LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

20 Jan 2021

Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари — Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев COVAX (Коронавирус инфекциясига қарши эмлаш механизми) фонди орқали Американинг Pfizer ва Германиянинг BioNTech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши Comirnaty вакцинасини Ўзбекистонга 100 минг доза миқдорида олиб келиниши бўйича буюртма берилганини 18 январь куни маълум қилган эди.

Юсупалиевнинг сўзларига кўра, «эмлаш жараёнини пухта режалаштириш ва тиббиёт ходимларини махсус хавфсиз иммунизация шартлари бўйича тайёргарликдан ўтказиш, вакцинатор, реаниматологлар ва бошқа тиббиёт ходимларини тайёрлаш ишлари бошланган». У, шунингдек, Ўзбекистонда Pfizer-BioNTech вакцинасини -70 даража совуқда сақлаш имконини берадиган музлатгичлар, 2—8 даража ҳароратга мўлжалланган совуқлик занжири инфратузилмаси, 17 та катта хажмдаги рефрижераторлар ва 206 та юк ташувчи минивен борлигини ҳам маълум қилганди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиқ ўринбосари Ботиржон Қурбонов «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов билан суҳбатда 50 минг кишини икки мартадан эмлаш учун етарли миқдорда буюртма қилинган Pfizer-BioNTech вакцинаси билан Ўзбекистонда биринчи галда кимлар эмланишини айтиб ўтди.

 

«Барчамизга маълум, жуда кўплаб шифокорларимиз туну-кун хизмат қилиш давомида оламдан ўтган. Шу боис ушбу вакцина билан биринчи галда коронавирус бўйича ташкил этилган махсус шифохоналар, коронавирусга гумон қилинган шахсларни кузатиш учун ташкил этилган изолятор пунктлари ёки саралаш марказларида фаолият кўрсатаётган ходимлар, шифокорларимиз эмланади. Кейинги навбатда кексаларимиз — ушбу касалликка чалиниши эҳтимоли юқори бўлган, касалликни ёшларга нисбатан оғир ўтказадиган қарияларимиз қамраб олинади. Кексаларимизни эмлаш жараёни мажбурий бўлмайди, биринчи навбатда ‘мана шу вакцинани олмоқчиман’, деган кўнгиллилар эмланади», — деди Қурбонов.

Унинг таъкидлашича, ҳозирда Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида Pfizer-BioNTech вакцинасини -70 даража совуқда сақлаш имконини берадиган музлатгичлар ҳозирлаб қўйилган. Вакцинация қачон бошланиши аниқ эмас, бироқ бошланиши билан жараён ҳақида ҳар кунлик ахборот, хусусан, неча киши ушбу вакцина билан эмланганига доир ахборот шаффофлиги таъминланган ҳолда ОАВда ҳам ёритиб борилади.

«100 минг доза вакцина, албатта, бутун Ўзбекистон халқи учун етарли эмас, шунингдек, бутун Ўзбекистон учун шу 100 минг дозадан ортиқ вакцина олинмайди, дегани ҳам эмас — бу бор-йўғи биз қўйган биринчи қадам. Коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқаришни Ўзбекистоннинг ўзида ҳам маҳаллийлаштириш, қолаверса, давлат томонидан ажратилган маблағлар эвазига вакциналар харид қилиш ҳам режалаштирилган», — дейди Ботиржон Қурбонов. Қайд этиш жоиз, 2021 йилда Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакцина сотиб олиш харажатлари учун 3 триллион сўм ажратилади.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиқ ўринбосарининг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг барча аҳолиси коронавирусга қарши вакциналар билан «аста-секинлик билан» қамраб олинади — биринчи навбатда Pfizer-BioNTech вакцинаси билан эмланса, кейин унинг ёнига аста-секинлик билан «Спутник V» вакцинаси, ундан сўнг Хитой томонидан ишлаб чиқарилган вакцина қўшилади ва шунга ўхшаш бир қатор вакциналар қўшилиши оқибатида республика аҳолисини COVID-19’га қарши эмлаб олиш мумкин бўлади, дейди у.

«Аҳолини синовдан ўтмаган вакцина билан ёппасига эмлашга шошмаган маъқул. Эпидемиологик жараён авж олган бўлса ҳам, ёппасига эмлашни амалга ошириш мумкин эди. Республикамизда ҳозир эпидемиологик жараённи бир маромда ушлаб туришга муваффақ бўляпмиз. Касалликка қарши кураш тадбирлари тўғри ва самарали амалга оширилмаганида, эпидемиологик вазиятни бугунги даражада меъёрда ушлаб тура олмаган бўлардик. Шуни эътиборга олган ҳолда таъкидламоқчиманки, барча юртдошларимиз вакцина билан эмланади, аммо бу тадбирлар пухта ўйлаб, тайёргарлик кўрилгач, вакциналар самарадорлиги баҳолангач амалга оширилади», — деди Қурбонов.

Маълумот учун, Ўзбекистонда айни вақтда Хитойнинг Anhui Zhifei Loncom Biofarmaceutical компанияси томонидан яратилган мазкур ЗФ 2001 рекомбинант вакцинасининг синовлари давом этмоқда. Шунингдек, Россиянинг «Спутник V» вакцинасини Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш режаси ҳам мавжуд. Умуман, Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакциналар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилаётгани ҳақида 2020 йилнинг ноябрида маълум бўлганди.

20 Jan 2021

19 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашга бағишланган фракциялараро мунозара ўтказилди, деб хабар беради парламент матбуот хизмати.

 

Таъкидланишича, қонун лойиҳасида лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этишга оид ҳуқуқбузарлик учун юридик шахсларга нибатан жарима қўллаш институтини жорий этиш назарда тутилаётгани қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган. Бунда юридик шахс жаримани бир ой давомида ихтиёрий тўлаган, шунингдек, амалга ошириш учун талаб этиладиган лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисида мурожаат қилган ҳамда хабарнома юборганда, тайинланган жарима миқдорининг етмиш фоизи ундирилишига оид рағбатлантирувчи норма белгиланмоқда.

Тадбирда шахсий автотранспортидан фойдаланган ҳолда йўловчи ташиш хизматини кўрсатиш орқали фаолият юритаётганлар масаласига ҳам эътибор қаратилган.

Қайд этилишича, шахсий автотранспортидан фойдаланган ҳолда йўловчи ташиш хизматини кўрсатиш фаолиятини лойиҳада белгиланган «Амалга оширилиши учун лицензия талаб қилинадиган» фаолият туридан чиқариб, «Ваколатли органларни хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган» фаолият турлари рўйхатига киритиш, яъни такси хизматини кўрсатаётган тадбиркорларга ўз фаолиятларини қонуний амалга оширишида енгиллик яратиш илгари сурилган.

«Ушбу фаолият турини бир рўйхатдан иккинчи рўйхатга олиниши ҳайдовчиларга йўловчиларни шаҳар, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро енгил автомобилларда ташиш учун рухсатнома олиш жараёнини енгиллаштиради ва тўлов суммасини адолатли белгиланишига олиб келади», — дейилади хабарда.

ЎзХДП фракцияси аъзоси Шоҳиста Турғунова қонун лойиҳасини фракция тўлиқ қўллаб-қувватлашини, бироқ айрим масалаларни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлаган. «Хусусан, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомиллари рўйхатига нотариал идоралар ва уй боғчалари киритилмаган. Уй боғчалари билан шуғулланиш қайсидир маънода ёш болалар учун жавобгарлик масъулиятини олиши лозим. Шундай таклифлардан яна бири бу лицензияни алоҳида филиалларга қўлланмаслигидир. Бу турдаги енгиллик айрим ‘ишбилармонлар’ учун қонунни айланиб ўтишларига имкон бериши мумкин. Яъни лицензия олмай туриб бирор бир катта юридик шахс билан ўзаро тил бириктириб, ўзини катта юридик шахснинг бир филиали сифатида кўрсатиши мумкин», — дейди Турғунова.

Маълум қилинишича, ушбу тадбирда билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазалар қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев иштирокида 2020 йил 19 май куни ўтказилган йиғилишда ўзини ўзи банд қилаётган, касб-ҳунари бор одамларга муносиб шароит яратиш мақсадида янги тизим жорий этилиши белгиланганди. Йиғилишда Президент томонидан такси ҳайдовчилари ҳам даромад солиғидан озод этилиши қайд этиб ўтилганди. Бироқ июнь бошларидан ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари кўпайган, лекин улар орасида Президент айтган таксичилар йўқ эди.

2020 йил октябрь охирларида Президент Шавкат Мирзиёев «Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолагани тўғрисида хабар берилганди. Мазкур фармон лойиҳаси ва унинг имзоланган версияси таққосланганида, ундан бир нечта банд, жумладан, жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилиш учун йўловчиларни ташишга рухсат бериш тўғрисидаги банд жой олмагани маълум бўлганди.

2020 йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Фазлиддин Умаров киракашлик билан шуғулланаётганлар ўзини ўзи банд қилувчи сифатида рўйхатдан ўтса, аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масала юзага келишини айтган эди. Шунингдек, у бу масала бўйича махсус ишчи гуруҳи тузилгани ҳамда мақбул ечим изланаётганини айтган.

20 Jan 2021

Ўзбекистонда интернет жаҳон ахборот тармоғи, шу жумладан, ижтимоий тармоқларда содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш чоралари такомиллаштирилади. Бу ҳақда 2021 йил учун давлат дастури лойиҳасида қайд этилган.

Дастурга мувофиқ, бу борада норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади. Лойиҳада Интернет жаҳон ахборот тармоғида, шу жумладан, ижтимоий тармоқларда содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш ва тегишли шахсларни фош этишга қаратилган чора-тадбирлар назарда тутилади.

2021 йилнинг 1 апрелигача тайёрланиши лозим бўлган ушбу лойиҳа ижросига Бош прокуратура, ИИВ АОКА, ДХХ, Олий суд ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар масъул этиб белгиланган.

Аввалроқ Ўзбекистондаги сайтлар ва блогерларга изоҳларда қолдирилган тақиқланган маълумотлар бўйича хабарнома юборилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, ОАВ ходимлари, журналистлар медиа-маконда ўз ҳақ-ҳуқуқлари, баҳсли ҳодисалар бўйича фикрлари билан бўлишиб, шу фикрлар юзасидан малакали юристлар, адвокатлар хулосасини олиб боришлари учун янги платформа яратилиши ҳақида маълум қилинганди.

20 Jan 2021

Тошкент шаҳрида 15 январь куни поезд вагони устига чиқиб, расмга тушмоқчи бўлган 18 ёшли йигитни 27 минг волтли ток урди, дея хабар бермоқда ИИВ матбуот хизмати.

 

Таъкидланишича, «Сергели» бекатидаги 3-йўлнинг 8-километри 1-тўсиғида турган вагон устига 2002 йилда туғилган меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси селфига тушиш мақсадида чиққан.

Натижада уни 27 минг волтли ток урган. Оқибатида йигит қаттиқ жароҳатланган.

Йигит воқеадан сўнг тез тиббий ёрдам машинасида Республика шошилинч тиббий ёрдам марказига олиб борилган ва жонлантириш бўлимига ётқизилган. Таъкидланишича, жароҳат жиддий бўлиб, фуқарога тананинг 93 фоизи 2–3 А,Б даражали термик куйиш, 3-даражали бош мия ёпиқ жароҳати ташхиси қўйилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Хоразмда электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиш учун симёғочга чиққан фуқаро ток уриши оқибатида ҳалок бўлгани, Чирчиқда темир йўл вагони устида селфи қилмоқчи бўлган йигит оғир тан жароҳати олгани ҳамда Тошкентда 8 ёшли қизалоқ электр токи уриши оқибатида вафот этгани ҳақида хабар берилганди.

19 Jan 2021

Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасида жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштириш ҳам назарда тутилмоқда.

Унга кўра, туман бюджети харажатларини шакллантиришда маҳаллий аҳоли ва жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш чоралари кўрилади ҳамда 2021 йил 1 апрелга қадар бу борада президент қарори лойиҳаси тайёрланади.

Лойиҳада 2021 йилда тажриба тариқасида ҳар бир ҳудудда биттадан шаҳар ёки туман бюджет харажатининг 5 фоизини жамоатчилик фикри асосида белгиланган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш бўйича янги тартиб тажрибадан ўтказилиши, 2022 йилдан эса барча туман ва шаҳарлар учун ушбу тартиб жорий этилиши назарда тутилган.

Шунингдек, давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида:

  • очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхатини кенгайтириш;
  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари очиқлиги концепциясини ишлаб чиқиш;
  • ҳар йил якунлари бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг Очиқлик индексини аниқлаш;

«Очиқ ва ҳисобдор ҳукумат» ғоясини амалга оширишга қаратилган амалий чоралар кўриш назарда тутилади.

19 Jan 2021

АҚШда фаолият юритувчи нотижорат ташкилот – «Хавфсиз интернет коалицияси» Apple компаниясидан Telegram мессенжерини App Store'дан ўчириб ташлашни талаб қилмоқда.

«Хавфсиз интернет коалицияси» бу масалада судга мурожаат қилган.

Интернет хавфсизлигини таъминлаш иддаосидаги ташкилот Telegram'ни зўравонлик ва экстремизм тарғиб қилинадиган постларга қарши курашмасликда айблаган.

Уларнинг эътирозига кўра, 6 январдаги Капитолий босқинида Telegram асосий мулоқот воситаларидан бири бўлган. Судга киритилган хатда айтишича, бу – Apple'нинг онлайн дўкони бўлмиш App Store'дан фойдаланиш қоидаларига зид.

Коалиция шу сабаб Telegram'ни App Store'дан ўчириб ташлашни талаб қилмоқда. Хавфсиз интернет тарғиботчилари Telegram'ни [Google Play'дан] ўчириш даъвоси билан Google'га ҳам мурожаат қилмоқчи.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, Android фойдаланувчилари иловани Google Play'дан ташқари бошқа манбалардан ҳам юклаб олишлари мумкин. Аммо iOs фойдаланувчилари учун ҳар қандай иловани юклаб олишнинг ягона йўли – App Store.

Олдинроқ App Store ҳам, Play Market ҳам Parler ижтимоий тармоғининг мобил иловасини ўчириб ташлаганди. Ҳар икки интернет дўкон илова ўчирилишига унда тажовузкорлик тарғиб қилинганини иддао қилганди. Шунингдек, Капитолий босқинида қатнашганлар айнан Parler сайтида мулоқот қилгани айтилганди.

Кўп ўтмай WhatsApp билан боғлиқ можаро бошланди. Facebook'га тегишли бўлган мессенжер эндиликда фойдаланувчиларнинг маълумотларини Facebook'га етказиб боришини маълум қилди. Бу баёнот эса WhatsApp'нинг тўғридан тўғри рақобатчиси – Telegram фойдаланувчилари сони кўпайишига олиб келди.

12 январ куни Telegram асосчиси Павел Дуров охирги уч кунда фойдаланувчилари сони 25 миллионга кўпайганини маълум қилди. Шу тариқа Telegram'дан эндиликда 500 миллиондан ортиқ киши фаол фойдаланмоқда.

АҚШда хавфсиз интернет даъвосидаги бир гуруҳ одамларнинг ўзига хос коалицияси Telegram'ни чеклаш борасида талаб билан чиқиши табиийки бир хулосага келишга ундайди: буни Facebook ташкил қиляптими?

Чунки Америка миллий брендига айланиб бўлган Facebook'га тегишли WhatsApp одамлар орасида хавфсиз эмаслиги айтилиб, обрўсини бирмунча йўқотди. Буни Telegram фойдаланувчилари сезиларли ошиб бораётганидан ҳам билса бўлади.

WhatsApp'нинг бу сиёсати бевосита Facebook'нинг ҳам обрўсизланишига олиб келди. Facebook сиртдан рақиб деб қарайдиган россиялик Павел Дуровнинг шундоқ ҳам баланд обрўси техника шайдолари орасида мисли кўрилмаган даражада ошиб кетди. Ахир у навбатдаги марта ҳеч кимга ишламаслигини исботлай олди.

WhatsApp'нинг янги сиёсати сабаб Telegram фойдаланувчилари кескин ошганини «уялмай» айтаётган Дуров бу ҳақдаги баёнотида Facebook'нинг манзилига ҳам икки оғиз «ширин сўз» айтишга улгурди.

«Айтишларича, Facebook'дагилар Telegram нега бунчалик машҳур эканини аниқлаш мақсадида бутун бошли гуруҳ тузган. Мен ҳозир айтадиганларим билан уларнинг ўн миллионлаб пулларини тежаб қолаётганимдан хурсандман. Бизнинг сиримиз қуйидагича – шунчаки ўз фойдаланувчиларингизни ҳурмат қилинг».

Дуров, шунингдек, Telegram ҳақидаги учта афсонага ҳам ойдинлик киритди. Тармоқда «Telegram ёпиқ код билан ишлайди», «Telegram русларники», «Telegram шифрланмаган» деган гаплар юради. Дуровнинг айтишича, мессенжер 2013 йилдан буён очиқ код билан ишлаб келади. Мессенжер шифрланмаган деган танқидга жавоб берар экан, Дуров ёпиқ чатлар учун сирпанчиқ шифрлар ишлатилишини айтди. «Telegram русларники» деган даъвога эса Дуров Россия 2018–20 йиллар давомида Telegram'ни блоклашга уринганини айтди.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, америкалик технология соҳаси гигантлари Telegram'нинг бу қадар тез оммалашаётганидан ҳайратга тушмаяпти, балки бундан хавотирланяпти. Бутун бошли давлат раҳбарлари ўзлари ҳақидаги асосий хабарларни Telegram орқали бериб бораётган бир вақтда (бу рўйхатга яқинда Яқин Шарқнинг йирик сиёсатчиси Ражаб Эрдўған ҳам қўшилди) ижтимоий тармоқлар давлат раҳбарларини блокламоқда. Бу эса уларнинг обрўсига салбий таъсир қилмоқда.

«Хавфсиз интернет коалицияси» вакиллари Капитолий босқини вақтида асосий мулоқот воситаси бўлгани айтилган Parler блоклангани, лекин худди шу ишни қилган Telegram нега жазоланмаётганини сўрашган.

Таъкидлаш ўринлики, Parler'да ҳатто сўровномалар ўтказилиб, уларда аввал қайси демократни ўлдириш ҳақида сўралган. Шунингдек, Капитолийни ёқиб юбориш ҳам очиқ муҳокама қилинган.

Telegram'да эса зўравонлик тарғиб қилинган каналларни блоклаш функцияси аввалдан мавжуд. Капитолий босқини вақтида ҳам мессенжер жим турмагани айтилади. Масалан, қисқа муддатда 500 минг ўқувчига эга Трампга тегишлилиги айтилган канал Telegram томонидан сохта экани каналнинг «пешонасига ёзиб қўйилди».

19 Jan 2021

Ўзбекистонда жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган 2021 йил давлат дастури лойиҳасида пенсия ва нафақаларни тайинлашда фуқаролар учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида янги тартиблар белгиланмоқда.

 

Унга кўра, 2021 йил 1 июндан бошлаб пенсияларни тайинлашда шахснинг иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр — 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади.

Шунингдек, уч йилдан ортиқ давр учун тайинланган ёки қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ва улар бўйича ортиқча тўловини ундириш бекор қилинади.

Янги тартибга кўра, ишловчилар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилади.

Шу билан бирга, пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланади ва тўланади.

Бундан ташқари, пенсия ва нафақаларни нақд пулсиз шаклда олиш учун аризалар фуқаролар томонидан Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг тегишли бўлимига мурожаат қилмаган ҳолда, тижорат банкларида пластик карталарни очиш жараёнида ёки банк мобил иловалари орқали электрон шаклда расмийлаштирилади.

Шунингдек, фуқароларнинг пенсияга бўлган ҳуқуқи йўқолганлигини тегишли идоралар томонидан тақдим этиладиган электрон маълумотлар асосида аниқлаш орқали тўловларни нақд пулсиз шаклда олувчилар томонидан ҳар 6 ойда Пенсия жамғармасининг бўлимига келиш ёки жойига чиққан ҳолда мониторинг ўтказиш мажбурияти бекор қилинади.

19 Jan 2021

Франция суди томонидан вафот этди деб эълон қилинган 58 ёшли Жанна Пушен уч йилдан бери тириклигини расман исботлашга уриниб келади. Бу ҳақда The Guardian хабар бермоқда.

 

Лион шаҳри яқинидаги Сен-Жозеф коммунасида яшовчи Пушен хонимнинг вафот этгани тўғрисида суднинг қарори 2017 йилнинг ноябрида эълон қилинган. Мазкур қарор Пушен хонимга тегишли тозалаш компаниясида ишлаган собиқ ходимнинг кўрсатмасига биноан қабул қилинган.

«Адвокат ёнига борганимда, у шифокорим тириклигимни тасдиқласа, муаммо тезда ҳал бўлишини айтди. Аммо ундай бўлмади», — дейди Пушен хоним журналистга.

Адвокат ҳам мазкур ҳолатдан ажабланди: «Бу аҳмоқлик. Суднинг далилларсиз бундай қарор чиқариши ақлга сиғмайди. Даъвогар ҳеч бир исботсиз Пушен хонимни вафот этди деб айтган ва ҳамма унга ишонган. Бирор ким текшириб кўрмаган», — дейди у AFP’га.

Хабарларга кўра, 2004 йилда суд Пушен хонимга фирмаси йирик шартномани қўлдан бой берган пайтда ишдан ҳайдалган собиқ ходимларидан бирига етказилган 14 000 евро зарарни тўлаш мажбуриятини юклаган эди. Бу масала шахсан Пушен хонимга эмас, балки унинг компаниясига тааллуқли бўлгани учун қарор ижросиз қолган. 2009 йилда ходим яна судга мурожаат қилди, аммо иш суддан олиб ташланди. Ходим собиқ раҳбарига ёзган хатларига жавоб келмаётганини ва унинг вафот этганини айтди.

2016 йил Пушен хоним вафот этди деб топилган ҳамда апелляция суди зарарни тўлаш вазифасини унинг ўғли ва эрига юклади. Пушен хоним расмий қайдлардан ўчириб ташланди. Унинг паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномаси, ҳисоб рақами, тиббий суғуртаси ва унинг мавжудлигини исботловчи бошқа расмий ҳужжатлар бекор қилинди.

Адвокат собиқ ходимни Пушен хонимнинг меросхўрларидан зарарни ундириш учун унинг ўлимини ўйлаб топганликда айблади. Собиқ ходимнинг адвокати эса Пушен зарарни тўлашдан ҳамда айбини тан олишдан бўйин товлаб, ўз ўлимига муаллифлик қилган дея қарши баҳслашмоқда.

«Шахсимни тасдиқловчи бирорта ҳужжат йўқ, ҳеч қайси идорага тириклигимни исботлай олмаяпман… Мен ҳеч кимман», — дейди Пушен хоним. «Бу ҳолатга чек қўядиган вақт келди. Агар ўзим курашмасам, мен учун ҳеч ким курашмайди. Қайнанам 102 ёшда. У умри давомидан кўп нарсаларни, ҳатто жаҳон урушини ҳам кўрган бўлса-да, ҳеч қачон менчалик азият чекмаганини айтади», — дейди Пушен хоним.

19 Jan 2021

Президентнинг 2021 йилги давлат дастурига оид фармони лойиҳасида республика ҳудудида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабрга қадар узайтириш таклиф қилинмоқда.

Бу даврда ҳар бир кесилган дарахт ва бута учун компенсация тарзида қимматлилиги жиҳатидан кесиладиган дарахт ва буталардан кам бўлмаган 10 туп йирик ўлчамли (5 ёш ва 2 метрдан кам бўлмаган) кўчат экиш ва уларни икки йил давомида парвариш қилиш тартиби белгиланмоқда.

Ноқонуний кесилганлар дарахт ва буталар учун эса уч йил давомида парваришлаш шарти билан 100 туп кўчат экиш мажбурияти киритилмоқда.

Давлат экология қўмитаси атроф-муҳитга етказилган зарарни қоплаш тартибини қайта кўриб чиқиб, табиатни қайта тиклашга қаратилган компенсация механизмларини кенг жорий этади.

Эслатиб ўтамиз, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси дарахтлар ва буталарни кесишга мораторий бир йилга узайтирилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритган эди. Шунингдек, дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жарима миқдори икки бараварга оширилганди.

19 Jan 2021

Президент Шавкат Мирзиёев 15 январь куни Юнусобод тумани фаоллари билан учрашувда маҳалла вакиллари ва бир гуруҳ ёшларнинг таклиф ҳамда фикр-мулоҳазаларини эшитди.

 

«Дарё» мухбири Миролим Исажоновнинг хабар беришича, тадбирда Юнусобод туманидаги маҳалла фаолларидан бири ўз ҳудудида ёш оилалар ўртасида ажримлар кўпайиб бораётгани, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш ва камайтириш мақсадида турмушнинг дастлабки йилларида ажрашишни қонун йўли билан тақиқлаш лозимлигини айтган.

«Тўғрисини айтсам, бизнинг ҳудудда ёш оилалар ўртасида ажралишлар кўп кузатилмоқда. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш ва камайтириш мақсадида шундай тартибни ўйлаб кўришимиз керакки, ёшлар оила қурганидан сўнг улар орасида уч, тўрт йилгача умуман ажрашиш ҳолати кузатилмасин. Аксарият ажримлар тўйига бир йил ҳам тўлмаган оилалар ўртасида бўляпти. Биз уларни яшаб кетишига мажбур қилолмаймиз. Ёшларни яраштириб, муддат берамиз, яна яраштириб, муддат берамиз... Оҳири оилага дарз кетмоқда. Шунинг учун ёш оилалар ажримига қонуний томондан қандайдир чегаралар қўйилса, дегандим», — деди маҳалла фаоли.

Давлат раҳбари мазкур таклифга муносабат билдираркан, бугунги ёшларнинг кўпи ҳаётга жуда енгил қараётганини таъкидлади.

«Сиз кўтарган масала жуда долзарб. Оилавий ажримларнинг кўплиги бизнинг урф-одатимизга умуман ярашмайдиган ҳолат. Албатта, сизни тўғри тушуняпман, фарзандларимиз келажагини ўйлаб шу таклифни айтяпсиз. Аммо ажримларни қонун йўли билан тўхтатишга уринсак, яъни ажримларга қарши курашиш мақсадида ёш оилалар уч йил ичида ажрашмасин, деб қонун чиқарсак, инсон ҳуқуқлари масаласи ўртага чиқади. Биласизми, энг катта масала шуки, қўполроқ бўлса ҳам айтаман, маданиятимиз етишмаяпти, тўқликка шўхлик қиляпмиз, шукроналик йўқ. Агар одамларда шукроналик бўлса, улар ҳеч қачон ажрашмайди. Ҳозирги ёшларнинг кўпи ҳаётга жуда енгил қараяпти. Ажримларнинг олдини олиш йўлида маҳалла фаолларининг ҳам фикрларини инобатга олиш керак. Бундан ташқари, бу борада бир қанча тизимли дастурларни ҳам, албатта, ишлаб чиқамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: