Ўзбекистон қонунчилигида 2021 йил 1 мартдан бир қатор ўзгариш ва янгиликлар кучга киради -- баландлиги икки қаватдан ортиқ бўлган уйларни экспертизасиз қуришни тақиқлаш, аҳолининг минимал истеъмол харажатлари миқдори, алимент ундиришнинг янги тизими, Ўзбекистон фуқароларига ҳам солина бошлайдиган туристик йиғим ва бошқалар шулар жумласидандир. «Gazeta.uz» баҳорнинг биринчи кунидан кучга киражак асосий расмий ўзгаришларни бир саҳифага жамлади.
Икки қаватдан юқори бўлган уйларни экспертизасиз қуриш тақиқланади
2021 йил 1 мартдан бошлаб икки қаватдан юқори («сокол»ни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни, шу жумладан, якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ҳамда реконструкция қилишда объектнинг лойиҳа ҳужжатлари мажбурий экспертизадан ўтказилган бўлиши керак. Шу билан бирга, бошқа қатор тақиқлар ҳам кучга киради.
Аҳолининг минимал истеъмол харажатлари
2021 йил 1 мартдан Ўзбекистонда аҳолининг минимал истеъмол харажатлари эълон қилиниши керак. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида айтиб ўтган.
Декабрь охирларида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Камбағалликни қисқартириш сиёсатини юритиш департаменти директори Илҳом Маматқулов Ўзбекистон аҳолисининг неча фоизи расман камбағал ҳисобланиши ва камбағалликни белгилаш мезонлари нималардан иборатлиги тўғрисида маълумот берган эди.
Февраль бошида эса Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Ўзбекистонда истеъмол савати миқдорини ҳисоблаб, эълон қилди. Ўрганишларга кўра, истеъмол саватининг миқдори тахминан бир киши учун 2,157 миллион сўмни ташкил этади. Бироқ бу ҳисоб-китобларнинг механизми ва асосли эканлиги соҳа мутахассислари томонидан танқид остига олинди.
Тадбиркорлар кўчаларга қоидабузарликларни аниқловчи камера ва радарларни ўрнатиши мумкин бўлади
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2021 йил 1 мартдан бошлаб, тадбиркорлик субъектларига автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий техник воситалар ўрнатиш ҳуқуқи берилмоқда.
Яна бир қатор давлатлар фуқароларига Ўзбекистонга визасиз киришга рухсат берилади
1 мартдан бошлаб Баҳрайн, Қатар, Кувайт, Уммон ва Хитой (жумладан, унинг Гонконг ва Макао махсус маъмурий ҳудудлари) фуқароларига Ўзбекистонга кириш учун 10 кунлик визасиз режим жорий этилади.
Мажбурий маркировка
1 мартдан бошлаб маркировка қилинмаган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш тақиқланади.
Ўзбекистон фуқароларига ҳам тааллуқли бўлган туристик йиғим
2021 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслардан жойлаштириш воситасида улар яшаган ҳар бир кун учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган миқдорда туристик (меҳмонхона) йиғим ундирилади.
Қатор давлатлар билан авиақатновларга қўйилган чеклов муддати тугайди
Коронавирус пандемияси сабабли Ўзбекистон томонидан Буюк Британия, Италия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ҳамда Жанубий Африка Республикаси билан халқаро авиарейсларга (кириш, чиқиш ва транзит) жорий этилган чекловлар 1 март куни тугайди.
Чекловга тушган давлатлар рўйхатида Германия ҳам бор эди, аммо 11 февралда ушбу мамлакат билан авиақатновлар қайта тикланган.
Маҳалла фаоллари рағбатлантирилади
2021 йил 1 мартдан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган фуқароларга (уйбоши ва кўчабошиларга) коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича БҲМнинг 50 фоизи (122,5 минг сўм) миқдорида ҳар ойда компенсация пул тўловлари тўланади.
Туризмни ривожлантириш
2021 йил 1 мартдан 2022 йил 1 июнга қадар ички туризмни оммалаштириш йўлида Ўзбекистон бўйлаб саёҳатлар харажатларининг бир қисмини қоплаш механизми жорий этилмоқда:
- авиаташувлар — ички туризм йўналиши бўйлаб авиақатновларнинг авиачипталари нархининг 25 фоизи миқдорида;
- туроператор ва турагентлар — Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун уюштириладиган экскурсиялар учун авиация ва темир йўл чипталари нархининг 15 фоизи миқдорида, шунингдек, турар жой (меҳмонхона хизматлари) хизматлари нархининг 10 фоизи миқдорида. Шу билан бирга, ушбу харажатларнинг бир қисмини қоплаш, саёҳат амалга оширилган ҳудудларда жойлашган турар-жой биноларида камида бир кеча қолиш шарти билан таъминланади.
Алиментларни ундиришнинг янги тизими
2021 йил 1 мартдан бошлаб ижро ҳужжатлари бўйича алимент мажбуриятларини бажариш қарздорлар томонидан Алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими алимент мажбуриятлари бўйича алоҳида банк ҳисобварағи билан интеграция қилинади. Бунда Мажбурий ижро бюроси томонидан ижро ҳужжатлари бўйича ундирувчи (алимент олувчи) номига тегишли банк картаси расмийлаштирилади ҳамда алимент пуллари, шу жумладан қарздорнинг иш ҳақидан ушлаб қолинган алимент пуллари ушбу алимент мажбуриятлари бўйича алоҳида банк ҳисобварағи орқали мазкур банк картасига ўтказилади.
Тошкентда чиқиндиларни саралаб йиғиш тажрибаси
Тошкентда 2021 йилдан чиқиндиларни саралаб йиғиш бошланади. Янги тизим 2021 йилдан Тошкентнинг ҳар бир туманидаги иккита маҳаллада — жами 24 та маҳаллада жорий этилади. Саралаган ҳолда чиқиндиларни йиғишни рағбатлантириш учун оилаларга қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш учун тўлов тарифи пасайтирилади.
Онлайн кассалар ва онлайн НКМларда ўзгариш
Ўзбекистонда 2021 йил 1 мартдан онлайн кассалардан фойдаланиш тартибига ўзгартириш киритилади.
Вилоятлардаги ўқитувчиларга устамалар
Бошқа вилоятлардаги таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун жалб этилган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи ва педагогларнинг базавий тариф ставкасига махсус устама жорий этилмоқда.
Чақириб олинган инкассо топшириқларининг муддати тугайди
17 февраль эрталаб соат 10:00 дан олдин «бир кунлик» (ёки бошқача номи -- «обнал»чи) фирмалар билан шубҳали операцияларни амалга оширганлик хавфи нисбатан кам бўлган 2 960 тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларига жойлаштирилган инкассо топшириқлари 2021 йил 1 мартгача вақтинчалик бекор қилинган.
Яна нима?
Президент март охирига қадар 12 объектни, жумадан, Тошкент вилоятидаги «Белдерсой» ва «Чорвоқ» дам олиш масканлари, «Пойтахт» бизнес-маркази ва «Малика» техн-бозорини сотишни таъминлаш бўйича топшириқ берган.
Тошкентда мажбурий техник кўрик бошланади. Юридик шахсларга тегишли автомобиллар 1 мартдан 30 июнга қадар, жисмоний шахслар 1 январдан 31 мартга қадар ўтади. Йўловчиларни ташиш билан шуғулланувчи транспорт компаниялари кўрикдан икки марта (1 мартдан 30 июнгача ва 1 сентябрдан 31 октябргача) ўтади.