Йигирма еттинчи сентябрь...
Кузнинг рангларини сарғайтган бу кун, менинг сочларимни оқартган бу кун...
Йигирма еттинчи сентябрь...
Менинг бағрим тилинди бу кеч, менинг қалбим ўтинди бу кеч...
Йигирма еттинчи сентябрь...
Илтижоларимни, ўтинчларимни Тангри, даргоҳида қабул қилмаган кун!
Йигирма еттинчи сентябрь...
Болалигим ўтган ҳовлимда мотам, мен эса узоқ-узоқлардаман. Лекин юрагим бир кўнгилсизликни сезгандек, жуда хафа бўлиб ўйчан юрибман.
Ҳокимлик кичкина мажлислар залида семинар-тренинг ўтаяпти. Мендан: “Ҳозир айнан нима ҳақида ўйладингиз”, деб сўрадилар. Мен жавоб қайтараман: “Онамни!”.
Ва ниҳоят меҳрибон ва мушфиқ онажоним кўз олдимда намоён бўлади. Шунда сездим онамни соғинибман, жудаям. Қани энди қанотим бўлса-ю, учиб бориб қучоғингизга ўзимни ташласам. Фарзандингизга бўлган оналик меҳру муҳаббати тафтида эриб бағрингизга бутунлай сингаб кетсам...
Охирги марта уйга борганимда худди юрагим бир кўнгилсизликни сезгандай сиз билан хайрлаша туриб, кўча бошидан қайтиб келдим. Сиз билан қайта хайрлашдим. Юзимдан ўпиб, қўлингизни силкиб қолдингиз.
Мен ўшанда билмабман афсус, меҳрибон ва мушфиқ онажонимни мени сўнгги бор ўпиб қолаётганларини.
Бугун эса қувонсам ҳам хафа бўлсам ҳам сизни эсга оламан. Сиз ҳақингизда ўйлайман.
...Бундан йигирма етти йил олдин қизим бетоб бўлиб касалхонада даволанди. Ўткир ларингит билан касалланган. Унга кўп йиғлаши мумкин эмас. Шу боис, болалар бўлимининг ўша пайтдаги мудири, минглаб учқудуқлик болажонларнинг севимли духтири Ризо Камолович Жиянов қизимни ёнида қолишга рухсат бердилар.
Қизимни ёнида қолган пайтимда уйда қолган 6 ойлик ўғлимни ўйлайман, уйга бировга борганимда юрагим касалхона қолиб кетади.
Онани табиат яратмасин экан-а, ана шундай қийин дамларда сизнинг муштдеккина юрагингизни олти бўлакка бўлиб яшаганингизни, ҳар биримизнинг дарду ташвишларимиз учун юрагингиз пора-пора бўлганини ҳис қиламан.
...Онажон менинг ҳам жоним ўзимда эмас, уч нафар болажонимда. Улар кулса-куламан, йиғласа-йиғлайман, оғриса-оғрийман. Оламим улар билан тўлин, бахтим шулар билан бутун.
Жонфидолик зоҳирин нурли юзингиздаги ажинлар, пешонангиздаги қат-қат чизиқлар, қабариқ қўллар – биз фарзандларингизга бўлган меҳр-муҳаббат ва ширин ташвишлар ҳосиласи, эди аслида.
Уйдаги “бека” аталмишга хос ташвишларингиз бир эдию, “иш” ҳаммасидан ошиб тушарди.
Тонг қоронғусида сут-товар фермасига ишга отланасиз. Эсимни таниб, танимасимданоқ, онамнинг қийналиб қолишини истамай ёрдамга отланаман. Билмадим ўшанда нечанчи синфда ўқийман. Балки учинчи синфдадир?!
Тонг қоронғусида уйқусирамасдан чаққон кийиниб онамга эргашаман. Мактабга бориб келаману, яна қўлимда бир парча нон билан сизга кўмакка шошиламан. Туннинг алламаҳалида қор она, қор бола бўлиб уйга қайтамиз...
Бугун, бугун эса иложини топсаму, жаҳон аҳлига эшиттириб нидо қилсам: «Ота-онанинг тириклиги ўзи катта бахт сизларга. Улар ҳаётлигида ҳурматини бажо келтиринг. Кўчадан кириб келишингизнинг ўзи катта бахт уларга. Бўйингизни кўриб хурсанд бўлишади. Тириклиги ғанимат уларнинг.
Агар, агар ўз ҳолига ташлаб қўйган бўлсаларинг, тезроқ хабар олинглар. Она меҳрибон, гуноҳларинг бўлса кечиради. Ҳар қанча орзу ҳавасларинг бўлса, ота-она тириклигида қилинглар.
Сизчи, сиз азиз ўқувчим?! Бугун ота-онангиз зиёратига бордингизми? Лоақал телефон орқали бўлса-да, ҳол-аҳвол сўраб қўйдингизми?! Ота-она қўларингга қарамайди, йўлларингга қарайди, ахир!.
Ҳа, ҳушёр бўлинглар, яна армонда қолманглар!
Райҳон ҚОДИРОВА,
журналист.