Ҳар қандай ота-она вояга етган фарзандлари ортидан фақат яхши сўзлар эшитишни исташади. Муқаддам опа ҳам ҳар кун дастурхон устида Учқудуқ туманида турли лавозимларда ишлаб шу юрт равнақи учун меҳнат қилаётган фарзандларини дуо қилиб, шу юртга тинчлик тилайди. Хонадонига келган миннатдорчилик номаси эса ана шу дуоларнинг ижобатидир.
Муқаддам опанинг ўғли – Наим Насимович Амонов узоқ йиллардан буён ШКБда меҳнат қилади. 2020 йил якунига кўра корхонанинг уран ва олтин ишлаб чиқариш давлат буюртма режаси муддатидан олдин бажарилди. Бунда ШКБ бош муҳандиси Наим Насимовичнинг ҳам меҳнатлари беқиёс. Ана шу меҳнатлар НКМК бош директори Қ. Санақулов томонидан эътироф этилиб, 2020 йил якунида уни тарбиялаган онасига ташаккурнома юборилди. “Бугунги кунда ўғлингиз – Наим Амонов комбинат жамоаси сафида рақобатбардош маҳсулот етказиб беришда бор куч ва билими, тажрибаси ва маҳоратини сафарбар этиб, янгиланаётган Ўзбекистонимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётганлигидан беҳад хурсандмиз” Ана шундай миннатдорчилик сўзларни эшитар экан Муқаддам опанинг кўзлари ёшланди. Аслида оналар шундай бўлади...