СССР фуқаро авиацияси тарихида энг кўп одам ҳалок бўлган авиаҳалокатлар рўйхатининг энг тепасида 1985 йилда Қизилқум чўлларига қулаб тушган Ту-154Б-2 самолёти туради. Ўшанда 200 киши ҳалок бўлган бу ҳодисада учувчилар хатога йўл қўйган деб расмий хулоса берилади. Аслида эса узоқ муддатли парвозлардан кейин етарлича дам олмаган учувчилар ухлаб қолгани айтилади.
1985 йил 10 июл куни Қаршидан Бошқирдистон пойтахти Уфа шаҳри орқали Ленинградга учаётган Ту-154Б-2 самолёти самога кўтарилганидан 46 минут ўтиб, Учқудуқ шаҳридан 68 километр узоқликда Қизилқум чўлидаги Кокпатас овули яқинига қулаб тушади. Оқибатда самолёт бортида бўлган 9 нафар экипаж аъзоси ва 191 нафар йўловчи ҳалок бўлади.
Қарши аэропортидан Москва вақти билан соат 19:00 да учиши керак бўлган самолёт соат 23:00 да парвоз қилади. Ўша куни Ту-154Б-2 Тошкентдан белгиланган вақтдан кечикиб соат 18:45 да етиб келади. Учувчиларнинг дам олиши, самолётни парвозга тайёрлаш, унга ёнилғи қуйиш заруратлари туфайли Ту-154Б-2 тўрт соат кечикиб учади. Шунда ҳам учувчилар тузукроқ ҳордиқ чиқаришга улгурмайди.
Йўналишга кўра самолёт аввал Уфага қўниб, сўнг Ленинградга учиши керак эди. Парвознинг 4 соатга кечиктирилиши, бунинг устига Қаршининг иссиқ об-ҳавоси барча йўловчиларни асабийлаштирган ва чарчатганди.
Самолётни бошқарган учувчилар экипаж командири Олег Белисов ва иккинчи учувчи Анатолий Позюмский 12 минг соатдан ошиқроқ парвоз қилган тажрибали учувчилар эди.
Самолёт ҳавога кўтарилгач орадан 40 минут ўтиб у соатига 400 километр тезликда белгиланган 11 600 метр баландликка чиқади. Шундан сўнг, учувчилар автоматик бошқарув тизимини ёқишади. Аммо кутилмаганда самолётнинг электр таъминотида носозлик юз беради ва автоматик бошқарув тизими ҳамда навигация ускуналари ишламай қолади.
Шундан сўнг самолёт силкина бошлайди. Бортмуҳандис икки марта двигател ҳаракатини тезлаштириш ўрнига секинлаштиради. Аммо бунинг нафи бўлмайди. Самолёт қаттиқ силкиниш билан бирга тезлигини камайтира бошлайди. Учувчиларнинг вазиятни ўнглаш учун қилган барча хатти-ҳаракатлари натижасиз тугайди.
Орадан бир неча сония ўтиб самолётнинг барча двигателлари ўз-ўзидан тўхтайди. Экипаж командири самолёт двигателлари ишламай қолгани ва улар қулашаётгани ҳақида диспетчерга хабар беради.
Парвоздан 46 минут ўтиб самолёт Қизилқум чўлига, Учқудуқ шаҳридан 68 километр шимолий-шарққа, Кокпатас овули яқинига қулаб тушади. Самолёт қулаб тушгач портлайди ва ёниб кетади. Оқибатда унинг бортида бўлган 9 нафар экипаж аъзоси ва 191 нафар йўловчи ҳалок бўлади. Ҳалок бўлганларнинг 52 нафари болалар эди.
Манбалар асосида Р.Қодирова тайёрлади.