Президент қарорига мувофиқ, харид чекини рўйхатдан ўтказган харидорлар ва чек бермаганлик тўғрисида хабар берганларга имтиёзлар берилмоқда.
Президентнинг назорат-касса техникасидан фойдаланишни такомиллаштиришга доир қарори қабул қилинди.
Унга кўра, харид учун чек олиш рағбатлантирилади.
Ҳужжат билан 2022 йил 1 январдан бошлаб:
• чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида харидни амалга оширган ва ушбу харидни солиқ органларининг махсус мобил иловасида харид чекининг QR-код ёрдамида сканерлаш орқали рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга уларнинг банк карталарига ой якуни билан харид суммасининг 1 фоизи республика бюджетидан қайтарилади;
• Бундан автомобил сотиб олганлик учун, темир йўл ва авиачипта хариди, коммунал ва алоқа хизмати учун тўлов, шунингдек, тўлов тизими операторлари орқали тўловни амалга оширганда олинган харид чеклари мустасно;
• сотиб олувчига чекларни ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатларни бермасдан товарларни реализация қилганлик ва хизматлар кўрсатганлик, шунингдек, идентификация қилиш воситалари билан мажбурий рақамли маркировка қилиш назарда тутилган маҳсулотларда қалбаки маркировка қўллангани ёки маркировка мавжуд эмаслиги тўғрисида солиқ органларига махсус дастур орқали хабар берган жисмоний шахсларга, ҳуқуқбузарлардан ундирилган жариманинг 20 фоизи миқдорида мукофот тўланади;
• тўлов тизимлари операторлари ўз тўлов тизимларини онлайн назорат-касса машиналарига мажбурий равишда улаш ва шу орқали солиқ органларининг ахборот тизимларига интеграциялашни таъминлаш талаби ўрнатилади.
Аввалроқ онлайн назорат-касса машиналар бўйича тартиб ўзгараётгани хабар қилинганди. Бу борадаги қарор лойиҳасида тадбиркорлик субъектлари фақат кўрсатилган хизматлар учун пул тўлаши ҳамда онлайн НКМни давлат реестридан ўтказганлик учун ДСҚга пул ўтказиш тартиби бекор бўлиши кўзда тутилган.