Инсон аввало оилада шаклланади, тарбия топади ва ниҳоят жамиятда шу оилада олган тарбияси ва бошқа хислатлари билан ўз ўрни ва мавқега эга бўлади. Оилада фарзандни тарбиялаш, уни комил инсон бўлиб вояга етказиш ота-оналарнинг зиммасидадир.
Бинобарин, Асосий Қонунимизнинг 64-моддасида белгиланганидек, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар ва бу бизнинг азалий қадриятларимиздандир.
Ўрганишлар, жамиятимизда айрим оилаларнинг сабабсиз бузилиб кетиши оқибатида фарзандларнинг тарбияси ва таъминоти эътиборсиз қолиб кетиб, бу эса ўз навбатида жисмонан соғлом, маънавий етук ва ҳар томонлама ривожланган баркамол авлодни тарбияланишига ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда.
Шундай экан, бузилган оилаларни тиклаш ва унинг фаровон турмуш кечиришини таъминлаш ҳар бир инсон, давлат идоралари, ҳокимликлар ва маҳаллаларнинг мажбурияти ҳисобланади.
Мазкур эзгу ишларга Учқудуқ туман 2-сектор мутасаддилари ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Сектор ҳудудида 3868 та хонадонда жами 14621 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 14 таси нотинч оилалар рўйхатида туради. Ушбу оилалар ўртасида оила энг муқаддас тушунча эканлиги ажрашиш эса ота-боболаримизга хос бўлмаган иллатлиги ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Навбатдаги тарғибот самара бериб, биргина январь ойида 3 та оилани яраштиришга эришилди. Ажрим ёқасига келиб қолган мазкур ота-оналар оила деган муқаддас даргоҳни сақлаш қолишлари, у ерда вояга етаётган 5 нафар фарзандларнинг чексиз қувончларига, қолаверса миллий анъаналаримизнинг ҳам бардавом бўлишига сабаб бўлаётганлиги эътиборга моликдир.
Сектор ҳудудида аҳолини ижтимоий-тиббий ҳимоя қилиш, муаммоларини бартараф этиш билан бирга оилалар мустаҳкамлигига ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Рашид РАХМАТОВ,
Учқудуқ туман прокурори, адлия катта маслаҳатчиси.