Hokimiyat matbuot xizmati
Камбағаллик – бу ҳаёт учун муҳим бўлган, энг зарур минимал эҳтиёжларни қондира олмайдиган, ишга лаёқатли бўлиб, ўзи хоҳлаган ишларни давом эттириши мумкин бўлмаган шахс ёки ижтимоий гуруҳни иқтисодий ҳолатининг ўзига хос хусусиятидир.
Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш бўйича Жаҳон банки ва БМТ Тараққиёт дастури билан биргаликда дастур ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Уни амалга ошириш учун 700 миллион доллар маблағ йўналтирилади.
Муҳтарам Президентимизнинг шахсан раислигида ўтказилиб келинаётган видеоселектор йиғилишларида тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган.
«Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Республикамиз бўйича 12-15 фоиз ёки 4-5 миллион аҳолимиз камбағал. Бу уларнинг бир кунлик даромади 10-13 минг сўмдан ошмаяпти, дегани. Ёки бир оилада машина ҳам, чорва ҳам бўлиши мумкин, лекин бир киши оғир касал бўлса, оила даромадининг камида 70 фоизи уни даволатишга кетади. Хўш бундай оилани ўзига тўқ дейиш мумкинми? Президент сифатида мени одамларимизнинг овқатланиши, даволаниши, болаларини ўқитиши, кийинтириши каби ҳаётий эҳтиёжлари нима бўлаяпти, деган савол ҳар куни қийнайди», – деганди ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев.
Учқудуқ туманида жами аҳоли сони 37 579 нафар, эҳтиёжманд аҳоли сони 4 400 нафарни ташкил этади. Жами хонадонлар сони 11 589 тани ташкил этиб, шундан 1 099 таси камбағал хонадонлар сифатида рўйхатга олинган. Таҳлил қилинганда, улардан эҳтиёжманд хонадонлар аъзолари сони 4400 нафар, шундан боқувчисини йўқотганлар сони 329 тани, ёлғиз қариялар сони 21 нафар, ногиронлар сони 679 нафар, вояга етмаганлар сони 2212 нафар, меҳнатга лаёқатли ишсизлар сони 1159 нафар, жами нафақа олувчи хонадонлар сони 23 та, шундан уларда яшовчи аҳоли сони 73 нафар, шундан
2 ёшгача бола парвариши бўйича хонадонлар сони 7 та, уларда яшовчи аҳоли сони 22 нафар, 14 ёшгача болали оилалар бўйича хонадонлар сони 9 та, шундан уларда яшовчи аҳоли сони 28 нафар, моддий ёрдам олувчи хонадонлар сони 7 та, шундан уларда яшовчи аҳоли сони 23 нафарни ташкил этган бўлса, нафақа олмайдиган хонадонлар сони 1076 та, шундан уларда яшовчи аҳоли сони 4323 нафарни ташкил этади.
Тумандаги камбағал, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила аъзоларининг 95 нафарига чорвачилик билан шуғулланишлари учун 2315,0 млн. сўм, 18 нафарига паррандачилик йўналишида 62,0 млн. сўм, 1 нафарига иссиқхона ташкил қилиш учун 20,0 млн. сўм, 6 нафарига тикувчилик йўналишида 60,0 млн. сўмлик, 11 нафарига ҳунармандчилик йўналишида 371,0 млн. сўм, 10 нафарига эса тадбиркорликнинг бошқа турлари билан шуғулланишлари учун 316,0 млн.сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.
«Saxovat.argos.uz» ахборот тизими маълумотига кўра, 1099 та оилалар ҳолидан хабар олиниб, 1 млрд 822,9 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда 9,5 млн. сўмлик бошқа моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий 29 июлидаги ПФ-346 қарорига асосан Қурбон ҳайити байрами муносабати 205 та камбағал ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди. Уларга 138,0 млн. сўмлик бир марталик моддий ёрдам пуллари тарқатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги ПФ-6038 қарорига асосан 143 та камбағал ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди. Улардаги 554 нафар кишилар ҳолидан хабар олиниб 121,9 млн. сўмлик бир марталик моддий ёрдам пуллари тарқатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 августдаги ПҚ-4815 сонли фармонига асосан камбағал ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 172 та оилаларнинг 311 нафар 16 ёшга тўлмаган болалари учун 155,5 млн. сўмлик бир марталик моддий ёрдам пуллари тарқатилди. 182 нафар камбағал фуқароларга 136,7 млн. сўм иш ҳаққи йўналтирилиб, жамоат ишларига жалб этилди.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига 289 нафар, йўл инфратузилмаси объектларига 457 нафар, ободонлаштиришга 32 нафар, бошқа турдаги йўналишларга 360 нафар ҳамда якка ёлғиз фуқароларга кўмаклашишга 21 нафар фуқаро жалб этилиб, иш ўринлари банд этилди.
Мухтасар айтганда, муҳтож одамларга тўғридан-тўғри молиявий ёки табиий ёрдам кўрсатиш орқали қашшоқлик муаммосини ҳал қилишда жиддий ижобий натижага эришиш мумкин эмаслиги аён бўлади. Албатта, аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш зарур, аммо камбағалликнинг турли хил сабабларини ҳисобга олган ҳолда, унга қарши курашда ҳар қандай муҳим ютуқларга одамлар ўзларининг моддий муаммоларини мустақил ҳал эта оладиган ва ўзларини зарур даромадлари билан таъминлайдиган шароитлар яратилгандагина эришиш мумкин.
Феруз ШОКИРОВ,
иқтисодий тараққиёт
ва камбағалликни қисқартириш туман
бўлими бошлиғи ўринбосари.
Китоб инсоният ижодиётининг энг сара маҳсули, аждодлардан қолган бебаҳо меросдир. Ахборот - технология қай даражада ривожланмасин, китоб ўз ўрнида муҳимлигича қолади.Технологик воситалар таклиф этаётган завқ-шавққа ошно бўлаётгани бор муаммо. Электрон дунё ичидаги маълумотлар инсонни ҳар бир нарсанинг тайёр, осон йўлларини кўзлайдиган қилиб қўяди. Шундай экан, маънавий озуқа, ширин ҳаёл, бой тасаввур, бирор нарса устида ижод қилиш завқини китобдан бошқа нарса бера олмайди.
Аҳоли айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида туман ҳокимлиги ташаббуси билан корхона ва ташкилотлар ўртасида ”Ҳар ҳафтада бир китоб мутолаа қиламиз!” интеллектуал танлови ўтказилди.
Бир йил давомида корхона ва ташкилот ишчи-ходимлари иштирок этган интеллектуал ўйин ҳар ҳафтанинг шанба кунида ўтказилиб, қизиқарли баҳс ва мунозаралар асосида кечди.
Ҳакамлар ҳайъатига танловда иштирок этган 64 та жамоа орасидан ғолибларни аниқлаш анчайин қийин бўлди. Жамоаларнинг мунтазам иштироки, фаолият йўналиши ҳамда тўплаган баллари ҳисобга олиниб, туман ободонлаштириш бошқармаси, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими, 13-сонли мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 4-умумий ўрта таълим мактаби жамоалари ғолиблик шоҳсупасидан жой эгалладилар.
”Ҳар ҳафтада бир китоб мутолаа қиламиз” интеллектуал танлови ғолиб жамоалари туман ҳокими ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғаси телевизор билан тақдирландилар.
Танлов жорий йилда ҳам давом эттирилади.
Марҳабо РАВШАНОВА,
Учқудуқ туман ахборот-кутубхона маркази директори.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллигига
Қуролли Кучларимизнинг 29 йиллик тарихига назар ташлайдиган бўлсак, миллий армиямизни тубдан ислоҳ қилиш борасида олиб борилган ишлар самарасида бугунги кунда Ватанни ҳимоя қилиш шарафли касбга айланганини кўришимиз мумкин.
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидан келиб 99818-сонли ҳарбий қисмда ўз йигитлик бурчини шараф билан ўтаётган оддий аскар Аброр Холмуродов ҳам бошқа сафдошлари сингари шу фикрда. “Кўча-куйда ҳарбий либосдаги йигитларга ҳавас ва ҳурмат билан қарайдиган эдик. Бугун ўзим ҳам тақдирини юрт ҳимояси билан боғлаган юрт ўғлонлари билан бир сафда Юртбошимиз меҳрини, эътиборини, ғамхўрлигини юракдан ҳис қилиб хизматни аъло даражада ўтамоқдаман!”
Ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган 84 нафар аскар ва зобитлар шунингдек ҳарбий хизматчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Куни-кеча автомобил техникалари учун сарой, аскарлар ошхонаси ва ҳаммоми капитал таъмирдан чиқарилиб, янгидан жиҳозланиб, фойдаланишга берилгани фикримизнинг ёрқин далилидир.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 29 йиллиги, 14 январь - “Ватан ҳимоячилари куни” олдидан фойдаланишга топширилган бу бино ва иншоотлар ҳарбий қисм шахсий таркиби ҳамда аскар ва зобитларга байрам совғаси бўлди.
Биноларни фойдаланишга топширишга бағишланган тадбирда Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондони, полковник Журъат Якубов, Учқудуқ туман хокими Соли Хамроев, Шимолий кон бошқармаси директори Яркин Шакаровлар иштирок этди ва сўзга чиқдилар.
Мазкур биноларни таъмирлаш ва жиҳозлашга катта ҳисса қўшган ишчи ва ҳарбий хизматчиларнинг бир гуруҳи ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Шунингдек, Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги томонидан 99818 - ҳарбий қисмга хизматда фойдаланиш учун NEX1A-3 русумли автомашинаси берилди.
Тадбирда ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари, намойиш этилган концерт дастури барчага бирдек манзур бўлди.
Райҳон Қодирова
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшган бир гуруҳ юртдошларимиз «Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишони билан тақдирланди. Улар орасида “Қизилқум” маданият маркази тўгараклар фаолиятини ташкил этиш бўйича мутахассис Жани АЛПАМИСОВ ҳам бор.
Бу каби эътибор ва эътироф Учқудуқ тумани санъат ва маданият соҳаси фидоийларига кўрсатилган юксак эҳтиромнинг ифодаси, қолаверса, 24 йилдан ортиқ ушбу йўлда меҳнат қилган Жани Алпамисовга муносиб рағбатдир.
Маълумот ўрнида: кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти оладилар.
Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган йиғилишда президентнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни изчил давом эттириш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Парламент сайтида ёзилишича, тезкор-қидирув, тергов соҳасида қийноқларнинг олдини олиш мақсадида ички ишлар органларига келтирилган ва ушланган шахслар билан янги ташкил этилган 484та сўровхонада суҳбат ва сўровлар ўтказилмоқда.
Тергов бўлинмаларида видеокузатув воситалари ҳамда эшитиш мосламаларисиз адвокатлар ўзларининг ҳимояси остидаги шахс билан ҳоли учрашишлари учун алоҳида адвокатлар хоналари ташкил этилган. Тергов ҳибсхоналаридаги мавжуд терговчилар хоналарига жами 123 дона замон талабларига жавоб берадиган овоз ёзишга мўлжалланган видеокузатув воситалари ўрнатилди.
Қайд этилишича, бугунги кунда мамлакатда 54та жазони ижро этиш муассасаси мавжуд. Шундан 18таси ёпиқ турдаги, 25таси манзил колония ва 11таси тергов ҳибсхоналаридир. Ички ишлар вазирлиги тақдим этган маълумотларга кўра, жазони ижро этиш тизимида 22 мингдан ортиқ, шундан 7 мингдан ортиғи манзил колонияда, 14 мингдан ортиқ маҳкумлар ёпиқ турдаги колонияларда жазо муддатини ўтамоқда.
2020 йил 1 август ҳолатига кўра, АҚШда ҳар юз минг одамдан 639 нафари, Россияда 340 нафари, Туркияда 335 нафари, Беларусда 343 нафари, Ўзбекистонда 68 нафари жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтамоқда.
Шунингдек, жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни сақлаш шароитларининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда қийноқ ва жисмоний тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тизимдаги 54та жазони ижро этиш муассасалари 3 280 дона замонавий видеокузатув мосламалари билан жиҳозланган. Шундан, 2 203таси жазони ижро этиш муассасаси яшаш саҳнига, 432таси ишлаб чиқариш саҳнига, 645таси ташқи маъмурий ҳудудга ўрнатилган.
