Халқимиз: “Обрў мисқоллаб йиғилади, ҳовучлаб совурилади” дейди. Абуҳамид Ашуров (исми-шарифи ўзгартирилган) Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Навоий вилоят бошқармаси Учқудуқ туман бўлимида техника ҳолати ва агротехник тадбирларни назорат қилиш шўъбаси катта инспектори лавозимига етгунига қадар анча меҳнат ва машаққат чекишига тўғри келган. Унга ишониб, масъулиятли лавозим топширишди. А.Ашуров эса бу ишончни поймол қилди.
Судланувчи Абуҳамид Ашуров Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Навоий вилоят бошқармаси Учқудуқ туман бўлимида техника ҳолати ва агротехник тадбирларни назорат қилиш шўъбаси катта инспектори вазифасида ишлаб, ўзининг хизмат мавқеидан фойдаланиб, М. Аҳадовга (исми - шарифи ўзгартирилган) ўқимасдан туриб тракторчи-машинист гувоҳномасини расмийлаштириб бериши мумкинлигига ишонтиради. Ҳужжатни бериш якка ўзининг ваколатига кирадиган шахс сифатида ёлғон тасаввур уйғотиб, фириб тўрини “тўқийди”.
Ҳа, бу тоифадаги кишилар одамларни ишонтиришнинг уддасидан чиқишади. Фириб тўрини шу қадар усталик билан тўқишадики, тушган одам жойида ўралашиб қолади.
М. Аҳадов эса фириб тўрига “илинган”лардан бири бўлиб қолишни истамайди. Инспекторнинг ушбу ҳаракатларини ноқонуний билиб, бу ҳақда Департаментнинг Учқудуқ туман бўлимига мурожаат қилади.
Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Навоий вилоят бошқармаси Учқудуқ туман бўлимида техника ҳолати ва агротехник тадбирларни назорат қилиш шўъбаси катта инспектори Абуҳамид Ашуров ўз хизмат хонасида фуқаро М. Аҳадов номига расмийлаштирилган сохта ТМО № 100935 серия рақамли тракторчи-машинист гувоҳномасини 800 000 сўм эвазига “пуллаётган” вақтида ашёвий далиллар билан Департаментнинг Учқудуқ туман бўлими ҳамда туман ИИБ ходимлари томонидан ушланган.
Нафақа ёшига яқинлашиб қолган Абуҳамид Ашуров биргина ўйламай босган қадами боис, бир умр ишлаб мисқоллаб йиққан обрўсидан айрилди. Эл ичида юзи “шувут” бўлди.
Демак, бундан кўринадики, ҳаётда ўйламай босилган қадам ҳеч қачон изсиз кетмайди, аксинча, нохуш оқибатларни келтириб чиқаради.
Буни ҳамиша ёдда тутиш лозим.
Санжар ЯҲЁЕВ,
департаментнинг Навоий вилоят бошқармаси катта инспектори, адлия кичик маслаҳатчиси,
Ориф АЛЛАНАЗАРОВ,
департаментнинг Учқудуқ туман бўлими инспектори, 3-даражали юрист.