LOTIN-КИРИЛЛ

ФАН БОҒИНИНГ БОҒБОНИСИЗ!

ФАН БОҒИНИНГ БОҒБОНИСИЗ!

     Учқудуқ туман ҳокими Хамроев Соли Фармоновичнинг 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан йўллаган табриги

     Ассалому  алайкум азиз устозлар!

    Қадрли ўқитувчи ва мураббийлар!

     Меҳридарё муаллимлар!

      Аввало, сизларни, сизларнинг тимсолингизда учқудуқлик барча ўқитувчи ва мураббийларни, ўзининг илму салоҳияти, куч-ғайратини, керак бўлса, бутун умрини ёш авлодга таълим-тарбия беришдек энг шарафли ва чин маънода машаққатли ишга бағишлаб келаётган муҳтарам устозларни  умумхалқ  байрами – “Ўқитувчи ва мураббийлар” куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

      Устоз-мураббий деганда барчамизнинг кўз олдимизда қадрдон мактабимиз, бизга алифбони ўргатган, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон муаллимларимиз сиймоси намоён бўлади.

     Бугунги қутлуғ айёмда барчамиз учун ибрат мактаби, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган, сиз каби азиз ва мўътабар зотлар шаънига энг гўзал сўзларимиз, эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.

     Ҳазрат Алишер Навоий бобомиз айтганидек, дунёнинг бор бойлиги ва хазинаси билан ҳам сизларнинг олийжаноб меҳнатингиз ҳақини адо этиб бўлмайди.

     Ҳаёт бор экан, ўқитувчилик ва мураббийлик касби ўзининг маъно-мазмуни ва олийжаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди.

     Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг "...сизлар дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга безавол етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонларсиз. Бу улкан бойлик – ақл-заковат ва илм, бу ўлмас мерос – яхши тарбиядир”, — деган сўзлари сизларнинг машаққатли меҳнатларингизга берилган баҳо десак, хато қилмаймиз!

 

     Муҳтарам устозлар!

   Бугунги кунда  туман халқ таълими тизимида 19 та умумтаълим мактаби, 1 та “Баркамол авлод” мактаби фаолият юритмоқда.

   Туман мактабгача таълим бўлими тасарруфида эса 32 та давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатмоқда.

   Болалар мусиқа ва санъат мактабида тарбияланаётган истеъдодли ўқучи-ёшлар томонидан қўлга киритаётган ютуқларда албатта, илм даргоҳида меҳнат қилаётган ўқитувчи-мураббийларнинг меҳнати беқиёс.

   Мустақиллик йилларида 10 дан ортиқ ўқитувчи-мураббийлар давлат мукофотлари билан тақдирланган бўлса, 300 нафари “Халқ таълими аълочиси” ва бошқа кўплаб кўкрак нишонлари билан мукофотланган.

 

     Яна бир қувончли хабар, куни кеча ҳурматли Президентимизнинг «Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармони эълон қилинди.

    Мукофотланганлар орасида Учқудуқ туманидаги 3-умумий ўрта таълим мактабининг 2-Б синф раҳбари, бошланғич синф ўқитувчиси Лагутина Ольга Владимировна  ватанимизнинг юксак мукофоти  «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди.

     Ёш авлодга  таълим ва тарбия беришда узоқ  йиллар самарали  меҳнат қилган  Ольга Владимировнага берилган  бу юксак мукофот барча Учқудуқ тумани ўқитувчи-мураббийларига берилган улкан эътироф ва рағбат деб ўйлайман.

 

     Айни пайтда туманимиздаги саноат техникуми ва  касб-ҳунар мактаби  ўқитувчи ва мураббийлари ҳам  ёш авлодга таълим бериш, касб-ҳунар ўргатишда фидойилик  намуналарини кўрсатиб келмоқда.

     Кейинги икки йилда мазкур тизимда амалга оширилган ўзгариш ва ислоҳотлар туфайли фарзандларимизга касб-ҳунар ўргатиш бутунлай такомиллашди.

     Бугун ўқитувчилар, устозлар шаънига энг яхши сўзларни айтиб, уларга эзгу ниятларимизни билдирар эканмиз, тумандаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, “Лочин” спорт мажмуасида истеъдодли спортчиларни тарбиялаётган, вилоят, республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда Учқудуқ тумани  шарафини муносиб ҳимоя қилаётган спортчиларни камолга етказаётган барча мураббийларга ҳам миннатдорчилик билдирамиз.

     Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

   Айтиш жоиз бўлса, бугун “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” деган шиор асосида мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланди.

   Буни биргина Учқудуқ тумани мисолида айтадиган бўлсак,  жорий йилда ёш авлодга сифатли таълим бериш мақсадида тумандаги 10,14,15 – сонли мактабларда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, 10 млрд. сўмга яқин маблағ сарфланган.

   Ёки туманимизда сўнгги 4 йил давомида таълим муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари учун  жами 30 млрд. сўмга  яқин маблағ йўналтирилган.

      Азиз устоз-мураббийлар!

   Илмий кузатиш ва тадқиқотлар натижасида инсон ўз ҳаёти давомида оладиган барча маълумотнинг 70 фоизини беш ёшгача бўлган даврда олиб улгуриши аниқланган.

   Демак, бу даврда инсон боласи дунёни англайди, ўз она тилини ўзлаштиради, ота-она, оила, маҳалла, Ватанга меҳри уйғонади, умр давомида оладиган билимларга замин ҳозирлайди.

   Бу борада мактабгача таълим ташкилотининг ҳиссаси муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, мамлакатимизда айнан мактабгача таълим узлуксиз таълим тизимининг ажралмас бўлагига, таъбир жоиз бўлса, унинг дебочасига айланган.

    Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак,  туманда 2017 йилда  2 та боғча ва овулларда 7 филиал фаолият юритиб, қамров 64 фоизни ташкил этган.

    Бугунги кунда мактабгача таълим ташкилотлари сони   32 та етказилган, уларнинг 15 таси уй боғчалари ҳисобланади.

    Учқудуқ туманида 3-7 ёшли болалар 3721 нафарни ташкил қилади. Уларнинг  3669 нафари ёки бўлмаса  давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамров даражаси 4,6 фоизга ўсди. Жорий йил охиригача яна 4 та оилавий уй-боғчаларни фойдаланишга топшириш ҳисобидан қамров 100 фоизга етказилади.

    Шунингдек, туман марказидан 150-200 км олисда жойлашган Бузаубай ва Кокаяз овулларидаги мактабгача таълим ташкилотлари 962 млн. 900 минг сўм маблағ эвазига бутунлай замонавий кўринишга эга бўлганлигини қайд этиш лозим.

     Бундан ташқари, жорий йилда бюджет харажатларининг орттириб бажарилган қисмидан  911 млн. сўм маблағ таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва спорт инвентерлари сотиб олишга сарфланганлиги   таълимга эътибор — фаровон келажак  инвестицияси  ибораси билан ҳамоҳангдир!

     Қадрли устоз ва мураббийлар!

   Буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий устоз ҳақида “Агар шогирд шайхулислом, агар қозидур, агар устоз рози – Тангри розидур” деб таъриф берган.

    Ҳаётимизга катта куч бўлиб кираётган янги авлодимизни камол топтиришда ўзининг беминнат хизматларини аямай келаётган Сиз, меҳридарё, қалби қайноқ, азиз устозларни касб байрамингиз билан яна бир бор муборакбод этиб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга тинчлик ва файзу барака тилайман!

 

    Эътиборларингиз учун раҳмат!

O'qilgan: 641 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: