Табиат уйғониб, жонажон диёримизга барчамиз орзиқиб, соғиниб кутган Наврўзи олам ўзининг қутлуғ ва серёғин қадамлари билан ташриф буюрди.
Минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг кўрку зийнати бўлиб келаётган бу ажойиб, хосиятли байрам бугун қалбларимизга яна чексиз қувонч ва завқ улашмоқда.
Туманимизнинг жонкуяр, фидойи, меҳнатсевар фуқаролари Наврўз айёмини кўтаринки кайфият меҳнатда эса катта ютуқлар билан қаршиламоқдалар.
Жумладан, Учқудуқ туманидаги “Шалхар” овули ҳам бу йилги янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўзни ўзгача шоду-хуррамлик билан кутиб олишди. Овулдаги Учқудуқ туман мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 6-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида “Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” мавзусида маданий тадбир ўтказилди.
Муассасадаги мусиқа зали ўзига хос байрамона ва баҳорий тарзда безатилди. Байрам тадбирида кенг жамоатчилик вакиллари, фахрийлар ҳамда боғча жамоаси иштирок этди.
Баҳорий таомлар, миллий ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари, жажжи болажонларнинг чиқишлари байрам тантанасига ўзгача файз киритди.
– Тобора юксалиб, обод бўлиб бораётган юртимизга фақат байрамлар ярашади, – дейди “Шалхар” ОФЙ раиси Кенес Нарчаев.– Бугунги байрам тадбирига овулимиз нуронийлари ва фахрийлари билан биргаликда ташриф буюрдик. Таълим муассасаси жамоасининг театрлаштирилган чиқишлари, тарбияланувчи болажонлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқларни тинглаб, мириқиб дам олдик. Тинч ва фаровон ҳаётимизга асло кўз тегмасин.
Шу куни байрам тадбирида 6-сонли давлат мактабгача таълим муассасаси жамоаси томонидан азалий қадрият ва урф-одатлар саҳна кўринишлари орқали намойиш этилди. Муассаса тарбияланувчилари ижросида куй-қўшиқлар ижро қилиниб, баҳор, Наврўз ва бахтли болалик мавзусида шеърлар ёд айтилди.
Aйниқса, таълим муассасасининг педагогик жамоаси қозоқ халқининг “Бешикка белаш”, “Алла айтиш” сингари ўлмас қадриятларини маромига етказиб ижро этиб, йиғилганларнинг олқишига сазовор бўлди.
Учқудуқ туман мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 6-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида ўтказилган “Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” деб номланган маданий тадбирда туман МТБ мудири Нигора Амонова иштирок этиб, барчани янгиланиш ва яшариш айёми Наврўзи олам билан муборакбод этди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.