Олий Мажлисниг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев 2020 йилнинг 29 декабрь куни Конгресс холлда ўтказилган давлат раҳбарининг Мурожаатномасига бағишланган тадбирдан сўнг «Дарё» мухбири Миролим Исажоновга қисқа интервью берди.
Улуғбек Муҳаммадиев халқаро стандартлардан келиб чиқиб 2021 йилдан 25 та манзил-колониянинг босқичма-босқич қисқартирилишига муносабат билдирди.
25 та жазони ижро этиш муассасасининг тугатилиши шуни англатадики, аввало, юртимизда олиб борилаётган очиқлик ва адолатлилик сиёсати туфайли ҳамда Президентимизнинг ташаббуси билан афв институтининг қўлланилиши натижасида йилдан йилга маҳкумлар озодликка чиқиб, уларнинг сони камаймоқда, жазо муддатлари қисқармоқда. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, бугунги кунда Ўзбекистон Марказий Осиёдаги давлатлар ичида маҳкумлар сони энг кам мамлакатлардан бири ҳисобланади. Собиқ Иттифоқ даврида очилган манзил-колониялар йилдан йилга бўшаб бормоқда. Шу сабаб улар қисқартириляпти, бу жуда тўғри қарор. Ушбу жараёнларни дунё ҳамжамияти ҳам кузатиб турибди.
Давлат раҳбари ўз Мурожаатномасида жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш ваколати жазони ижро этиш органидан, янги ташкил этиладиган Инсонпарварлик комиссиясига ўтказилишини таъкидлади. Буни эса инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимидаги навбатдаги катта ютуқ дейиш мумкин.
Улуғбек Муҳаммадиев, Олий Мажлисниг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили