LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

26 Nov 2020

 

“Ўзбекистондаги 10 мингта мактабнинг 3 мингтасида ошхона йўқ. Мактабгача таълим муассасасида ишлаётганларнинг фақатгина 20 фоизигина олий маълумотли. «Эл-юрт умиди» фонди етарли даражада молиялаштирмаяпти”, дейди «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров.

Алишер Қодиров «Миллий тикланиш» партияси ўзининг «Инсон ўзгармаса, жамият ўзгармайди» деган ғоясидан келиб чиқиб, 2021 йилда айрим масалаларга эътиборни кучайтираётганини маълум қилди.

“10 мингта мактабнинг 3 мингтасида ошхона йўқ. Борларида ҳам, шароит кутилганидан жуда узоқда. Француз педагоги Гуй Жакуин 18 ёшгача бўлган бола организмини порох бочкасига ўхшатади: «...унинг ҳар бир аъзосида соатбай оғриқли ўзгаришлар юз беради. Бу жуда оғир психо-физиологик стрессни юзага келтиради. Бу жараённинг катта қисми мактабда ўтади. Бола бу даврда ҳаётини издан чиқариб юборадиган мантиқсиз қарорлар қабул қилиши шу стресснинг таъсиридир. Бу стрессни самарали озиқлантириш орқали ўсишга хизмат қилдириш керак», деган хулосани беради.  

Демак, мактабларимизда майда ҳуқуқбузарликлардан бошлаб, жиноятгача юз бераётганлиги ошхоналар билан боғлиқ.  

Таклиф, давлат-хусусий шерикчилик асосида, барча мактабларда ошхоналар фаолияти йўлга қўйиш керак. Кам даромадли иш эканлигидан келиб чиқиб мактаб ошхоналарини юритадиган тадбиркорларга имтиёзлар кўзда тутилиши муҳим”, деб ёзади «Миллий тикланиш» демократик партияси раиси ўз расмий каналида. Шу ўринда Алишер Қодиров мактабгача таълим муассасаларидаги муаммоларни кўтарган.

«Мактабгача таълим соҳасида кенг қамровли қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу жуда яхши, лекин замонавий муассаса бўлса-ю, мазмуни бўлмаса мақсадга эришиб бўлмайди. Бугун боғчаларда ишлаётган педагогларнинг 20 фоизга яқини олий маълумотли, холос. Улар ҳам 1 миллион сўм атрофида маош олишмоқда. Муаммоларга тўла тарбиячини болага меҳр кўрсатишига ишониш қийин.  

Боғчада бола агрессив муносабат кўрди дегани 10-15 йилдан кейин жамиятда агрессив кайфият кафолатланади деганидир. Президентимиз томонидан бекорга мактабгача таълимга жиддий эътибор қаратилаётгани йўқ. Чунки, бу давр пойдевор давр. Пойдевор мустаҳкам бўлмаса унинг устига қурилган бино мустаҳкам бўлмайди. Мактабгача таълим тизимини профессионал педагоглар билан таъминлаш ва уларнинг қадрини кўтариш масаласи жиддий ўйланиши керак», деб ёзади Алишер Қодиров.

Шунингдек, Алишер Қодиров «Эл-юрт умиди» фонди етарли даражада молиялаштирилмаётганини айтмоқда. Бу ҳақида у ўзининг расмий каналида қуйидагиларни баён қилмоқда.

“Президент ташаббуси билан ташкил этилган «Эл-юрт умиди» фонди мамлакатимизга қисқа муддатларда савияли кадрларни етказиб бериши керак. Бу фонд етарли молиялаштирилмаяпти. Мисол сифатида Қозоғистоннинг «Бўлажак” фондини келтириш мумкин. Бу фонднинг бюджети 100 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Улар бугунгача 16 мингга яқин сифатли давлат хизматчисини тайёрладилар.

Мамлакатимизни қудратли бўлиши иқтисодий қувватимизни ошириш билан бир қаторда инсон капиталига тикиладиган сармоянинг миқдори ва сифатига ҳам боғлиқ.

Президент томонидан депутатлар билан учрашувда бир гап айтилган эди: “Пулни топамиз. Инвестициялар жалб қиламиз. Иқтисодимиз албатта ривожланади. Лекин меҳнатларни қадрлайдиган авлодни тарбиялай олмасак, қилган ишларимиз беҳудага кетади".

