Навоий ва Зарафшон шаҳарлари ҳамда Учқудуқ туманидаги кўп қаватли уйларга ўрнатилган 285 та лифтни ягона электрон бошқарув тизимига ўтказиш режалаштирилмоқда.
Бу ҳақда Навоий вилояти Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасига асосланиб, Kun.uz мухбири хабар берди.
Бошқарма бошлиғи Нуриддин Жуманиёзов 16 март кунги матбуот анжуманида маълум қилишича, вилоят ҳудудида ўрнатилганига 25 йилдан кўп муддат бўлган 134 та лифт бор.
2024 йилга қадар ҳар йили 35 донадан лифт алмаштириб борилади. Жорий йилда 35 та лифтни алмаштириш учун 6 миллиард сўм ажратилган.
Ҳозирда бу бўйича лойиҳа ташкилоти аниқланиб, давлат экспертиза хулосасини олиш учун ҳужжатлар тақдим этилган.
Жуманиёзовга кўра, янги ўрнатилаётган лифтларга электр энергиясида узилиш бўлган вақтда тўхтаб қолмаслиги учун акумулятор қўйиш ҳам кўзда тутилмоқда. Электрон бошқарувга ўтгач, лифтларни соат 23:00 дан кейин ҳам ишлатиш чоралари кўрилади. Айни вақтда кўп қаватли уйлардаги лифтлар хавфсизлик нуқтайи назаридан соат 23:00 дан кейин тўхтатилмоқда.