Ассалому алайкум азиз битирувчи - ёшлар!
Сизларни мактаб таълимини муваффақиятли тугатиб, мустақил ҳаётга – умрингизнинг янада гўзал ва масъулиятли босқичига қадам қўяётганингиз билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Бугун мамлакатимизнинг барча гўшаларида бўлгани каби Учқудуқ туманидаги 19 та умумтаълим даргоҳларида “сўнгги қўнғироқ”лар янграб, қадрдон мактабингиз, меҳрибон устозларингиз билан хайрлашув тадбирлари ўтказилаётган ушбу қувончли ва ғоят ҳаяжонли дамларда ҳаммангизга келгуси ҳаётда улкан ютуқ ва омадлар тилайман.
Азиз ўғил-қизларим!
Бугун сизларнинг ҳаётингизда энг қувончли кун. 11 йил мобайнида бир партада ёнма-ён ўтирган, бир оила аъзоларидек бўлиб қолган синфдошларнинг ҳар бири эртадан бошлаб ўзининг шахсий ҳаётини қуришга киришади. Кимдир таҳсилни олий ўқув юртида давом эттирса, яна кимдир ҳалол меҳнати билан оиласига қанот бўлади.
Ҳеч қачон унутманг, келажакда сизни янада улкан ва масъулиятли марралар кутмоқда. Олдингизга аниқ мақсад қўйиб, бор куч-ғайратингиз, билим ва салоҳиятингиз билан ҳаракат қилсангиз, кўзлаган чўққиларга албатта эришасиз!.
Қадрли ўқитувчи ва мураббийлар, ҳурматли ота-оналар!
Хабарингиз бор, юртимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси иштирок этган фуқароларнинг 90,2 фоизи томонидан ёқлаб овоз бериш орқали қабул қилинганлиги унда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганлигидан далолат бермоқда.
Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.
Референдум кўп миллатли мамлакатимиз халқларининг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги, суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуришга қатъий қарор қилганлигининг ишончли ифодаси бўлди.
Шунингдек Янгиланган Конституциянинг 52 – моддасида: “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ва тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.
Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади”, деган қоида ўрнатилди.
Хусусан, педагог ходимларнинг иш ҳақи сўнгги 10 йилда биринчи марта 50 фоизгача кўпайтирилди. Ўқитувчилар тўлдирадиган ҳужжатлар сони камайтирилди. Илгари 7 тани ташкил этган ўқитувчиларнинг ҳисоботлари 1 тага, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарининг ҳужжатлари 18 тадан 7 тага, синф раҳбарларининг ҳужжатлари 10 тадан 4 тага қисқартирилди.
Олис ҳудудларда жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган педагог ходимларнинг ойлик иш ҳақига иш стажи учун махсус устамалар берилиши йўлга қўйилди.
Энг муҳими, давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий ўсиши ҳақида ғамхўрлик қилиши мустаҳкамлаб қўйилди.
Ҳурматли устозлар! Азиз ёшлар!
Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда мактаблар тизимини ривожлантириш учун давлатимиз томонидан маблағ, имконият, зарур барча саъй-ҳаракатлар сафарбар этилаётир.
“Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” деган шиор асосида мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланди.
Буни биргина Учқудуқ тумани мисолида айтадиган бўлсак, жорий йилда ёш авлодга сифатли таълим бериш мақсадида, “Опен Бюджет” лойиҳаси доирасида 3-мактабга 120 млн. сўм, 5-мактабга 90 млн. сўм, 7-мактабга 120 млн. сўм, 10-мактабга 150 млн. сўм, 12-мактабга 300 млн. сўм, 18-мактабга 150 млн. сўм, 20-мактабга 300 млн. сўм жами 1 млрд. 230 млн. сўм маблағ йўналтирилган.
Ушбу маблағлар эвазига таълим муассасаларининг моддий - техника базаси янада яхшиланиб, ўқувчиларнинг сифатли таълим-тарбия олишлари учун қулай шарт-шароитлар яратилди.
Мана, яна бир ўқув йили ортда қолмоқда. Бугун туманимиздаги 19 та умумий ўрта таълим мактабида “Сўнгги қўнғироқ” янграб, 345 нафар ўқувчи битирмоқда. 9-11 синф битирувчиларининг 18 нафари мактабни олтин медаль билан тугатмоқда. Уларнинг ҳаётида янги саҳифа очилиб, катта ҳаётга учирма бўлишмоқда.
Аҳамиятлиси, туманимизнинг ўқувчи-ёшлари билимда спортда кўплаб ютуқларни қўлга киритиб, тенгдошларига намуна ва ўрнак бўлмоқдалар. 10-мактабнинг 5 нафар, 20 - мактабнинг 11 нафар, 18 – мактабнинг 2 нафар, 7 – мактабнинг 3 нафар, 3 – мактабнинг 4 нафар, 9 – мактабнинг 1 нафар жами 26 нафар битирувчиларимиз муддатидан олдин талаба бўлиш бахтига муяссар бўлишди.
Жумладан, куни-кеча умумтаълим мактаблари битирувчи синфлари ўқувчилари ўртасида кимё, биология, физика фан олимпиадаси ўтказилди. Унда 18-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Шуҳрат Каримов физика фанидан фахрли 2-ўринни қўлга киритиб, муддатидан олдин Навоий давлат педагогика институтига талабаликка қабул қилинди.
Шу мактабнинг яна бир ўқувчиси Сарваржон Қўлдошев Британия Менежмент университетининг 20 фоизлик грантини қўлга киритиб, мактабни тугатмасидан талаб бўлди. Шунингдек, 18-мактабнинг “Ёш чегарачилар”и ҳарбий спорт мусобақасининг туман, вилоят босқичида биринчиликни эгаллаб, мусобақанинг мамлакат босқичида фаол иштирок этишди.
Бундан ташқари, 10-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Суҳроб Ғаффоров Буюк Британиянинг Интернатионал Агриcултуре университетида ўқиш учун 120 миллионлик грант соҳиби бўлди. 20-мактаб битирувчилари Беҳруз Ҳайитов, Саиджон Латиповлар Туркия, Латвия ва Ўзбекистон ҳамкорлигида ташкил этилган АЛФРАГАНУС университетига муддатидан олдин талабаликка қабул қилинди.
Шу ўринда, “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” республика танловининг вилоят босқичида 20-мактаб фахрли биринчи ўринга сазовор бўлганлигини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим.
Бу йил иккинчи бор ўтказилаётган танловда мактаб жамоаси 250 миллион сўм пул мукофоти ҳамда “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Танловнинг мамлакат босқичида ҳам учқудуқлик ўғил-қизларимиз бор билим ва маҳоратларини намойиш этиб, юқори чўққиларни забт этишларига ишонаман!
Азиз битирувчилар!
Унутманг! Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло эсда чиқарманг!
Илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Негаки, юксак мақсадларни, улкан довонларни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар йўлида сиз – ёшлар ҳал қилувчи куч бўлишингиз керак!
Ҳурматли Юртбошимизнинг, ота-онангизни, устозларин-гизнинг ана шундай юксак ишончига доимо муносиб бўлинг!
Азиз ўғил-қизларим!
Мактаб даргоҳидаги сўнгги, мустақил ҳаёт йўлингиздаги илк қўнғироғингиз муборак бўлсин!
Билим олишда ҳамиша давом этинг!
Барчангизга сиҳат-саломатлик, ўқишда, шахсий ҳаётда катта ютуқ ва омадлар тилайман.
Сизларнинг ютуқ ва ғалабаларингизга ишонаман, азиз ўқувчи-ёшлар!
Эътиборингиз учун рахмат!