LOTIN-КИРИЛЛ

     Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари — байроғи, герби ва мадҳиясига эга.

(Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 5-моддаси).

    Мамлакат ва жамият тараққиёти ҳамда унинг барқарорлигида давлат рамзларининг алоҳида ўрни бор. Шу маънода, миллий байроғимиз давлат ва жамият ҳаёти, унинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ҳамда ролини кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ҳар биримиз учун ифтихор тимсоли ҳисобланади. 

    Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов “Миллий тимсоллар ва рамзларнинг ҳар бири... миллий ғуруримизни юксалтиришга хизмат қилади. Уларнинг ҳар бири — катта бир дарслик, кучли тарбия воситасидир”, дея таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, Ватан рамзлари доимо шу қадар улуғ ва муқаддас саналганки, унинг учун одамлар жонларини фидо қилганлар. У кишиларни якдилликка, муштарак мақсад йўлида бирлашишга чорлаган. Зеро, миллий рамзлар ор-номус, шон-шараф саналган. Бунга тарихдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

    Соҳибқирон Амир Темур ҳам ғолиблик байроғини юксак кўтарди. Бу байроқ остида буюк эл бирлашди, у бунёд этган улуғ салтанатни дунё тан олди. 

    “Темур тузуклари”да қайд этилишича, ёв устидан шижоат ва мардлик кўрсатиб ғалаба қозонган амирлар ҳамда сипоҳийларга давлат тимсоллари — туғ ва ноғора инъом қилинган. Бу эса салтанат рамзлари нечоғли баланд мақом тутганидан далолат беради. 

    Давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ҳисобланган. Чунки у халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган Ватаннинг ёрқин тимсолидир. Ўзбекистонимиз истиқлолга эришгач, энг аввало, давлатимиз рамзлари тасдиқланди. 1991 йил 18 ноябрь халқимиз ёдида ўчмас ва қутлуғ саналардан бири бўлиб қолди. Шу куни “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мазкур Қонуннинг 2 — 3-моддаларида  байроғимиз Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзи эканлиги, халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлиши белгилаб қўйилди.  

    Туманимиздаги муҳташам "Учқудуқ" маданият уйида ҳам Ўзбекистон Республикаси Байроғи қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан маданият уйи ва туман халқ таълими бўлимига қарашли 7-МФЧЎИДУМ ҳамкорлигида "Ғурур ва ифтихоримиз рамзи" мавзусида байрам тадбири ташкил этилди. тадбир сўнгида таъим муассасаси ўқувчилари иштирокида Заковат интеллектуал ўйини ташкиллаштирилиб, ғолиблар маданият уйи томонидан эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

    Ўзбекистонда 2022 йилда иш ҳақи, пенсия, стипендия, нафақа миқдорларини ва айрим хизмат турлари бўйича тарифларини ошириш билан боғлиқ харажатларга 11,7 триллион сўм йўналтирилади. Бу ҳақда манбаларига асосланиб «Давлетовуз» Telegram канали хабар қилди.

    Қайд этилишича, 2022 йилда давлат қарзларини сўндириш харажатлари 10 триллион сўмдан ортиқ, шу жумладан, давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича фоиз тўловлари учун харажатлар 4 триллион сўмдан ортиқ бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, 2022 йилда иш ҳақи, пенсия, стипендия, нафақалар миқдорларини ва айрим хизмат турлари бўйича тарифларни ошириш билан боғлиқ харажатларга 11,7 триллион сўм йўналтирилади.

  Таъкидланишича, Пенсия жамғармасига трансфертлар учун 14 триллион сўм, таълим кредитини молиялаштиришга 1 триллион сўм, Давлат тиббиёт суғуртаси жамғармаси харажатлари учун 600 миллиард сўм ажратилади. Коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва вакцина сотиб олиш учун харажатларга 1,7 триллион сўм йўналтирилади.

   Эслатиб ўтамиз, президент фармони билан 1 сентябрдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори 1,1 баробарга оширилди. Фармонга кўра, пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — ойига 289 000 сўм, ёшга доир энг кам пенсиялар — ойига 565 000 сўм, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа — ойига 622 000 сўм этиб белгиланган.

