LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

25 May 2023

1. Hudud har doim toza bo`lishi kerak. Yonuvchan materiallar, tushgan barglar va quruq o`tlarni muntazam ravishda olib tashlash va maydondan olib chiqish kerak.

2. Yong`in o`chirish uchun ishlatiladigan yo`llar, yo`llar, binolar va ochiq suv manbalariga kirish va o`tish joylari, o`t o`chirish uskunalariga yondashuvlar har doim bo`sh bo`lishi, yaxshi holatda saqlanishi kerak.

3. Yo`llar, alohida uchastkalar yoki o`tish joylarining yopilishi to`g`risida darhol yong`in xavfsizligi bo`limiga xabar berish kerak.

4. Yozgi dam olish oromgohi hududida yong`inga qarshi suv manbalarini tezda topish uchun tashqi yoritish bo`lishi kerak. O`rmonda joylashgan lagerning perimetri bo`ylab kengligi kamida 3 metr bo`lgan minerallashtirilgan chiziq yasash kerak.

5. Bolalarning yozgi dam olishi uchun yog`ochdan yasalgan binolar bir qavatli bo`lishi kerak. Yozgi sog`lomlashtirish lagerlarining barcha binolari avtomatik yong`in signalizatsiyasi, yong`in sodir bo`lganda ogohlantirish tizimi va telefon bilan jihozlangan bo`lishi kerak.

6. Chodirda kiyimlarni quritishga, yonuvchi materiallarni saqlashga, pollarni izolyatsiyalash uchun boshqa yonuvchi materiallardan foydalanishga yo`l qo`yilmaydi.

7. Yozgi sog`lomlashtirish oromgohlari binolarida mebellarni joylashtirish odamlarni evakuatsiya qilish va yong`in o`chirish vositalariga o`tishga xalaqit bermasligi kerak. Yozgi bolalar dam oladigan binolar to`g`ridan-to`g`ri tashqarida kamida ikkita favqulodda chiqish joyiga ega bo`lishi kerak. Evakuatsiya o`tish joylari, chiqish joylariga hech qanday obyekt va uskunalar to`sqinlik qilmasligi kerak.

8. Har bir yozgi sog`lomlashtirish oromgohida yong`in xavfsizligi bo`yicha qat`iy rejim bo`lishi kerak. Shu maqsadda, obyekt boshlig`i va texnik xodimlarning tunu-kun navbatchiligini, elektr jihozlarini tarmoqdan uzish, binolarni tekshirish va yopish tartibini belgilovchi ko`rsatma ishlab chiqishi kerak.

9. Elektr quvvati uzilgan taqdirda, texnik xodimlar har bir navbatchi xodim uchun kamida bittadan elektr chiroqqa ega bo`lishi kerak.

                                                                                                                     ShKB OYoXTTEB ispektorlari    

                                                                                                  Otabek Hikmatov va Davron Asadov

25 May 2023

   “Alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishini hamda isteʼmol qilinishini cheklash to‘g‘risida”gi qonun prezident tomonidan imzolandi. 

   Qonun bilan alkogol va tamaki mahsulotlarining, tamakini hamda nikotinni isteʼmol qilish moslamalarining 21 yoshga to‘lmagan shaxslarga sotish va ushbu shaxslar tomonidan realizatsiya qilinishi, alkogol va tamaki mahsulotlarini isteʼmol qilish jarayoniga ushbu shaxslarni jalb etish taqiqlandi. 

Alkogol va tamaki mahsulotlarini, tamakini hamda nikotinni isteʼmol qilish moslamalarini realizatsiya qilishni bevosita amalga oshirayotgan shaxs 21 yoshdan kichik ko‘ringan xaridordan uning shaxsi va yoshini tasdiqlovchi hujjatini ko‘rsatishni talab qilishi, hujjat mavjud bo‘lmagan taqdirda esa alkogol va tamaki mahsulotlarining, tamakini hamda nikotinni isteʼmol qilish moslamalarining realizatsiya qilinishini rad etishi shart.

“Alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishini hamda iste’mol qilinishini cheklash to‘g‘risida”gi qonun Senatning o‘ttiz oltinchi yalpi majlisida ma’qullangandi. Qonun bilan alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishi hamda iste’mol qilinishini cheklash bo‘yicha faoliyatni amalga oshiruvchi organlar safi kengaytirilgan va ularning sohadagi vakolatlari aniq belgilangan. Bundan tashqari, alkogol va tamaki mahsulotlari, tamaki hamda nikotinni iste’mol qilish moslamalarining realizatsiya qilinishiga doir cheklovlar ham kiritilgan.

 

25 May 2023

   Ассалому алайкум азиз битирувчи - ёшлар!

   Сизларни мактаб таълимини муваффақиятли тугатиб, мустақил ҳаётга – умрингизнинг янада гўзал ва масъулиятли босқичига қадам қўяётганингиз билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

  Бугун мамлакатимизнинг барча гўшаларида бўлгани каби Учқудуқ туманидаги 19 та умумтаълим даргоҳларида “сўнгги қўнғироқ”лар янграб, қадрдон мактабингиз, меҳрибон устозларингиз билан хайрлашув тадбирлари ўтказилаётган ушбу қувончли ва ғоят ҳаяжонли дамларда ҳаммангизга келгуси ҳаётда улкан ютуқ ва омадлар тилайман.

   Азиз ўғил-қизларим! 

Бугун сизларнинг ҳаётингизда энг қувончли кун. 11 йил мобайнида бир партада ёнма-ён ўтирган, бир оила аъзоларидек бўлиб қолган синфдошларнинг ҳар бири эртадан бошлаб ўзининг шахсий ҳаётини қуришга киришади. Кимдир таҳсилни олий ўқув юртида давом эттирса, яна кимдир ҳалол меҳнати билан оиласига қанот бўлади. 

   Ҳеч қачон унутманг, келажакда сизни янада улкан ва масъулиятли марралар кутмоқда. Олдингизга аниқ мақсад қўйиб, бор куч-ғайратингиз, билим ва салоҳиятингиз билан ҳаракат қилсангиз, кўзлаган чўққиларга албатта эришасиз!.

Қадрли ўқитувчи ва мураббийлар, ҳурматли ота-оналар!

Хабарингиз бор, юртимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси иштирок этган фуқароларнинг 90,2 фоизи томонидан ёқлаб овоз бериш орқали қабул қилинганлиги унда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганлигидан далолат бермоқда.

Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Референдум кўп миллатли мамлакатимиз халқларининг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги, суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуришга қатъий қарор қилганлигининг ишончли ифодаси бўлди.

   Шунингдек Янгиланган Конституциянинг 52 – моддасида: “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ва тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади. 

Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади”, деган қоида ўрнатилди. 

Хусусан, педагог ходимларнинг иш ҳақи сўнгги 10 йилда биринчи марта 50 фоизгача кўпайтирилди. Ўқитувчилар тўлдирадиган ҳужжатлар сони камайтирилди. Илгари 7 тани ташкил этган ўқитувчиларнинг ҳисоботлари 1 тага, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарининг ҳужжатлари 18 тадан 7 тага, синф раҳбарларининг ҳужжатлари 10 тадан 4 тага қисқартирилди. 

Олис ҳудудларда жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган педагог ходимларнинг ойлик иш ҳақига иш стажи учун махсус устамалар берилиши йўлга қўйилди. 

Энг муҳими, давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий ўсиши ҳақида ғамхўрлик қилиши мустаҳкамлаб қўйилди.

Ҳурматли устозлар! Азиз ёшлар!

   Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда мактаблар тизимини ривожлантириш учун давлатимиз томонидан маблағ, имконият, зарур барча саъй-ҳаракатлар сафарбар этилаётир.

   “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” деган шиор асосида мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланди.

   Буни биргина Учқудуқ тумани мисолида айтадиган бўлсак, жорий йилда ёш авлодга сифатли таълим бериш мақсадида, “Опен Бюджет” лойиҳаси доирасида 3-мактабга 120 млн. сўм, 5-мактабга 90 млн. сўм, 7-мактабга 120 млн. сўм, 10-мактабга 150 млн. сўм, 12-мактабга 300 млн. сўм, 18-мактабга 150 млн. сўм, 20-мактабга 300 млн. сўм жами 1 млрд. 230 млн. сўм маблағ йўналтирилган. 

Ушбу маблағлар эвазига таълим муассасаларининг моддий - техника базаси янада яхшиланиб, ўқувчиларнинг сифатли таълим-тарбия олишлари учун қулай шарт-шароитлар яратилди.

Мана, яна бир ўқув йили ортда қолмоқда. Бугун туманимиздаги 19 та умумий ўрта таълим мактабида “Сўнгги қўнғироқ” янграб, 345 нафар ўқувчи битирмоқда. 9-11 синф битирувчиларининг 18 нафари мактабни олтин медаль билан тугатмоқда. Уларнинг ҳаётида янги саҳифа очилиб, катта ҳаётга учирма бўлишмоқда.

Аҳамиятлиси, туманимизнинг ўқувчи-ёшлари билимда спортда кўплаб ютуқларни қўлга киритиб, тенгдошларига намуна ва ўрнак бўлмоқдалар. 10-мактабнинг 5 нафар, 20 - мактабнинг 11 нафар, 18 – мактабнинг 2 нафар, 7 – мактабнинг 3 нафар, 3 – мактабнинг 4 нафар, 9 – мактабнинг 1 нафар жами 26 нафар битирувчиларимиз муддатидан олдин талаба бўлиш бахтига муяссар бўлишди. 

Жумладан, куни-кеча умумтаълим мактаблари битирувчи синфлари ўқувчилари ўртасида кимё, биология, физика фан олимпиадаси ўтказилди. Унда 18-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Шуҳрат Каримов физика фанидан фахрли 2-ўринни қўлга киритиб, муддатидан олдин Навоий давлат педагогика институтига талабаликка қабул қилинди.

Шу мактабнинг яна бир ўқувчиси Сарваржон Қўлдошев Британия Менежмент университетининг 20 фоизлик грантини қўлга киритиб, мактабни тугатмасидан талаб бўлди. Шунингдек, 18-мактабнинг “Ёш чегарачилар”и ҳарбий спорт мусобақасининг туман, вилоят босқичида биринчиликни эгаллаб, мусобақанинг мамлакат босқичида фаол иштирок этишди.

Бундан ташқари, 10-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Суҳроб Ғаффоров Буюк Британиянинг Интернатионал Агриcултуре университетида ўқиш учун 120 миллионлик грант соҳиби бўлди. 20-мактаб битирувчилари Беҳруз Ҳайитов, Саиджон Латиповлар Туркия, Латвия ва Ўзбекистон ҳамкорлигида ташкил этилган АЛФРАГАНУС университетига муддатидан олдин талабаликка қабул қилинди. 

Шу ўринда, “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” республика танловининг вилоят босқичида 20-мактаб фахрли биринчи ўринга сазовор бўлганлигини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим.

Бу йил иккинчи бор ўтказилаётган танловда мактаб жамоаси 250 миллион сўм пул мукофоти ҳамда “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Танловнинг мамлакат босқичида ҳам учқудуқлик ўғил-қизларимиз бор билим ва маҳоратларини намойиш этиб, юқори чўққиларни забт этишларига ишонаман! 

Азиз битирувчилар!

Унутманг! Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло эсда чиқарманг!

Илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Негаки, юксак мақсадларни, улкан довонларни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар йўлида сиз – ёшлар ҳал қилувчи куч бўлишингиз керак!

Ҳурматли Юртбошимизнинг, ота-онангизни, устозларин-гизнинг ана шундай юксак ишончига доимо муносиб бўлинг!

Азиз ўғил-қизларим!

Мактаб даргоҳидаги сўнгги, мустақил ҳаёт йўлингиздаги илк қўнғироғингиз муборак бўлсин! 

Билим олишда ҳамиша давом этинг!   

Барчангизга сиҳат-саломатлик, ўқишда, шахсий ҳаётда катта ютуқ ва омадлар тилайман.  

 Сизларнинг ютуқ ва ғалабаларингизга ишонаман, азиз ўқувчи-ёшлар!

 Эътиборингиз учун рахмат!

 

 

 

24 May 2023

    Аёл - она, уй бекаси, тадбиркор, ўқитувчи, устоз, депутат, сенатор ва ҳатто, давлат раҳбари. У қайси лавозимда, қандай даражада ишламасин, ўз мақсади,олдига қўйилган талаб ва вазифани сидқидилдан бажаришга уринади. Ва аксарият ҳолларда бунинг уддасидан чиқади.

    Бугунги кунда дунёга машҳур давлат, сиёсат арбоблари орасида хотин-қизлар талай. Сингапур Президенти Ҳалима Яқуб ҳам юқоридаги таърифга муносиб муслима аёл.

    Хабар берилганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таклифига биноан, Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқуб бугун давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

   Дунё тарихида ва бугунги ҳаётимизда аёл Президентлар кўп эмас. Шу боис улар ҳақидаги маълумотлар доим қизиқарли.

   Маълумотларга кўра, давлат раҳбари Ҳалима Яқубнинг отаси ҳинд, онаси малай бўлган. Афсуски, Ҳалима 8 ёшида отасидан айрилган. Оила бошлиғи вафотидан сўнг бева аёл беш фарзандни ёлғиз тарбиялаган. Ҳалима болалигини эсга олар экан, 10 ёшидан бошлаб онасига нон топишда кўмаклашганини хотирлайди.

   Ҳалима Яқуб аввал қизлар мактабида ўқиди, 1978 йил Сингапур Миллий университетида ҳуқуқшунослик бакалаври, 2001 йил шу ерда ҳуқуқ йўналиши бўйича магистр даражасини ҳам қўлга киритади. 2016 йил 7 июлда университет унга “Фахрий юридик фанлар доктори” унвонини берди. Сингапурдаги малайлар ижтимоий ҳаётда эришган ютуқлари учун Халима Яқуб 2001 йил “Йил муваффаққияти”, 2003 йил “Йил аёли” унвонларига лойиқ топилган.

    Сиёсатга киришдан олдин Ҳалима Касаба уюшмалари миллий конгрессида ишлади. 2001 йил сиёсий фаолиятини  бошлаб, парламентга сайланди ва илк малай аёл сифатида депутатлик мандатига эга чиқди. 2011 йил ўтказилган сайловдан сўнг ижтимоий ривожланиш, ёшлар ва спорт вазири, кейинчалик ижтимоий сиёсат ва оила вазири лавозимларига тайинланди.

    Ҳалима хоним 2013-2017 йиллар парламент спикери бўлиб ишлади. У мамлакат тарихида ушбу лавозимни эгаллаган биринчи аёл. Яқуб ўз компаниясини «Яхшилик қилинг, бирга ишланг» шиори остида олдинга бошлади. Унинг ғалабаси сайловдан олдин эълон қилинди, чунки сайлов комиссияси ушбу лавозим учун бошқа номзодга рухсат бермаган.

    Ҳалима Яқуб сайловдаги ғалабасидан кейинги нутқида, жумладан, “Сингапурликлар президенти сифатида сизларни ишонтираманки, ирқи, тили, динидан қатъи назар, ҳар бирингизга хизмат қиламан”, деганди. Атрофидаги ҳукумат мансабдорларига эса шундай дейди: “Аллоҳдан қўрқаман. Ким Сингапур халқи манфаати учун мен билан шерик бўлиб ишламоқчи экан, унинг Аллоҳ йўлидаги синглисиман. Ташвишим — Сингапур халқи турмуш даражасини кўтариш. Мени бошқа нарса қизиқтирмайди».

    Ҳалима Яқуб беш фарзанднинг онаси. Яманлик Муҳаммад Абдулла исмли инсонга турмушга чиққан. Ҳалима – ҳуқуқшунос, Муҳаммад эса – физик.  Улар университетда танишишган ва ўқишни тугатиб, икки йил ўтгач, турмуш қуришган. Муҳаммад Абдулла аёлига ҳам руҳан, ҳам уй ишида, ҳам фарзанд тарбиясида ёрдам  беради. Яқуб турмуш ўртоғини ўз мақсадлари катализатори сифатида кўради.

    Ҳалима хоним ҳар кун аёл ёрдамчилари билан пойтахтдаги масжидда аёллар учун ажратилган бўлимда бомдод намозини ўқийди.

    Ҳалима Яқуб олиб борган сиёсат, ислоҳот самараси ўлароқ, ҳозир мамлакатда ишсизлик, атиги, 1 фоизни ташкил қилади. Ўн мингга яқин йирик корхонада одамлар иш билан банд. Сингапурда ишлаб чиқариш корхоналари солиқдан озод қилинган.

    Ўтган асрнинг 70 йилларига қадар энг қашшоқ ҳудудлардан саналган ушбу давлат қисқа фурсатда дунёдаги энг тараққий этган давлатлар қаторига қўшилди. Бунда, айниқса, моҳир ва донишманд етакчи, атоқли давлат ва сиёсат арбоби Ли Куан Юнинг хизмати беқиёс. Айнан унинг кенг қамровли ислоҳоти туфайли Сингапур тараққиётнинг юксак чўққисига эришди.

    Сингапур юксак даражада тараққий топган давлат сифатида ўзида улкан иқтисодий, молиявий ва инсон капиталини мужассам этган. Аҳолиси салкам 6 миллион кишини ташкил қиладиган давлатда ялпи ички маҳсулот қиймати 379 миллиард долларга тенг, йиллик даромад эса ҳар бир фуқарога 65 минг доллардан тушади. Паспорти жаҳондаги энг кучли паспортлардан. Аҳолининг энг кўп қисми (74 %) этник гуруҳ аъзолари – Хитойликлар. Кейин малайлар (13%) ва ҳиндулар (9%). Мусулмонлар мамлакат аҳолисининг 14 фоизини ташкил қилади.

    Сингапур электроника, кимё саноати, биотехнология, банк соҳаси, логистика ва транспорт машинасозлиги каби муҳим тармоқлар жадал ривожланган, йирик иқтисодиётга эга давлат.

   Ўзбекистон – Сингапур муносабатини шартномавий-ҳуқуқий базаси 14 ҳужжатдан иборат. Шулардан 6 таси давлатлараро ва ҳукуматлараро, 6 таси идоралараро ва 2 таси тармоқлараро ҳужжатлар.

    Қувонарлиси, икки мамлакат ўртасида савдо айирбошлаш суръати доимий равишда ўсиб, 2017 йилдаги 92,6 миллион доллардан 2022 йил 143 миллион доллар (экспорт – $ 105 миллион, импорт – $ 38 миллион)га етди. Давлатларимиз ўртасида фан, таълим соҳаларида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.

    Сингапур раҳбарининг мамлакатимизга бу галги ташрифи давлатларимиз ўртасидаги кўп қиррали муносабатни ҳар томонлама юксак даражага олиб чиқиш, икки томонлама алоқани ҳар жиҳатдан ривожлантиришга замин яратади.

23 May 2023

     OʻzLiDeP Учкудук туман Конференциясида муҳим масалалар муҳокама этилди

    Учкудук туман партия ташкилотининг навбатдаги Конференцияси бўлиб ўтди.

   Унда партия вилоят Кенгаши раиси ўринбосари М.Эшниёзов, вилоят, туман Кенгаши депутатлари, БПТ лардан сайланган делегатлар, партия фаоллари иштирок этди ва сўзга чиқди.  

Конференцияда партия туман ташкилотининг ўтган давр мобайнида фаолияти сарҳисоб қилиниб, эришилган ютуқ ва йўл қўйилган камчиликларга алоҳида тўхталиб ўтилди. 

   Кун тартибидаги асосий масала-Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловларда O‘zLiDeP Учкудук туман партия ташкилотининг иштироки ва партия фаоллари олдида турган  долзарб вазифалар юзасидан фикр ва мулохазалар билдирилди.  

  Kонференция иштирокчилари бўлажак муҳим сиёсий тадбирни уюшқоқлик билан юқори савияда ўтказишга пухта ҳозирлик кўрилиши зарурлигини, сайлов компанияси даврида ўтказиладиган партиявий тадбирлар партия электорати вакиллари, аҳолининг турли қатламлари, маҳалла фаоллари, ёшлар ва аёллар иштирокида ташкил этилиши муҳим аҳамиятга эга эканлигини айтиб ўтдилар. Юртдошларимиз сайлов кунида тўғри танловни амалга оширишлари учун ҳам улар орасида тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишлари талаб даражасида ўтказилиши мақсадга мувофиқдир.   

   Конференцияда бажарилиши лозим бўлган бир қатор партиявий тадбирлар юзасидан аниқ чора тадбирлар белгиланиб, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича тегишли вазифаларни амалга ошириш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди. Йиғилишда келгусида бажарилиши лозим бўлган муҳим ишлар, хусусан партия туман Кенгаши ҳузуридаги сайловолди штаби фаолияти бўйича ҳам батафсил сўз юритилди. 

   Йиғилиш O‘zLiDeP  вилоят партия ташкилоти конференциясига делегатлар сайлаш билан ўз якунига етди.

 

23 May 2023

   Диққат 3 кун!!! 

    Янги Меҳнат кодексидаги календарь кунлар бўйича 3 кунлик мажбуриятлар.

   1.Жамоа шартномаси меҳнат жамоаси умумий йиғилишида маъқулланганидан кейин иш берувчи ва ходимларнинг вакиллари уни 3 кун ичида имзолайди (70-модда).

2. Иш берувчи шахснинг талабига кўра ишга қабул қилишни рад этиш сабабларини асослантирган ҳолда 3 кунлик муддатда ёзма жавоб қайтариши шарт (119-модда).

 3. Ишга қабул қилиш ҳақидаги буйруқ ходимга иш ҳақиқатан бошланган кундан эътиборан 3 кунлик муддатда, имзо қўйдириб эълон қилинади (127-модда).

4. Ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ асосида ходимнинг меҳнат дафтарчасига ишга қабул қилиш тўғрисидаги ёзувни қайд этилади, ходим ушбу ёзув билан 3 кун ичида таништирилиши керак (127-модда).

5. Дастлабки синов муддати тугагунига қадар тарафларнинг ҳар бири иккинчи тарафни камида 3 кун олдин ёзма шаклда огоҳлантирган ҳолда меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли (132-модда).

6. Ходимнинг меҳнат шартларини ўзгартириш ҳақидаги аризаси у берилган кундан эътиборан 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши керак (136-модда).

7. Ишдан четлаштириш тўғрисидаги буйруқнинг тасдиқланган кўчирма нусхасини ходимга у мурожаат қилган кундан эътиборан 3 кундан кечиктирмай ходимнинг талабига кўра бериши шарт (153-модда).

8. Меҳнат шартномаси ходимнинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) муносабати билан бекор қилинганда иш берувчи уни камида 3 кун олдин огоҳлантириши ёки бу муддатга мос компенсация тўлаши керак (165-модда).

9. Ходим томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган меҳнат дафтарчаси иш берувчи томонидан ходим меҳнат дафтарчасини бериш тўғрисида мурожаат қилган кундан эътиборан 3 кундан кечиктирмай берилиши керак (171-модда).

10. Ходим ишдан бўшатиш буйруғини йўқотиб қўйганда, ёки бузиб қўйганда, буйруқ кўчирма нусхаси ходимга у иш берувчига мурожаат қилган кундан эътиборан 3 кундан кечиктирмай берилиши керак (171-модда).

11. Агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ишламаган бўлса, тегишли суммалар ҳисоб-китоб қилиш тўғрисида ходим томонидан талаб қўйилганидан кейин 3 кундан кечиктирмай тўланиши керак (172-модда).

12. Ўзи билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимга меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейинги даврда бирор-бир тўловлар (ой, чорак, йил якунлари бўйича мукофотлар) ҳисобланган тақдирда, ушбу тўловлар ходим томонидан тегишли талаб қўйилганидан кейин 3 кундан кечиктирмай амалга оширилади (172-модда).

13. Ходим ўз шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотни рад этиш учун хизмат текшируви ўтказилишини талаб қилишга ҳақлидир. Хизмат текширувини ўтказиш тўғрисидаги ариза иш берувчига ёзма шаклда берилади ва у тақдим этилган кундан эътиборан 3 кундан кечиктирмай кўриб чиқилади (306-модда).

14. Иш берувчининг ходимга ҳаётига ва соғлиғига етказилган зиённинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги буйруғининг кўчирма нусхаси ёки иш берувчининг асослантирилган ёзма рад жавоби ходимга ушбу буйруқ қабул қилинган кундан эътиборан 3 кунлик муддатда топширилади (336-модда).

15. Меҳнат низолари бўйича аввалги мажлисда тайинланган меҳнат низолари бўйича комиссия раиси ариза берувчига аризани қабул қилишга доир ёзма равишда асослантирилган рад жавобини 3 кунлик муддат ичида беради (553-модда).

16. Меҳнат низоси комиссияси қарорининг кўчирма нусхаси ходимга, иш берувчига ва касаба уюшмаси қўмитасига қарор қабул қилинган кундан эътиборан 3 кунлик муддат ичида юборилади (553-модда).

17. Меҳнат низолари бўйича комиссиянинг қарорини иш берувчи ушбу қарор устидан шикоят қилиш учун назарда тутилган ўн кун ўтганидан кейин 3 кунлик муддатда ижро этиши керак (566-модда).

Учқудуқ туман адлия бўлими.

 

23 May 2023

      Мутахассислиги бўйича 5 йил иш стажига эга хотин-қизлар тавсиянома асосида ўқишга қабул қилинади. Қонунчиликка кўра, мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажи мавжуд, бироқ олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизлар давлат ОТМга алоҳида қабул параметрлари (жами 500 та квота) доирасида тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади.

      Бунда ўқишга қабул қилиш Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тавсияномаси асосида амалга оширилади.  Тавсиянома олиш учун талабгор қуйидаги мезонларнинг барчасига мувофиқ келиши керак:  ўрта махсус ёки профессионал таълим бўйича мутахассисликка эга бўлиши, тавсиянома олгунга қадар олий таълим олмаганлиги ёки олмаётганлиги,  ўрта махсус ёки профессионал таълим мутахассислиги бўйича 5 йиллик меҳнат стажига эга бўлиши талаб этилади.

      Тавсиянома берилган кундан бошлаб 3 йил давомида фақат бир марта ОТМга қабул қилиниши учун амал қилади.

     Тавсиянома олиш учун талабгор доимий яшаш ёки вақтинча рўйхатда турган жойидаги туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимларига 1 июнгача ариза билан мурожаат қилади. Ариза ва ҳужжатлар 7 июнгача кўриб чиқилади.

      Шунга кўра, ишчи гуруҳ хулосаси 10 июнгача Қўмитага тақдим қилинади. Ҳужжатлар Қўмита томонидан 14 июнгача кўриб чиқилиб, тавсиянома бериш ёки уни рад этиш тўғрисида буйруқ чиқарилади.

Феруза УМАРОВА,

туман адлия бўлими юридик

хизмат кўрсатиш маркази бош юристконсулти.

23 May 2023

    Барчамизга маълумки, мамлакатимизда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришга муҳим эътибор қаратиляпти.

    Болалар орасида назоратсизликнинг ва улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга, шунингдек, ногиронлиги бўлган болаларни ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2023 йил 11 апрель куни қабул қилинган қонун айни шу ишларнинг мантиқий давоми ва албатта, кенг жамоатчиликни узоқ муддат давомида орзиқиб кутган воқелиги бўлди.  

Саҳифамизда ҳуқуқшунослар томонидан ушбу қонун талаблари ҳақида батафсил маълумотлар берилади.

ЖАВОБГАРЛИК КУЧАЙТИРИЛМОҚДА!         

    Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзига хос муҳим ўзгаришлар қабул қилинди. Қонун билан Жиноят кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра:

18 ёшга тўлмаган шахсларни, яқин қариндош, собиқ хотин, бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахс ёхуд умумий фарзандга эга бўлган шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этганлик учун жавобгарлик белгиланди.

Мазкур жиноят 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Рустам МАМАЛАТИПОВ,

туман прокурори катта ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи.

МАЪЛУМОТЛАРНИ ОШКОР ҚИЛГАНЛИК – ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ЭТИШГА САБАБ БЎЛАДИ

    Шунингдек, оилавий (маиший) зўравонлик учун жавобгарлик киритилди. Унга кўра, хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғорда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга шахсга нисбатан:

- мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш;

- мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш;

- уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, мазкур ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача жарима ёки 160 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Юқоридаги шахсларни дўппослаш, тан жароҳати етказиш етказилган жароҳатдан келиб чиққан ҳолда оғирлаштирувчи ҳолатларни келтириб чиқарса, хусусан:

– соғлиқнинг узоқ вақт (камида 21 кун, аммо 4 ойдан кўп бўлмаган даврда) ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг 10 фоизидан 33 фоизигача йўқолишига сабаб бўлган қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш содир этилса, 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Вояга етмаган шахс билан жинсий алоқа қилганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Жумладан:

- 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилганлик учун – 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш;

- 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёки мулкий ёхуд бошқача тарзда манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш – 2 йилдан 4 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Шунингдек, шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик белгиланди.

Мазкур жиноят оғирлаштирувчи ҳолатларда 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шоҳруҳ РАХИМОВ,

туман прокурори ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи.

   Ҳа, аёл — мукаррам зот. Юртимиз аёлларини,  хотин-қизларини қадрлаш ва эъзозлашга доир қабул қилинган ва кучга кирган ушбу қонун бугун амалга оширилаётган эзгу ислоҳотларга  ҳамоҳанглиги билан янада қимматлидир.

23 May 2023

    Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган “Аёллар дафтари” тизими юртимизда хотин-қизлар, айниқса, эҳтиёжманд аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлашга қаратилган. Камбағалликка қарши курашиш сари ташланган бу ҳаракатнинг самараси ҳар бир оилада, ҳар бир аёл тақдирида яққол акс этмоқда.

    Жумладан, Учқудуқ туманида ҳам 30 ёшдан ошган аёлларнинг ҳар бири билан мулоқотлар олиб борилиб, 421 нафар хотин-қизлар 6 та тоифага ажратилган ҳолда 4-босқич “Аёллар дафтари”га киритилди. Уларнинг 122 нафари ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз, 21 нафари кредит олиш истагини билдирган, 135 нафари боқувчисини йўқотган хотин-қизлар, 74 нафари ижтимоий ёрдамга муҳтож ногиронлиги бўлган аёллар, 65 нафари қарамоғида ногиронлиги бўлган болалари бор оналардир.

    Ушбу опа-сингилларимизга кўрсатилаётган  манзилли кўмакларни таҳлил қиладиган бўлсак,  уларнинг  23 нафар доимий ишга жойлаштирилди, 62 нафарига субсидия асосида асбоб-ускуналар харид қилиниб, ўзини - ўзи банд қилган шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди.  12 нафар кредит олиш истагини билдирган хотин-қизларга имтиёзли кредитлар берилиб, тадбиркорлик билан шуғулланишларига кўмаклашилди. 135 нафар боқувчисини йўқотган, 74 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож ногиронлиги бўлган ҳамда 65 нафар қарамоғида ногиронлиги бўлган болалари бор хотин - қизларнинг ҳар бирига 1.2 млн сўмдан  жами 328 млн 800 минг сўм миқдорида бир марталик пул маблағи берилди.  4 нафарининг бир йиллик турар жой ижараси тўланган бўлса, уй-жой таъмирига муҳтож 6 нафар хотин-қизларнинг  яшаш хонадонида таъмирлаш ишлари олиб борилди.

    Бундан ташқари, 15 нафар хотин-қизларнинг ўзи ва фарзандларини даволаниши, жарроҳлик амалиётини ўтказиши учун ҳамда 13 нафар дори воситаларига эҳтиёжи бор аёлларимизга жамғарма  ҳисобидан жами 122 млн 465 минг сўм миқдорида  маблағ  тўлаб берилган.

    Учқудуқлик опа-сингилларимизга “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан жами  21 млн 600 минг сўм миқдорида манзилли кўмак кўрсатилди.

    Юқорида қайд этилган рақамлардан кўриниб турибдики,  “Аёллар дафтари” шунчаки хўжакўрсинлик учун қилинаётган иш эмас. Ушбу улкан ва самарали тизим, аввало, узоқ истиқболга йўналтирилгани, аёлларнинг нафақат бугунги муаммоларини ҳал этиш, балки эртанга ташвишларини камайтиришга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Нафиса НАЖМИДДИНОВА,

туман ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи.

21 May 2023

 

   Ассалому алайкум азиз ҳамкасблар!

   Қадрли меҳнат фахрийлари, соҳа фидойилари!

   Ҳурматли учқудуқликлар!

    Бугун комбинат тизимида меҳнат қилаётган ҳар бир ҳамкасбимиз олдида мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини юксалтиришдек эзгу ният турибди. Айниқса, кончилик ва металлургия саноатида ишлаётган ходимларимиз мураккаб иш ва иқлим шароитларида ер ости бойликларини самарали ўзлаштириш ҳадисини олиб бу масъулиятни ҳис этишига ишонаман. 

          Навоий кон-металлургия комбинатидек қудратли корхонанинг қатор ютуқларга эришишида, Шимолий кон бошқармаси жамоасининг ҳам улкан хизматлари бор. 

   1991 йили “Кокпатас” конининг очилиши билан шу йилнинг ўзида 1 040 000м3 кон массаси қазиб олинган бўлса, бугунги кунга келиб, ушбу натижа 445 214 420м3ни ташкил этмоқда. 2002 йилда мустақилликнинг ёш конларидан бири сифатида очилган “Даугизтау” конида ўша йили 3 646 000м3 кон массаси қазиб олинган. Қарийб, 21 йиллик фаолияти давомида ушбу кондан 269 883 500м3 кон массаси кончи азаматларимиз томонидан қазиб олинган. 

1995 йилда истиқлолнинг илк заводи сифатида ишга туширилган 3-сонли гидрометаллургия заводида ўша йили 2,4163млн тонна маъдан қайта ишлаб чиқарилди, 2022 йилда бу кўрсаткич 8,1889 млн тоннани, 1995 йилдан шу кунга қадар эса заводда 147,749 тонна маъдан қайта ишлаб чиқарилган. 

Сир эмаски Менделеев жадвалида юздан ортиқ элемент бўлса, шулар аксариятининг тасдиқланган заҳиралари, айниқса олтин конлари бўйича Ўзбекистон дунё миқёсидаги етакчилардан бири ҳисобланади. Уларни ўз вақтида қазиб олиш, ишлаб чиқаришга йўналтириш кончилар ва металлурглар олдидаги улкан вазифадир.

          Ишонаманки мард, танти, кучли билим ва салоҳиятга эга бошқармамиз жамоаси жорий йилда қўйилган режа топшириқларни бажаради. Бунинг учун жамоамизнинг ҳар бир ходими белни маҳкам боғлаб, Ватан олдидаги бурчни ҳис этиб, меҳнат қилмоғи шарт.  

         Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган “Инсон қадри учун” деган тамойил асосида корхонамизда ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш баробарида, ишчи-ходимларга муносиб меҳнат шароитлари яратиш мақсадида бўлинмалардаги маъмурий ва маиший биноларни жорий таъмирлаш, замонавий офис мебеллари ва ахборот-коммуникацион технологиялари билан жиҳозлаш ишлари жадал олиб борилмоқда. Энг асосий мақсад ходимларимиз учун муносиб меҳнат шароити яратиб, уларни рози қилишдир.

          Қадрли ҳамкасблар! 

Сизларни яна бир бора касб байрамимиз “Кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни” билан самимий табриклайман, Сизларга узоқ-умр, сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик, жонажон Ватанимиз иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида олиб бораётган барча эзгу ишларингизда муваффақиятлар тилайман!

Неъматилло АХАТОВ,

“Навоий” КМК АЖ Шимолий кон бошқармаси директори.

 

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: