Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 10 феврал куни Афғонистон Ислом Республикаси президенти Ашраф Ғани билан телефон орқали мулоқот қилди.
Президент матбуот хизмати хабар қилишича, икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Ашраф Ғани Ўзбекистон раҳбарига Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ушбу мамлакат иқтисодиётини тиклаш масалаларида кўрсатилаётган ҳар томонлама кўмак учун биродар Афғонистон халқи номидан миннатдорлик билдирган.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ҳамда етакчи халқаро молиявий институтларнинг юқори даражадаги вакиллари иштирокида ўтган Транс-афғон транспорт йўлагини қуриш лойиҳасини илгари суриш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилиши муваффақиятли бўлганини катта мамнуният билан қайд этишди.
Ушбу лойиҳани амалга оширишни, шу жумладан, техник ҳужжатларни тайёрлашни ва қурилиш ишларини бошлаш муҳим экани таъкидланди.
Президентлар саъй-ҳаракатларни бирлаштириб, янги «Сурхон – Пули-Ҳумри» электр узатиш линиясини барпо этиш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштиришга келишиб олишган. Шу мақсадда режалаштирилган ишларнинг бажаралишини мувофиқлаштиришнинг икки томонлама механизми яратилади, унинг доирасида ҳар ой видеоанжуманлар ўтказиб борилади.
Шунингдек, кўп қиррали Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларини, шу жумладан нефть-газ тармоғида, таълим соҳасида, техник ихтисосликлар бўйича малакали афғонистонлик кадрларни тайёрлаш борасида кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилган.
Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580-йиллигига бағишлаб жорий йил март ойида Ҳирот шаҳрида ўтказиладиган байрам тадбирларида Ўзбекистон делегацияси иштирок этиши юзасидан келишувга эришилган.
Бўлажак олий ва юқори даражадаги тадбирлар ва мулоқотлар режаси юзасидан ҳам фикр алмашилган.
Президентлар «Йўл харитаси» ва устувор инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини доимий мониторинг қилиш ва самарали илгари суриш мақсадида қўшма ҳукумат гуруҳини шакллантириш топшириғини беришган.
«Ўзбекистон ва Афғонистон етакчиларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек очиқ, конструктив ва дўстона муҳитда ўтди», дейилади хабарда.