Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент амалий фанлар университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “University of Tashkent for Applied Sciences” масъулияти чекланган жамиятининг (муассис) нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи Тошкент амалий фанлар университетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.
Қуйидагилар университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланади:
- Университетда Ўзбекистон олий таълим дастурлари билан бирга дунёнинг нуфузли хорижий олий таълим муассасалари, жумладан “QS World University Rankings” ва “The Times Higher Education World University Rankings” рейтингида 1000таликка кирувчи Гринвич университети, Марказий Ланкашир университети (Буюк Британия) ҳамда бошқа етакчи хорижий олий таълим муассасалари таълим дастурларини жорий этиш, уларнинг малакали профессор-ўқитувчилари, олим ва мутахассисларини ўқув жараёнига жалб қилиш;
- республика иқтисодиёти реал секторлари тармоқларига зарур бўлган юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, шу жумладан олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, профессионал таълим, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш;
- хорижнинг илғор олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик асосида тажриба алмашиш дастурларини амалга ошириш;
- ўқув режаларига замонавий фанларни киритиб бориш, инновацион ҳамда илм-фанга асосланган технологияларни татбиқ қилиш;
- таълим жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини, илм-фан ва техниканинг янги ютуқларини жорий этиш;
- таълим жараёнига етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг малакали профессор-ўқитувчилари, олим ва мутахассисларини кенг жалб қилиш;
- профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, шу жумладан уларнинг стажировкасини нуфузли хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ташкил этиш;
- бизнес ахборот тизимлари, ахборот хавфсизлиги, математик моделлаштириш ва прогнозлаш, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари, риск менежмент, эконометрика, бизнес бошқаруви, лойиҳалар бошқаруви соҳалари бўйича ҳамда республика иқтисодиёти тармоқлари учун халқаро стандартлар даражасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашни таъминлаш;
- республика иқтисодиёт тармоқларига инновацияларни жорий қилиш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш имкониятларини кенгайтириш, таълим олувчиларнинг инновацион ғояларини амалга ошириш учун инвестицияларни жалб этиш;
- республика олий таълим тизимига замонавий таълим технологияларига асосланган ўқув жараёнини ташкил қилиш бўйича илғор хорижий тажрибани татбиқ этиш, очиқ ахборот-таълим муҳитини ривожлантиришга кўмаклашиш;
- таълим ва илм-фаннинг узлуксизлиги ҳамда изчиллиги тамойили, шунингдек, жаҳон таълими ва илмий ҳамжамиятга уйғун интеграциялашуви асосида мутахассис ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш;
- таълим ва илм-фан соҳасида хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.
Белгиланишича:
- Университет нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади;
- Университетда таълим жараёни Ўзбекистон олий таълим давлат таълим стандартлари асосий қоидаларини ҳисобга олиниб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда хорижий тажрибага мувофиқ ишлаб чиқилган малака талаблари, ўқув режа ва фан дастурлари асосида амалга оширилади;
- Университетда ўқитиш Ўзбекистонда амалда мавжуд таълим шакллари ҳамда ўзбек, рус ва инглиз тилларида амалга оширилади;
- Университетда таълим олиш тўлов-контракт асосида, шунингдек юридик шахслар - потенциал иш берувчилар томонидан тақдим этиладиган таълим грантлари, шунингдек, ёшларни ўқитиш учун ажратиладиган юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади;
- Университетда ўқитишнинг тўлов-контракт миқдори муассис томонидан белгиланади;
- бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул параметрлари республика меҳнат бозори эҳтиёжлари ҳамда Университетнинг моддий-техник имкониятидан келиб чиққан ҳолда Университет томонидан белгиланади;
- Университетда дастлабки босқичда “Бизнес ахборот тизимлари”, “Бизнес бошқаруви”, “Ахборот хавфсизлиги” ҳамда “Электрон тижорат” бакалавриат таълим йўналишлари бўйича талабалар қабули амалга оширилади;
- Университетга абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш тартиби ва қоидалари Университет томонидан, шунингдек хорижий ҳамкорлар билан келишган ҳолда белгиланади;
- Университетда таълим фаолияти 2021/2022 ўқув йилидан бошланади;
- Университетда таълим рақамли технологиялар, масофавий таълим хизматлари, вебинарлар, онлайн-ўқитиш, “blended learning” ва бошқа замонавий таълим технологияларидан фойдаланган ҳолда кундузги, сиртқи, махсус сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклларида амалга оширилади;
- Университет битирувчиларига Ўзбекистоннинг олий маълумот тўғрисидаги давлат намунасидаги дипломи берилади.
Университет Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Аҳмад Дониш кўчаси, 12-мавзе, 20а-уй манзилида жойлаштирилади.