Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясида чиқиш қилди. Унинг нутқидаги асосий жиҳатлар: яқин вақтлар ичида парламент ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилади, жорий йилда яна 20 минг киши фуқаролик олади, қийноқларга йўл қўйилмайди, бундай жиноятлар қачон содир этилганидан қатъи назар жазоланади, Ўзбекистон мазкур масалалар юзасидан ҳамкорликда ишлаш мақсадида Қийноқлар масаласи бўйича махсус маърузачини, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарни кутмоқда.
Бугун, 22 феврал куни Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида кенгаш аъзоси сифатида биринчи марта иштирок этди, президент Шавкат Мирзиёев ушбу учрашувда нутқ сўзлади.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон сўнгги йилларда кенгашга аъзо бўлиш учун бутун масъулиятни англаган ҳолда интилиб келганини таъкидлаб, янги Ўзбекистонни бунёд этишга қаратилган демократик ислоҳотлар ортга қайтмайдиган тус олганини қайд этиб ўтган.
«Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Инсон ҳуқуқлари йўлида ҳаракатга даъват» ташаббусини илгари суриш учун Кенгаш аъзолари, барча шерикларимиз билан яқин ҳамкорликни давом эттирамиз», деган давлат раҳбари.
Президент Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва Кенгаш доирасидаги фаолиятнинг устувор йўналишларини санаб ўтган.
Биринчидан, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларда энг муҳим ўринда туради.
2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган «ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик» тамойили асосида амалга оширилади. Бу ўринда сўз Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси экспертларининг фаол иштирокида ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни амалга ошириш тўғрисида бормоқда.
Иккинчидан, гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишлари қатъий давом эттирилади. Жорий йилда Ўзбекистонда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти ва хотин-қизларнинг минтақавий бизнес-форумини ўтказиш режалаштирилмоқда.
Учинчидан, алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга жиддий эътибор қаратилади. Яқинда Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги янги қонун кучга кирди. Ўзбекистон Парламенти Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиши кутилмоқда. Ўзбекистон имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузишни таклиф этади.
Тўртинчидан, аҳолининг ярмидан кўпини ташкил этадиган ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доимо эътибор марказида бўлиб келмоқда. Жорий йил Ўзбекистонда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили», деб эълон қилинди. Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш, шунингдек, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш масаласини киритишга тайёргарлик кўрилмоқда.
Бешинчидан, Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича катта ишларни амалга оширди. Бу ислоҳотлардаги энг асосий ютуқлардан бири бўлди. 2021 йилда, яъни Болалар меҳнатига барҳам бериш халқаро йилида Болалар Омбудсмани тўғрисидаги қонун қабул қилинади.
Олтинчидан, «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб Олий комиссар бошқармаси билан биргаликда глобал форум ўтказиш таклиф этилади. Ўқитиш тизимини ривожлантириш мақсадида БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ихтиёрий бадаллар жамғармасига Ўзбекистон ўз ҳиссасини қўшмоқчи.
Еттинчидан, Бош котиб Антониу Гутерришнинг фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича қатъий чоралар кўриш тўғрисидаги таклифи Ўзбекистон томонидан қўллаб-қувватланади. Биргина ўтган йилнинг ўзида 50 минг нафар киши Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган, бу йил яна 20 мингдан зиёд киши фуқароликка эга бўлади.
Давлат раҳбари эришилган натижалар билан кифояланиб қолмасдан, бундан буён ҳам фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, Ўзбекистонда сўз эркинлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш қатъий мақсад қилинганини таъкидлаган.
«Биз эришган натижаларимиз билан кифояланиб қолмасдан, бундан буён ҳам фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, Ўзбекистонда сўз эркинлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни қатъий мақсад қилганмиз. Шу аснода нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари тўғрисида кодекслар ишлаб чиқилмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг дин ёки эътиқод эркинлиги, судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиларининг тавсияларини алоҳида эътиборга олганмиз.
Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принципларини ишлаб чиқиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этамиз.
Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни жорий этиш доирасида биз одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўймаймиз. Бундай жиноятлар қачон содир этилганидан қатъи назар, улар учун жазо муқаррардир. Қийноқларга қарши конвенциянинг Факультатив протоколини ратификация қиламиз. Мазкур масалалар юзасидан ҳамкорликда ишлаш мақсадида Қийноқлар масаласи бўйича махсус маърузачини Ўзбекистонга таклиф этишга тайёргарлик кўряпмиз», деган давлат раҳбари.
Президент Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига қатъий содиқ қолишини таъкидлаб ўтган.
«Шу билан бирга, биз инсон ҳуқуқлари борасида ҳали улкан йўлнинг бошида турганимизни яхши тушунамиз ва халқаро ҳамкорларимизнинг қўллаб-қувватлашига умид қиламиз. Шу муносабат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Мишель Бачелет хонимларининг юртимизга ташрифини кутиб қоламиз.
Бу борада мандатга эга бўлган барча вакилларнинг Ўзбекистонга ташриф буюришлари учун доимий таклифнома юбориш ҳақида қарорни қабул қиламиз.
Шунингдек, Осиё қитъасининг инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий механизмини мунтазам фаолият кўрсатадиган платформа – Самарқанд форуми негизида яратиш борасида кўмак беришга тайёрмиз», деган Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари ўз нутқи якунида Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умум эътироф этилган принцип ва нормаларини қатъий ҳимоя қилади ва фаол илгари суришини яна бир бор таъкидлаган.