Кексалар ҳафталиги Вазирлар Маҳкамасининг “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш — халқимизга хос эзгу фазилат” ғояси остида Учқудуқ туманининг барча ҳудудларида ўтказилмоқда.
4-10 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган ҳафталик доирасида туманимиздаги нуронийларнинг ҳолидан хабар олиш, уларни маънавий ва жисмоний қўллаб-кувватлаш, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ва эъзозлаш бўйича манзилли ишлар олиб борилмоқда.
Бугун Республика маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Мирзажонова Хайринисо Холматовна ҳамда Навоий вилояти ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Малика Мамадиярова Учқудуқ туманига ташриф буюриб, ўтказилаётган тадбирларда иштирок этди.
Меҳмонлар борган биринчи манзил “Нуронийлар маскани” бўлди. Бу ерда турли миллат вакилларидан иборат отахон ва онахонларимиз жам бўлишиб, бир пиёла устида суҳбат қуришди. “Ақл чархи” шахмат-шашка мусобақаларида фаол иштирок этишди.
“Одам тафтини одам олади” шиори остида айни пайтда турли хасталиклар ва бахтсиз ҳодисалар туфайли тўшакка михланиб ётиб қолган, ногиронлиги бўлган кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга меҳр-мурувват кўрсатилди.
Жумладан, “Дўстлик” маҳалласида истиқомат қилувчи биринчи гуруҳ ногирони Лобар Ташановага ногиронлик аравачаси берилди.
“Қариликни донолик безар” лойиҳаси туман марказидаги “КЕLАJАК” ёшлар марказида ўтказилиб, тадбирда кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият, оилалар ва маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, шунингдек, ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш ишидаги ролини оширишга оид ислоҳотлар изчил давом эттирилаётганлиги ҳақида сўз борди.
Кейинги йилларда нуронийларнинг нафақа ва пенсияларини ўз вақтида, улар истаган шаклда етказиб бериш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, саломатлигига эътиборни кучайтириш борасидаги амалий ишлар барча ёши улуғ инсонлар оғирини енгил қилди, десак муболаға бўлмайди.
“Бир пиёла” чой устидаги маънавий-маърифий тадбир “Мингбулоқ” овулидаги фуқаролар йиғинларида давом эттирилди. Унда овулнинг кекса авлод вакиллари, онахон ва отахонлар иштирок этиб, кўп йиллик боқий қадрият ва анъаналаримиз, ота-боболаримиз босиб ўтган ҳаёт йўли бошқаларга ибрат бўлиши зарурлиги тўғрисида тўхталдилар. Кўрсатилаётган меҳр ва эътибордан кекса авлод вакиллари кўзларида шукроналик нигоҳларини кўриш мумкин эди.
Тадбир доирасида ташриф буюрган меҳмонлар “Мингбулоқ” овул фуқаролар йиғини қошида фаолият юритаётган “Қыз жасау” тикувчилик цехи фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар. Бу ерда меҳнат қилаётган тикувчи қизлар билан суҳбатлашдилар.
-“Кексаси бор уйнинг фариштаси бор”, “Қариси бор уйнинг – париси бор”, деган ҳикматли нақллари бежиз айтилмаган. Ана шу олижаноб қадрият, фазилат бугун кундалик ҳаётимизда ҳам ўз ифодасини топганлиги давлат сиёсатининг инсонпарварликка йўғрилгани намунасидир, - дейди биз билан суҳбатда Республика маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Мирзажонова Хайринисо. –Учқудуқ ҳақида куйланган Фарруҳ Зокировнинг “Три колодца” қўшиғини ёшлигимда севиб тинглаганман. Қум барханлари, чўлдаги қўй-қўзиларни боқиб юрган чўпонлар ҳаёти менга қизиқ сирли туюлган. Бугун ўша мен кўришни орзу қилган Учқудуқдаман. Манзара тамоман бошқача. Навқирон ва гўзал шаҳар. Одамларини айтмайсизми, жуда меҳмондўст экан. Қарияларининг юзларидан нур ёғилади.
Хайр-саховат ва эзгу амалларга йўғрилган “Кексалар ҳафталиги” доирасидаги юқоридаги каби чора-тадбирлар туманимиз маҳаллаларида олис-олис овулларида кенг қулоч ёйиб, ёши ва касб-коридан қатъий назар, барчани унда фаол иштирок этишга, қарияларимиз ҳолидан хабар олиб, улар дуоларидан баҳраманд бўлишга чорламоқда.
Учқудуқ туман хокимлиги ахборот хизмати