LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

12 Feb 2021

   Навоий ижоди шундай уммонки, унда сузган ғаввос истаган дуру-хазинасини териб олади. Чунки, Ҳазрат Навоий асарларида барча замонларда ҳам бирдек долзарб мавзулар қаламга олинган. Ватанга муҳаббат, меҳнатга садоқат, ахлоқий юксакликка интилиш, гўзаллик ва муҳаббат, меҳр ва мурувват, ижтимоий адолат учун кураш ғоялари билан йўғрилган.

  Шу боис аҳолини, айниқса ёшларни мутаффаккир, шоирларнинг султони Алишер Навоий меросидан баҳраманд қилиш муҳим аҳамият касб этади. Ана шу мақсадда юртимизнинг барча умумтаълим мактаблари, корхона-ташкилотлари ҳамда маҳаллаларида Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган абадий-бадиий кечалар, тадбирлар ўтказилаётир.

  Жумладан, Учқудуқ тумани маҳаллалари ўртасида “Маҳалламиз ғазалхонлари” кўрик-танлови бўлиб ўтди. 18-умумий ўрта таълим мактаби залида ўтказилган мазкур танлов Учқудуқ туманида 2021 йил давомида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар дастурининг 38-банди ижросини таъминлашга қаратилди.

  Унда овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи ёшлар иштирок иштирок этди. Кўрик-танловда шоир ғазалларини ифодали ўқиш, ҳаёти ва ижоди юзасидан тузилган саволларга жавоб қайтариш ҳамда мутаффаккир Алишер Навоий маънавий мероси олижаноб инсоний фазилатларини мадҳ этган етук бадиий асарларининг ёш авлод тарбиясида беқиёс ўрни ва аҳамияти ҳақидаги 3 та шарт асосида беллашдилар.

  Қизиқарли ва муросасиз кечган баҳсларда фахрли биринчи ўринни “Йўлчилар” ОФЙ иштирокчиси Матлуба Фармонова, иккинчи ўринни “Дўстлик” МФЙ иштирокчиси Дилдора Усмонова, учинчи ўринни “Мустақиллик” МФЙ иштирокчиси Гулшан Муҳитдинова учинчи ўринни эгалладилар.

  “Маҳалламиз ғазалхонлари” кўрик-танлови туман маънавият ва маърифат бўлинмаси ҳамда туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими билан ҳамкорликда ўтказилди.

  Танлов ғолиблари туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Жанагул БУЛЕКБАЕВА,

туман маънавият ва маърифат бўлинмаси раҳбари.

12 Feb 2021

Президент “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни қуролли кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

“Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган Ўзбекистоннинг чақирув ёшидаги фуқаролари 2021 йилнинг март-апрель ойларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилади.

 
Ҳарбий хизматга яроқли, шу жумладан чекловлар билан яроқли бўлган ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ ушбу чақирув даврида Қуролли Кучлар сафига чақирилмайдиган фуқаролар сафарбарлик чақируви резерви хизматига олинади.

Муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчилар 2021 йилнинг март-апрель ойларида Ўзбекистон Қуролли Кучлари резервига бўшатилади.

Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон бош вазири А. Арипов ва президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В. Маҳмудов зиммасига юкланди.

12 Feb 2021

Адлия вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказган ўрганишлар натижасига кўра, ҳудудлардаги 9965 та мактабнинг 2242 тасида, яъни 22,5 фоизида спорт заллари йўқлиги аниқланди.

Ўрганиш давомида умумий ўрта таълим мактабларини ва мактабгача таълим муассасаларини спорт заллари билан таъминлаш ҳамда улардаги мавжуд имкониятлардан фойдаланиш даражаси ҳам пастлигича қолаётгани маълум бўлган. 

Адлия вазирлиги ахборот хизматининг билдиришича, Фарғона вилоят ХТБ тасарруфидаги 785 та мактаб спорт залларининг 114 таси, яъни 14,5 фоизи таъмирталаб ҳолатда.

Жумладан, Боғдод туманидаги 40 та мактаб спорт залларининг 21 таси, 52,5 фоизи таъмирталаб аҳволда. Қўштепа туманидаги 34-мактабдаги таъмир ҳолати эса собиқ иттифоқ давридан сақланиб қолган ва зарур инвентарлар мавжуд эмас.

Ўрганиш давомида ҳудудлар бўйича давлат тасарруфидаги 6126 та боғчанинг 4 986 тасида, яъни 81,4 фоизи хавфсиз спорт майдончалари ва бино-иншоотлари билан таъминланмагани аниқланган.

Мисол учун, Наманган вилояти мактабгача таълим бўлимлари тасарруфидаги 576 та боғчанинг 574 таси (99,6 фоизи), Сурхондарё вилоятидаги 376 та боғчанинг бирортасида спорт заллари мавжуд эмас.

12 Feb 2021

8 феврал куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги бошқарув кадрлар учун видеоконференцалоқа тарзида йиғилиш ўтказилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоларга кўра, йиғилишда вазир Абдуқодир Тошқулов иқтидорли талабалар учун таъсис этилган номдор стипендиялар саралашидаги коррупцион ҳолатлар ва қариндош-уруғчилик алоқалари борасида жиддий текширувлар бошланиши ҳақида ҳам гапирган.

«Бугун (8 феврал куни – таҳр.) 100 мингдан ортиқ аъзоси бўлган каналда Гулистон давлат университетига тегишли бир хабар чиқди. «Тарих такрорланмоқда. Олаверинглар, еяверинглар», деб бошланади хабар.

Унга кўра, талабалардан бири шу университетда номдор стипендияга эга чиққан деярли барча талабалар университет раҳбариятининг фарзанди ёки қариндоши экани ҳақида ёзган.

Мен тўрт кун олдин Гулистон давлат университетида ижро аппарати бошлиғига топшириқ бергандим. У университетдаги номдор стипендиантларнинг объективка маълумотномасини кадрлар бўлими бошлиғига тасдиқлатиб, менга бериши керак эди. Қаранг, шу топшириқни бугунги хабар чиқишини билгандек берган эканман. Худо кўнглимга солган экан. Мен энди бу хабарни ўзим бориб текшираман», – деган вазир.

Абдуқодир Тошқуловнинг айтишича, 8 феврал куни унга Тошкент давлат педиатрия тиббиёт институтидан ҳам шу мазмунда мурожаат бўлган. 

«Ибн Сино стипендиясига ўтган танловларда адолатсизликлар бўлгани ҳақида менга мурожаат бўлди. Мурожаат қилган болани кўрсангиз, у вундеркинд. Устози билан вазирликка келган. Ҳаммасини баён этиб берди у.

Бугун топшириқ бераман. Номдор стипендиантлар бўйича Бош прокуратурага вазирлик хати қилинади.

Прокуратура барча стипендиантларнинг университетлар раҳбариятига алоқадорлиги, таниш-билишчилик ҳолатларини текшириб беради», деган у.

Вазирнинг эслашича, у Термиз давлат университетида ректор сифатида иш бошлаганида университет кассасида камомадлар жуда кўп бўлган.

«Бир огоҳлантирдим, икки огоҳлантирдим, бўлмади. Шундан кейин ҳолатни ўзим прокуратурага ёзиб бердим. Текширувларда 60 миллион камомад аниқланди. Шу билан иқтисодий камомадлар йўқолди. Прокуратура барчасини тўлаттирди. Жарима солди.

Буни ҳам прокуратура аниқлаб берсин. Агар мен тайинланганимдан кейин ҳам шундай таниш-билишчилик аниқланса, ҳамма жавоб беради. Олий таълимда бўлса олий таълим, вазирлик бўлса вазирлик.

Бугун Бош прокуратурага хат кетиши керак. Жойлардаги олий таълим муассасаларини жойлардаги прокуратура, бу ерда бўлса бу ердаги прокуратура текширади. 

Ҳа, «ўзининг тизимини ўзи прокуратурага берди», дейдиганлар ҳам чиқади. Лекин мен орқадан пичоқ урадиган одамни билишим керак», – таъкидлаган вазир.

11 Feb 2021

Президент Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Фарғона шаҳридаги «Шодиёна» маҳалласига таширифи ҳақида сўзлаб, давлат органлари раҳбларини 2021 йилги Давлат дастурида белгиланган вазифалар бажарилмаган тақдирда уларни ишдан олиш бўйича огоҳлантирди, деб хабар беради «Gazeta.uz».

