8 феврал куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги бошқарув кадрлар учун видеоконференцалоқа тарзида йиғилиш ўтказилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоларга кўра, йиғилишда вазир Абдуқодир Тошқулов иқтидорли талабалар учун таъсис этилган номдор стипендиялар саралашидаги коррупцион ҳолатлар ва қариндош-уруғчилик алоқалари борасида жиддий текширувлар бошланиши ҳақида ҳам гапирган.
«Бугун (8 феврал куни – таҳр.) 100 мингдан ортиқ аъзоси бўлган каналда Гулистон давлат университетига тегишли бир хабар чиқди. «Тарих такрорланмоқда. Олаверинглар, еяверинглар», деб бошланади хабар.
Унга кўра, талабалардан бири шу университетда номдор стипендияга эга чиққан деярли барча талабалар университет раҳбариятининг фарзанди ёки қариндоши экани ҳақида ёзган.
Мен тўрт кун олдин Гулистон давлат университетида ижро аппарати бошлиғига топшириқ бергандим. У университетдаги номдор стипендиантларнинг объективка маълумотномасини кадрлар бўлими бошлиғига тасдиқлатиб, менга бериши керак эди. Қаранг, шу топшириқни бугунги хабар чиқишини билгандек берган эканман. Худо кўнглимга солган экан. Мен энди бу хабарни ўзим бориб текшираман», – деган вазир.
Абдуқодир Тошқуловнинг айтишича, 8 феврал куни унга Тошкент давлат педиатрия тиббиёт институтидан ҳам шу мазмунда мурожаат бўлган.
«Ибн Сино стипендиясига ўтган танловларда адолатсизликлар бўлгани ҳақида менга мурожаат бўлди. Мурожаат қилган болани кўрсангиз, у вундеркинд. Устози билан вазирликка келган. Ҳаммасини баён этиб берди у.
Бугун топшириқ бераман. Номдор стипендиантлар бўйича Бош прокуратурага вазирлик хати қилинади.
Прокуратура барча стипендиантларнинг университетлар раҳбариятига алоқадорлиги, таниш-билишчилик ҳолатларини текшириб беради», деган у.
Вазирнинг эслашича, у Термиз давлат университетида ректор сифатида иш бошлаганида университет кассасида камомадлар жуда кўп бўлган.
«Бир огоҳлантирдим, икки огоҳлантирдим, бўлмади. Шундан кейин ҳолатни ўзим прокуратурага ёзиб бердим. Текширувларда 60 миллион камомад аниқланди. Шу билан иқтисодий камомадлар йўқолди. Прокуратура барчасини тўлаттирди. Жарима солди.
Буни ҳам прокуратура аниқлаб берсин. Агар мен тайинланганимдан кейин ҳам шундай таниш-билишчилик аниқланса, ҳамма жавоб беради. Олий таълимда бўлса олий таълим, вазирлик бўлса вазирлик.
Бугун Бош прокуратурага хат кетиши керак. Жойлардаги олий таълим муассасаларини жойлардаги прокуратура, бу ерда бўлса бу ердаги прокуратура текширади.
Ҳа, «ўзининг тизимини ўзи прокуратурага берди», дейдиганлар ҳам чиқади. Лекин мен орқадан пичоқ урадиган одамни билишим керак», – таъкидлаган вазир.