Трансглобал саёҳатнинг бу турини амалга ошириш, ХХ аср бошидан буён – қутблардаги қаҳратон шароитларга мос техника ва транспорт воситалари ихтиро қилиниши биланоқ, бутун дунё бўйлаб кўп сонли таваккалчи – авантюристларнинг орзусига айланган эди. Бироқ аввалги саёҳатчилар қутблардан бирига етиб бориш билан чекланишга мажбур бўлган, чунки жанубий қутбда – қуруқлик – Антарктида қитъаси бўлса, шимолий қутб эса музлаган уммон – Шимолий Муз океанидан иборатдир. Бу эса қутблараро трансглобал саёҳат қилмоқчи бўлган экспедициялар олдига катта техник муаммоларни қўяди. Шунингдек, бу каби йирик экспедиция жуда катта маблағ ва иқтисодий харажатларни ҳам талаб қилади.
Қутблараро трансглобал саёҳат юқоридаги каби муаммолар туфайли узоқ муддатгача амалга ошмай келди. Бундай катта таваккалчиликка фақат 1979 йилга келибгина британиялик Ранулф Файнс қўл урди ва у ўшанда ҳамроҳлари Оливер Шепард ва Чарльз Бертон билан биргаликда қутбларни Гринвич меридиани бўйлаб кесиб ўтишга қарор қилди. Улар Британиядаги Гринвич шаҳарчасидан 1979 йилнинг 2 сентябрь санасида жанубга қараб йўлга чиқди.
Экспедиция билан боғлиқ харажатларнинг асосий қисмини Англия тахти вориси, шаҳзода Чарльз ўз зиммасига олган эди ва шу сабабли Файнс ҳамда ҳамроҳлари, барча зарурий ускуналар – навигация воситалари, озиқ-овқат ва ёқилғи борасида тўлиқ таъминотга эга бўлган эди. Шунингдек, экспедиция ўз йўлидаги катта шаҳарларда қутбларда қўллаш учун олинган ускуналарнинг кўргазма намойишларини уюштириш орқали ҳам муайян даромад қилиб борди.
Экспедиция даставвал Ла-Манш орқали Дюнкерк (Франция) соҳилига тушиб, кейин Париж ва Барселона орқали Африка шимолига – Жазоирга ўтди. 1980 йил январь ойининг дастлабки кунларида экспедиция Антарктида соҳилларига етиб борди ва деярли йил давомида жуда секинлик билан қитъа ичкарисига ҳаракатланиб, 1980 йилнинг 15 декабрь куни жанубий қутб нуқтасига етиб борди. Экспедиция саккиз кун мобайнида жанубий қутбда ҳордиқ чиқарган ва хусусан, тарихда илк бора қутб устида крикет ўйнади.
Шундан сўнг 1980 йилнинг 23 декабрь санасида Файнс ўз гуруҳини энди шимолга – Арктикани айланиб ўтишга қараб йўл бошлади. Бу орада янги йил кириб келди ва муттасил шимолга қараб йўл олган гуруҳ 1981 йилнинг 11 январь куни Росс музлигини кесиб ўтиб, Амундсен Скотт номидаги Антарктида базасига етиб келди. Бу эса экспедиция жанубий қутбни муваффақиятли равишда тўлиқ кесиб ўтганини билдирар эди. Экспедициянинг мазкур натижаси Британияда катта воқеа сифатида қарши олинди ва жамоатчиликнинг мазкур саёҳатга нисбатан қизиқишини кескин орттирди. Инглиз матбуоти деярли ҳар куни Файнс ва унинг гуруҳининг навбатдаги йўналиши ва кўрган-кечирган саргузаштларига оид материаллар бериб борди.
Файнс қутблараро экспедиция гуруҳи 1981 йилни Янги Зеландия орқали Тинч Океанига чиқиш билан бошлади. Улар Янги Зеландияга етиб келганида, маҳаллий ҳукумат ва аҳоли вакилларидан иборат катта жамоа томонидан тантанали кутиб олинди ва Файнсга шаҳзода Чарльз ҳамда АҚШ президенти Роналд Рейган томонидан қутлов телеграммаси ҳам юборилди.
Экспедиция асосан Тинч океани бўйлаб шимол томон сузиб, йўл-йўлакай Фижи, ва Самоа оролларига кириб ўтди. Кейинчалик, Шимолий Американинг ғарбий соҳиллари бўйлаб сузиб, Аляска ва Чукоткани ажратиб турувчи Беринг бўғози орқали Шимолий Муз океанига, яъни Арктикага кириб борди. Уларни шимолий қутбдан жуда оз масофа ажратиб турарди ва жамоа илдамлик билан олға юришда давом этиб, Маккензи дарёси орқали Бофорт денгизига ўтиб олди. Тўғри қутб нуқтаси томон йўл олган экспедиция уни муваффақият билан кесиб ўтгач, Норвегияга қарашли Шпицберген оролига етиб келди.
Бу пайт февраль ойи бўлгани учун Шимолий Муз океанида музлар эришни бошлагани ҳамда қаттиқ шамол туриб, дўл ҳамда муз ёмғири ёғиши сингари табиат инжиқликлари уларга катта қаршилик қилди. Экспедиция 1981 йилнинг пасха байрами нишонланган куни қоқ шимолий қутб нуқтасига етиб борди ва у жойга ўз байроқларини ўрнатди. Уларни қутбдан «Бенжамин Боуринг» номли музёрар кема олиб кетди. Унда гуруҳ яна Шпицбергенга қайтиб, у орқали Англияга – экспедициянинг бошланғич нуқтаси томон йўл олди. Шимолий қутбни забт этишнинг ўзига гуруҳ уч ойдан сал зиёд вақт – 99 кун муддат сарфлади.
Шу тариқа уч йил давом этган жаҳонгашталик – инсоният тарихидаги илк трансглобал қутблараро саёҳат муваффақият билан якун топди. Улар 1982 йилнинг 29 август куни ўзлари йўл бошлаган дастлабки нуқтага – Гринвичга етиб келди. Ва ҳозирга қадар Файнс ва унинг гуруҳи бу борада биринчи ва ягона бўлиб турибди!
Ўрни келганда Ранулф Файнс шахси ҳақида яна айрим қизиқ маълумотларни келтириб ўтишимиз мумкин. У замонамизнинг энг таниқли экспедициячиларидан бири бўлиб, Гиннеснинг рекордлар китобидан ҳам жой олди. У шу пайтгача 23 хил турли мураккабликдаги экспедицияларни амалга оширди. Хусусан, юқорида ҳикоя қилинган трансглобал, қутблараро экспедициядан ташқари Ранулф Файнс, Эверест чўққисига ҳам икки бора кўтарилди ҳамда бутун Нил дарёси бўйлаб ҳам ҳаво шарида Ўрта Ер денгизигача чиқиб борди.
Шунингдек, у ўз экспедицияларини ёритиш учун ОАВ орқали шартномалардан ва бошқа реклама тушумларидан жуда катта миқдордаги эҳсон-хайрия ишларини ташкиллаштириши билан ҳурмат қозонди. У кўкрак бези саратонига қарши катта миқдорда хайрия йиққани билан эътиборга тушди. Шу каби хизматлари эвазига Ранулф Файнс Британия рицари мақомига сазовор бўлган бўлиб, эндиликда Сер Ранулф Файнс дейилади. Дарвоқе, унинг шахси ҳам кўпчилик учун ишонч ва мотивация манбасидир.
Қаҳрамонимиз бир неча марта қийин операцияларни бошдан кечирганига қарамасдан (ҳозирда юракда шунт билан яшайди) ҳар сафар яна катта режаларга жисмоний ва фаол ҳаёт тарзига қайтишга муваффақ бўлди. Ҳозирда 76 ёшда бўлган Ранулф Файнс илк трансглобал қутблараро саёҳатни амалга оширган биринчи ва ҳозирча ягона инсон сифатида қайд этилади. Ундан кейин ҳанузгача ҳеч ким бундай таваккалчиликка жазм қилмаётир.
Асака—Марҳамат йўлида содир бўлган йўл транспорт ҳодисаси оқибатида Асака туман тиббиёт бирлашмасининг тез тиббий ёрдам бўлими ҳайдовчиси вафот этган. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Умиджон Мамарасулов хабар берди.
«Дарё» манбасининг маълум қилишича, ЙТҲ 2021 йилнинг 10 январь куни соат 19:10 да содир бўлган.
Асака—Марҳамат йўлида ҳаракатланиб келаётган тез тиббий ёрдам бўлими машинаси қарама-қарши томондан ҳаракатланиб келаётган Cobalt билан тўқнашган. Натижада 1978 йилда туғилган тез тиббий ёрдам бўлими ҳайдовчиси Ш.Ҳ. оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган. Бўлим фелдшери Ё.Қ. эса бош мия чайқалиши, бурун устки соҳаси шилиниши жароҳати билан туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Туман тиббиёт бирлашмаси ходимларидан бирининг айтишича, ушбу бригада соат 18:29 да «Неъматобод» маҳалласида яшовчи фуқаролардан келган мурожаатга асосан чақирувга чиққан бўлган.
Навоий вилояти ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси томонидан ўтказилган тендер, танловларда компания раҳбариятига тааллуқли компаниялар доимий равишда давлат буюртмаларини олиб келгани маълум бўлганди. «Давлетовуз» очиқ маълумотларни ўрганиш асосида мазкур компанияга раҳбарлик қилган ёки унда ваколатли шахс сифатида ишлаган ходимларнинг ўзи ва оиласига тааллуқли компанияларнинг давлат буюртмаларини олиши одатий ҳолга айланганини аниқлади.
Хусусан, унинг билдиришича, 2018 йилда «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясига раҳбарлик қилган Бобомуродов Воҳид Мустафоевичга тегишли Navoiy Tears Invest МЧЖ, ҳисоб-китобларга кўра, охирги йилларда камида 30 миллиард сўмлик давлат буюртмаларини олган (1-расм).
Унинг қариндоши — Бобомуродов Обид Мустафоевич «Фарҳод Фаровон Люкс» МЧЖга эгалик қилади. Баъзи танлов ҳужжатларида фақатгина мана шу икки компания иштирок этган давлат буюртмалари ҳам бор. Навоий шаҳрида Бандликка кўмаклашиш марказига ёрдамчи бино қуриш объекти шулар жумласидан.
Очиқ маълумотларга кўра, унинг яна бир укаси — Бобомуродов Зоҳиджон Мустафоевич ҳам 2020 йилнинг апрель ойида турар жой қуришга ихтисослашган Strong Oriental Houses МЧЖни ташкил қилади. Мазкур МЧЖ улушининг ярми Турсунов Фарухжон Кобулович (исм-шарифлари вилоят ҳокиминикига ўхшаш)га тааллуқли.
Воҳид Бобомуродовнинг Navoiy Tears Invest МЧЖ 2020 йилнинг ноябрида Навоий шаҳрида «Ишга марҳамат» моно-маркази яратиш бўйича қарийб 22 миллиард сўмлик тендерни ютган. Шунингдек, Navoiy Tears Invest МЧЖ Strong Home бренди остида аҳоли учун кўп қаватли уй-жойлар ҳам қуради.
«Давлетовуз» яна бир мисол сифатида Навоий вилояти ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясида маълум вақт технадзор бўлиб ишлаган Баракаев Карим Бобоқуловични келтирган бўлиб, у ҳам «Барака-Бино» МЧЖга эгалик қилади. Карим Баракаев кейинчалик бўлиб ўтган суд ишларидан бирида компания унга тегишли эканини яширмаган (2-расм). 2018 йил февралида ташкил этилган мазкур корхона аллақачон, ҳисоб-китобларга кўра, қарийб 13 миллиард сўмлик давлат буюртмаларини олишга улгурган (1-расм).
«Давлетовуз» ушбу компаниянинг қурилишлари сифатига ҳам саволлар борлигини қайд этган. Ўтган йили октябрда оммавий ахборот воситалари «Навоий вилоятининг Конимех туманидаги 2-сонли «Олтин калит» мактабгача таълим ташкилоти 2020 йилнинг февраль ойида тантанали равишда фойдаланишга топширилганлигини маълум қилганди. Боғча қурилиши учун 4 миллиард сўм сарфланган. Шунга қарамасдан, ҳозирда муассаса таъмирталаб аҳволга келиб қолган.
«Хуллас, Навоий вилоятида қурилиш соҳасидаги манфаатлар тўқнашуви, фаворитизм, непотизм каби коррупциявий ҳолатлар фақат булар билан тўхтаб қолмайди. Ўрганишларимиз ‘Ягона буюртмачи хизмати’ ходимлари ва вилоятдаги бошқа мансабдор шахсларнинг муайян компанияларга алоқаси бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Аммо уларни ҳозирча очиқ манбалар орқали аниқлаш имкони бўлмади», — дейди «Давлетовуз».
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари томонидан республика бўйича ичимлик ва оқова сув хизматлари бўйича янги тарифлар (сув ҳисоблагичи борлар учун) тасдиқланди.