 

«Фарғонадан тушкун кайфиятда қайтдим. У маҳаллада [“Шодиёна”] раҳбар йўқ, ҳоким йўқ. Маҳаллага кирасан, 80 йиллардагидай… Кўчаларга, уйларга қараб бўлмайди, 1 квадрат метр ҳам ободонлаштирилмаган. У ерда раковина турибди, унинг остида пиёла, унинг тагида эса чиқинди», — дейди у.

«Миллий банкнинг Фарғона филиалида 80 дан ортиқ ходим ишлайди, ҳокимиятда 50 дан кам. Лекин банк ходимлари икки баравар ойлик олади», — дея таъкидлайди давлат раҳбари.

«Бизда назорат қилиш тизими йўқ. Бош вазирга топшириқ. Ҳар ой давлат дастурини бажармаган раҳбарларни ишдан бўшатади. Одамлар бизнинг қоғозбозлигимиздан чарчади, ‘ура-ураълардан чарчади…», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари бош вазир вазиятни таҳлил қилиб, кимни ишдан олиш кераклигини, қуйи поғонани қандай ишлашга мажбур қилиш кераклигини айтишини таъкидлаган. «Биз Тошкент вилояти ҳокимини, спорт вазирини ишдан олдик. Бу ҳали бошланиши».

У раҳбарларнинг аҳоли билан тўғридан-тўғри ишлаши лозимлигини қайд этган. «Нега Кудбиев [Давлат солиқ қўмитаси раҳбари], Бобожонов [ИИВ раҳбари] пастга тушмайди. Нега сизлар Худайбергеновга [Президент маслаҳатчиси] ўхшаб қоғозда эмас амалда натижа кўрсатмайсизлар?», — дейди Президент.

Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов ва спорт вазири Дилмурод Набиевнинг ишдан олишини эслатиб ўтган ва бу «ҳали бошланиши» эканлиги ҳақида огоҳлантирган.

11 Feb 2021

Президент давлат дастурида режалаштирилган вазифалар бўйича видеоселектор давомида телемулоқот орқали Наманган вилоятидаги режаларни ўрганди ва вилоят ҳокими билан бирга айни пайтда вилоятда бўлиб турган бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг ҳисоботларини тинглади.

«Намангандаги ҳар бир соҳа қайта кўриб чиқилиши керак. Энди қоғозда ура-ура қилиш даври ўтди. Ҳар бир соҳа бўйича алоҳида ўрганинглар. Чодакдаги ҳавонинг ўзи бойлик, туризм бўйича қанча имкониятларимиз бор. Энди мен вилоятларга ташриф буюрганимда қайси маҳаллага киришимни ҳеч ким билмайди», деган давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, 4-5 феврал кунлари Фарғона вилоятига сафари давомида президент Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳридаги маҳаллалардан бирига олдиндан режалаштирилмаган ҳолда ташриф буюрди. Маҳаллага ташриф якунида президент сектор раҳбарлари фаолиятидан қониқиш билдирмаган ва шаҳар ҳокими, прокурор, ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳамда солиқ инспекцияси раҳбари ўз лавозимларидан озод этилганди.

Президентнинг кейинги сафари Наманган вилоятига бўлиши кутилмоқда.

11 Feb 2021

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йилги давлат дастурида режалаштирилган вазифаларга бағишланган видеоселекторда чекка ҳудудлардаги йўлларни таъмирлаш ва ичимлик суви таъминоти масалалари бўйича топшириқлар берди.

 

«Очилбой Раматов раҳбарлигидаги комплексга – йил якунига қадар 10 минг километрдан ортиқ ички ва қишлоқ (маҳалла) йўлларини таъмирлаш, 700дан ортиқ аҳоли пунктига (3 миллион аҳоли) тоза ичимлик суви етказиш асосий вазифа бўлиши керак.

Хориждаги ҳамкорларимизни огоҳлантиринглар – йўллар бўйича икки йил барча ташқи лойиҳаларни тўхтатамиз, барча кучни ички йўлларга қаратамиз. Соҳадаги вазият мени мутлақо қониқтирмайди. Йўлларни таъмирлашда давлат-хусусий шерикчилик тизимини жорий қилишимиз керак. Мана, пандемия пайтида ДХШ иш бердику, нега бу соҳада қўлламаслигимиз керак? Одамларимиз [Раматовга қарата] йўл ва сувдан норози.

