2021 йилда Самарқанд ва Навоийда 2та янги қуёш фотоэлектр станцияси қурилади. Шунингдек, 2024 йилгача яна 3та ФЭС қурилиши белгиланган.
2021 йил октябрга қадар, Навоий вилояти Кармана туманида ва Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида давлат-хусусий шериклик асосида қуёш фотоэлектр станциялари қурилиши белгиланган. Ҳар иккала лойиҳанинг энергия ишлаб чиқариш қуввати 100 МВтга тенг ва жалб қилиниши кутилаётган умумий инвестиция миқдори 210 миллион доллар бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда 2021-2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурида маълумот берилган.
Таъкидланишича, қурилиши режалаштирилаётган фотоэлектр станцияларида 40та янги иш ўрни яратилади.
Инвестиция дастурига кўра, Нуробод туманидаги фотоэлектр станцияси қурилиши билан Франциянинг «Tota Eren SA» компанияси шуғулланади. Навоийдаги станция қурилишини эса Бирлашган Араб Амирликларининг «Abu Dhabi Future Energy Company PJSC – Masdar» компанияси бажаради. Ҳар икки лойиҳа ҳам хорижий сармоя орқали молиялаштирилиши таъкидланган.
Аввалроқ, 2019 йил 18 октябр куни «Scaling Solar 1» лойиҳаси доирасида Навоий вилоятида қуввати 100 МВт бўлган ФЭС қурилиши бўйича ўтказилган тендерда Masdar (БАА) компанияси ғолиб бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Бундан ташқари, «Республика иқтисодиётига тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмларини такомиллаштириш чора- тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорида маълум қилинишича, 2021-2023 йилларда Сурхондарё вилояти Шеробод туманида қуввати 200 МВт бўлган, 2021-2024 йилларда Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида қуввати 200 МВт бўлган, 2021-2024 йилларда Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида қуввати 200 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши режалаштирилган.
Маълумот учун, қуёш фотоэлектр станцияси – қуёш радиацияси (нури)ни ютиб, унинг энергиясини иссиқлик ёки электр энергиясига айлантирувчи техник иншоотдир. Бугунги кунда жаҳоннинг кўплаб ривожланган мамлакатларида ФЭС тикланмайдиган энергия ресурслари ўрнига муқобил вариант сифатида жорий қилинмоқда.