Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Ўзбекистон халқи ҳокимларни сайлашга тайёр эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда O‘zLiDeP фракцияси аъзоси «Янгийўлликлар ТV» лойиҳасига берган интервьюсида маълум қилган.
Ким айтди тайёр эмас деб?.. Ўйлашимча, ҳокимлар сайловлар орқали сайланишга тайёр эмас. Уларнинг ўзи тайёр эмас. Қўрқишади. Сайловлар бўлса, ўта олмасам керак, менга ким овоз беради, деб. Биласизми, ишонч йўқолган. Аслини олганда, халқ тайёр эмас, деган одамнинг ўзи қўрқади. Эҳтимол, унинг ўзи тайёр эмасдир», — дейди Кушербаев.
Депутатнинг таъкидлашича, Ўзбекистон аҳолиси ўз фикрини билдиришга етарли даражада қодир ва саводли.
«Халқ қандай қилиб тайёр бўлмаслиги мумкин? Қандай қилиб одамларнинг фикри бўлмайди? Улар ўқимаганми? Ёки ‘жунгли’дан чиққан ва ҳеч нимани билмайдими? Кечирасиз, халқимиз ўқиш-ёзишни, ўз фикрини ифода этишни билади… Одам қачон тайёр бўлмайди? Қачонги ‘жунгли’да ҳайвонлар ичида яшаган бўлса ва сайловлар нималигини билмаса. Одамлар тайёр эмас деган гапга қўшилмайман», — дейди у.
Депутатнинг ҳисоблашича, ҳокимларни сайлашга «бунга рухсат берадиганлар тайёр эмас».
«Уларда халқ ўзлари хоҳлаган инсонни сайламасликлари мумкин деган қўрқув бор», — дея таъкидлайди депутат.
Расул Кушербаевнинг маълум қилишича, маҳалла раисларини сайлашда ҳокимлар бирор-бир номзодга таъсир кўрсатиши мумкин (қонун бўйича раис лавозимига номзодни сайлашга ҳокимлар билан келишиб олинади).
«Икки-учта номзод илгари суриладиган бўлса, баъзида ҳокимлар айримларини чиқариб ташлайди: Эртага у мени жонимга тегади, деб… Депутатларни сайлаш вақтида ҳам шу каби бир нечта ҳолатларнинг гувоҳи бўлдим. Масалан, одамлар кўплаб депутатларни бошқалар таъсирисиз ўзлари сайлаган. Аммо ўзгалар хоҳишига кўра ўтганлар ҳам бор», — дейди у.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимларни сайлаш ҳақида биринчи бор 2016 йилнинг декабрида айтган эди. 2017 йилнинг августида у ҳокимларни халқ томонидан сайланишига оид тизимни «ҳозирнинг ўзида» жорий этишга тайёрлигини билдирганди. 2020 йилнинг сентябрида давлат раҳбари яна бир бор «ҳокимларни халқ сайлаши керак»лигини таъкидлаган эди.