Учқудуқ туманининг олис ва чекка ҳудудларида ерга тушган қор қалингина бўлиб, совуғи ҳам юзни ҳам қўлни чимчилайди. Бундай кутилмаган об-ҳаво шароитида овуллар аҳолиси ҳолидан хабар олишни мақсад қилган Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроев бугун Қулқудуқ ва Мингбулоқ овулларида бўлди.
Ҳар иккала овуллардаги эҳтиёжманд “Аёллар дафтари”га киритилган хонадон соҳиблари билан учрашиб, муаммо ва масалаларини жойида ўрганди.
Жумладан, Қулқудуқ овули турғини Салтанат Каримбаева 10 йилдан буён шаръий никоҳда яшайди. Шу сабабдан муаммолар занжирсимон бир-бирига уланиб кетган. Икки нафар боласи бор бу аёлнинг турмуш ўртоғи Нурлан Айтуғанов шу пайтгача биометрик паспорт олмаган, фарзандларига оталик белгиланган ва ҳоказо муаммолар...
Яна бир Минглоқ овули фуқароси Айназа Бекмуратов оиладаги 7 жонни бир ўзи ишлаб боқади. Тўнғич қизи Мулдирнинг шартнома пулини маҳалла – кўй, қариндош-уруғлар кўмагида тўлаб, Навоий Давлат педагогика институтида ўқитмоқда. Оила устуни ота кейинги ўқув йилини шартнома пулидан хавотирда. Ҳозирданоқ, қандай қилиб тўлайман, деган ўй ота-онага тинчлик бермайди. Бу масалада туман раҳбарига муаммосини билдирган А.Бекмуратов унга берилган жавобдан хурсанд бўлиб кетди. Ахир шартнома пулини тўлаб беришни туман ҳокими ўз зиммасига олди-да. Бундан руҳланган Айназар Бекмуратов туман Ободонлаштириш бошқармасидаги ярим ставка ишини тўлиқ қилиб беришларини сўради. Бу масала ҳам яқин орада ўз ижобий ечимини топишига асослар етарли.
Ҳа, Наврўз айёми кунларида инсонни қадрлаш, кексаларга ҳурмат, эҳтиёжмандларга мурувват ва эътибор кўрсатиш каби азалий ва боқий қадриятларимизни янгитдан кашф этамиз. Туман ҳокими С.Хамроев ташриф буюрган хонадонлар аҳолисини Наврўз билан муборакбод этиб, озиқ-овқат маҳсулотлари солинган пакетлар тақдим этди.
Дарвоқе, юқорида қайд этилган ҳамда Марат Қуанишбаев, Сандуғаш Қалабаева сингари фуқаролар муаммоларини ижобий ҳал этишга бағишланган тезкор йиғилиш куннинг иккинчи ярмида ўтказилди. Унда иштирок этган туман ФХДЁ бўлими, Давлат хизматлари маркази туман бўлими, туман тиббиёт бирлашмаси, туман Ободонлаштириш бошқармаси, туман ИИБ паспорт бўлинмаси мутасаддиларига аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди. 15 кун муддатда барча масала ва муаммоларни ижобий ҳал этиш юзасидан келишиб олинди.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.