Президентнинг “Фуқароларга давлат пенсиясини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни фуқароларга етказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қарор лойиҳаси мамлакатда пенсионерларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, кекса ёшдаги фуқароларга ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш, шунингдек, фуқаролар давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш ва соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда фуқароларга пенсияларни тайинлаш учун фақат паспорт билан мурожаат қилиши кифоя бўладиган тизимни яратишни таъминлаш мақсадида Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.
Ҳужжат лойиҳасида фуқароларга давлат пенсияларини ҳисоблаш учун зарур маълумотлар электрон базасини шакллантириш, ҳужжатлар йиғиш жараёнини комплекс ривожлантириш орқали фуқаролар оворагарчиликларини бартараф этиш, пенсия ва нафақалар тўлаш тизими самарадорлигини ошириш ҳамда мазкур йўналишда соғлом рақобат муҳити ва замонавий стандартларни жорий этиш назарда тутилган.
Ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишдан кўзланган мақсад фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини босқичма-босқич жорий этиш, пенсияларни тайинлаш учун фақат паспорт билан мурожаат қилиш кифоя бўладиган тизимни яратиш, давлат пенсия таъминоти борасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини замон талабларига мувофиқлаштиришдан иборат.
Амалдаги ҳолатлар таҳлилига кўра, бугунги кунда пенсиялар тайинлашда 30 турдаги ҳужжатлар талаб этилади ҳамда мазкур маълумотларни тақдим этишга масъул 14дан ортиқ вазирлик ва ташкилотларда идоравий ахборот тизимлари, электрон ресурс ва маълумотлар базалари мавжуд эмаслиги қоғоз шаклида иш юритишдан воз кечиш ва ҳужжатлар йиғиш жараёнини электрон шаклга ўтказишга тўсқинлик қилиб келмоқда.
Қарор лойиҳасига мувофиқ қуйидаги натижаларга эришилади:
- пенсиялар ҳисоблаш фуқароларнинг “Ягона меҳнат миллий тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритилган меҳнат стажи, олий ўқув юртларидаги кундузги таълим ва ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги электрон маълумотлари асосида амалга оширилади;
- Пенсия жамғармаси томонидан молиялаштириладиган пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловларни тўлаш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича ҳар уч йилда ўтказиладиган тендер асосида танланган тижорат банки томонидан амалга оширилади;
- пенсия ва нафақалар етказилгани учун хизмат ҳақини тўлаш учун фуқаролар ҳар ойлик пенсия ва нафақа миқдорига қўшимча 1 фоиз устама жорий қилинади ҳамда тўловларни нақд пулсиз шаклда олиш ёки арзонроқ хизматдан фойдаланиш ҳисобига иқтисод қилинган маблағ пенсия ва нафақа олувчи ихтиёрида қолдирилади;
- пенсия ва нафақа олувчиларга Ўзбекистон ҳудудида шахсини тасдиқлайдиган, эгаси шахсий биографик маълумотлари қайд этилган, электрон ташувчи қурилма (чип)га эга бўлган банк картаси сифатида фойдаланиш имконияти мавжуд махсус пенсия картаси жорий этилади;
- давлат пенсия таъминоти борасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини замон талабларига мувофиқлаштириш мақсадида Пенсия жамғармаси ташкилий тузилмаси қайтадан танқидий кўриб чиқилади;
- Пенсия жамғармаси вақтинча бўш маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинган даромаднинг йигирма фоизи Пенсия жамғармаси ходимларини ижтимоий ривожлантириш ва моддий рағбатлантириш жамғармасига йўналтирилади;
- ҳар бир ҳудудда биттадан Пенсия жамғармаси мавжуд бинолари негизида “Намунали Пенсия жамғармаси бўлими” ташкил этилади.
Ушбу қарор қабул қилиниши билан 2021 йилда қўшимча маблағ талаб этилмайди ҳамда 2022 йилдан кейин давлат бюджети ва Пенсия жамғармасидан ўртача 180 млрд сўм қўшимча маблағ талаб этилиши айтилган.