1992 йил 10 декабрь «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган кун.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганлигига ҳам 29 йил тўлди.
Қонунда мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи, унга катта эҳтиром билан қараш ҳар бир юртдошимизнинг ватанпарварлик бурчидир деб белгилаб қўйилган. Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, мамлакатимизда яшаб турган бошқа шахслар ҳам мадҳиямизни ҳурмат қилиши шартлиги алоҳида таъкидланган.
Давлат мадҳиясининг муаллифи Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов бўлиб, мусиқасини Ўзбекистон халқ артисти, атоқли бастакор Мутал Бурҳонов яратган. Мадҳияда халқимизнинг эзгу орзу-умидлари, келажакка мустаҳкам ишончи теран ифодаланган. Унда мардона ва шарафларга бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилган.
Мадҳия – қалбида ўз Ватанига муҳаббат ва садоқат туйғуси бор ҳар қандай кишида миллий ғурур, ўзига хос фахр, энг муҳими юртга меҳр уйғотади. Бу миллий тимсолда халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги, шунингдек, зийнати, орзу-ўйи, маслак-мақсади мужассам.
Ўзбекистон давлат мадҳияси янграганда, «Серқуёш» сўзи жаранглаши билан бутун вужудимизда ажиб энтикиш, дилимизда чексиз ифтихор туйғусини ҳис этамиз. Чунки унда юртимиз таровати, буюк келажак барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган халқимизнинг орзу-интилишлари, Ўзбекистонимизнинг жаҳон ҳамжамиятида тобора юксалиб бораётган обрў-эътибори, ҳеч кимдан кам бўлмай, келажакка қатъий ишонч билан интилаётган ёшларимизнинг азму шижоати акс этган
10-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида “Улуғ халқ қудрати жўш урган замон” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда таълим муассасаси ўқувчи ва ўқитувчилари, корхона-ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.
Тадбирда туман ҳокими ўринбосари Н.Муратов иштирок этиб, 1992 йил 10 декабрь «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган куннинг 29 йиллиги муносабати билан туман ҳокими С.Хамроевнинг табригини ўқиб эшиттирди.
Шунингдек, байрам тадбирида Учқудуқ туман ҳокимлиги томонидан "Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида"ги қонун қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан «Ватаним мадҳиясини куйлайман!» мавзусида ўтказилган танловнинг «Давлат мадҳиясини энг яхши куйлаган мактаб» номинациясида ғолибликни қўлга киритган 20 – умумий ўрта таълим мактаби жамоаси, «Давлат мадҳиясини энг яхши куйлаган оила» номинациясида ғолибликни қўлга киритган 20 – умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Юнус РИЗАЕВлар оиласи ҳамда «Давлат мадҳиясини энг яхши куйлаган гуруҳ» номинациясида ғолибликни қўлга киритган 20 – умумий ўрта таълим мактаби 5-Б синф ўқувчилари туман ҳокимининг Ташаккурномаси ва китоблар тўплами билан тақдирланди.
Тадбирда “Қизилқум” маданият уйи ҳамда 10-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби бадиий жамоаларининг чиқишлари катта қизиқиш билан томоша қилинди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроевнинг “Учқудуқ” маданият уйида «Конституция – бахтим қомусим!» мавзусида бўлиб ўтган маънавий-маърифий тадбирда сўзлаган нутқи
Ассалому алайкум, ҳурматли ватандошлар!
Қадрли тадбир иштирокчилари!
Дунё харитасида Ўзбекистон деган мустақил, суверен давлатнинг пайдо бўлганини мангу кафолатловчи муҳим тарихий хужжат-Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллик байрами билан барчангизни чин қалбимдан самимий муборакбод этаман!.
Ижодкорлар таъбири билан айтганда, бахтимиз - Қомуси, саодат ва иқболимиз калити, дунёда инсон сифатида яшашимиз, тенглар ичида тенглигимиздан нишон берувчи АДОЛАТ КИТОБИнинг қутлуғ санаси бутун мамлакатимизда кенг нишонланаётган ушбу шукуҳли кунларда Сизларга ўзимнинг самимий ҳурмат ва эзгу тилакларимни изҳор этишдан мамнунман.
Барчамиз учун муқаддас саналган Конституциямиз шу юрт, шу замонда яшовчи ҳар бир инсонга ўзгача фахр- ифтихор, юксак ғурур ва шукроналик бахш этиши билан бирга Ўзбекистон Республикасида яшаётган дини, тили, ирқидан қатъий назар ҳуқуқларимиз кафолатидир.
Халқимизнинг асрий орзулари, эзгу мақсадларни акс эттирувчи, миллатимиз ақл- заковатининг маҳсули бўлган Асосий Қонунимизнинг қабул қилиниши- жонажон Ўзбекистонимиз келажагини, тараққиёт йўлидан дадиллик билан одимлаётган мамлакатимиз ҳаёт тарзи ва мазмунини, бир сўз билан айтганда, юртимиз қиёфасини белгилаб берди! Шу боисдан ҳам Бош Қонунимиз вақт ўтгани сайин янада юксак қадр топиб, турмушимизга чуқур сингиб бормоқда.
Айниқса, кейинги йилларда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан одамларни рози қилиш, давлат ҳокимияти ва идораларининг халққа хизмат қилиши, барчага бирдек муносиб турмуш шароитларини яратиш каби тамойилларнинг ҳаётимизга шиддат билан татбиқ этилаётгани Конституциямизда кафолатланган инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларининг Янги Ўзбекистон шароитида чинакам олий қадриятга айлангани тантанасидир.
Шу билан бирга бугун улкан шукроналик ва миннатдорлик билан алоҳида таъкидлаш жоизки, жорий йилда дунёдаги жуда кўп давлатлар бошидан кечираётган глобал пандемия шароитида Ўзбекистонда Конституциямизда кафолатланган инсон ҳаёти давлат химоясида экани, фуқаролар бепул тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги сингари олижаноб ғоялар янада ёрқин намоён бўлди.
Шу маънода бизнинг Конституциямиз ўзининг чинакам инсонпарварлик руҳи билан суғорилганини бугун бутун оламга намойиш этмоқда десак, асло муболаға бўлмайди!
Азиз юртдошлар!
Бугун қизилқум – гавҳари, қизилқум – жавоҳири, дея аталмиш – қадимий ва ҳамиша навқирон гўшаси бўлган Учқудуқда олиб борилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, ижобий ўзгариш ва янгиланишлар, бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари бош Қомусимиз белгилаб берган имкониятлар асосида амалга оширилмоқда.
Бу эса Контитуциямизда белгиланган ҳуқуқ нормаларини ҳаётга татбиқ этишда очиқлик, ошкоралик, эркинлик тамойилларига амал қилиш, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти қурилишида муҳим аҳамият касб этаётганининг амалий тасдиғидир.
“Инсон қадри” тамойили асосида давлат органларининг халқимиз юкини ўз елкасида кўтаришдек катта масъулият Конституциямизнинг:“Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” ва Ўзбекистон Республикасида конституцион ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Меҳнаткаш, матонатли, ўз юртини севган ва унинг равнақи учун фидойилик кўрсатаётган барча учқудуқликларга, давлат органлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик ва барчафуқароларимиз-га ўзимнинг самимий раҳматимни изҳор этар экан-ман, жамиятимизда Қонун устуворлигини таъминлашини, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилинишини нафақат вазифам, балки муқаддас бурчим эканини алоҳида таъкидламоқчиман.
Ишончим комилки, дунёда ягона, бетакрор Ўзбекистонимизни, озод ва обод Ватанимизни энг ривожланган демократик давлатлар қаторига олиб чиқишдек олижаноб мақсадлар йўлида азалдан орияти баланд, лафзи ҳалол ва заҳматкаш Учқудуқ аҳли муҳтарам Президентимизга, қўшқанот бўлиб, кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшадилар.
Ҳеч шубҳасиз, буюк халқимиз, 40 мингдан ортиқ туманимиз аҳли биланистиқлолимизнинг, истиқболимизнинг бундан ҳам ёрқин манзилларига омон-эсон етиб бораверамиз!
Йиллар, асрлар ўтса-да, Конституциямиз янги-янги авлодларимизга улкан ҳаёт Қомуси, бахт-саодат ва орзу интилишлар гарови, буюк юксалишларнинг пойдевори бўлиб хизмат қилаверади!
Азиз тумандошлар!
Сизларни ушбу қутлуғ байрам билан яна бир бор чин юракдан табриклаб, барчангизга сиҳат- саломатлик, оилавий хотиржамлик, хонадонларингизга қут барака ва узоқ умр тилайман!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, юртбошимиз омон бўлсинлар!
Ер юзида Янги Ўзбекистон номи баралла янграшининг рад этиб бўлмас кафолати, дунёда мавжудлигимизнинг олий эътирофи, йўлларимизни машъала каби ёритиб турувчи йўлчи юлдузимиз - Бош Қомусимизнинг таваллуд куни, навқирон 29 ёши барчамизга муборак бўлсин!
Эътиборлариз учун раҳмат.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтмоқда.
Ана шундай байрам тадбирлардан бири Учқудуқ туманида ташкил этилди. “Учқудуқ” маданият уйида бўлиб ўтган байрам тадбирида туман кенгаши депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, корхона-ташкилот ва муассаса мутасаддилари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
«Конституция – бахтим қомусим!» мавзусида бўлиб ўтган маънавий-маърифий тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.
Тадбирда таъкидланганидек, Асосий қонунимиз ўзининг тамойиллари ва қоидалари билан мамлакатимиз тақдири, ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини белгилашда муҳим ҳужжат бўлиб ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратиш Конституциямизнинг асосий мақсади ҳисобланади.
Тадбирда туманимиздаги 20-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари, томонидан Ўзбекистон Республикаси Констититуциясини улуғловчи шеърлар билан бирга Асосий қонунни моддалари ёд айтилди.
Шунингдек, 99818-сонли ҳарбий қисм зобит ва аскарларининг кўргазмали чиқишларини тадбир иштирокчилари катта қизиқиш билан томоша қилдилар.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллигига бағишланган байрам тадбирида туман ҳокими С.Хамроев туман аҳлига байрам табриги йўллади.
Учқудуқ туман ҳокимлиги 8 декабрь - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни муносабати билан «КОНСТИТУЦИЯ – ПОРЛОҚ КЕЛАЖАГИМИЗ КАФОЛАТИ!» мавзусида танлов эълон қилганди. Танловга 100 га яқин иштирокчи қатнашди.
Ушбу танловда ғолбиликни қўлга киритган 20 –умумий ўрта таълим мактабининг 1-синф ўқувчиси Нозима Сайфуллаева, 10 –умумий ўрта таълим мактабининг 5-синф ўқувчиси Исломбек Илҳомиддинов, 20 –умумий ўрта таълим мактабининг 4-синф ўқувчиси Маржона Самадовалар Учқудуқ туман ҳокимининг эсдалик совғалари ва ташаккурномаси билан тақдирландилар.
Байрам тадбирида тақдирганлар орасида “Учқудуқ” маданият уйи жамоалари ҳамда рус миллий-маданий марказ Учқудуқ туман бўлими жамоалари ҳам бор.
“Учқудуқ” ва “Қизилқум” маданият уйи бадиий жамоларининг дилтортар куй-қўшиқлари байрам иштирокчиларига кўтаринки кайфият улашди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
Ҳукумат қарори билан Нотурар жойларда истиқомат қилаётган, шунингдек, ота-онасидан ёки уларнинг биридан айрилган ҳамда ёлғиз онаси, ёлғиз отаси ёки бошқа шахслар қарамоғида бўлган вояга етган уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, уй-жой шароитини яхшилаш истагида бўлган уй-жойга муҳтож хотин-қизлар ўзини ўзи бошқариш органи ёки туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига сўровнома-ариза билан мурожаат қилади.
Уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлашга кўмаклашиш комиссияси ҳар чоракда (чорак биринчи ойининг 15-кунигача) хотин-қизларнинг уй-жойга эҳтиёжмандлик даражасини ўрганиб чиқади.
Уй-жойга муҳтож хотин-қизлар Комиссиянинг тегишли қарори қабул қилингач, кўпи билан 30 кундан ошмаган муддат ичида ижтимоий уй-жойларга ижара ҳуқуқи асосида вақтинчалик жойлаштирилади.
Бунда:
*уй-жойга муҳтож хотин-қизларга ипотека кредити бўйича уй-жойларнинг ҳисобланган қийматининг 15 фоизи миқдорида бошланғич бадал тўлаб берилади;
*туман (шаҳар) ҳокимлиги Комиссия қарори қабул қилингандан сўнг 20 кун ичида ижтимоий уй-жойга жойлаштириладиган хотин-қизлар билан ижара шартномасини тузади (кўпи билдан 5 йил муддатга);
*ижара шартномаси тузилгандан кейин 5 кун ичида ижтимоий уй-жойни топшириш – қабул қилиш далолатномаси тузилади;
*далолатнома тузилгач, уй-жойга муҳтож хотин-қизлар 5 кун ичида ижтимоий уй-жойга жойлаштирилади.
Ижтимоий уй-жойлар муниципал мулк ҳуқуқи асосида туман (шаҳар) ҳокимлигига тегишли бўлади ва улар бўйича алоҳида ҳисоб юритилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар, кекса ёшдаги ва ўзи ҳаракатлана олмайдиган шахслар устувор равишда кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватидаги ижтимоий уй-жойларга жойлаштирилади.
Ижтимоий уй-жойдан фойдаланганлик учун ижара ҳақи уй-жой умумий майдонидан келиб чиқиб унинг 1 квадрат метри учун:
Тошкент шаҳрида 1 йилга БҲМнинг 2 фоизи;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 1 фоизи миқдорида белгиланади.
Ижара шартномасида белгиланган талабларга риоя этилиши юзасидан ҳар ойда бир маротаба мониторинг олиб борилади.
Yangi ko‘rinishdagi banknotlar chiqarilishi pullarda zamonaviy himoya elementlarini qo‘llash va banknotlar tematikasini uyg‘unlashtirish bilan bog‘liq bo‘lishi mumkin. Bu avgust oyida 5 ming va 10 ming so‘mlik banknotlarni yangilash bilan boshlangandi.
O‘zbekistonda yangi ko‘rinishdagi 50 ming va 100 ming so‘mlik banknotlar chiqarilishi kutilmoqda. Bu ma'lumotni Kun.uz'ga Markaziy bank matbuot xizmati tasdiqladi.
Yangi ko‘rinishdagi pullar qachon chiqarilishi ma'lum emas.
“Chiqishga yaqin qolganda xabar beramiz. Batafsil ma'lumotlar e'lon qilinadi”, – dedi MB raisining matbuot kotibi Akmal Nazarov.
26 avgustdan boshlab O‘zbekistonda yangi ko‘rinishdagi 5 000 va 10 000 so‘mliklar muomalaga chiqarila boshlangandi.
O‘shanda yangi ko‘rinishdagi banknotlarni chiqarish pullarda zamonaviy himoya elementlarini qo‘llash bilan bog‘liq ekani aytilgandi.
“ Bugungi kunda “Davlat belgisi” DUKda modernizatsiya ishlari amalga oshirilgani uchun banknotalarimizda zamonaviy himoya elementlarini qo‘llash va har xil formatlarda raqamlash hamda laklash imkoniyati yaratildi. Jahon amaliyotida har bir mamlakatda banknotlarning tasvirlari yagona mavzu atrofida mujassamlashgan bo‘lib, xuddi shu kabi bizning banknotlarimiz dizaynini ham yagona mavzu atrofida birlashtirish maqsad qilingan. Bu mavzu Buyuk ipak yo‘li va mamlakatimizning qadimiy tarixiga qaratilgan. Jumladan, joriy yilning iyun oyidan muomalaga chiqarilgan 2 000 va 20 000 so‘mlik banknotlar va chiqishi rejalashtirilayotgan 5 000 va 10 000 so‘mlik banknotlar mavzusi Buyuk ipak yo‘li mamlakatimiz tarixiga bag‘ishlangan”, – degandi o‘shanda Markaziy bank mas'uli Zafar Asadov.
Bundan ko‘rinadiki, yangilanishi kutilayotgan 50 va 100 ming so‘mlik banknotlarni chiqarishdan maqsad – kupyuralarni yagona mavzu atrofida birlashtirish va zamonaviy himoya elementlarini qo‘llash bo‘lishi mumkin.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Ўзбекистонда ковид сабаб яна локдаун эълон қилиниши ёки йўқлиги ҳақида келиб тушган саволга аниқлик киритди.
Таъкидланишича, эпидемиологик таҳлил натижалари COVID-19 пандимияси даврида 2020–2021 йилларнинг март ойида касаллик кўрсаткичларининг аста-секин ўсиши, июль ойида эса касалликнинг энг юқори чўққига етганини кўрсатган. Март ойидан ушбу касалликнинг кўпайиши асосан COVID-19 инфекциясининг янги штамлари пайдо бўлиши билан боғлиқ.
Пандемия даврида вирусларнинг мутацияга учраши ва янги штамларнинг пайдо бўлиши пандемиянинг анча давом этишига сабаб бўлиши мумкин.
«Тахминий нуқтаи назардан башорат қилиб кўрсак, агарда 2022 йилнинг баҳорида касаллик кўрсаткичларининг яна ўсиши кузатилмаса, у ҳолда мамлакатимизда локдаун ҳолати эълон қилинмайди. Шундагина Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2022 йилнинг охирида ёки 2023 йилнинг бошида COVID-19 пандемияси тугатилди, деб эълон қилиши мумкин. Бу бизнинг умидбахш тахминимиз холос», дейилади хабарда.
Пора олиш ва беришда воситачилик қилиш жиноятлари учун 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.
Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик чораларини кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди.
Лойиҳада “коррупцияга оид жиноятлар” тушунчасига аниқ таъриф берилмоқда ва 15 турдаги жиноятлар бу тоифага киритилмоқда.
Муҳим ўзгариш сифатида коррупцияга оид жиноятлар учун жазо чоралари кескин кучайтирилмоқда.
Эндиликда, ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш ёки фирибгарлик жиноятларини мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш ёки хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этиш қилмишлари учун 10 йилгача (илгари 5 йилгача) озодликдан маҳрум қилиш жазоси киритилмоқда.
Шунингдек, пора олиш, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш жиноятлари учун 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.
Порахўрлик жиноятларини содир этган шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинмаслиги ва жазо енгилроғи билан алмаштирилмаслиги ва бошқа қатор долзарб ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Joriy yilning 2-3-dekabr kunlari Uchquduq tuman hokimligi ishchi guruhi tomonidan 20 dan ortiq tadbirkorlik obyektlarining (oziq-ovqat do‘koni, dorixona, qurilish mollari do‘koni, xo‘jalik mollari do‘koni, avtomobil ehtiyot qismlari do‘koni, go‘zallik saloni, telefon ta’mirlash ustaxonasi va h.k.lar) bino yuza qismidagi peshlavhalari va reklama va boshqa e'lon, axborot matnlarining davlat tili to‘g‘risidagi qonun talablariga qanchalik to‘g‘ri kelishi yuzasidan o‘rganish ishlari olib borildi.
O‘rganish jarayonida tadbirkorlarga davlat tili borasidagi islohotlar yuzasidan tushuntirish, tashviqot-targ‘ibot ishlari olib borildi. Aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish uchun tadbirkorlarga ogohlantirish xatlari berildi.
Shuningdek, islohotlarni o‘z vaqtida to‘g‘ri tushunib, o‘z savdo shoxobchasidagi tashqi yozuvlarni davlat tili to‘g‘risidagi qonun talablariga mos tarzda davlat tilida lotin yozuviga asoslangan o‘zbek alifbosida shakllantirgan tadbirkorlarga davlat tiliga hurmat namunasini ko‘rsatgani bois minnatdorchilik bildirildi.
Islomova Sojida
Uchquduq tumani hokimining maslahatchisi
Ўзбекистон Республикаси бўйлаб Конституциямизнинг 29 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида жойларда барча давлат ташкилотлари, корхона ва муассасалар томонидан турли кўринишдаги тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Шундай тадбирлардан бири Учқудуқ туман судлари ташаббуси билан туман Қўриқлаш бўлими ходимлари иштирокида Қўриқлаш бўлими биносида “Қомусимиз бахтимиз гаровидир” мавзуси остида давра суҳбати тарзида ташкил этилди.
Тадбирда, туман суди ходимлари ва туман Қўриқлаш бўлими бошлиғи подполковник З.М.Ўроқовлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиш тарихи, қабул қилиниши билан боғлиқ қизиқарли маълумотлар, Конституциянинг тузилиши, ҳокимиятлар, хусусан суд ҳокимиятининг ўрни, шунингдек, Конституцияга киритилган барча ўзгартиш ва қўшимчалар ҳамда унинг ҳаётимиздаги ўрни хусусида тадбир иштирокчиларига маълумотлар беришди.
Шунингдек, тадбир давомида иштирокчилар томонидан берилган саволларга мутасаддилар томонидан жавоблар берилди.
Давра суҳбати шу тарзда қизиқарли ва мазмунли ташкил этилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди девонхона мудири Мейрбек Бердибеков
Учқудуқ туман иқтисодий суди девонхона мудири
Шоҳбоз Бахронов
Мамлакатимизда ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитини тубдан яхшилаш ва ҳаёт даражасини юксалтиришга устувор аҳамият берилмоқда. Уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган долзарб муаммоларни бартараф этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан давлат органларининг аҳоли билан бевосита ишлашини назарда тутувчи янги тизим жорий этилди. Яъни, туман ва шаҳарлардаги сектор раҳбарлари ҳафтада бир марта сайёр қабул ўтказиши белгилаб қўйилган.
Буни Учқудуқ тумани иккинчи сектор мисолида кўрадиган бўлсак, штаб аъзолари томонидан доимий равишда 2-сектор ҳудудида яшовчи фуқароларнинг муаммоларини аниқлаш, уларга муносиб турмуш шароитларини яратиш, уларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида хонадонбай ўрганиш ишлари йўлга қўйилган бўлиб, бу борада шу кунга қадар бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.
Сектор ҳудудидаги мавжуд 5 та маҳаллада ўтказилган хонадонбай ўрганишлар натижасида 271 та эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантирилиб, “Темир дафтар”га киритилди ҳамда ушбу оилаларнинг 144 нафар аъзоси доимий ишга жойлаштирилиб, 119 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди, 17 нафар оилага ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиши учун 138,5 млн. сўмдан ортиқ имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши таъминланди.
Шунингдек, 2-сектор томонидан “Темир дафтар”га киритилган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида
169 млн 715 минг сўм миқдорида турли моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Жумладан, 154 нафар оилага озиқ-овқат маҳсулотлари, 20 нафарига дори-дармон воситалари тарқатилиб, 40 нафарига нақд пул тарзида ёрдам, 15 та оиланинг коммунал қарздорлиги тўлаб берилди ҳамда 14 нафар оилага чорва ва 1 нафар оилага парранда берилиб, 2 тасига ижарага ер, 14 та оилага бошқа ёрдамлар кўрсатилди.
Шунингдек, сектор ҳудудида ишсиз ва бошқа муаммолари мавжуд 164 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилиб, 117 нафар ишсиз ёшларнинг бандлиги таъминланди. Уларнинг 73 нафари доимий ишга жойлаштириш орқали, 14 нафари ҳар бир тадбиркор ёшларга мададкор тамойили асосида, 5 нафари устоз-шогирд, 2 нафари ўзини-ўзи банд қилиш, 12 нафари жамоат ишларига жалб қилиш, 11 нафари касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда 18 нафар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган ёшларга кредитлар ажратиш ҳамда 29 нафарига бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатиш орқали ҳалқ депутатлари кенгашининг қарорига асосан ижтимоий ҳимояга мухтож ёшлар тоифасидан чиқарилиши таъминланиб келинмоқда.
Бундан ташқари, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этилиши, ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, уларга манзилли тарзда ёрдам кўрсатилиши алоҳида назоратга олинган.
Хусусан, сектор ҳудудида 173 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилган бўлиб, 54 нафар хотин-қизларга бандлигини таъминлашда, 5 нафарига касб-ҳунар ўрганишида, 9 нафарига тадбиркорлик учун кредит ажратилишида, 7 нафарига субсидияларажратилишида, 7 нафарининг уй-жойлари таъмирлаб берилишида,77 нафарига тиббий, 64 нафар ногиронлиги бўлган аёлларга психологик ва бошқа ёрдамлар кўрсатилиб, уларнинг барчаси “Аёллар дафтари”дан чиқарилиши таъминланди.
Шунингдек, сектор ҳудудида яшовчи 47 нафар хотин-қизларга жами 52 млн. 860 минг сўм моддий ёрдам берилди.
Шунингдек, ҳудудда тадбиркорлик ташаббусларини ҳимоя қилиш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилиб, янги иш ўринлари яратилмоқда.
Хусусан, туман прокуратураси ва сектор штаби томонидан 92 нафар тадбиркорлик субъектларига турли амалий ёрдамлар кўрсатилиб, 183 та янги иш ўринлари яратилди. Шундан 34 нафарига 2 млрд 947 млн сўмлик кредит, 1 нафарига ер ажратилишида, 1 нафарига бино ажратишда, 29 нафарига коммуникация тармоқларига уланишида ва 27 нафарига бошқа ёрдамлар кўрсатилган.
Жумладан, 2-сектор ташаббуси билан ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида “Зулфия Учқудуқ” ишлаб чиқариш кооперативи ташкил этилди. Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази маблағлари ҳисобидан 81 млн. сўм субсидия ва ҳомийлик ҳисобидан 200 млн сўм ажратилиб, тикув дастгоҳлари олиб келиб ўрнатилди. Бунинг натижасида 30 нафар ишсиз хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди.
Шунингдек, туманда ягона бўлган автомашиналарга газ балонлари ўрнатиш ва уларни техник кўрикдан ўтказиш лойиҳаси бўйича “Uchquduq Ravon yo’l ”МЧЖга 245 млн. сўм кредит маблағи ажратилиб, 4 нафар ижтимоий ҳимояга мухтож оила аъзоларининг бандлиги таъминланди.
Ҳозирда, сектор штаби томонидан аҳоли муаммоларини аниқлаш ва уларни тизимли ҳал қилиш борасида ишлар давом эттирилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, сектор раҳбари ҳамда ишчи гуруҳи аъзоларининг ҳудуд аҳолисига ишончли маслакдош, муаммоларини ижобий ҳал қилишда яқин кўмакчига айланганидан барча хурсанд. Бу халқимизнинг давлатимиздан розилиги, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Тўхтамурод НАСУЛЛАЕВ,
Учқудуқ туман 2-сектор масъул котиби.
More...
Мамлакатимизда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти йўлга қўйилгани ўзига хос тизим сифатида ўз самарасини кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан давлат органларининг аҳоли билан бевосита ишлашини назарда тутувчи янги тизим жорий этилди. Яъни, туман ва шаҳарлардаги сектор раҳбарлари ҳафтада бир марта сайёр қабул ўтказиши белгилаб қўйилган.
Учқудуқ туманида ўтказилган ана шундай сайёр қабулларнинг бирида Феруза Султонова тикувчилик фаолиятини кенгайтириш учун кўмак сўраб, 2-сектор раҳбари Учқудуқ туман прокурори Р.Рахматовга мурожаат қилганди.
Ферузанинг таклифи сектор раҳбари томонидан қўллаб-қувватланиб, янгидан ташкил этилган тикувчилик цехи янгидан таъмирдан чиқарилган бинода иш бошлади.
Гап шундаки, фойдаланилмай турган туман прокуратурасининг эски биноси 600 млн. сўм маблағ эвазига таъмирланиб, Ф.Султонова томонидан ташкил этилган тикувчилик цехи бинонинг иккинчи қаватига жойлаштирилди.
“Зулфия Учқудуқ” ИЧК тасарруфидаги ушбу тикувчилик цехида бугунги кунда 30 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланди. Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази маблағлари ҳисобидан 81 млн. сўм субсидия ҳамда ҳомийларнинг қўшимча 200 млн. сўм пули ҳисобидан 50 та тикув машинкаси сотиб олинди.
Бу ерда тикувчи қизлар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Оналар ва болалар хонаси, тиббиёт хонаси, омборхона, бичув хонаси ва тикув зали шулар жумласидандир.
Яна бир эътиборли жиҳати мазкур бинонинг биринчи қаватида Учқудуқ туман 2-сектор штаби аъзолари жойлашган бўлиб, сектор аъзоларининг тўлақонли фаолият олиб боришлари учун шароитлар етарли.
Бугун ушбу бинони фойдаланишга топширишга бағишланган тадбир ўтказилди. Унда тумандаги корхона-ташкилотлари мутасаддилари, маҳалла вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Шунингдек, тадбирда ШКБ директори Неъматилло Ахатов, вилоят ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Саъдулла Мирзаевлар қатнашдилар.
Тадбирда туман ҳокими Соли Хамроев сўзга чиқиб, сектор раҳбарлари ҳамда ишчи гуруҳи аъзоларининг ҳудуд аҳолисига ишончли маслакдош, муаммоларини ижобий ҳал қилишда яқин кўмакчига айланиб бораётганлиги хусусида тўхталиб ўтди. Шунинг баробарида бугун фойдаланишга берилаётган мазкур бинода иш бошлаётган “Зулфия Учқудуқ” ИЧК тасарруфидаги тикувчилик цехи фаолиятига омадлар тилади.
-Цехимиз талаблар асосида жиҳозланган, - дейди “Зулфия Учқудуқ” ИЧК Феруза Султонова. – 10 донадан ортиқ янги дастгоҳ олиб келганмиз. Ушбу мақсадлар учун 281 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди. Ҳозирда ишлаб чиқариш мажмуалари ишчи-хизматчилари учун махсус кийимлар тикаяпмиз.
Райҳон ҚОДИРОВА,
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.
Бугунги кунда бутун дунё аҳолисининг 1 миллиарддан ортиғида, яъни еттита кишидан камида биттасида муайян бир турдаги ногиронлик мавжуд бўлиб, барча ногиронларнинг 100 миллиондан ортиғини болалар ташкил этади.
Ҳар йили 3 декабрь санасида ногиронлиги бўлган шахслар кунининг нишонланишидан асосий мақсад бутун дунёда амалга ошириладиган дастур ва лойиҳаларда ногиронлар бошқа ногирон бўлмаган кишилар билан тенг ҳуқуқлилик асосида иштирок этишини, ногиронларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олинишини, барча мамлакатларда ногиронларнинг қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомилларнинг жорий этилишини таъминлаб, барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборатдир.
Ўзбекистонда ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси эканликларини кўрсатиш мақсадида турли тадбир ва ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Буни Ўзбекистон Президенти томонидан “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармоннинг имзоланганида кўриш мумкин. Ушбу фармонда авваллари ногиронларни камситиш сифатида ишлатилган “ногирон” сўзи ўрнига “ногиронлиги бўлган шахс” иборасининг қўлланилиши белгиланган.
Бундан ташқари, ушбу фармонда ногиронлиги бўлган шахсларга қулайлик яратиш учун жамоат транспортини пандуслар, алоҳида жойлар билан, бекатлар ва маршрутларни эшиттирувчи, электрон маълумотлар таблолари каби махсус воситалар билан жиҳозлаш, улардан эркин фойдаланишни босқичма-босқич таъминлаш бўйича жойларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимояси ва мослашуви самарадорлигини оширишга оид чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.
Сана муносабати билан Учқудуқ туман ҳокимлиги, туман прокуратураси ҳамкорлигида “Шоҳимардон” тантаналар марказида “БУ АЗИЗ ЮРТДА ҲЕЧ КИМ МЕҲР ВА ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ЭМАС!” мавзусида байрам тадбири ташкиллаштирилди.
Тадбирда туман ҳокими С.Хамроев иштирок этиб, тадбирга таклиф этилганларни байрам билан табриклади. Уларга озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат пакетлар тарқатилди.
Шунингдек, тадбирда вилоят ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Саъдулла Мирзаев ҳам иштирок этиб, сўзга чиқди.
Байрам тадбирида “Учқудуқ” маданият саройи ҳамда “Қизилқум” маданият маркази бадиий жамоаларининг чиқишлари даврага кўтаринкилик улашди.
Туманнинг барча ҳудуди бўйлаб “БУ АЗИЗ ЮРТДА ҲЕЧ КИМ МЕҲР ВА ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ЭМАС!” хайрия акцияси давом этмоқда.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
Учқудуқ туман ҳокими Хамроев Соли Фармоновичнинг 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан “Шохимардон” тантаналар саройида ўтказилган “БУ АЗИЗ ЮРТДА ҲЕЧ КИМ МЕҲР ВА ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ЭМАС!” мавзусида ўтказилган тадбирда сўзлаган нутқи
Ассалому алайкум ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Қадрли болажонлар!
“Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14 октябрда қабул қилинган қарорига асосан ҳар йили “3 декабр - Халқаро ногиронлар куни” сифатида республикамизда кенг нишонланиши ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя сиёсатининг яққол исботидир.
“Халқаро ногиронлар куни”га бағишлаб ўтказиладиган бугунги тадбирлар ҳам ногиронларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда ўз ўринларини эгаллашларига имкониятлар яратиш борасида муҳтарам Президентимиз томонидан ногиронларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, кенг жамоатчиликнинг ҳам бу савобли ишларда фаол иштирокининг ёрқин намунасидир.
Ҳозир Ўзбекистонда ногиронлиги бор 700 мингдан ортиқ шахс, шу жумладан, 100 мингдан зиёд 16 ёшгача бўлган болалар ҳаёт кечирмоқда. Мамлакатимизда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муносиб ҳимоялаш, ижтимоий-иқтисодий томондан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Учқудуқ туманида ҳам ногиронлиги бўлган - 529 нафар шахс, 113 нафар - 16 ёшгача бўлган болалар ҳаёт кечирмоқда.
“Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳужжатга кўра, I ва II гуруҳ ногиронлари мол-мулк, ер, ҳар бир ой учун энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдоридаги даромадлар бўйича даромад солиғидан озод қилинган.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлашга оид нормалар ҳам мавжуд.
Унга кўра ходимлар сони йигирма кишидан ортиқ бўлган корхоналар ва ташкилотларда ходимлар сонининг камида уч фоизи миқдорида иш жойларининг энг кам сони ҳокимлик қарорига асосан ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш учун захирада ушлаб турилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари ва кресло-аравачалар билан бепул таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган имтиёзли шахслар рўйхатига киритилган.
Муҳтож ногиронлар реабилитация техник воситаларини ўз маблағлари ҳисобига сотиб олган тақдирда, уларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда компенсация тўланади.
Бундан ташқари, аксарият корхона ва ташкилотлар, жамоат жойларига ногиронларга кириб-чиқиш имконияти яратилган яъни пандус йўлакчалари ташкил этилган.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Халқимизга ҳос инсонийлик, саховатпешалик ва бағрикенглик 3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни муносабати билан туманимиз бўйлаб уюштирилаётган тадбирларда ўз аксини топмоқда.
Инсон учун бебаҳо бойлик – бу соғлик-саломатликдир.
Доно халқимиз: “Соғлик – туман бойлик” дея бежизга айтмаган.
Барчангизга мустаҳкам ирода, сиҳат - саломатлик тилайман!
Эътиборингиз учун рахмат!!
Ассалому алайкум, ҳурматли учқудуқликлар!
Бугун Сизга юртимизни, жонажон ватанимизни, яшаб турган масканимизни тоза, озода, кўркам ҳудудга айлантиришда ҳар биримиз масъул эканлигимизни англаган ҳолда Сиз ҳурматли Учқудуқ тумани аҳолисига мурожаат билан чиқмоқдаман.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 2 ноябрь куни ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳоли яшаш шароитларини яхшилаш, шунингдек, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва она табиатни асраш учун кўчат экиб, боғ яратиш, ҳавомиз мусаффолигини сақлаш борасида дарахт экиш умуммиллий акцияси эълон қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини татбиқ этиш ҳамда дарахтларни экиш, парваришлаш ва кўкаламзорлаштириш тизимини самарали ташкил этиш мақсадида “долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.
Лойиҳа доирасида 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумларида «1 миллион дарахт» ташаббуси доирасида дарахт ва бута кўчатларини экиш бўйича бошқарма ва ташкилотлар кесимида дастур ишлаб чиқилди.
Шу жумладан, Учқудуқ туманида ҳам 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумларида 1521 минг дона манзарали, мевали дарахт ва буталар кўчатлари ҳамда қаламчаларини экиш режалаштирилган шундан 2021 йил ноябрь декабрь ойларида туманимизда 570 минг дона, 2022 йил баҳор мавсумларида 951 минг дона манзарали, мевали дарахт ва буталар кўчатлари ҳамда қаламчаларини экиш режалаштирилган.
Мазкур режани амалга ошириш бўйича ҳозирги кунда “Яшил майдон” умуммиллий лойиҳаси доирасида тумандаги барча корхона ва ташкилотлар томонидан жами 1 млн. 521 минг та манзарали, мевали дарахт ва буталар кўчатлари ҳамда қаламчаларни экиш ишлари амалга оширилмоқда.
Шу билан бир қаторда тумандаги “Навоий” МФЙ ҳудудидан 1 гектар, “Айтим” МФЙ ҳудудидан 1 гектар бўш турган ер майдонларидан “Яшил майдон” ҳамда “Дўстлик” МФЙ ҳудудидаги “Ёшлар” истироҳат боғидан 3,8 гектар, ва “Хотира боғи” ҳудудидан 2,4 гектар жами 6,2 гектар ер майдонларидан “Жамоат парк”лари ташкил этилади.
Дастурлар, чора-тадбирлар албатта қоғозда жуда ҳам чиройли, салмоқли. Лекин уни амалга оширишда масъуллар ва ҳар бир туманимиз фуқароси фидойилик, ватанпарварлик, шижоат, ўз туманига, яшаётган маҳалласига меҳр-муҳаббат туйғуси билан амалга ошириш даркор.
Кўчаларда юрганимизда кўриб турибмизки, дарахт экиш, яшаб турган жойимизни ободонлаштиришимиз учун туман ташкилот раҳбарлари ва ходимлари жонбозлик ва шахсий намуна кўрсатиш учун аллақачон кўчат экиш ишларини бошлаб юборишди. Бу албатта мақтовга лойиқ. Ўз ўрнида бошқалар ҳам «яшил макон» уммумиллий лойиҳасида ўз ташаббусини кўрсатиши, яшаб ёки ишлаб турган жойини кўкаламзорлаштириб, обод қилиши лозим.
Азиз ва мўътабар оқсоқоллар!
Сиз ҳар бир ишда ёшлар учун ибрат намунаси бўлиб келгансизлар. Бугун ҳам мамлакат бўйлаб давом этаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида ўзингизнинг доно маслаҳатингиз билан аҳолини айниқса, ёшларни яратувчанлик ғояларига ундашда жонбозлик кўрсатасизлар, деб ишонаман!
Албатта, бугун экилган бир дона ниҳол эрта катта дарахтга айлангач, унинг соясидан набираларингиз баҳраманд бўлади, уларнинг олаётган нафаси мусаффолиги таъминланади.
Шу боис ҳам яхши ниятлар билан бошланган бу эзгу ишда Сиз азиз нуронийлар ҳам фаол иштирок этинг, чунки ободлик бор жойда қут-барака, доимий ривожланиш ва келажакка ишонч бўлади.
Қадрли ёшлар!
Бугун сизнинг замонавий билимларни эгаллаб, етук ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етишингиз учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратиб берилган.
Ўз навбатида Сиз ҳам ҳурматли Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббус “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган эзгу ишларда фаол иштирок этишга чақираман!
Шуни унутмайликки, осуда ва фаровон турмуш тарзини четдан келиб бизга ҳеч ким яратиб бермайди. Уни ўзимиз, ўз меҳнатимиз натижасида бунёд этсак, унинг самараси янада тотли бўлади.
Тасаввур қилинг, ҳар бир учқудуқлик ёшлар камида 5 тадан кўчат экса, бу ташаббус 2–3 йилдан сўнг туманимиз яшиллигига, экологиясига қанчалик ижобий таъсир кўрсатади.
Бугун Учқудуқдаги дарахтларнинг аксариятини Сизларнинг ота – боболарингиз парваришлаган. Сиз ҳам яшил челленжга қўшилинг ва хайрли ишга ўз ҳиссангизни қўшинг! “Ҳар бир ёшга – 5 дарахт!” акциясида фаол иштирок этинг.
Ҳурматли уй бекалари, азиз опа-сингиллар!
Мазкур акция ҳар биримиз учун алоҳида аҳамиятга эга. Чунки халқимизнинг яхши ниятлари билан бошлаган бу савобли ишлари эртанги куни ёш авлоднинг саломатлигини мустаҳкамлашда, табиатни асраш ва экологик ҳолатни яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.
Афсуски, кўп қаватли уйларда яшовчи опа-сингилларимиз ободончиликка, тозаликка, кўкаламзорлаштириш ишларига эътиборсизлик билан қараб, “Ватан остонадан бошланади”, “Менинг маҳаллам – менинг уйим”, “Маҳалла – Ватаннинг бир бўлаги!” каби минг йиллик тушунчаларни унутиб қўймоқдалар.
Ҳафта ёки бир ойда бир маротаба бўлса ҳам – ота-боболаримиздан қолган удум, анъана – кўчат қадаш, ҳашарлар уюштириш каби эзгу ишлар бир оз оқсаётгандек.
Ўз навбатида Сизни ҳам ҳурматли Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббус - “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишларда фаол иштирок этишга чақираман!
Сиз ҳам яшил челленжга қўшилинг ва хайрли ишга ўз ҳиссангизни қўшинг! “Ҳар бир ёшга – 5 дарахт!” акциясида фаол иштирок этинг.
Бугунги ҳаракатимиз хайрли ва савобли ишларимизнинг бардавомлигига, ёшларимизнинг маънавияти ва тарбияси янада юксак бўлишига, миллий қадриятларимиз ривожига, халқимиз орасида ҳамжиҳатлик туйғулари мустаҳкамланишига пойдевор бўлиб хизмат қилсин!
Азиз учқудуқликлар!
Сиз доим илғорлар қаторида бўлгансиз. Шунинг учун ҳам Сизларга ишончим катта!.
Ўйлайманки, Она табиатимизни асраш, авайлаш ва уни авлодларга соф ҳолда етказиш учун масъул эканлигимизни теран англаган ҳолда ҳар бирингиз кўчат экиш акциясида, «яшил макон» қуриш ҳамда «долзарб 40 кун» кўкаламзорлаштириш умуммиллий лойиҳасида ўз ниҳолингизни қадаб, фаол иштирок этасиз!
Шу билан бир қаторда экилган кўчат ва ниҳолларни униб ўсишида ўз ҳиссангизни қўшасиз!.
Бунга ишонаман азиз учқудуқликлар!