга юборилган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан рўйхатга олиниши лозим. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинган чет давлатлар доимий ваколатхоналарининг, халқаро, ҳукуматлараро ташкилотлар ва чет давлатлар ҳукумат ташкилотлари ваколатхоналарининг ходимлари бўлган чет эл фуқаролари ҳамда уларнинг оила аъзолари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ дипломатик имтиёзларга ва иммунитетга эга бўлган бошқа шахслар рўйхатга олинмайди.


Туман статистика бўлими

     Президент қарорига мувофиқ, харид чекини рўйхатдан ўтказган харидорлар ва чек бермаганлик тўғрисида хабар берганларга имтиёзлар берилмоқда.
     Президентнинг назорат-касса техникасидан фойдаланишни такомиллаштиришга доир қарори қабул қилинди.
Унга кўра, харид учун чек олиш рағбатлантирилади.
    Ҳужжат билан 2022 йил 1 январдан бошлаб:
•  чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида харидни амалга оширган ва ушбу харидни солиқ органларининг махсус мобил иловасида харид чекининг QR-код ёрдамида сканерлаш орқали рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга уларнинг банк карталарига ой якуни билан харид суммасининг 1 фоизи республика бюджетидан қайтарилади;
•  Бундан автомобил сотиб олганлик учун, темир йўл ва авиачипта хариди, коммунал ва алоқа хизмати учун тўлов, шунингдек, тўлов тизими операторлари орқали тўловни амалга оширганда олинган харид чеклари мустасно;
•  сотиб олувчига чекларни ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатларни бермасдан товарларни реализация қилганлик ва хизматлар кўрсатганлик, шунингдек, идентификация қилиш воситалари билан мажбурий рақамли маркировка қилиш назарда тутилган маҳсулотларда қалбаки маркировка қўллангани ёки маркировка мавжуд эмаслиги тўғрисида солиқ органларига махсус дастур орқали хабар берган жисмоний шахсларга, ҳуқуқбузарлардан ундирилган жариманинг 20 фоизи миқдорида мукофот тўланади;
•  тўлов тизимлари операторлари ўз тўлов тизимларини онлайн назорат-касса машиналарига мажбурий равишда улаш ва шу орқали солиқ органларининг ахборот тизимларига интеграциялашни таъминлаш талаби ўрнатилади.
     Аввалроқ онлайн назорат-касса машиналар бўйича тартиб ўзгараётгани хабар қилинганди. Бу борадаги қарор лойиҳасида тадбиркорлик субъектлари фақат кўрсатилган хизматлар учун пул тўлаши ҳамда онлайн НКМни давлат реестридан ўтказганлик учун ДСҚга пул ўтказиш тартиби бекор бўлиши кўзда тутилган.

     Учқудуқ туман ҳокими Хамроев Соли Фармоновичнинг 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан йўллаган табриги

     Ассалому  алайкум азиз устозлар!

    Қадрли ўқитувчи ва мураббийлар!

     Меҳридарё муаллимлар!

      Аввало, сизларни, сизларнинг тимсолингизда учқудуқлик барча ўқитувчи ва мураббийларни, ўзининг илму салоҳияти, куч-ғайратини, керак бўлса, бутун умрини ёш авлодга таълим-тарбия беришдек энг шарафли ва чин маънода машаққатли ишга бағишлаб келаётган муҳтарам устозларни  умумхалқ  байрами – “Ўқитувчи ва мураббийлар” куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

      Устоз-мураббий деганда барчамизнинг кўз олдимизда қадрдон мактабимиз, бизга алифбони ўргатган, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон муаллимларимиз сиймоси намоён бўлади.

     Бугунги қутлуғ айёмда барчамиз учун ибрат мактаби, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган, сиз каби азиз ва мўътабар зотлар шаънига энг гўзал сўзларимиз, эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.

     Ҳазрат Алишер Навоий бобомиз айтганидек, дунёнинг бор бойлиги ва хазинаси билан ҳам сизларнинг олийжаноб меҳнатингиз ҳақини адо этиб бўлмайди.

     Ҳаёт бор экан, ўқитувчилик ва мураббийлик касби ўзининг маъно-мазмуни ва олийжаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди.

     Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг "...сизлар дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга безавол етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонларсиз. Бу улкан бойлик – ақл-заковат ва илм, бу ўлмас мерос – яхши тарбиядир”, — деган сўзлари сизларнинг машаққатли меҳнатларингизга берилган баҳо десак, хато қилмаймиз!

 

     Муҳтарам устозлар!

   Бугунги кунда  туман халқ таълими тизимида 19 та умумтаълим мактаби, 1 та “Баркамол авлод” мактаби фаолият юритмоқда.

   Туман мактабгача таълим бўлими тасарруфида эса 32 та давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатмоқда.

   Болалар мусиқа ва санъат мактабида тарбияланаётган истеъдодли ўқучи-ёшлар томонидан қўлга киритаётган ютуқларда албатта, илм даргоҳида меҳнат қилаётган ўқитувчи-мураббийларнинг меҳнати беқиёс.

   Мустақиллик йилларида 10 дан ортиқ ўқитувчи-мураббийлар давлат мукофотлари билан тақдирланган бўлса, 300 нафари “Халқ таълими аълочиси” ва бошқа кўплаб кўкрак нишонлари билан мукофотланган.

 

     Яна бир қувончли хабар, куни кеча ҳурматли Президентимизнинг «Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармони эълон қилинди.

    Мукофотланганлар орасида Учқудуқ туманидаги 3-умумий ўрта таълим мактабининг 2-Б синф раҳбари, бошланғич синф ўқитувчиси Лагутина Ольга Владимировна  ватанимизнинг юксак мукофоти  «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди.

     Ёш авлодга  таълим ва тарбия беришда узоқ  йиллар самарали  меҳнат қилган  Ольга Владимировнага берилган  бу юксак мукофот барча Учқудуқ тумани ўқитувчи-мураббийларига берилган улкан эътироф ва рағбат деб ўйлайман.

 

     Айни пайтда туманимиздаги саноат техникуми ва  касб-ҳунар мактаби  ўқитувчи ва мураббийлари ҳам  ёш авлодга таълим бериш, касб-ҳунар ўргатишда фидойилик  намуналарини кўрсатиб келмоқда.

     Кейинги икки йилда мазкур тизимда амалга оширилган ўзгариш ва ислоҳотлар туфайли фарзандларимизга касб-ҳунар ўргатиш бутунлай такомиллашди.

     Бугун ўқитувчилар, устозлар шаънига энг яхши сўзларни айтиб, уларга эзгу ниятларимизни билдирар эканмиз, тумандаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, “Лочин” спорт мажмуасида истеъдодли спортчиларни тарбиялаётган, вилоят, республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда Учқудуқ тумани  шарафини муносиб ҳимоя қилаётган спортчиларни камолга етказаётган барча мураббийларга ҳам миннатдорчилик билдирамиз.

     Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

   Айтиш жоиз бўлса, бугун “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” деган шиор асосида мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланди.

   Буни биргина Учқудуқ тумани мисолида айтадиган бўлсак,  жорий йилда ёш авлодга сифатли таълим бериш мақсадида тумандаги 10,14,15 – сонли мактабларда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, 10 млрд. сўмга яқин маблағ сарфланган.

   Ёки туманимизда сўнгги 4 йил давомида таълим муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари учун  жами 30 млрд. сўмга  яқин маблағ йўналтирилган.

      Азиз устоз-мураббийлар!

   Илмий кузатиш ва тадқиқотлар натижасида инсон ўз ҳаёти давомида оладиган барча маълумотнинг 70 фоизини беш ёшгача бўлган даврда олиб улгуриши аниқланган.

   Демак, бу даврда инсон боласи дунёни англайди, ўз она тилини ўзлаштиради, ота-она, оила, маҳалла, Ватанга меҳри уйғонади, умр давомида оладиган билимларга замин ҳозирлайди.

   Бу борада мактабгача таълим ташкилотининг ҳиссаси муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, мамлакатимизда айнан мактабгача таълим узлуксиз таълим тизимининг ажралмас бўлагига, таъбир жоиз бўлса, унинг дебочасига айланган.

    Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак,  туманда 2017 йилда  2 та боғча ва овулларда 7 филиал фаолият юритиб, қамров 64 фоизни ташкил этган.

    Бугунги кунда мактабгача таълим ташкилотлари сони   32 та етказилган, уларнинг 15 таси уй боғчалари ҳисобланади.

    Учқудуқ туманида 3-7 ёшли болалар 3721 нафарни ташкил қилади. Уларнинг  3669 нафари ёки бўлмаса  давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамров даражаси 4,6 фоизга ўсди. Жорий йил охиригача яна 4 та оилавий уй-боғчаларни фойдаланишга топшириш ҳисобидан қамров 100 фоизга етказилади.

    Шунингдек, туман марказидан 150-200 км олисда жойлашган Бузаубай ва Кокаяз овулларидаги мактабгача таълим ташкилотлари 962 млн. 900 минг сўм маблағ эвазига бутунлай замонавий кўринишга эга бўлганлигини қайд этиш лозим.

     Бундан ташқари, жорий йилда бюджет харажатларининг орттириб бажарилган қисмидан  911 млн. сўм маблағ таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва спорт инвентерлари сотиб олишга сарфланганлиги   таълимга эътибор — фаровон келажак  инвестицияси  ибораси билан ҳамоҳангдир!

     Қадрли устоз ва мураббийлар!

   Буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий устоз ҳақида “Агар шогирд шайхулислом, агар қозидур, агар устоз рози – Тангри розидур” деб таъриф берган.

    Ҳаётимизга катта куч бўлиб кираётган янги авлодимизни камол топтиришда ўзининг беминнат хизматларини аямай келаётган Сиз, меҳридарё, қалби қайноқ, азиз устозларни касб байрамингиз билан яна бир бор муборакбод этиб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга тинчлик ва файзу барака тилайман!

 

    Эътиборларингиз учун раҳмат!

 
 

   Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига

номзод Нарзулло Обломуродов бугун Термиз шаҳрида бўлиб, сурхондарёлик

сайловчилар билан учрашмоқда.

   Видеоанжуман шаклида ўтказилаётган учрашувда Экологик партия Сурхондарё

вилояти кенгаши раиси, номзоднинг ишончли вакили И.Ёқубов Н.Обламуродовнинг

таржимои ҳоли билан таништирди.

    Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Нарзулло

Обламуродов сайловолди дастури билан таништирмоқда.

   “Бугун биз мустақиллигимизнинг 30 йиллиги кенг нишонланган тарихий кун

ва мамлакатимиз ҳаётида юз берадиган муҳим сиёсий жараён арафасида яшаяпмиз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови илк марта Сайлов Кодекси асосида

янада очиқ, ошкора ўтказилмоқда. Шунингдек, бизнинг партиямиз ҳам Президент

сайловида илк марта қатнашмоқда.

    Биз "Келажак учун жавобгармиз", деган эзгу ғояни илгари сураяпмиз.

Яшил тараққиёт билан боғлиқ вазифалар ва мамлакатимизнинг эртанги кунига

алоқадор ҳаётбахш масалаларни ўртага қўйганмиз. Албатта, ғояларимиз сизларга

ҳам маьқул бўлади, деган умиддамиз”, деди Нарзулло Обламуродов.

 

     Ўзбекистонда 2021 йилнинг январь—август ойларидаги ҳолатга кўра, 16 ёшгача болалари мавжуд бўлган уй хўжаликлар (оилалар) 76,2 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда уй хўжаликлари танлама кузатувлари маълумотларига асосан Давлат статистика қўмитаси маълум қилди.

    Шундан:

  • бир болалилар — 24,1 фоиз;
  • икки болалилар — 25,8 фоиз;
  • уч болалилар — 18,3 фоиз;
  • тўрт ва ундан кўп болалилар — 7,9 фоиз.

    Кузатув натижаларига кўра, 23,8 фоиз уй хўжаликларида 16 ёшгача бўлган болалар мавжуд эмас.

    Аввалроқ қўмита Ўзбекистонда 1 январь ҳолатига кўра жами 8 871 412 та оила мавжудлигини, қайси вилоятдаги оилалар энг серфарзанд эканлигини маълум қилганди.

    Ички ишлар вазирлиги деярли барча маҳаллий бўлинмаларни электрошок қурилмалари билан таъминлади.

    Электрошокерлардан фойдаланиш Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган махсус тайёргарликдан ўтганлигини тасдиқловчи сертификатни олган ходимларга  рухсат берилади.

    Ички ишлар органлари ходими мазкур қурилмадан ўзига ёки фуқарога қилинган ҳужумни қайтаришда, жиноятни ёки ҳуқуқбузарликни тўхтатишда, жиноятга қўл урган одамни ҳибсга олишга ва яширинишга уринишда, қўлга олинган фуқаролар ва биноларни озод қилишда ҳамда оммавий тартибсизликларни олдини олишда фойдаланиши мумкин.

     Йигирма еттинчи сентябрь...

     Кузнинг рангларини сарғайтган бу кун, менинг сочларимни оқартган бу кун...

     Йигирма еттинчи сентябрь...

     Менинг бағрим тилинди бу кеч, менинг қалбим ўтинди бу кеч...

     Йигирма еттинчи сентябрь...

     Илтижоларимни, ўтинчларимни Тангри, даргоҳида қабул қилмаган кун!

     Йигирма еттинчи сентябрь...

     Болалигим ўтган ҳовлимда мотам, мен эса узоқ-узоқлардаман. Лекин юрагим бир кўнгилсизликни сезгандек, жуда хафа бўлиб ўйчан юрибман. 

      Ҳокимлик кичкина мажлислар залида семинар-тренинг ўтаяпти. Мендан: “Ҳозир айнан нима ҳақида ўйладингиз”, деб сўрадилар. Мен жавоб қайтараман: “Онамни!”.

    Ва ниҳоят меҳрибон ва мушфиқ онажоним кўз олдимда намоён бўлади. Шунда сездим онамни соғинибман, жудаям. Қани энди қанотим бўлса-ю, учиб бориб қучоғингизга ўзимни ташласам. Фарзандингизга бўлган оналик меҳру муҳаббати тафтида эриб бағрингизга бутунлай сингаб кетсам...

     Охирги марта уйга борганимда худди юрагим бир кўнгилсизликни сезгандай сиз билан хайрлаша туриб, кўча бошидан қайтиб келдим. Сиз билан қайта хайрлашдим. Юзимдан ўпиб, қўлингизни силкиб қолдингиз.

     Мен ўшанда билмабман афсус, меҳрибон ва мушфиқ онажонимни мени сўнгги бор ўпиб қолаётганларини.

     Бугун эса қувонсам ҳам хафа бўлсам ҳам сизни эсга оламан. Сиз ҳақингизда ўйлайман.

    ...Бундан йигирма етти йил олдин қизим бетоб бўлиб касалхонада даволанди. Ўткир ларингит билан касалланган. Унга кўп йиғлаши мумкин эмас. Шу боис, болалар бўлимининг ўша пайтдаги мудири, минглаб учқудуқлик болажонларнинг севимли духтири Ризо Камолович Жиянов қизимни ёнида қолишга рухсат бердилар.

     Қизимни ёнида қолган пайтимда уйда қолган 6 ойлик ўғлимни ўйлайман, уйга бировга борганимда юрагим касалхона қолиб кетади.

    Онани табиат яратмасин экан-а, ана шундай қийин дамларда сизнинг муштдеккина юрагингизни олти бўлакка бўлиб яшаганингизни, ҳар биримизнинг дарду ташвишларимиз учун юрагингиз пора-пора бўлганини ҳис қиламан.

...Онажон менинг ҳам жоним ўзимда эмас, уч нафар болажонимда. Улар кулса-куламан, йиғласа-йиғлайман, оғриса-оғрийман. Оламим улар билан тўлин, бахтим шулар билан бутун.

    Жонфидолик зоҳирин нурли юзингиздаги ажинлар, пешонангиздаги қат-қат чизиқлар, қабариқ қўллар – биз фарзандларингизга бўлган меҳр-муҳаббат ва ширин ташвишлар ҳосиласи, эди аслида.

    Уйдаги “бека” аталмишга хос ташвишларингиз бир эдию, “иш” ҳаммасидан ошиб тушарди.

    Тонг қоронғусида сут-товар фермасига ишга отланасиз. Эсимни таниб, танимасимданоқ, онамнинг қийналиб қолишини истамай ёрдамга отланаман. Билмадим ўшанда нечанчи синфда ўқийман. Балки учинчи синфдадир?!

     Тонг қоронғусида уйқусирамасдан чаққон кийиниб онамга эргашаман. Мактабга бориб келаману, яна қўлимда бир парча нон билан сизга кўмакка шошиламан. Туннинг алламаҳалида қор она, қор бола бўлиб уйга қайтамиз...

    Бугун, бугун эса иложини топсаму, жаҳон аҳлига эшиттириб нидо қилсам: «Ота-онанинг тириклиги ўзи катта бахт сизларга. Улар ҳаётлигида ҳурматини бажо келтиринг. Кўчадан кириб келишингизнинг ўзи катта бахт уларга. Бўйингизни кўриб хурсанд бўлишади. Тириклиги ғанимат уларнинг.

    Агар, агар ўз ҳолига ташлаб қўйган бўлсаларинг, тезроқ хабар олинглар. Она меҳрибон, гуноҳларинг бўлса кечиради. Ҳар қанча орзу ҳавасларинг бўлса, ота-она тириклигида қилинглар. 

    Сизчи, сиз азиз ўқувчим?! Бугун ота-онангиз зиёратига бордингизми? Лоақал телефон орқали бўлса-да, ҳол-аҳвол сўраб қўйдингизми?! Ота-она қўларингга қарамайди, йўлларингга қарайди, ахир!.

    Ҳа, ҳушёр бўлинглар, яна армонда қолманглар!

Райҳон ҚОДИРОВА,

журналист.

    Учқудуқ тумани Навоий вилоятининг энг олис ҳудудларидан бири. Бу ерда маҳалла фуқаролар йиғинлари қаторида овул фуқаролар йиғинлари ҳам фаолият юритадики, уларнинг оралик масофаси камида 100 чақиримча чиқади. Аҳоли тарқоқ жойлашган Учқудуқ ҳудудида ҳам эндиликда, юридик хизмат кўрсатиш маркази иш бошлади.Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ишчи гуруҳи Учқудуқ тумани юридик хизмат кўрсатиш марказида яратилган шароитлар билан яқиндан танишишди.
    Айтиш жоиз, бу ерда ҳам марказ моддий-техник база билан тўлиқ таъминланган. Ишчи гуруҳ вакиллари мавжуд қулайликларни кўздан кечирар экан, ходимлар билан ҳам мулоқотга киришди.
    Суҳбат жараёнида уларнинг ўз вазифаларини қай даражада билиши, масъулиятни ҳис қилиш даражаси англашилган бўлса, ўз ўрнида ходимларни қизиқтирган саволларга гуруҳ вакиллари томонидан аниқ жавоблар берилди. Самимий мулоқот амалий семинарга уланди.
    Бунда ҳар бир туман давлат органлари ва ташкилотларнинг раҳбарлари, ижро интизоми учун масъул мутахассислари семинарда юридик хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари, мақсади, қулайлиги,соҳа вакилларига қўйилаётган меъёрлар, ташкилот ва муассасалар билан ҳуқуқий ахборот алмашинувининг замонавий механизми ҳақида маълумот бериб ўтилди.
   Шунингдек, йиғилганларга “e-huquqshunos” дастури ва унинг афзалликлари тўғрисида муҳим маълумотлар тақдим этилди.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: