Ўзбекистон Президенти Наманганда бўлиб ўтган ва олти соат давом этган халқ депутатлари Наманган вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясига шундай таъриф берди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев маълум қилди.
«Нега шунча вақт сарфлаб сизларни ҳам, ўзимни ҳам қийнаяпман? Бу мажлис эмас, мастер-класс. Республикада ишлар кўп, Наманганда эса ҳаддан зиёд кўп. Пул бермайдиган вазирлар ҳам бу ерга юборганимдан кейин ‘Режалаганимиздан кўра кўпроқ маблағ ажратишимиз керак экан’ дейишди», — деди Президент.
Давлат раҳбарига кўра, мамлакатда 27 йил давомида куз-қишга тайёргарлик билан жиддий шуғулланилмаган. Шунинг учун ҳам бугунги вазият юзага келган.
«Ижтимоий тармоқларда кўп чиқишлар бўлди. 3-4 йилда бу соҳада бирданига ўзгариш қилиш қийин. Сув, газ, йўл билан президент шуғулланиши ғайритабиий туюлиши мумкин, лекин муаммоларни ҳал этишни йиллаб чўзиб ўтиролмаймиз. Бугун ёки ҳеч қачон», — деди давлат раҳбари.