LOTIN-КИРИЛЛ

ДАУҒИЗТАУ КОНИ: 20 ЙИЛЛИК МЕҲНАТ ВА САМАРА

 

    Қизилқум кенгликлари асрлар давомида карвонлар йўлларини адаштирмаган, аммо одамзод юрагига ғулғула солган. Бироқ илм-фан ривожи унинг сирли бағрида Менделеев даврий системасида акс этган жамики металлар борлигини исботлади.

   – “Дауғизтау” олтин маъдан кони захираларини ўрганиш бўйича биринчи босқич ишлари ўтган асрнинг 76-йилларида бошланган бўлса, 1977-1982 йиллар давомида эса конни ўрганишнинг иккинчи босқичи натижаларига кўра унинг захиралари тўла тасдиқланган, – дейди Шимолий кон бошқармаси бош муҳандис ўринбосари Нуриддин Камолов. – Конда олтиннинг умумий ҳажми, имкониятлари ва келажакда излаб топилиши бўйича кенг кўламдаги ишлар амалга оширилиб, саноат ишлаб чиқарилишига тайёрланди ва оммавий портлатиш ишлари амалга оширилди. “Дауғистау” карьеридаги тоғ-кон ишлари 2001 йилнинг февралида бошланган эди. Дастлабки босқичда “Шарқий” очиқ усулда қазиб олиш конидан кон техникаларининг бир қисми “Дауғизтау” конига кон-эксплуатация участкасининг бир қисми сифатида ўтказилган. Кон ишлари ҳажмининг оширилиши муносабати билан 2002 йил 1 мартдан бошлаб “Дауғизтау” алоҳида очиқ усулда қазиб олиш кони Шимолий кон бошқармаси кон мажмуаси таркибига айлантирилди. Бу ерда йил охирига қадар 3,6 миллион метр куб ҳажмда кон ишлари бажарилган.

   “Дауғизтау” кони мустақил Ўзбекистон тарихида иш бошлаган дастлабки конлардан бири. Кон мустақилликнинг илк заводи 3- сонли гидрометаллургия заводининг хомашё базаси ҳисобланади. Дастлабки йиллар кондаги мавжуд “Дауғизтау”, “Ғарбий Дауғизтау”, “Аджибугут”, “Биринчи сентябрь” ва “Довон” карьерларида асосан оксидланган олтин маъдан қазиб олинган.

    Учқудуқ кон захираларининг 15-20 фоизи оксидли, 80-85 фоизи эса сульфидли маъданлардан ташкил топганлиги сабаб 2008 йилдан бошлаб 3 – сонли гидрометаллургия заводида оксидлаш технологияси жорий этилди. Заводнинг сульфидли олтин маъданни қайта ишлашга ўтиши муносабати билан “Дауғизтау” конларида сульфидли олтин маъдан қазиб олиш ишлари бошланди. Ҳозирги кунда “Дауғизтау” конида сульфидли олтин маъдан қазиб олиш карьерларининг 2-босқичи ишчи лойиҳаси доирасида иш олиб борилмоқда.

    – Жорий йилнинг 1 мартида “Дауғизтау” кони ташкил топганлигига 20 йил тўлади, – дейди кон бошлиғи Шерзод Ҳамроев. – Бугунги кунда 3- сонли гидрометаллургия заводига олтинга бой маъданларни етказиб бераётган конда 500 нафарга яқин ишчи-ходим фаолият юритаяпти. Айни вақтда “Дауғизтау” кони 270 метрдан зиёд чуқурликка эга бўлиб, ундан фойдаланиш вақтидан бошлаб 217 миллион куб метрга яқин тоғ жинслари 3- сонли гидрометаллургия заводига хомашё сифатида етказиб берилган. 2021 йилда эса кон ташкил топгандан буён қазиб чиқариш бўйича рекорд натижа қайд этилди. “Дауғизтау” ва “Мағрибкон” карьерларидан 33 миллион куб метрдан ортиқ кон массаси қазиб олинди.

    Кейинги йилларда конда инвестицион лойиҳалар доирасида замонавий кон техника ва технологиялари ўзлаштирилмоқда. 2021 йили “Дауғизтау” конига замонавий техника – ковшинининг ҳажми 6 куб метр бўлган “Hitachi EХ-1200” русумли экскватор келтирилди. Мазкур кон техникаси суткасига 8 минг куб метр кон массасини автоағдаргичларга юклаб бермоқда. Шу билан бирга, циклик оқим технологияси конвейери 200 метрга узайтирилиши эвазига ишлаб чиқариш ҳажми ортди. Бу билан конвейер умумий узунлиги 1650 метрга етказилиши натижасида автоағдаргичлар манзили қисқариб, ёқилғи тежаб қолинмоқда.

    Бугун 20 ёшли Дауғизтау конининг узунлиги қарийб 3 минг метрга етганини ҳисобга оладиган бўлсак, ҳали унинг ён бағирларида очилмаган мўъжизалар кўплигини англаш қийин эмас. Шу боис бу ерда кон умрини узайтириш мақсадида геологик қидирув ишлари олиб борилмоқда.

ШКБ ахборот хизмати.

 

O'qilgan: 577 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: