LOTIN-КИРИЛЛ

Энди халқ таълими ходимлари ҳар йили малака оширишади — Авлоний номидаги институт ректори билан суҳбат

Энди халқ таълими ходимлари ҳар йили малака оширишади — Авлоний номидаги институт ректори билан суҳбат

Таълим тизимининг сифати шу тизимдаги ўқитувчилар сифатидан оша олмайди. Таълим сифатли бўлиши ўқитувчиларнинг малакасига боғлиқ. Kun.uz мухбири Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти ректори Аюбхон Раджиев билан суҳбатда бу борада йўлга қўйилаётган ишлар ҳақида маълумот олди.

– Айни пайтда ўқитувчилар малакасини ошириш тизимида қандай янгиликлар бўляпти, нималар ўзгармоқда?

– Ҳозирги тезкор замонамизда таълимда ҳам ҳар куни қандайдир янгиликлар юз бермоқда, кеча самарали ҳисобланган ўқитиш методлари бугунги талабларга жавоб беролмай қолиши мумкин. Қайси ўқув фанини олмайлик, уни ўқитишга доир маълумотлар ой сайин янгилаб борилмоқда. Табиийки, бундай жадал ўзгариб бораётган таълимнинг асосий субъекти – ўқитувчи ҳам ўз билим, кўникма ва малакаларини мос равишда ривожлантириб бориши лозим.

Малака ошириш соҳасини тубдан янгилаш бўйича давлат раҳбарининг «Халқ таълими соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4963-сон қарори билан соҳада янги тартиб жорий этилмоқда. Яъни амалдаги тартибга мувофиқ, халқ таълими ходимлари, шу жумладан, ўқитувчилар ҳар 5 йилда бир марта – бир ойлик малака ошириш курсига жалб қилинади. Энди улар 5 йилда бир марта эмас, балки ҳар йили, иложи бўлса – ҳар куни ўз малака савиясини такомиллаштириб бориши мумкин бўлади.

Шунинг учун халқ таълими ходимларининг ҳар йили малака оширишларини назарда тутувчи «ҳаёт давомидаги узлуксиз касбий ривожланиш таълими» жорий этилмоқда. Аввалги тартибга кўра ҳар йили ўқитувчиларнинг фақат 20 фоизи малака оширишга жалб қилинган бўлса, янги тартибга кўра ўқитувчилар 100 фоиз таркибда ҳар йили малака оширади. Илгари 5 йилда бир марта 144 соат малака ошириш курсларида ўқилса, янги тартибга кўра ўқитувчилар ҳар йили, камида 36 соатлик ўқишларга жалб қилинади.

Айтиш жоизки, энди халқ таълими ходимлари фақат Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги малака ошириш муассасаларида эмас, балки ўз ихтиёрларига кўра, ҳудудларда жойлашган исталган олий таълим муассасаси ёки нодавлат таълим ташкилотларида ўз малакаларини ошириши мумкин. Бу малака оширишлар мутлақо бепул ва электрон платформа орқали амалга оширилади. Яъни ўқитувчи ўзи истаган вақтда, исталган ҳудудда ўқиш имконияти яратилади.

Мана, жорий йилнинг 1 март санасидан бошлаб, туман халқ таълими бўлимлари фан методистларининг Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институтининг «Узлуксиз касбий таълим» электрон платформаси орқали малака ошириши йўлга қўйилди. Бундай имконият июн ойидан умумтаълим мактаб директорлари учун ҳам яратилади.

– Янги тизим орқали оралиқ тест ҳамда малака иши ҳимоясидан воз кечилишини айтдингиз. Якуний тестдан ўта олмаган тингловчилар учун қайта топшириш чекловларсиз амалга оширилар экан. Масалан, маълум бир муддат қўйиладими?

– Якуний аттестация синовлари аввалги тартибда, яъни бир ойлик курсларда мавжуд эди. Узлуксиз касбий ривожланиш тизимига босқичма-босқич ўтилиши назарда тутилгани учун айрим курслар бир ой давомийликда ташкил этилмоқда. Бироқ уларда мавжуд бўлган якуний тест синовларини топшириш борасидаги ҳар қандай чекловлар олиб ташланди. Энди тингловчи синовларни ижобий натижага эришгунга қадар қанча керак бўлса, шунча топшириши мумкин. Бу эса соҳада мавжуд коррупцион ҳолатларга барҳам бериш имкониятини берди.

Янги тартибга кўра, малака ошириш курсида ўқиш қисқа муддатли ўқув модулларини ўзлаштиришдан иборат бўлади. Табиийки, бунда якуний синовлар бўлмайди. Ҳар бир ўқув модули унинг қай даражада ўзлаштирилганини аниқлаш имкониятини берувчи назорат саволлари, тест ёки кейслар билан якунланади. Ўқув модулини ўзлаштириш суръати ва унинг якунидаги синовларни топшириш муддатларини белгилаш малака ошираётган ўқитувчи томонидан белгиланади.

 Албатта, бошланган ҳар қандай ўқув модули муайян муддат давомида ўзлаштирилиши мақсадга мувофиқ. Айнан ана шу муддатда ўқув модулининг синов топшириқлари ҳам топширилиши лозим. Ҳозирда мазкур муддат чекланмаган, яъни ўқув модули бир йил давомида ўзлаштирилиши имконияти мавжуд. Яъни ходим якуний тестда етарли балларни тўпламагунча шу модулни такрор ўрганади.

– Агар ўқитувчи шунча вақт ичида ҳам етарли натижа кўрсата олмаса-чи, қандайдир чора кўриладими?

– «Таълим тўғрисида» қонуннинг 46-моддасига мувофиқ, ҳар бир ўқитувчи ўз малакасини мунтазам равишда ошириб бориши, эгаллаб турган лавозимига мувофиқлик жиҳатидан даврий аттестациядан ўтиши мажбурияти белгиланган. Узрсиз сабабларга кўра малака ошириш дастурларини ўз вақтида ўзлаштирмаган ўқитувчилар аттестация жараёнларига қўйилмайди, яъни аттестациядан ўтмаган ҳисобланади. Бу эса уларнинг ўқитувчилик лавозимига қай даражада мувофиқлигига нисбатан эртами-кечми меҳнат қонунчилигида кўзда тутилган чоралар кўрилишига сабаб бўлади.

 Ўзининг касбий маҳоратини ошириш устида ишлашни хоҳламайдиган ёки бундай салоҳиятга эга бўлмаган ўқитувчи болаларимизга дарс бериши мумкин эмас, деб ҳисоблайман.

 – Малака ошириш тизимига нодавлат таълим ташкилотларини жалб қилишдан кўзланган мақсад нима? Нодавлат ташкилот қайси маблағ ҳисобидан халқ таълими ходимларининг малакасини оширади?

– Янги тартибга кўра, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасидаги давлат таълим муассасалари монополияси тугатилиб, нодавлат таълим ташкилотларининг мазкур жараёнларда иштирок этиш имконияти белгиланмоқда. Табиийки, нодавлат таълим муассасалари жалб этилиши соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантиради. Соғлом рақобат эса таълим сифати ошишига олиб келади.

Нодавлат таълим ташкилотларининг халқ таълими ходимлари малакасини ошириш бўйича харажатлари давлат бюджетининг мазкур соҳага ажратилган маблағлари ҳисобидан қопланади.

 – Ўқитувчиларга малака оширишда онлайн тарзда дарс берадиган профессор-ўқитувчилар таркиби қандай бўлади? Фақат шакл ўзгариб, мазмун ўша-ўшалигича қолмайдими?

– Йўқ, мазмун ҳар ойда янгиланади. Малака ошириш курсларининг контентларини яратадиган профессор-ўқитувчилар тинимсиз ўз устида ишлаши, изланишлар олиб бориши ва ҳар ойда ўқув модуллари мазмунини янгилаши белгиланган. Профессор-ўқитувчилар яратилган янги ёки тингловчилар эҳтиёжидан келиб чиқиб такомиллаштирилган мавжуд ўқув модули, яъни янгиланган контент учунгина маош олади.

Замон талабига жавоб бера олмай қолган ўқув модуллари курс дастуридан чиқарилади, демак, уларнинг ўрнига янгиларини яратиш лозим бўлади. Мана шу доимий янгиланишларни амалга оширишга қодир бўлмаган профессор-ўқитувчи соҳада ишлай олмайди. Шунинг учун ҳам профессор-ўқитувчилар янги-янги ўқув модулларини яратиш, мавжудларини такомиллаштириш устида мунтазам ишлаб боради.

 – Контентлар ўша олдинги модуллар бўйича яратиладими?

– Йўқ, янги ўқув модуллари халқ таълими ходимларининг касбий эҳтиёжларини ўрганиш асосида ишлаб чиқилади. Эҳтиёжлар кўлами эса ҳеч қачон камаймайди. Чунки, бир маррага эришган шахс кейинги маррани эгаллашга ҳаракат қилади. Демак, янги-янги ўқув модуллари яратилади ва мазкур жараён чексиз давом этади. Зеро, халқ таълими ходимларининг касбий ривожланиши узлуксиз ва уларнинг бутун касбий фаолияти мобайнида давом этади.

– Узлуксиз малака оширишда педагогларнинг таълим олиш жараёнлари қандай назорат қилинади?

– Узлуксиз малака оширишда педагогларнинг таълим олиш жараёнлари бошқарилиши мураккаб тизимни ташкил қилади. Қарийб 450 мингдан зиёд ходим ўз эҳтиёжларидан келиб чиқиб тузилган индивидуал касбий ривожланиш траекториялари бўйича малака ошириш ўқув модулларини танлайдилар ва уларни ўзлаштирадилар. Бир вақтнинг ўзида кимдир ўқув модулини энди бошлаган бўлса, кимдир уни ўқиётган ва яна кимдир мазкур ўқув модулини тугатаётган бўлади. Халқ таълими ходимларининг сони ва уларга тақдим этиладиган ўқув модулларининг миқдорини ҳисобга оладиган бўлсак, бундай элементлари кўп бўлган мураккаб тизимни бошқариш замонавий ахборот-коммуникация технологияларисиз мумкин эмаслигини тушуниб етамиз.

Шунинг учун ҳам узлуксиз малака оширишда педагогларнинг таълим олиш жараёнларини бошқариш махсус электрон платформа асосида автоматлаштирилади ва ушбу бошқариш жараёнларида инсон омили минималлаштирилади.

– Мақсад педагогнинг савиясини янада ошириш. Малака ошириш тизимида режалаштирилаётган ўзгаришларнинг натижалари қачон кўрина бошлайди?

– Янги – узлуксиз касбий ривожланиш тизимининг натижалари бир-икки йилдаёқ кўзга ташлана бошлайди ва бу, аввало, мактаб ўқитувчилари ва раҳбарларининг дунёқарашида, билими ва кўникмаларида акс этади. Ҳар 5 йилда бир марта унинг шахсий эҳтиёжлари ҳисобга олинмаган курс дастурларини ўзлаштиришга мажбур бўлган ходим, энди ўз хоҳиши ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб курс мазмунини ўзи шакллантиради ва ўзлаштиради.

 Шу тарзда ўз билим ва кўникмаларидаги мавжуд камчиликларни тузатган ва янгиликларни ўзлаштирган ўқитувчи, албатта, сифат жиҳатидан бир поғона кўтарилади. Демак, у дарс берадиган синфларда ҳам таълим сифати кўтарилади. Мазкур ўзгаришлар халқ таълими тизимининг барча ўқитувчи, мутахассис ва раҳбар ходимларига нисбатан амалга оширилишини ҳисобга оладиган бўлсак, ҳақиқатан ҳам, натижалар, тизим миқёсида, 1-2 йилда кўзга ташлана бошлайди.

O'qilgan: 658 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: