Ассалому алайкум азиз ҳамкасблар!
Қадрли меҳнат фахрийлари, соҳа фидойилари!
Ҳурматли учқудуқликлар!
Бугун комбинат тизимида меҳнат қилаётган ҳар бир ҳамкасбимиз олдида мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини юксалтиришдек эзгу ният турибди. Айниқса, кончилик ва металлургия саноатида ишлаётган ходимларимиз мураккаб иш ва иқлим шароитларида ер ости бойликларини самарали ўзлаштириш ҳадисини олиб бу масъулиятни ҳис этишига ишонаман.
Навоий кон-металлургия комбинатидек қудратли корхонанинг қатор ютуқларга эришишида, Шимолий кон бошқармаси жамоасининг ҳам улкан хизматлари бор.
1991 йили “Кокпатас” конининг очилиши билан шу йилнинг ўзида 1 040 000м3 кон массаси қазиб олинган бўлса, бугунги кунга келиб, ушбу натижа 445 214 420м3ни ташкил этмоқда. 2002 йилда мустақилликнинг ёш конларидан бири сифатида очилган “Даугизтау” конида ўша йили 3 646 000м3 кон массаси қазиб олинган. Қарийб, 21 йиллик фаолияти давомида ушбу кондан 269 883 500м3 кон массаси кончи азаматларимиз томонидан қазиб олинган.
1995 йилда истиқлолнинг илк заводи сифатида ишга туширилган 3-сонли гидрометаллургия заводида ўша йили 2,4163млн тонна маъдан қайта ишлаб чиқарилди, 2022 йилда бу кўрсаткич 8,1889 млн тоннани, 1995 йилдан шу кунга қадар эса заводда 147,749 тонна маъдан қайта ишлаб чиқарилган.
Сир эмаски Менделеев жадвалида юздан ортиқ элемент бўлса, шулар аксариятининг тасдиқланган заҳиралари, айниқса олтин конлари бўйича Ўзбекистон дунё миқёсидаги етакчилардан бири ҳисобланади. Уларни ўз вақтида қазиб олиш, ишлаб чиқаришга йўналтириш кончилар ва металлурглар олдидаги улкан вазифадир.
Ишонаманки мард, танти, кучли билим ва салоҳиятга эга бошқармамиз жамоаси жорий йилда қўйилган режа топшириқларни бажаради. Бунинг учун жамоамизнинг ҳар бир ходими белни маҳкам боғлаб, Ватан олдидаги бурчни ҳис этиб, меҳнат қилмоғи шарт.
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган “Инсон қадри учун” деган тамойил асосида корхонамизда ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш баробарида, ишчи-ходимларга муносиб меҳнат шароитлари яратиш мақсадида бўлинмалардаги маъмурий ва маиший биноларни жорий таъмирлаш, замонавий офис мебеллари ва ахборот-коммуникацион технологиялари билан жиҳозлаш ишлари жадал олиб борилмоқда. Энг асосий мақсад ходимларимиз учун муносиб меҳнат шароити яратиб, уларни рози қилишдир.
Қадрли ҳамкасблар!
Сизларни яна бир бора касб байрамимиз “Кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни” билан самимий табриклайман, Сизларга узоқ-умр, сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик, жонажон Ватанимиз иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида олиб бораётган барча эзгу ишларингизда муваффақиятлар тилайман!
Неъматилло АХАТОВ,
“Навоий” КМК АЖ Шимолий кон бошқармаси директори.