Халқ таълими тизимида 2021 йилнинг февраль ойидан эътиборан синф раҳбари тайинлаш бўйича янги низом жорий этилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Низомга кўра, 5-синфдан бошлаб 11-синфга қадар ягона синф раҳбарини тайинлаш йўлга қўйилади ва барча мактабларда синф раҳбарлари қуйидаги умумий талабларга жавоб бериши лозим:
- камида 3 йиллик педагогик иш стажига эга бўлиш;
- мактабда тўлиқ ставкада аосий ишчи сифатида фаолият юритиш;
- бўлиниб ўқитиладиган фанлардан дарс бермаслик;
- одоб-ахлоқи ва хулқи билан ўқувчиларга шахсий намуна бўла олиш;
- руҳий жиҳатдан барқарор бўлиш;
- ўқувчилар билан ишлаш жараёнига масъулият билан ёндаша олиш.
Бундан ташқари, қабул қилинган янги низомга мувофиқ, синф раҳбарларининг:
- амалдаги ҳужжатлари сони оптималлаштирилди;
- фаолиятини баҳолаш мезонлари яратилди;
- малака ошириш курслари ишлаб чиқилди;
- ота-оналар билан ишлаш тизими такомиллаштирилди.
Маълум қилинишича, амалга оширилаётган ушбу ўзгаришлардан кутилаётган асосий натижалар:
- синф раҳбарларининг ўқувчилар тарбиясига таъсири сезиларли равишда ошиши;
- 5-синфдан 11-синфгача ягона синф раҳбарининг бириктирилиши натижасида синфдаги ижтимоий муҳитни соғлом равишда ушлаб туриш имкони;
- ота-оналар томонидан ўз фарзандларини таълим-тарбия жараёнига нисбатан қизиқишининг ортиши.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сенатор мактаб ўқувчилари учун стипендия таъсис этгани ҳамда Ўзбекистонда 2021 йилда қуриладиган мактаблар сони маълум қилингани ҳақида хабар берилган.