Бунда, қишлоқ ва маҳаллалардаги ички йўлларни таъмирлашда «қум-шағал қоришмаси»дан фойдаланиш ҳисобидан, арзон ва кўпроқ йўлларни таъмирлашга жойлардаги сектор раҳбарлари, Халқ қабулхоналари ва Фавқулодда вазиятлар бошқармалари бошлиқлари шахсан бош-қош бўлишлари шарт», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Энергетика вазири Алишер Султонов ва «Ҳудудий электр тармоқлари» раиси Улуғбек Мустафоевга икки ой муддатда таъмирга муҳтож электр тармоқлари ва трансформаторларни «маҳаллабай» хатловдан ўтказиб, уларни янгилаш дастурини тасдиқлаш вазифаси берилган. Бунда йил якунига қадар 15 минг километр электр тармоқлари ҳамда 4 мингта трансформатор янгиланиши керак.

Шунингдек, Раматов, Маҳкамов, Бобоев, Абдувалиев вилоят ҳокимлари билан бирга бир ой муддатда 5,5 мингга яқин таъмирталаб катта-кичик кўприкларни реконструкция қилиш бўйича «манзилли дастур»ни тасдиқлайди. Бунинг учун аввало Абдувалиев, Адиз Бобоев бошчилигида ишчи гуруҳи тузилиб, икки ҳафта муддатда барча кўприклар қайта хатловдан ўтказилиши зарур.

Раматов, Кудбиев, Кадастр агентлиги (Ф.Умаров) икки ҳафта муддатда кўприклар кадастрини шакллантириб, эгаларига бириктириб бериши кўрсатма қилинган.

Шунингдек, Раматов, Ш.Ҳидоятов вилоят ҳокимлари билан бирга жорий йил 1 мартга қадар аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш тизимини янада яхшилаш бўйича дастурни тасдиқлайди. Бунда, кўп квартирали уйларнинг 2 мингта лифтини таъмирлаш ва янгисига алмаштириш, 4,5 мингта кўп квартирали уй-жой фондини таъмирлаш ва ҳудудларни ободонлаштириш назарда тутилиши зарур.

Давлат раҳбари Раматов, Зокиров, Ш.Ҳидоятов вилоят ҳокимлари билан бирга, жорий йилда шаҳарларда камида 21 мингта, қишлоқларда 8 минг 800та уй-жойлар барпо қилиши лозимлиги бўйича ҳам топшириқ берган.

10 Feb 2021

Ўзбекистонда 27—28 февраль кунлари соврин жамғармаси 100 миллион сўм бўлган брейн-ринг ўйини форматида катта очиқ чемпионат ўтказилади. Бу ҳақда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди матбуот хизмати хабар берди.

 

Блогер ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг маълум қилишича, «Заковат» интеллектуал клубида янги мавсум, янги давр бошланмоқда. 27—28 февраль кунлари соврин жамғармаси 100 миллион сўм бўлган брейн-ринг ўйини форматида катта очиқ чемпионат ўтказилади.

Турнирда исталган жамоа иштирок этиши мумкин ва бунинг учун 6 кишилик жамоа тузиш лозим. Жамоа тузилгач, «Zakovat.tv» сайтида рўйхатдан ўтиш керак бўлади.

«Агар 6 кишилик жамоа туза олмадингиз дейлик, унда нима бўлади? Хавотирга ўрин йўқ. Бемалол якка тартибда ҳам рўйхатдан ўта оласиз. Биз кейинчалик якка ариза юборганларни автоматик 6 кишилик жамоаларга бўлиб юборамиз. Баҳонада янги дўстлар орттиришингиз мумкин», — дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, клубга аъзолик ва турнирда қатнашиш — бепул. Таъкидланишича, рўйхатдан ўтганлар ўртасида дастлаб интеллектуал кастинг ўтказилади ва ундан ўтган жамоалар турнирда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади. Брейн-ринг турнири ва интеллектуал кастинг ўтказиладиган жой, вақти, шартлари ҳақида «Zakovat.tv» сайти ҳамда @zakovat Telegram каналида маълум қилинади.

10 Feb 2021

Президент бош вазирга маҳалла раислари ва участка нозирларини ҳокимиятга мажлисга чақиришни қатъиян тақиқлаш бўйича топшириқ берди.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»даги режалаштирилган вазифалар бўйича селектор ўтказилмоқда. Тадбирда барча вазирликлар, вилоятлар раҳбарлари иштирок этмоқда.

Давлат раҳбари яна бир бор мажлисбозликларни камайтириш зарурлиги ҳақида гапирган.

 «Давлат дастури бўйича менга халқимиздан келиб тушган 2 мингдан ортиқ таклифларни олиб келишди. Мен бундан жуда хурсанд бўлдим. Чунки халқимиз ўйғонмоқда.

Ҳар қанча қийин бўлмасин, жорий йилда 500 минг нафар ёшлар ва 200 минг аёлларни иш билан таъминлаш ҳамда «темир дафтар»га кирган 300 минг нафар кишини камбағалликдан чиқариш лозим.

Агар барча топшириқларга қунт билан, ақл ва садоқат билан ёндашилса, ҳаммасини бажарса бўлади.

Шу билан бирга, 33та «қизил» туман ва оғир аҳволдаги 970та маҳалланинг йўли, ичимлик суви ва электр таъминоти, ирригация тармоғи яхши бўлишини, даромад манбалари кўпайишини одамлар кутяпти.

Биз бу йил маррани жуда катта оляпмиз. Нима учун?

Аввало, кўпни кўрган, қийинчиликларда тобланган мард ва матонатли халқимизнинг буюк бунёдкорлик салоҳиятига, ўтган даврда яратилган иқтисодий пойдеворга ишониб, мана шундай улкан режа ва вазифалар ижросига киришмоқдамиз.

Буни мен пандемия бошланганда, 2020 йил 15 мартдаёқ айтганман. Темир интизом керак. Ҳар қандай мажлисбозликни йиғиштириш керак. Йиғилишларни фақат маҳаллаларда ўтказинглар, халқ билсин.

Бош вазирга топшириқ – маҳалла раислари ва участка нозирларини ҳокимиятга мажлисга чақириш қатъиян тақиқланади.

Бу «участковой»ларга бошлиқ бўлмаган одамнинг ўзи йўқ экан. Ички ишлар тизими масаласини ўзи яқин орада алоҳида кўриб чиқамиз», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

10 Feb 2021

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 10 феврал куни Афғонистон Ислом Республикаси президенти Ашраф Ғани билан телефон орқали мулоқот қилди.

Президент матбуот хизмати хабар қилишича, икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Ашраф Ғани Ўзбекистон раҳбарига Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ушбу мамлакат иқтисодиётини тиклаш масалаларида кўрсатилаётган ҳар томонлама кўмак учун биродар Афғонистон халқи номидан миннатдорлик билдирган.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ҳамда етакчи халқаро молиявий институтларнинг юқори даражадаги вакиллари иштирокида ўтган Транс-афғон транспорт йўлагини қуриш лойиҳасини илгари суриш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилиши муваффақиятли бўлганини катта мамнуният билан қайд этишди.

Ушбу лойиҳани амалга оширишни, шу жумладан, техник ҳужжатларни тайёрлашни ва қурилиш ишларини бошлаш муҳим экани таъкидланди.

Президентлар саъй-ҳаракатларни бирлаштириб, янги «Сурхон – Пули-Ҳумри» электр узатиш линиясини барпо этиш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштиришга келишиб олишган. Шу мақсадда режалаштирилган ишларнинг бажаралишини мувофиқлаштиришнинг икки томонлама механизми яратилади, унинг доирасида ҳар ой видеоанжуманлар ўтказиб борилади.

Шунингдек, кўп қиррали Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларини, шу жумладан нефть-газ тармоғида, таълим соҳасида, техник ихтисосликлар бўйича малакали афғонистонлик кадрларни тайёрлаш борасида кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилган.

Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580-йиллигига бағишлаб жорий йил март ойида Ҳирот шаҳрида ўтказиладиган байрам тадбирларида Ўзбекистон делегацияси иштирок этиши юзасидан келишувга эришилган.

Бўлажак олий ва юқори даражадаги тадбирлар ва мулоқотлар режаси юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Президентлар «Йўл харитаси» ва устувор инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини доимий мониторинг қилиш ва самарали илгари суриш мақсадида қўшма ҳукумат гуруҳини шакллантириш топшириғини беришган.

«Ўзбекистон ва Афғонистон етакчиларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек очиқ, конструктив ва дўстона муҳитда ўтди», дейилади хабарда.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: