Ижтимоий тармоқларда бир қатор ўқитувчилар томонидан Халқ таълими вазирлиги эълон қилган #Ustoz2020 кўрик-танлови дастлабки натижаларидан норозилик туфайли президентга йўлланган мурожаат пайдо бўлди. Айни шу масалада интернет орқали Kun.uz билан боғланган ўқитувчилар ҳам танлов холис ўтганига шубҳа билдирган.
Давлат раҳбарига йўлланган мактуб матни қуйидагича:
“Ҳурматли Шавкат Миромонович. Биз, халқ таълими тизимидаги бир қатор ўқитувчилар Сизга мурожаат қилмоқдамиз. Биз таълим тизимидаги ислоҳотларга ишонган ҳолда, Xалқ таълими вазирлиги томонидан эълон қилинган #Ustoz2020 кўрик-танловида қатнашдик, аммо биз биринчи босқич натижаларидан қаттиқ норозимиз. Танлов шартларига кўра, икки дақиқалик видеоролик ўқитувчининг ижодкорлиги ва изланувчанлигига кўра баҳоланиши керак эди. Бироқ, танловга топширилган аризаларни иншо кўринишида қабул қилиб, фақат иншога қараб видеороликларни баҳолашган. Низомда эса иншога урғу берилмаган. Катта эҳтимол билан, бизнинг аризаларимиз ва видеороликларимиз кўриб чиқилмаган.
Нуфузли Global Teacher Prize танловига қандай мезон асосида ўқитувчиларни саралашмоқда, бизга қоронғилигича қолмоқда. Айрим, сертификатлар билан кифояланган, ичида маълум ғояси бўлмаган видеороликларни халқаро кузатувчиларга тақдим қилиб, юртимиз обрўсини таваккалга қўйишмоқчими? Таълимда арзирли бир янгилик яратган, мавжуд чекланган имкониятлардан шахсан қулайлик яратиб, йиллар давомида кўплаб меҳнат қилган ўқитувчилар номуносиб баҳоланган.
Ҳурматли Шавкат Миромонович! Нима учун, бизда таълимдан бошлаб ҳамма соҳада “қўл учида” ёндашиб ишлаш механизми кучайиб кетган? Ривожланган давлатларда, ҳар бир жараёнга ипидан-игнасигача аҳамият қаратилиб, ҳар бир ҳодиса илмий ишдек таҳлил қилинади, уларнинг ривожланиш сабаби ҳам шунда, деб ўйлаймиз. Биз танловдаги мағлубиятимиз учун эмас, тизимдаги ноҳақликлардан қаттиқ норозимиз. Ўзимиздан кучли, билимли кадрларни тан олишга тайёрмиз, аммо нуфузли халқаро танловга шунчалик юзакилик билан ёндашиш мумкинми? 12 минг 495 нафар иштирокчини 9 нафар ҳакамлар ҳайъати қандай қилиб қисқа муддатда таҳлил қилиши мумкин? 24 минг 990 та эссе ва 12 минг 495 та роликни 10 кун ичида 9 киши баҳолай олиши ақл бовар қилмас иш, деб ҳисоблаймиз. Аттестациялардан норозиликлар, исбот қила олмайдиганимиз таниш-билишчилик ёки коррупция, ён босиш ҳолатлари, бекордан бекорга тарқалмайдиган турли миш-мишларни текшириб, қонунан чора кўришларини, бизни бошимизда ўтирган катта-кичик раҳбарларнинг ўз дунёқарашидан келиб чиқиб туриб, қарорлар қабул қилиши тизимни фалаж ҳолатга олиб келишига қаршимиз! Албатта, бизни устимиздан турли раддиялар бериб, ўзларини оқлаш учун ташкилотчилар ҳамма имкониятини ишга солишини яхши англаймиз, лекин шуни айтмоқчимизки, биз кўплаб ўқитувчилар энди ҳеч қачон миллий танловга қатнашмаймиз, ишончимиз қолмади.
Шавкат Миромонович! Таълим тизими, халқ таълими бугун ва эртани ҳал қилувчи энг катта омиллигини ҳисобга олган ҳолда, бизнинг мурожаатимизни шахсан ўзингиз кўриб чиқишингизни ва адолат қарор топишини истаймиз”, – дейилади мурожаатда.
Kun.uz мухбири бу масала юзасидан Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова билан боғланди ва қуйидагича изоҳ олди:
– Жорий йилда йилнинг энг яхши ўқитувчисини саралашда илк бор Давлат органи аралашуви бўлмаяпти. Авваллари танловда таниш-билишчилик, коррупция ҳолатлари бўлгани тўғрисида иштирокчилар томонидан иддаолар бўлиши мумкин эди. Бу йил Ўзбекистон тарихида илк бор энг яхши ўқитувчини танлаб олишни ўқитувчиларнинг ўзига яъни “Ўқитувчилар уюшмаси” нодавлат нотижорат ташкилотига топширдик. Улар мустақил равишда танловни ўтказиб, ўзлари энг яхши ўқитувчини саралаб олади. Давлат органлари нодавлат ташкилот фаолиятига аралашиши мумкин эмас.
«Ўқитувчилар уюшмаси» нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Наргиза Қўчқорованинг бу борадаги фикрлари қуйидагича бўлди:
– Чиндан ҳам бундай танлов илк бора давлат ташкилоти аралашувисиз, нодавлат нотижорат ташкилот – яъни бизнинг уюшмамиз иштирокида ўтказиляпти. Бу жараёнда нафақат биз, балки халқаро ҳамкорларимиз ҳам иштирок этмоқдалар. Кенг қамровдаги, иштирокчилар сони жуда кўп бўлган ҳар қандай танловда норозиликлар бўлиши ҳам табиий. Биз бу масала юзасидан очиқ мулоқотга тайёрмиз.
13 минг нафарга яқин ўқитувчи танловда иштирок этиш истагини билдирган. Ҳакамлар ҳайъати учун ғолибларни саралаб олиш осон кечмади. Сабаби ҳар бир рўйхатдан ўтган ўқитувчи ғолибликка муносиб. Аммо кучлилар ичидан энг кучлилар танлаб олиниши бу ҳар қандай танловнинг асосий шартидир.
Халқаро нуфузли танловлар тажрибасига асосланиб, I босқичда иштирокчилар аввал техник саралашдан ўтказилди. Дастлаб танлов шартларига амал қилмасдан биттадан кўп ариза топширган иштирокчилар четлатилди, кейин сўровнома саволларига тўлиқ жавоб бермаган, аниқ мисоллар ишлатилмаган, иккита саволда битта жавобдан нусха олиб қўйилган, номинация талабларига жавоб бермасдан ариза топширган, видеороликда онлайн дарс ёки тақдимот юклаган иштирокчиларнинг аризалари ҳам техник саралашдан ўтмади. Афсуски бундай аризалар кўпчиликни ташкил қилди.
Шундан кейин техник саралашдан ўтган жами 2289 та ариза ҳакамларга тақдим этилди ва улар томонидан баҳоланди. Баҳолаш жараёнида энг юқори балл олган 250 та ариза иккинчи марта текширувдан ўтди ва улар орасидан 150 иштирокчи иккинчи босқич учун сараланди. Ҳакамлар бирорта иштирокчининг исм-фамилиясини кўрмади, сўровномага жавоблар улар рўйхатдан ўтганда берилган ID билан рақамланиб ҳакамларга берилди, видеолар эса алоҳида тақдим этилди.
Танловнинг барча босқичларида ҳакамлар томонидан иштирокчиларнинг баҳоланиши белгиланган талабларга мослиги халқаро аудитор томонидан текширилади ва хулосаси Varkey Foundation’га тақдим этилади. Бундан ташқари, энг муҳим жиҳати шундаки, ушбу танловда қатнашган барча иштирокчилар ва ҳатто қатнашмаган ўқитувчилар Global Teacher Prize мукофотида тўғридан тўғри қатнашишлари мумкин.
Хўш, ғолиблар қандай мезонлар асосида баҳоланди (ушбу мезонлар танлов шартларида ҳам кўрсатилган):
- фаолият самарадорлиги ва натижадорлиги, ўқувчиларининг таълимдаги ютуқлари;
- шахсий фазилатлар (педагогик сезги, ижодкорлик, импровизация, уюшқоқлик ва мулоқот маданияти) ;
- мактабдан ташқари фаолиятида касбий ва ташкилий маҳорати намуналарини кўрсатадиган ютуқларининг мавжудлиги;
- таълим тизими келажагига қўшган ҳиссаси ва ўқитувчилик касбини тарғиб қилиши;
- бўш ўзлаштирувчи ва иқтидорли ўқувчилар билан иш олиб бориши;
- ўқитишда инновацион таълим усулларини қўллаши.
Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, ҳакамлар ҳайъатига халқаро тажрибага эга, нуфузли халқаро танловларда муваффақиятли қатнашган, ўз ишини биладиган, энг асосийси, ҳалол мутахассисларни жалб қилдик. Ассоциация ҳам, вазирлик ҳам ҳакамлар ишига аралашишига йўл қўйилмади. Ҳакамлар ҳар бир ишни адолат билан, мезонларга риоя қилган ҳолда кўриб чиқишди.
Комил Жалилов, ҳакамлар ҳайъати аъзоси, Chevening ва Fullbright халқаро дастурлари стипендиати:
– Шуни алоҳида айтишим керак, ҳакамлар берилган барча ишларни сайтда эълон қилинган мезонлар асосида текширишди. Баҳолаш жараёнида аввало мезонлар ва дескрипторлар апробациядан ўтиши керак. Сўнг барча ҳакамлар бу мезонлар ва дескрипторларни бир хил талқин қилишлари учун “benchmarking” деган жараён ўтказилиши керак. Апробация ва “benchmarking” жараёнлари барча қонун қоидаларга риоя қилган ҳолда ўтказилди. Бир нарса: ҳакамларга техник талабларга жавоб берган ишларгина тақдим этилди. Танловларга топширилган ишлар техник талабларга жавоб беришини текшириш - бу нормал жараён ва мен биладиган танловларнинг барчасида бу нарса амалга оширилади.
Танловга тақдим этилган ишлар борасида шуни айтишим мумкинки, кучли ишлар билан бирга, олди-қочди гаплардан иборат бўлган ишлар ҳам бор эди. Ёки конкрет мисоллар келтирмаган, умумий гаплар билан чекланган ишлар ҳам бор эди. Чекланган сўзлар доирасида ютуқларини, таълимдаги инновацион ёндашувларини конкрет мисоллар билан кўрсата олиш ҳам катта маҳорат талаб қилади. Масалан, ўқитувчи айтмоқчи бўлган гапини узундан узоқ кириш қисми, ҳар хил иқтибослар билан бошлаб, кейин эса ўз фаолияти ҳақида конкрет мисолларни сиғдира олмаган бўлиши мумкин.