«Ўзсувтаъминот» хабарига кўра, Ўзбекистонда ичимлик суви ва оқова сув хизматларининг янги нархлари ўртача 1,9 фоизга ошган. Сув ҳисоблагичлари билан таъминланган истеъмолчиларга ҳисоб-китоб тизими тушунтириб ўтилган.
Тарифлар қуйидагича ҳисобланади (Тошкент шаҳар мисолида):
400 (ичимлик суви) + 100 (устама) + 350 (канализация) + 100 (устама) + 350 (иссиқ сув учун канализация - ушбу нарх фақат марказлашган иситиш тизимига уланган абонентлар учун қўлланилади) + 100 (устама) = жами 1400 сўм.
Бошқа ҳудудларда ҳам ҳисоб-китоб худди шундай амалга оширилади, фақат устама ҳақ вилоятларда ҳар бир метр куб ичимлик сувига 50 сўм ва оқова сувга 50 сўм/м3 белгиланган.
Қорақалпоғистон Республикаси (21.01.2021 дан)
Ичимлик суви:
аҳолига - 1850 сўм, бюджет ташкилотларига - 3695 сўм, бошқалар - 3695 сўм.
Канализация:
аҳолига - 1100 сўм, бюджет ташкилотларига - 2350 сўм, бошқалар - 2350 сўм.
Андижон (01.01.2021 дан)
Ичимлик суви:
аҳолига - 750 сўм, бюджет ташкилотларига - 1200 сўм, бошқалар - 1800 сўм.
Канализация:
аҳолига - 750 сўм, бюджет ташкилотларига - 1200 сўм, бошқалар - 1600 сўм.
Бухоро (01.11.2020)
Ичимлик суви:
аҳолига - 2450 сўм, бюджет ташкилотларига - 4420 сўм, бошқалар - 4420 сўм.
Канализация:
аҳолига - 1850 сўм, бюджет ташкилотларига - 3040 сўм, бошқалар - 3040 сўм.
Жиззах (10.11.2020 дан)
Ичимлик суви:
аҳолига - 2500 сўм, бюджет ташкилотларига - 3500 сўм, бошқалар - 3500 сўм.
Канализация:
аҳолига - 1000 сўм, бюджет ташкилотларига - 1500 сўм, бошқалар - 1500 сўм.
Қашқадарё (03.01.2021 дан)
Ичимлик суви:
аҳолига - 1000 сўм, бюджет ташкилотларига - 3800 сўм, бошқалар - 6700 сўм.
Канализация:
аҳолига - 950 сўм, бюджет ташкилотларига - 2100 сўм, бошқалар - 4300 сўм.
Навоий (01.01.2021 дан)
Ичимлик суви:
аҳолига - 3000 сўм, бюджет ташкилотларига - 7500 сўм, бошқалар - 7500 сўм.
Канализация:
аҳолига - 2700 сўм, бюджет ташкилотларига - 7000 сўм, бошқалар - 7000 сўм.
Наманган (10.01.2021 дан)
Ичимлик суви:
аҳолига - 2550 сўм, бюджет ташкилотларига - 3315 сўм, бошқалар - 3315 сўм.
Канализация:
аҳолига - 700 сўм, бюджет ташкилотларига - 875 сўм, бошқалар - 875 сўм.
Самарқанд (01.01.2021 дан)
Ичимлик суви:
аҳолига - 1850 сўм, бюджет ташкилотларига - 3500 сўм, бошқалар - 3500 сўм.
Канализация:
аҳолига - 1300 сўм, бюджет ташкилотларига - 2800 сўм, бошқалар - 2800 сўм.
Сурхондарё (20.01.2021 дан)
Ичимлик суви:
аҳолига - 1150 сўм, бюджет ташкилотларига - 2700 сўм, бошқалар - 2700 сўм.
Канализация:
аҳолига - 650 сўм, бюджет ташкилотларига - 1050 сўм, бошқалар - 1050 сўм.
Сирдарё (07.01.2021 дан)
Ичимлик суви:
аҳолига - 1250 сўм, бюджет ташкилотларига - 2875 сўм, бошқалар - 2875 сўм.
Канализация:
аҳолига - 530 сўм, бюджет ташкилотларига - 1380 сўм, бошқалар - 1380 сўм.
Тошкент вилояти (07.01.2021 дан)
Ичимлик суви:
аҳолига - 950 сўм, бюджет ташкилотларига - 4000 сўм, бошқалар - 4000 сўм.
Канализация:
аҳолига - 700 сўм, бюджет ташкилотларига - 1300 сўм, бошқалар - 1300 сўм.
Фарғона (01.12.2020 дан)
Ичимлик суви:
аҳолига - 1000 сўм, бюджет ташкилотларига - 1300 сўм, бошқалар - 1300 сўм.
Канализация:
аҳолига - 300 сўм, бюджет ташкилотларига - 365 сўм, бошқалар - 365 сўм.
Хоразм (депутатлар тасдиғига киритилган)
Ичимлик суви:
аҳолига - 1500 сўм, бюджет ташкилотларига - 3050 сўм, бошқалар - 3050 сўм.
Канализация:
аҳолига - 800 сўм, бюджет ташкилотларига - 1300 сўм, бошқалар - 1300 сўм.
Тошкент шаҳри (24.01.2021 дан)
Ичимлик суви:
аҳолига - 400 сўм, бюджет ташкилотларига - 400 сўм, бошқалар - 1000 сўм.
Канализация:
аҳолига - 350 сўм, бюджет ташкилотларига - 350 сўм, бошқалар - 820 сўм.
«Дамхўжа сув таъминоти» МЧЖ (депутатлар тасдиғига киритилган)
Ичимлик суви:
аҳолига - 320 сўм, бошқалар - 700 сўм.
«Чимён-Чорбоғ» МЧЖ (21.01.2021 дан)
Ичимлик суви:
аҳолига - 500 сўм, бюджет ташкилотларига - 650 сўм, бошқалар - 3000 сўм.
Канализация:
аҳолига - 200 сўм, бюджет ташкилотларига - 300 сўм, бошқалар - 2000 сўм.
«Мусаффо оби ҳаёт» МЧЖ (24.01.2021 дан)
Ичимлик суви:
аҳолига - 565 сўм, бюджет ташкилотларига - 700 сўм, бошқалар - 2120 сўм.
Канализация:
аҳолига - 370 сўм, бюджет ташкилотларига - 420 сўм, бошқалар - 950 сўм.
Аввалроқ, Тошкентда ичимлик суви ва канализация учун янги тарифлар ўрнатилгани хабар берилганди.
«Ёшлар 1+1» дастури асосида 6 кунлик махсус курсларни тугатган ишсиз ёшларга 33 миллион сўмгача бўлган имтиёзли ва гаровсиз кредит олиш имконияти яратилади.
Ёшларни тадбиркорликка йўналтириш ва уларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Савдо-саноат палатаси ва ҳамкор ташкилотлар томонидан ёшларга тадбиркорлик ҳақида назарий билимлар берилиши маълум қилинди. «Ёшлар 1+1» дастури асосида 6 кун, яъни 48 соат давомида махсус курслар ташкил этилиб, курс тингловчиларига махсус сертификатлар берилиши режалаштирилмоқда. Курсларни тугатган ишсиз ёшлар 3 йил муддатга 33 миллион сўмгача бўлган 6 ойлик имтиёзли даври ва гаровсиз кредит олиш имкониятига эга бўлади.
Таъкидланишича, ҳудудларда «Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор» тамойили асосида ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида намунавий ўқишлар ташкил этилмоқда.
Маълум қилинишича, Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби томонидан маъқулланган дастурлар ва белгиланган талаблар асосида ташкил этилган ўқув курсларини тамомлаган ҳар бир битирувчи учун касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича нодавлат таълим муассасаларига сарфланган харажатнинг 70 фоизи, бироқ ҳар бир битирувчига 1 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдори давлат томонидан компенсация қилинади.
Ушбу курсларни муваффақиятли тамомлаб, сертификат олган битирувчиларга ўз бизнесини ташкил этиш учун микрокредит ажратилади.
Микрофирма ва кичик корхона ташкил этган шахсларга учинчи шахс кафиллиги ва суғурта полисларисиз 225 миллион сўмгача кредит Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг кафиллиги асосида берилади.
Аввалроқ, ёшлар тадбиркорлиги ва бандлигини таъминлаш учун 100 миллион доллар, шунингдек, ёшларнинг бизнес лойиҳаларини кредитлаш ҳамда уларни касб-ҳунарга ўқитиш учун 1 триллион сўм ва 50 миллион доллар ажратилиши маълум қилинганди.