     Фарзандларимизнинг шахс бўлиб камол топишида сифатли таълим-тарбиянинг ўрни нечоғлик беқиёс аҳамиятга эга эканини мустақиллигимизнинг ўтган ўттиз йили давомида барчамиз англадик. Бугун мана шу ислоҳотлар самараси сифатида туманимизда таълим соҳасида эришилаётган ютуқлар алоҳида эътирофга муносиб.
    Учқудуқ туман халқ таълими бўлимига қарашли таълим муассаларида  жами 815 нафар педагог ходим фаолият юритади, уларнинг 94 нафари ёки 11,5 % олий тоифали, 199 нафари ёки 24,4 % 1-тоифали, 258 нафари ёки 31,6 % 2-тоифали, 264 нафари ёки 32,3 % мутахассис ўқитувчилар ташкил этмокда. 782 нафари ёки 96 % олий маълумотли, 23 нафари ёки 3 % тугалланмаган олий маълумотли ва 33 нафари 4 % ўрта махсус маълумотли ўқитувчиларни ташкил этади.
    Бола таълим-тарбиясида катталарнинг шахсий ўрнаги ниҳоятда муҳим аҳамият касб этиши кўплаб манбаларда қайд этилган. Шу маънода, ўқитувчиларнинг эришган муваффақиятлари ўқувчиларни ҳам юксак марралар сари ундамоқда. Билимли, фидойи, ўз касбининг моҳир устаси бўлган ўқитувчилар мехнати муносиб рағбатлантирилмокда.
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 сентябрдаги «Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги Фармонига асосан Учқудуқ туман халқ таълими бўлимига қарашли 3-умумий ўрта таълим мактаби бошланғич таълим ўқитувчиси Лагутина Ольга Владимировна «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланди.
    Яна 6 нафар педагог - «Халқ таълими аълочиси», 1 нафар педагог -«Халқ таълими фидоийси» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Замонавий мактаб»ларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 26 ноябрдаги ПҚ-4537-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида халқ таълими тизимидаги умумтаълим муассасалари «Замановий мактаб»ларга қўйилган талаблар асосида саралаб олинди.
    Учқудуқ туманидаги 9-умумий ўрта таълим мактаби саралаш босқичларида муваффақиятли иштирок этиб, жами 484.5 балл тўплаб 3-даражали «Замонавий мактаб» мақомига сазовор бўлди.
Шунингдек, умумий ўрта таълим мактаблари моддий техник базасини мустаҳкамлаш, куз-қиш мавсумига тайёрлаш харажатлари учун 605 млн сўм миқдорида бюджет маблағлари ажратилди.
2020-2021 ўқув йилида умумтаълим мактабларини 446 нафар ўқувчи тугатди. Шундан 443 нафар битирувчилар олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишди.
Мактаб битирувчиларидан 267 нафари ёки 60 % олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.
Уларнинг 179 нафари ДТМ тест синови асосида талабаликка тавсия этилди, шундан 96 нафари давлат гранти, 83 нафари тўлов контракт асосида ўқишга қабул қилинди.
10 нафар битирувчи Ўзбекистондаги хорижий ОТМларнинг филиалларига, 78 нафари хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.

Бугун эзгу ниятда қадалган, яхши парвариш қилинган ниҳол эртага, албатта, ўз мевасини берганидек, юртимизда ёш авлод камолотига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик ҳам келгусида кутилган самарани бериши шубҳасиз. Зеро, ёшлар давлатимизнинг оталарча меҳрини ва ишончини юракдан ҳис этиб улғаймоқда.

    Тараққиёт стратегияси – амалий натижа, инсон манфаати, унинг қадр-қиммати бош мақсад
Маълумки, шу кунларда Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида сўзлаган нутқининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, унда белгилаб берилган устувор вазифалар талаба ёшлар, давлат хизматчилари, олимлар, экспертлар, кенг жамоатчилик томонидан қизғин ўрганилмоқда.

    Шу ўринда, Президент нутқи келажакка йўналтирилгани, мамлакатни ривожлантириш стратегиясининг амалий дастури бўлганига эътиборни қаратиш лозим. Давлат раҳбари ўз маърузасида мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларига атрофлича тўхталиб ўтиб, янги ғоялар, инновациялар ва янгиликларни таклиф қилди.

    Ш.Мирзиёев ўз нутқида Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясинининг 7 та устувор йўналишларини белгилаб берди. Мазкур концептуал ҳужжатда ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон қилиб олинди.

    Хусусан, унда эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадри-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлаш, адолат ва қонун устуворлиги – халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлаш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш, маънавий ва маърифий соҳаларда ислоҳотларни амалга ошириш каби муҳим вазифалар белгиланган. Бундан ташқари, глобал муаммоларнинг миллий ва минтақавий даражадаги ечимларини топиш, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби масалаларга атрофлича тўхталиб ўтилган.

    Мазкур нутқда мамлакат раҳбари келгуси беш йил учун устувор йўналишларни белгилаб берар экан, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари энг олий қадрият эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

    Маърузанинг эътиборли жиҳатларидан бири шундаки, Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясида биринчи ўринга шахс, инсон қадри юқори ўринга қўйилиб, “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида давлат ва жамият бошқарувини ташкил этади. Бир сўз билан айтганда, амалий натижа, инсон манфаати, унинг қадр-қиммати бош мақсадга айланган.

    Тан олиб айтиш жоизки, ўтган 5 йилда ижтимоий соҳани ривожлантириш борасида қатор тизимли ислоҳотлар амалга оширилди ва ижобий натижаларга эришилди, бироқ шу билан бирга мазкур соҳада самарали механизмларни яратишга тўсқинлик қилаётган қатор муаммо ва камчиликлар ҳам йўқ эмас. Келгуси 5 йилда бу борада ижтимоий йўналишдаги ислоҳотлар алоҳида аҳамиятга эга, албатта.

    Ўтган йиллар мобайнида ижтимоий соҳада амалга оширилган ишларга назар соладиган бўлсак, ижтимоий ҳимоя ва доимий ёрдамга муҳтож шахслар билан ишлашнинг “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби янгича ишлаш механизми жорий этилди. Ижтимоий нафақа билан таъминланадиган аҳоли сони қарийб 1,5 баробар оширилди.

    Мазкур нутқда муаллим ва мураббийлар, профессор-ўқитувчиларга алоҳида эътибор қаратилиб, 2025 йилга бориб, олий тоифали ўқитувчиларнинг ойлик маошини эквивалент ҳисобида 1 минг долларга етказилиши ўйлаймизки, барчага бирдек маъқул бўлди.

    Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, мактабгача таълимдаги қамров даражаси 2017 йилда 27,7 фоизни ташкил қилган бўлса, ҳозирда 62 фоизни ташкил қилмоқда, 2030 йилга бориб эса мазкур қўрсаткични 80 фоизга етказиш мақсад қилинганлиги ушбу соҳада ҳам улкан марраларни қўяётганлигимиздан далолат беради. Битирувчиларни олий таълим билан қамров даражаси 2016 йили 9 фоизни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2021 йилга келиб 28 фоизни ташкил қилмоқда, бу кўрсаткични 50 фоизга етказиш мақсад қилинган.

    Халқимиз саломатлигини таъминлаш доимо устувор вазифа бўлган. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2017 йилда соғлиқни сақлаш тизимига бюджетдан ажратилган жами маблағлар 7,1 триллион сўмни ташкил қилган бўлса, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич 14,8 триллион сўмга етди. Президент ўз нутқида ушбу соҳага йўналтириладиган маблағларни 2 баробар ошириш, жумладан, келгуси беш йилда олий тоифали шифокорлар маошини эквивалент ҳисобида 1 минг долларга етказиш мўлжалланаётганини эълон қилиши мазкур тизимда фаолият олиб бораётган заҳматкаш шифокорларнинг меҳнатларига давлат тарафидан бўлаётган юксак эътибор намунаси, десак муболаға бўлмайди.

    Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, кенг кўламли ислоҳотлар жараёни изчил давом этиб, улар сермаҳсул бўлишидан бутун халқимиз манфаатдор. Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясини амалга оширишда барча давлат ва жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳам камарбаста бўлишига умид қиламиз.

    Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси миллий ривожланишимизнинг янги босқичини бошлаб беради ҳамда ҳалқимизни умумий мақсадлар йўлида бирлаштириб турадиган яхлит маънавий асос ва мезонга айланишига ишончимиз комил.

 

   Президент Фармонида давлат органлари, ташкилот ва муассасаларида фаолият кўрсатаётган нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий ОТМни тамомлаган ёки уларда илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча устамалар тўлаб бориш тартиби жорий этилиши назарда тутилган
    Фармонга мувофиқ, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ойлик устамалар татбиқ этиладиган таълим йўналишлари, ташкилотлар рўйхати шакллантирилди ҳамда эндиликда Агентлик, иш берувчи ва ёш мутахассис ўртасида 3 йилгача бўлган муддатга тузиладиган шартномага асосан, ходимнинг лавозим маошига қўшимча равишда устамалар ҳар ой тўлаб берилади.

    Қўшимча устамалар тўлаб беришнинг асосий шартлари:

• Юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасаларини 2021 йил ва келгуси йилларда тамомлаган ёш мутахассисга нисбатан татбиқ этилади.
• ёш мутахассис қўшимча миқдорларнинг биттасидан фойдаланиши мумкин.

    Қўшимча устама олиш учун ҳужжатлар қайси ташкилотга тақдим қилинади:

Номзодларнинг ҳужжатлари давлат органлари, ташкилот ва муассасалари томонидан Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига тақдим этилади:

     Тақдим қилинадиган ҳужжатлар:

✔️ Шартнома тузиш бўйича мурожаат хати;
✔️ Ёш мутахассиснинг хорижий ОТМни тамомлагани тўғрисида Диплом, нострификация тўғрисида ҳужжат, меҳнат шартномаси ва ишга қабул қилинганлик тўғрисида буйруқ нусхалари;
✔️ 3 нусхада иш берувчи ва ёш мутахассис томонидан имзоланган шартномалар.

Шартнома тузилган кундан бошлаб, иш берувчи ёш мутахассиснинг ҳар ойлик лавозим маошига қўшимча устамаларни тўлаб боради.

     Маълумот учун:

➡️ Ёш мутахассисларга ойлик устамалар татбиқ этиладиган давлат органлари, ташкилот ва муассасалари рўйхати

➡️ Ёш мутахассисларнинг лавозим маошига қўшимча устамалар татбиқ этиладиган таълим йўналишлари ва тор мутахассисликлар рўйхати

➡️ Ёш мутахассиснинг лавозим маошига қўшимча устамаларни тўлаш тўғрисида намунавий шартнома шакли

➡️ Нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасалари рўйхати

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5718-сонли Фармони асосида Учқудуқ туманидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси томонидан 2021 йил октябрь ойида қуйдаги ишлар амалга оширилди;
    Учқудуқ туманидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасининг 2021 йил II-ярим йиллигига мўлжалланган иш режаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Мазкур иш режасига мувофиқ ишлар ташкил этилди.
    Тасдиқланган жадвалга асосан тумандаги Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси ва бошқа алоқадор идоралар билан биргаликда октябрь ойда 8 маротаба сайёр қабул ўтказилиб, ўтказилган сайёр қабулда жами 70 та тадбиркор ва тадбиркорлик қилиш истагини билдирган шахслар иштирок этиб, 30 та мурожаат қабул қилиниб, мурожаатларнинг 5 тасига жойида тушунчалар берилиб ҳал қилинди.
    Жумладан, сайёр қабулдан келиб тушган 25 та мурожаатлар “business.gov.uz” порталига киритилиб, тегишлилиги бўйича масъул корхона ва ташкилотларга юборилди.
    Жорий йилнинг 1 ноябрь холатига қабулхонага 350 та мурожаатлар (шундан 363 та масалалар) келиб тушган. (Жумладан, октябрь ойининг ўзида 32 мурожаатлар тегишли тартибда ягона интерактив давлат парталига рўйхатга олиниб, ижро учун юборилган, Мурожаатларнинг 25 таси сайёр қабулдан, 1 таси ишонч телефонига, 6 таси Бош вазир қабулхонасига келиб тушган бўлиб, 1 ноябрь ҳолатига мурожаатларнинг 30 таси кўриб чиқилиб, 5 таси кўриб чиқиш жараёнидаги масалалар ҳисобланади, Шундан 28 таси (93,3%) қаноатлантирилиб, 2 тасига (6,7%) тушунтиришлар берилди).
    Ҳозирда мурожаатларнинг аксаряти “Ҳар бир оила - тадбиркор” давлат дастури дирасидаги имтиёзли кредитлар, ер, кадастр, архитектура ва қурилиш, инфратузулма масалалари, солиқ масалалари бўлиб, тумандаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси томонидан кўриб чиқилган мурожаатларни даражаси бўйича туман, вилоят ва респулика даражасидаги масалалар ижобий хал қилинишида амалий ёрдамлар бериб келмоқда, Ҳурматли, тадбиркорлар, тадбиркорлик қилиш истаги бор фуқаролар ва чет эл инвесторлар туман   Бош вазир қабулхонаси тадбиркорлик фаолиятини бошлашингизда тўсиқ ва муоммоларингизни ечишда ва ўз бизнесингизни бошлаш учун тавсия ва масалаларга ечимлар топиш учун мурожаат қилишингиз мумкин.

Мурожаатлар учун Манзилимиз: Давлат хизматлари маркази биносида жойлашган. Тел: 79 593-51-39

Қабулхона мудири Ҳайдаров Иномжон Нўъмонқулович

    2021-йилнинг 2-ноябрь куни соат 02:30да Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Навоий вилояти Қўриқлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари подполковник Ф.Т.Файзиев томонидан тасдиқланган режага асосан, Миллий гвардиянинг Учқудуқ тумани Қўриқлаш бўлими ТҚМ Тезкор ҳаракатланувчи гуруҳи билан “Ўғри” амалий-тактик ўқув машғулоти ўтказилди. 

    Машғулотда, 2019-йилдан буён Миллий гвардиянинг ТҚМ қўриғида бўлган Учқудуқ тумани А.Темур кўчасида жойлашган ЯТТ Ҳамраева Ф.га тегишли савдо дўконига шартли “ўғри” киритилиб, Миллий гвардиянинг Мониторинг марказига объект яхлитлиги бузилганлиги, ҳуқукбузар объект ичида шифр кодли “ташвиш” хабари юборилди. Келиб тушган “ташвиш” хабарини олган Миллий гвардиянинг Мониторинг маркази навбатчи-диспетчери зудлик билан радио алоқа воситаси орқали Миллий гвардиянинг Учқудуқ тумани Қўриқлаш бўлими ТҚМ Тезкор ҳаракатланувчи гуруҳига етказди. Тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ нарядлари яхлитлиги бузилган объектга ўз вақтида, “ташвиш” хабар келиб тушгандан сўнг, бир ярим дақиқа ўтиб етиб келди. Тадбиркорга тегишли объектни ўраб олди. Шартли “ўғри” осойишталик посбонларини кўргандан сўнг, қўлига илинган моддий бойликларни олиб қоча бошлади. Кўрилган тезкор чорага асосан, тадбиркорнинг пешона тери эвазига топилган мол-мулкини “ўғирлаш” ҳолатига барҳам берилди.

Учқудуқ тумани Қўриқлаш бўлими

ТҚМ бошлиғи лейтенант

О.Н.Сувонов     

   Жорий йил 15-21 ноябрь кунлари Ўзбекистонда 16 ноябрь - Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган «Бағрикенглик ҳафталиги» ўтказилади.

    БМТ Бош Ассамблеясининг қарорига мувофиқ, 1997 йилдан буён бутун дунёда ҳар йили 16 ноябрь «Халқаро бағрикенглик куни» сифатида нишонланиб келинади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

   Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 15 ноябрдаги «Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида юртимизда ҳар йили 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган «Бағрикенглик ҳафталиги» ташкил этилади.

   «Бағрикенглик ҳафталиги»ни ўтказишдан мақсад жамиятимизда дўстлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантиришдан иборат.

   Ҳафталик доирасида «Ўзбекистон-бағрикенг диёр» шиори остида туркум маданий-марифий тадбирлар, жумладан, «Дўстликни тараннум этган юрт» ҳужжатли фильми тақдимоти, «Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови» халқаро илмий-амалий конференцияси, «Китобхонлик бизни бирлаштиради» китоблар кўргазмаси, «Дўстлик жамиятлари: кеча ва бугун» фотокўргазмаси, «Биз бир мамлакатда яшаётган ягона халқмиз» мавзусида илмий-амалий ва маърифий анжуманлар, бошқа тадбирлар ўтказилиши режалаштирилмоқда.

    Мазкур тадбирлар Ташқи ишлар, Адлия, Маданият, Халқ таълими вазирликлари, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида ташкил этилади.

   «Бағрикенглик ҳафталиги» доирасида ташкил этиладиган тадбирлар аҳоли, айниқса ёш авлодни республикамизда яшаб турган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ривожлантиришга, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга, жамиятда кўп миллатли катта оила туйғусини, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

      Ҳисоб палатасининг 2022 йил учун давлат бюджети юзасидан берган хулосаларига кўра, электр энергияси ва табиий газни ички истеъмолчиларга сотиш нархи ошиши мумкин. Шунингдек, 2022 йил давомида 1 АҚШ долларининг ўртача йиллик суммаси 11 321 сўм бўлиши прогноз қилинган.
     Ҳисоб палатаси 2022 йил учун «Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ва бюджетнома бўйича ўз хулосасини эълон қилди.

     Асосий иқтисодий кўрсаткичлар

     Тақдим этилган бюджетнома бўйича 2022 йилдаги ялпи ички маҳсулот ҳажми 839,9 трлн сўмни ёки 74,2 млрд долларни, унинг аҳоли жон бошига миқдори 23,8 млн сўмни ёки 2,1 минг долларни ташкил этиши режалаштирилмоқда.

    2022 йилда реал ўсиш суръати 5,9 фоизни ташкил этиши прогноз қилинган.

    Экспорт ҳажми 2021 йилга нисбатан 19 фоизга ўсиб, ялпи ички маҳсулотнинг 27,2 фоизига, импорт ҳажми эса 9,5 фоизга ўсиб, ялпи ички маҳсулотнинг 35,2 фоизига тўғри келиши кутилмоқда.

     Ташқи савдо айланмаси сальдоси салбий баланс (5,94 млрд доллар) билан якунланиши кутилмоқда.

     2022 йилда инфляция даражаси 9 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинган бўлса, 2023 йилда 5 фоиз, 2024 йилда ҳам 5 фоиз миқдорида мўлжал олинган.

      Электр энергияси ва табиий газни ички истеъмолчиларга сотиш нархи, иссиқ сув ва иссиқлик, совуқ сув ва канализация тарифлари ошиши кутилмоқда. Бу 2020-2021 йилларда ушбу ресурслар нархлари ўзгармагани ва кейинги йилда индексация қилиниши кўзда тутилаётгани билан изоҳланган.

    Солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар

Қўшилган қиймат солиғи бўйича амалдаги солиқ ставкаси 15 фоиз миқдорида сақлаб қолинмоқда.

Акциз солиғи ставкалари 2022 йил 1 июндан ўртача 10 фоизга индексация қилинмоқда. Республикада ишлаб чиқарилган ва импорт қилинган бензин учун ягона солиқ ставкаси белгиланмоқда. Суюлтирилган газга акциз солиғи ставкаси бекор қилинмоқда (амалда 30 фоиз).

     Полиэтилен гранулаларига акциз солиғи ставкаси 20 фоиздан 10 фоизгача пасайтирилиши белгиланмоқда, шунингдек, полиэтилен гранулалар импортида ҳам акциз солиғи жорий қилинмоқда.

     Бюджетномада полиэтилен гранулалари учун акциз солиғи ставкасини 20 фоиздан 10 фоизгача пасайтириш ҳамда импортида акциз солиғини жорий қилиш сабаблари аниқ ҳисоб-китоблар билан асослантирилмаган.

     2022 йил давомида 1 АҚШ долларининг ўртача йиллик суммаси – 11 321 сўм, 1 троя унция олтин нархи – 1 700 АҚШ доллари, кумуш нархи – 25 АҚШ доллари, миснинг 1 тоннасига 8,5 минг АҚШ доллари, 1000 м3 табиий газнинг экспорт нархи – 100 АҚШ доллари бўлиши прогноз қилинган.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: