Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроевнинг Янги йил байрами билан туман аҳлига табриги
Ассалому алайкум азиз учқудуқликлар!
Қадрли юртдошлар!
Бетакрор диёримизга янги – 2021 йил кириб келмоқда. Сиз, муҳтарам отахон ва онахонлар, меҳрибон опа-сингилларимиз, навқирон ёшларимиз, бутун тумандошлармизни янги йил байрами билан чин қалбимдан табриклайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва қувонч тилайман.
Поёнига етаётган 2020 йилда юртимиз ҳаётида яхши кунлар, улкан ютуқ ва марралар кўп бўлди. Шу билан бирга, афсуски, бошимизга оғир ташвиш ва синовлар ҳам тушди.
Лекин бу синовлар эл-юртимизни янада бирлаштирди. Мард ва олийжаноб ватандошларимиз сабру матонати туфайли биз бу синовларни ҳам муносиб енгиб ўтмоқдамиз.
Азизларим, қадрдонларим!
Биз бугун вақтнинг азим дарёдек шиддат билан ўтишига яна бир бор гувоҳ бўлиб, янги йилга, умр йўлимиздаги янги бир довонга қадам қўймоқдамиз.
Айни шу лаҳзаларда бошдан кечирган, ён-атрофимизда бўлиб ўтган қувончли ва ташвишли воқеалар, амалга оширган ишларимиз беихтиёр ҳар биримизнинг кўз ўнгимиздан бир-бир ўтади. Мана шундай кунларга етказгани учун Яратганимизга шукроналар келтирамиз.
Жамиятимизда инсонпарварликка асосланган тартиб-қоидаларнинг устувор бўлиши, одамларнинг оғирини енгил қилиш, дардига малҳам бўлиш, ҳар бир фуқа-ронинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, қисқа қилиб айтганда, халқнинг давлатга эмас, давлатнинг халққа хизмат қилишини таъминлашдек эзгу ишлар бундан кейин ҳам бардавом бўлади.
Азиз ва муҳтарам дўстлар!
Ушбу ҳаяжонли дақиқаларда сиз, азизларга қалбимнинг тўрида бўлган энг самимий тилакларимни изҳор этаман.
Барчангизни кириб келаётган Янги йил билан яна бир бор муборакбод этиб, мустаҳкам соғлик, оилаларингизга тинчлик, омонлик тилайман. Муҳтарам фахрийларимизнинг умрлари узоқ бўлсин, мунис аёлларимизнинг чеҳрасидан табассум аримасин, дилбар қизларимиз янада гўзал ва чиройли, бахтли-саодатли бўлсин, ёшларимизнинг бахту иқболини берсин.
Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!
Янги йил барчамизга муборак бўлсин, азизлар!