Жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган Жиноят кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасида коррупция билан боғлиқ жиноят содир этганлик учун жавобгарликни кучайтириш назарда тутилган.
Жумладан, Кодексда белгиланган жавобгарликка тортиш муддати коррупциявий жиноятларга нисбатан бир ярим баравар кўпайиши белгиланган.
Шунингдек, ноқонуний бойиганлик учун жавобгарликни белгиловчи алоҳида модда киритилган. Унга кўра, давлат хизматчисининг даромад ва мол-мулк декларациясида назарда тутилганидан ортиқ пул маблағлари ёки мол-мулкка ноқонуний эга бўлиши ёки шундай мулкни орттириши анча миқдорда содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 200 бараваригача жарима ёки уч йилгача иш ҳақидан ушлаб қолиш билан жазоланади.
Кодекс лойиҳасига пора предмети сифатида моддий манфаатдорлик билан бир қаторда номоддий манфаатдорлик бўлишга оид қоидалар ҳам киритилган.
Бундан ташқари, жазо белгилашда коррупция ҳолатларига чек қўйиш мақсадида айрим тоифалар учун жазо тайинлашда энг кам миқдор қатъий белгиланмоқда.