26 Nov 2020

Бюджет жараёни шаффофлигини янада ошириш мақсадида, бюджет ижросига доир маълумотларни вазирлик ва идоралар томонидан ўзларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш амалиётини тўлиқ йўлга қўйиш ҳамда ўз расмий веб-сайтларида молиявий ҳисоботни эълон қилмаган вазирлик ва идораларнинг масъул раҳбарларини жаримага тортиш таклиф қилинмоқда.

Бу ҳақида Олий Мажлис қонунчилик палатаси халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари Қодир Жўраев фикр билдирган.

Унинг айтишича, бугунги кунда 58 та вазирлик ва идоралардан фақатгина учтаси бюджетлари ҳақидаги маълумотни очиқ тақдим этиб келади. Қолган ташкилот ва вазирликларнинг расмий веб-сайтида бу ҳақида маълумот йўқ.

Эндиликда бу ҳақда очиқ маълумот бермаган ташкилот жаримага тортилиши таклиф этилмоқда.

Амалдорнинг билдиришича, қатор йиллардан бери амал қилиб келаётган солиқ имтиёзларини танқидий руҳда қайта кўриб чиқиш ва тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш, самара бермаётган солиқ имтиёзларини бекор қилиш юзасидан таклифлар ҳам ишлаб чиқилади. Шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хизмат автотранспортларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш, жойларда давлат идоралари томонидан ҳаддан зиёд қиммат турувчи хизмат автомашиналари сотиб олиниши ҳолатларига барҳам бериш ҳам мақсадга мувофиқ, деб ёзмоқда Қодир Жўраев.

26 Nov 2020

Президент Шавкат Мирзиёев 20 ноябр куни пойтахтда фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимлари ва педагоглар билан учрашди. Учрашувда тиббиёт ва таълим соҳасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.

 

«Тошкентда сифатли тиббий хизмат ва мактаб таълимига қандай эришамиз? Мени шу савол қийнайди. Таълим ва тиббиёт тўғрисида қарорлар қабул қилдик. Пастдаги муҳитни сизлар кўпроқ биласизлар. Одамлар ҳозир таълимдан ҳам, тиббиётдан ҳам норози. Мактаб директорининг ҳам, поликлиника раҳбарининг ҳам иш услубини биламан, мени бугун қониқтирмайди», – деди давлат раҳбари. 

Қайд этилишича, учрашувдан асосий мақсад – одамларга маъқул таълим ва тиббий хизматни таъминлашда қуйи тизимдаги масалаларни билиш ва уларни ечишда тўғри йўл тутиш. 

«Тошкентда тиббиёт соҳасида академия, илм маскани борми? Бор. Иккинчидан, Тошкентда 60га яқин республика тиббий муассасалари борми? Бор. Яхшими-ёмонми, 150та поликлиника, турли йўналишлар бўйича шифохоналар борми? Бор. Охирги 3,5 йил сизлар билан бирга ишлаяпмиз, шу йилларда одамлар тиббиёт соҳасида нимадандир рози бўла олдими, йўқми? Иккинчидан, академиянинг, республика муассасаларининг куч-қудратидан, имкониятидан амалда фойдаланиляптими? Сирдарёга, Наманганга ёки Тошкент вилоятига нисбатан одамларни рози қиляпмизми, йўқми? Менинг ўйлашимча, саволга ижобий жавоб йўқ. Ўзгарамизми, йўқми? Ўзгарсак, қандай ўзгарамиз? Тик туриб, белимизни маҳкам боғлаб пойтахтдаги 3 миллион халқни рози қила оламизми, йўқми, деган савол мени қийнайди», – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент соҳага масъул вазир ўзгартирилгани, бошқарма бошлиғи лавозимига тажрибали мутахассис тайинланганини айтди.

«Тизимни ўзгартиряпмиз. Натижа қачон бўлади? Энди бажарувчи - сизлар. Сизларнинг қасамёдларинг бор. Бошқа соҳанинг қасамёди йўқ. Шу қасамёдга муносиб бўла оласизларми, йўқми? Мен ишонаманки, бўла оласизлар. Мендан нима керак, сизлар қандай қилиб иш услубини ўзгартиришингиз мумкин?» – дея савол билан мурожаат қилди давлат раҳбари.  

Шавкат Мирзиёев режалар катта эканини айтиб, тиббиёт ходимлари, худди ўқитувчилар сингари, 1000 доллар миқдорида иш ҳақи олиши кераклигини билдирди.

«Оддий муаллим 1000 доллар иш ҳақи олмаса, у ишга келиши керак эмас. Шифокор ҳам худди шундай, 1000 доллар олмаса, эртага уйга бориб боласини, набирасини қандай боқади? Қилишимиз мумкинми? Мумкин. Тинчлик, осойишталик керак, бир-биримизни тўғри тушунишимиз керак», – деди давлат раҳбари.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида 23 минг нафар ўқитувчи бор, 500та вакант мавжуд. Тиббиёт соҳасида 498та вакант жой бор. 

«Иш керак деймиз, лекин мана иккита соҳада ҳам 1000та вакант турибди. Нега? Бюрократия. Сизларда эркинлик йўқ. Тошкент шаҳрида қандай қилсак бўладики, шу икки тизимга мукаммал озодлик, масъулият, жавобгарлик бериб, болаларимизни яхши ўқитсак?» – деди президент.

Қайд этилишича, тиббиёт ва таълим давлат ва халқ ўртасидаги адолат кўпригидир. 

26 Nov 2020

АҚШнинг Оҳайо штати университети олимлари саратонга қарши PD1-Vaxx вакцинасини одамларда синашни бошлашди

PD-1 ингибиторлари янги синфдаги дори воситаси бўлиб, “қотил” ҳужайраларга саратон ҳужайралари ортидан самаралироқ “ов қилиш”га имкон беради. PD1-Vaxx вакцинаси ҳам В-, ҳам Т-ҳужайралар функцияларини фаоллаштиради ва ўсимтанинг кичрайишига ёрдам беради. Вакцина билан даволаш саратон ҳужайралари иммун тизими ҳужумларидан қочиш учун қўллайдиган механизмни блоклашга қаратилган. Олимлар ушбу вакцинани иммунотерапевтик дори воситаси билан биргаликда қўллаб, иммун тизимини саратон ҳужайраларини ўлдиришга йўналтирган ҳолда “қайта юклашга” эришишган.

Олимларнинг маълум қилишича, ушбу комбинацияланган даволаш усули йўғон ичак саратони билан касалланган ҳайвонларда синовдан ўтказилган ва 10та ҳайвондан 9тасида тўлиқ иммун жавоби ҳосил қилган. Синовлар вакцинанинг самарадорлиги ва хавфсиз эканини кўрсатган.

Эндиликда эса вакцинани АҚШда одамларда синашга рухсат олинди. Вакцина майда ҳужайрали бўлмаган ўпка саратонидан азият чекувчи беморларда синалади.  

“Биз вакцина синовларини бошлашдан ва ўпка ҳамда бошқа турдаги саратондан азият чекувчи беморларга янги умид беришдан хурсандмиз”, деб айтган тадқиқот муаллифларидан бири.

25 Nov 2020
Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 107-моддаси биринчи қисмига ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан бирданига икки ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юбориш тўғрисидаги қарор лойиҳаси қабул қилинди.

Kun.uz мухбири хабар беришича, мазкур қонун лойиҳаси билан фуқароларнинг судлар орасидаги сарсонгарчиликларининг олдини олиш мақсадида судлар фаолиятига бир қатор ўзгартиришлар киритилмоқда.

Жумладан, 2021 йил 1 январдан бошлаб:

  • Вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш;
  • Маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 107-моддаси биринчи қисмини қуйидаги таҳрирда баён этиш таклиф этилмоқда: «Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари, жиноят ишлари буйича туман (шаҳар) судлари, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ва туманлараро маъмурий судларидан иборат».

Лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида Россия Федерацияси, Озарбойжон Республикаси, Грузия, Германия, АҚШ, Франция, Венгрия, Чехия, Литва, Латвия, Украина, Қозоғистон, Беларус, Қирғизистон каби давлатларнинг суд тизими, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар таркиби бўйича тажрибалари ўрганиб чиқилган.

Қонун лойиҳасининг амалиётга жорий этилиши натижасида фуқароларнинг судма-суд сарсон бўлиб юришига барҳам берилиб, уларнинг муаммолари бир жойда ҳал этилишига эришилади. Суд тизимини бошқариш масалалари такомиллаштирилиб, вилоят ва унга тенглаштирилган судларни ташкилий, молиявий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш янада яхшиланади.

25 Nov 2020
 

Сўнгги вақтларда фуқаролар иштирокида ижтимоий тармоқлар орқали фирибгарлик жиноятлари содир этилиш ҳолатлари тез-тез учраб турибди. Вилоят ИИБ ТБга “Навоий Aвто Савдо” МЧЖ ўзининг телеграм гуруҳи орқали акция ўтказиб, пуллик ютуқларни ўз эгаларига ўтказиб бериш важидан пластик карталардаги пулларни асоссиз ечиб олганлигини айтиб бир неча фуқаролар шикоят аризалари билан мурожаат қилишган.

Келиб тушган мурожаатларни ўрганиш асносида вилоят ИИБ ТБ тезкор ходимлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ишлари олиб борилган. Aён бўлишича Тергов ҳужжатларида исми шарифи келтирилган 25 ёшли фуқаро Ҳ.Ш Телеграм ижтимоий тармоғида автомобил савдоси билан шуғулланувчи компанияларнинг номидан фойдаланиб автомашина сотиб олмоқчи бўлган 20 дан ортиқ фуқароларни чув туширган. 

Қарийб 20 млнга яқин маблағларни ўз эҳтиёжи йўлида сарфлаб юборган уддабурон дастлаб, ўзини “Навоий Aвто Савдо” МЧЖнинг ходими деб таништириб, телеграм гуруҳидаги мавжуд фойдаланувчиларга смс хабарномалари жўнатиш орқали фуқароларнинг ишончига кириб, компания томонидан акция бўлаётганлигини, унда ғолиб бўлганларга 300 000 сўмдан 1 700 000 сўмгача бўлган пул ютуқлари фақатгина пластик карталарга ўтказиб берилишини айтади. Мижозларга тегишли бўлган пластик карта маълумотларини ва сир сақланиши керак бўлган маҳфий кодларни қўлга киритгач катта миқдордаги пул маблағларини ечиб олади. 

Фото: Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Тезкор суриштирувларда ушбу жиноятни содир этган шахс асли Қизилтепа туманида яшовчи фуқаро Ҳ.Ш бўлиб, Бухоро вилояти ҳудудида эканлиги аниқланди ва Бухоро вилояти ИИБ ходимлари томонидан  гумонланувчи сифатида қўлга олинди.  Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан  Навоий шаҳар, Зарафшон шаҳри ҳамда Бухоро вилояти ИИБ ТБ томонидан тергов ишлари олиб борилмоқда ва унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёж чораси кўрилган. 

Фото: Twitter.com

Фуқароларимиздан бу каби ҳолатларга тушиб қолмасликлари учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланаётганда эҳтиёт бўлишларини, пластик карта ва сир сақланиши лозим бўлган шахсий маълумотларни ҳеч кимга бермасликларини сўраб қоламиз. 

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати 

25 Nov 2020

Статистик маълумотларга кўра, республикамизда сўнги уч йил ичида кузги-қишки иситиш мавсуми даврида содир бўлаётган фавқулодда вазиятларнинг аксарияти ис газидан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ.
Ис гази организмга нафас органлари орқали таъсир этади. Ушбу газ гемоглобин билан кислородга нисбатан 300 маротаба кучли бирикма-карбоксигемоглобин ҳосил қилади. Оқибатда гемоглобиннинг тўқималарга кислород ташиш хсусияти кескин пасайиб, гепоксияга, оғир ҳолоатларда эса - аноксияга олиб келиш олиб келиши ҳамда шу тариқа инсон ҳаётдан кўз юмиши мумкин.
Таҳлилларга кўра ис газидан заҳарланишнинг аксарияти қуйидаги сабабларга кўра юзага келмоқда:
- Фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик;
- Ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва мосламаларидан фойдаланиш;
- Иситиш печларининг дудбуронларини нотўғри ўрнатиш;
- Газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари (мосламалари) ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кириш;
- Ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари) дан фойдаланиш;
- Ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб, тўсиб қўйиш;
Юқорида кўрсатиб ўтилган сабабларга кўра иситиш учун фойдаланилаётган ёқилғи (газ, кўмир, ўтин ва бошқалар) ни чала ёниши натижасида ис гази ҳосил бўлади.
Бундай сабабларни келиб чиқишига йўл қўймаслик ва ис газидан заҳарланишдан огоҳ бўлиш лозим.
Айнан мана шу табиат ходисаси оқибатида одамларнинг ис газидан захарланиши эҳтимоли нега юқори эканлигини биласизми?
Фан тили билан эмас балки оддий қилиб тушунтирганда, хонадондаги иситиш печи, кўмир, ўтин ва бошқа ёқилғи ёқилганда, газ ажралиб чиқади, мўри орқали ташқарига чиқаётган тутун ва газни кучли шамол босими уйнинг ичкарисига қайтариб юборади. Тутун ва ис гази уйга тўла бошласа ўша ерда одамларнинг захарланиши кузатилади.
Табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги, газ оқимининг беҳосдан узилиб қолиши, хона ичида газ тўпланиши, газни ёқиб қаровсиз қолдириш, иситиш тизимларида газни улашда хавфсизлик қоидаларига амал қилмаслик оқибатида портлаш ва ёнғин содир бўлиши ҳамда табиий газ ва ис газларидан захарланиш ҳолатлари билан боғлиқ фавқулодда ҳолатлар содир бўлиши мумкин. Натижада инсонлар турли даражада тан жароҳати олишлари ёки ҳаётдан кўз юмишлари ҳам мумкин.
Ис газидан қатор органик моддалар синтез қилувчи корхоналарда, гаражларда, ветиляцияси ёмон бўлганда, янги буялган, шамоллатилмайдиган хоналарда, шунингдек уй шароитида табиий газ ёниқ турганда ва печка билан иситиладигшан уйларда печка қопқоғи ўз вақтида ёпилмаганда захарланиб қолиш мумкин. Ис газидан захарланиш унинг ҳаводаги консентрацияси ва таъсир муддатига боғлиқ бўлади. Захарланиш енгил, ўрта ва оғир даражаларда бўлади, бундай ҳолларда бош қаттиқ оғрийди, айланади, қусиш, хушдан кетиш ҳамда нафас олиш секинлашади, баъзан ўлимга ҳам олиб келади. Ис газидан заҳарланган кишини зудлик билан тоза ҳавога олиб чиқиш лозим, юзаки нафас олишда ёки нафас олиш тўхтаб қолганда сунъий нафас олдириш лозим. Агар бемор ҳушида бўлса, тананинг юқори қисмини қисиб турувчи кийимлардан бўшатилади ва иссиқ чой ёки қахва ичирилади. Сўнгра тез тиббий ёрдам чақирилади.
Аҳоли, ташкилотлар ва таълим муассасалари ўртасида ис газидан захарланишни олдини олиш ва ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларига риоя этиш тўғрисидаги шу каби кенг тушунтириш ишлари олиб боришдан мақсад, инсонларни бевақт ҳаётдан кўз юмишларини олдини олиш ва содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларни муваффақиятли бартараф этиш ишларига кенг жамоатчиликни жалб қилишдан иборатдир.
Зеро, хушёрлик, огоҳ бўлиб яшаш – у бир кунлик ёки бир ойлик мавсумий масала эмас, балки кундалик иш, кундалик амалий ҳаракат бўлиши лозим.

Жасурбой Шадманов, Беҳзод Раззоқов,
Санжар Баҳодиров
Шимолий кон
бошқармаси Ёнғин хавфсизлиги
бўлими инспекторлари

25 Nov 2020

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Кун тартибига иккита масала – ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги ҳамда хизматлар соҳасини ривожлантиришга доир келгуси вазифалар муҳокамаси киритилган.

Маълумки, йил бошида ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокими халққа мурожаат қилиб, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича аниқ режаларини белгилаб олган эди. Уларни амалга ошириш мақсадида, бу йилги мураккаб синовларга қарамасдан, бизнесни қўллаб-қувватлаш учун етарли ресурслар ажратиб, барча зарур шароитлар яратилди.

Йиғилишда, аввало, ҳокимлар ва сектор раҳбарларининг асосий вазифаси ва зиммасига олган мажбурияти – янги иш ўринлари яратиб, эҳтиёжманд оилаларни “темир дафтар”дан чиқариш борасидаги ишлар натижадорлиги кўриб чиқилмоқда. 

Масалан, Сирдарё вилоятида 10 ойда 12 мингта доимий иш ўрни ташкил этилган. Натижада “темир дафтар”га киритилган ишсиз фуқароларнинг қарийб 90 фоизи бандлиги таъминланган.

Худди шундай, Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри ва Китоб тумани, Навоий вилоятининг Қизилтепа, Учқудуқ, Навбаҳор туманлари ва Зарафшон шаҳрида кўп иш ўрни яратилгани қайд этилди. Шу билан бирга, бу борада аҳвол қониқарсиз бўлган туманлардаги сусткашликлар кўрсатиб ўтилди.

- Ҳар бир ҳудудда тадбиркорликни ривожлантиришнинг катта ресурслари бор. Фақат уни ишга солиш  керак. Ҳудуд раҳбарлари ҳар куни бу ҳақда ўйлаши ва изланиши лозим, - деди давлатимиз раҳбари.

Мазкур йилда оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида жами 4 триллион сўм ажратиш белгиланган эди. Лекин йил давомида қўшимча маблағлар ҳам йўналтирилди, аҳоли ва тадбиркорларга жами 5,2 триллион сўм имтиёзли кредитлар берилди.

Йиғилишда ушбу маблағларнинг самарадорлиги таҳлил қилинди. Мисол учун, Шовот туманида 26 миллиард сўм оилавий кредит ажратилиб, бир ярим мингта иш жойи яратилган. Яъни, 1 миллиард сўм кредитга 56 та янги иш ўрни тўғри келган.

Бу кўрсаткич Қўшработда 57 та, Музработда 49 тани ташкил этган.

Бугунги кунда тадбиркорларнинг қарийб 1 триллион сўмлик янги лойиҳалари учун кредитларга талаби борлиги қайд этилди. Молия вазирлигига янги жалб этилган еврооблигация маблағларидан 1 триллион сўмни Халқ банки, Микрокредитбанк ва Агробанкка оилавий тадбиркорлик дастурлари учун ресурс сифатида жойлаштириш вазифаси қўйилди.

Халқ банкига хотин-қизлар тадбиркорлиги учун лойиҳалар тайёрлаб, уларни ўз бизнесини йўлга қўйишни ўргатиш топшириғи берилди. Бунда банк ходимлари аёллар билан мижозбай, маҳаллабай, туманбай бевосита ишлаши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Тадбиркорлик фаолияти учун яратилган имтиёзлар натижасида 10 ойда 78 мингта корхона ташкил этилган. Хусусан, Ховос туманидаги янги кичик саноат зонасида 7 та лойиҳа натижасида 500 та иш ўрни яратилган. Умуман, туманда жами 170 та янги корхона очилган.

Лекин Ёзёвон, Учтепа, Шофиркон ва Бекобод туманларида фаол тадбиркорларни кўпайтириш бўйича ишлар танқид қилинди. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига бундай жойларда тадбиркорларга ҳар томонлама кўмак бериш бўйича “бизнес-патронаж” тизимини йўлга қўйиш топширилди.

Пандемия даврида вақтинча ишламай турган 96 мингта корхона ўз фаолиятини тиклагани қайд этилиб, қолган бизнес субъектларига ҳам бу борада кўмаклашиш муҳимлиги таъкидланди.

Ҳудудларда тадбиркорларни ер масаласи кўп қийнаётгани, бу борада кўплаб мурожаатлар бўлаётгани кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда жойларда инфратузилмани яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ривожланишдан орқада қолаётган 22 та туман учун инвестиция дастури доирасида 264 миллиард сўм, бошқа ҳудудлар учун қўшимча 736 миллиард сўм йўналтирилиши қайд этилди.

Иш ўринлари ташкил этиш, тадбиркорлар муаммоларини ҳал қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида ўзибўларчиликка йўл қўйган Бухоро, Жондор ва Сирдарё туман ҳокимларини лавозимидан озод этиш масаласи қўйилди.

Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ҳокимларнинг ҳисоботини маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиб, фаолиятига баҳо бериш, шунингдек, 2021 йил учун аниқ режаларни белгилаш муҳимлиги таъкидланди.  

24 Nov 2020

 

Маълумки, Конституциямизнинг 36-моддасида ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли. Банкка қўйилган омонатлар сир тутилиши ва мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланиши кўрсатилган.

Ушбу мақола юзасидан биринчи Исломда мерос масаласига тўхталиб ўтсак: Мерос сўзи “Виросантун” сўзидан олинган бўлиб маънавий ёки молиявий ҳаққа эга бўлиш дегани. Яъни бирон нарсани бир шахсдан бошқасига ўтишлигидир. Шу маънога кўра “мерос” мол, бойлик, илм, улуғликни ўз ичига олади.

Фиқхий тушунча бўйича майитнинг ортида шаръий ворисга қолган мол ва ҳуқуқларга мерос дейилади. Азалдан ҳар бир халқ ва динларда вафот этган кишининг мол-мулкини мерос қилиб олиш қонун-қоидалари бўлган. Жумладан, динимизда ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, оят, ҳадис ва ижмода ким қанча мерос олиши баён қилинган.

Собиқ иттифоқ даврида амалда бўлган қонунчиликда мерос мулки масаласида бир қатор нормалар мавжуд бўлсада, ўша давр жамиятининг иқтисодий негизини давлат мулки ташкил этган. Фуқаролар амалда арзирли хусусий мулкка эга бўлмаганлиги сабабли ушбу қонун нормаларига камдан-кам мурожаат қилинган.

Олиб борилган иқтисодий ислоҳотларнинг самараси оқибатида жамиятда мулкдорлар синфи вужудга келди, уларнинг сони ва сифати кун сайин ошиб бормоқда.

Жамиятимизда олиб борилган ислоҳотлар натижасида мулкдорлар синфи вужудга келиши билан бир вақтда мавжуд мулкни авлоддан-авлодга ўтишини ҳуқуқий тартибга солиш зарурияти туғилди.

Шу билан бир қаторда мулкни авлоддан-авлодга ўтишини ҳуқуқий тартибга солиш зарурияти туғилди ва 1997 йил 1 мартдан амалга киритилган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг V бўлимида мулк эгасининг вафотидан кейин унинг барча мол-мулки унинг ворисларига ўтишига доир қонун нормалари мустаҳамланди.

Ворислик ҳуқуқи билан боғлиқ қонун нормаларининг судлар томонидан амалда тўғри ва бир хил қўлланилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан мерос ҳуқуқига оид қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида”ги 5-сонли қарори қабул қилиниб, тегишли тушунтиришлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 54-моддасида мулкдорнинг ўз мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни эркин тасарруф қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланган. Албатта, мулкдор бу ҳуқуқларидан ҳаётлик чоғида бевосита фойдаланади.

Мерос тақсимлашнинг иккита тури бўлиб, биринчиси мол-мулк эгаси қолдирган васиятнома асосида мерос бўлинади.

Бунда мулк эгаси вафотидан олдин кимга нима мерос қолдириш борасидаги васиятномани нотариал идорасидан тасдиқлатади. Васият қилувчи ўзининг хоҳишига кўра мол-мулкни исталган шахс, ҳатто қариндоши бўлмаган кишига ҳам васият қилишга ҳақлидир.

Васиятнома йўқ бўлган ҳолатларда меросҳўрлар қонун бўйича аниқланади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига кўра, мерос қолдирувчининг болалари (уларнинг қайси никоҳдан эканлиги муҳим эмас) эр-хотин ва ота-она қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалар ҳам биринчи навбатдаги ворис ҳисобланади. Уларнинг барчаси меросдан тенг улуш олиш ҳуқуқига эга.

Мерос қолдирувчининг ака – укалари ва опа-сингиллари, шунингдек, ҳам ота, ҳам она тарафдан бобоси ва бувиси иккинчи навбатдаги ворислар ҳисобланади.

Амалдаги қонунларга кўра, агар меросҳўр меросни олишдан аввал вафот этган бўлса, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтади. Бунда улуш меросҳўр билан бир хил даражада қариндош бўлган авлодлар ўртасида тенг тақсимланади.

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома, ворислик васият ёки қонун бўйича эканлигидан қатъий назар, мерос очилган кундан бошлаб олти ой ўтгандан сўнг мерос очилган жойдаги нотариус томонидан берилади. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани олиш меросхўрнинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи бўлганлиги сабабли, қонунда меросхўр бундай гувоҳнома бериш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиши шарт бўлган муддат белгиланмаган. Нотариуснинг меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома беришни рад этиши устидан меросхўр томонидан судга шикоят берилиши мумкин бўлиб, у Фуқаролик процессуал кодексининг 28-боби қоидаларига биноан кўриб чиқилади. Агар нотариус томонидан рад этилиши бошқа шахсга меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома берилганлиги ёки мерос мулки ФК 1157-моддасига асосан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки давлатга ўтказилганлиги билан боғлиқ бўлса, ариза даъво иши юритиш тартибида кўрилади. Қонунда мерос очилгандан кейин бундай ариза билан мурожаат қилиш мумкин бўлган вақт чегараланмаган. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 

1114-моддасига кўра, Умумий биргаликдаги мулк бўлган мол-мулкни мерос қилиб олиш кўрсатилган бўлиб унда умумий биргаликдаги мулк иштирокчисининг ўлими умумий мол-мулкка бўлган ҳуқуқдаги унинг улушини аниқлаш ва ушбу Кодекснинг 226-моддасида белгиланган тартибда умумий мол-мулкни тақсимлаш ёхуд ундан вафот этган иштирокчининг улушини ажратиш учун асос бўлади. Бу ҳолда мерос вафот этган иштирокчининг улушига тўғри келадиган умумий мол-мулкка нисбатан очилади, мол-мулкни натура ҳолида тақсимлашнинг имкони бўлмаганида эса — бундай улушнинг қийматига нисбатан очилади.

Умумий биргаликдаги мулк иштирокчиси умумий мол-мулкка бўлган ҳуқуқдаги ўз улушини васият қилишга ҳақлидир, бу улуш унинг вафотидан кейин ушбу модданинг биринчи қисмига мувофиқ аниқланади.

 

 

Фуқаролик ишлари бўйича 

Учқудуқ туман суди девонхона мудири М.Х.Бердибеков

 

24 Nov 2020

Эр-хотин орасида жанжал чиқди. Жаҳлдан ақлини йўқотиб, тилини тиёлмаган эр хотинига:

— Сендан ажраламан! Ва сени фақат бахтсиз, нурсиз ва омадсиз бир кунда никоҳимга оламан!- деб бақирди.

Аёл кўз ёши қилиб ота уйига кетди. Эр эса жаҳлдан тушиб, тинчлангач қилган иши, айтган гапидан пушаймон бўлди. Қишлоқ имомининг олдига бориб унга ҳамма гапни гапириб берган эди, имом:

— Мен бунга фатво беролмайман, бундай кунни қаердан топамиз? Сен шаҳар муфтийсига бор, у бирор ечим топар,- деди.

Эртаси куни йигит шаҳарга тушиб, муфтийга учрашди. Муфтий ҳам қишлоқ имомидан орттириб бир нарса демади.

— Унақа кунни қаердан топамиз?- деди елкасини қисиб.

Йигит муфтиятдан умидсиз алфозда чиқиб, бир дўкон ёнида узоқ ўтирди. Дўкон эгаси йигитни гапга солиб, дардини сўради. Қайғуси қалбига сиғмаган йигит дўкондорга ҳамма гапни айтиб берди. Дўкон эгаси йигитни эшитиб бўлгач, шундай деди:

— Ҳу, анави юпун кийинган, сочлари пахмоқ, афт-ангори бир аҳволдаги одамдан дардингнинг давосини сўрагин, ундан бир гап чиқади...

Йигит чиқмаган жондан умид,-дея бориб фақирга қайғусини сўзлаб берди. Фақир киши ўйчан тинглаб турдида, сўради:

— Бомдод намозини ўқидингми?

— Йўқ,- деди йигит. – Ухлаб қолибман, улгурмадим...

— Бугун ота-онангдан ҳол-аҳвол сўрадингми? Ёки уларни дуо қилдингми?

— Шаҳарга келишим керак эди, шунинг учун улар билан учрашгани вақтим бўлмади.

— Йигит ҳайрон тикилди сўровчига. Фақир киши яна сўради:

— Бугун Қуръон ўқидингми?

— Вақтим бўлмади, ўқий олмадим - деди йигит.

Фақир киши таассуф билан бош чайқади:

— Бор, рафиқангни никоҳлаб ол. Бомдод намози ўқилмаган, ота-онадан ҳол-аҳвол сўралмаган, уларнинг ҳақига дуо қилинмаган ва Қуръон ўқилмаган кундан бахтсиз, нурсиз ва омадсиз кун бўлмайди!..

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: