Hokimiyat matbuot xizmati
«Навоийазот» АЖга қарашли бўлган «Кимёгар» спорт мажмуаси Вазирлар Маҳкамасининг қароридан сўнг кейин ёпилиб қолди ва айни кунда фаолият юритмаяпти. Олимпиада чемпионлари машқ қилишлари учун жой йўқ бўлиш арафасида турибди.
2020 йил 9 июл куни Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзкимёсаноат» АЖ таркибидаги ташкилотларнинг активларидан самарали фойдаланиш ҳамда молиявий соғломлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 432-сонли қарори қабул қилинди.
Қарор номида кўрсатилгандек, мақсад активлардан самарали фойдаланиш ва молиявий соғломлаштириш эди. Аммо, натижа бунинг тескариси бўлди: Навоий шаҳридаги, яқингача «Навоийазот» АЖга қарашли бўлган «Кимёгар» спорт мажмуаси қарордан сўнг ёпилиб қолди ва айни кунда фаолият юритмаяпти.
Халқ тилида «Химик стадиони» деб аталувчи ушбу спорт мажмуасидан кўплаб номдор спортчилар етишиб чиққан. Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган Паралимпиада енгил атлетиканинг диск улоқтириш баҳсларида иштирок этиб, чемпион бўлган ва жаҳон рекордини янгилаган Ҳусниддин Норбеков шулардан бири. Бундан ташқари, армрестлинг бўйича ҳам кўплаб жаҳон чемпионлари ушбу спорт комплексида малакали мураббийлар қўл остида машқ қилишган.
Ҳукуматнинг юқорида таъкидланган қарори билан «Ўзкимёсаноат» АЖ таркибидаги ташкилотлар давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига давлат мулки сифатида баланс (қолдиқ) қийматида берилган. Жумладан, «Химик» стадиони ҳам Навоий шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказилган. Ушбу «кўчиш» жараёнида нафақат стадион ҳамда қўшимча спорт бинолари, балки у ерда ишловчи 27 нафар мураббий ва ишчи-ходимнинг кейинги фаолияти ҳам сўроқ остида қолмоқда.
— “Навоийазот”да 16 йилдан бери ишлаб келяпман. Ёлғиз онаман. Спортни ривожлантириш ҳақида президентнинг кўплаб қарорлари қабул қилиняпти. «Навоийазот»да 8–10 минг нафарга яқин одам ишлайди. Улар ҳам спорт билан шуғулланиши керак эмасми? Чемпионлар, ногиронлар келиб машғулот олиб боришади бу ерда. Қолаверса, ишчи-ходимлар орасида боқувчисини йўқотганлар, ёлғиз оналар бор.
Навоий вилояти ҳокимлигидан ҳеч ким келиб тушунтириш бермади. Навоий шаҳар ҳокимлигидан келганлар «Ўзинг ишингни топ. Бизга объектнинг ўзи керак, тамом» дея очиқчасига айтяпти. Ҳозир бирор жойга борган билан ишнинг ўзи йўқ. Бу масалада вилоят ва шаҳар ҳокимлигига бир неча маротаба бордик. Бизни ҳеч ким эшитмади. Ойлигимиз, кейинги ҳаётимиз нима бўлади, бунга ҳеч ким қизиққани йўқ. Бизга 2020 йил 13 ноябр куни 2021 йил 13 январгача огоҳлантириш хати берилган. Ушбу санадан бу ёғига ойликка ишлаяпмизми, беҳудага ишлаяпмизми – билмаймиз ҳеч биримиз. Лекин йўлкира сарфлаб, ишга келяпмиз», — дейди ишчилардан бири Саида Севарова.
Спорт мажмуасида жисмоний имконияти чекланган болалар ҳам машғулот олиб боришади. Бугунги кунда уларнинг ота-оналари бу ҳолатдан ташвишга тушишган.
Ушбу масалада Kun.uz’га мурожаат қилган Нилуфар Эшманова фарзанди I гуруҳ ногирони эканлиги, 4 йилдан бери спорт билан мунтазам шуғулланиб келишини, Паралимпиада ўйинларида чемпион бўлиш орзуси борлигини таъкидлади.
— Ўғлим Адҳамбек Ибрагимов 2001 йилда туғилган. У 4 йилдан буён мунтазам равишда «Химик» стадионида спорт машғулотлари билан шуғулланиб келган. 2016 йилда кўзлари кўрмай қолганди. Шундан кейин бор вақти ва кучини спортга бағишлаган. Унинг қизиқишлари шунчаки эмас, спорт билан профессионал даражада шуғулланмоқчи. Паралимпиада ўйинларида, жаҳон чемпионатларида ғолиб бўлиш орзуси бор. Бироқ яқинда «Химик» стадионини ёпдилар.
Фарзандим билан биргаликда яна ўн нафарга яқин ўзига ўхшаган, ҳар хил жисмоний нуқсонлари бор болалар шуғулланиб келаётганди. Стадионни ёпганларидан кейин бунга уларнинг имконияти бўлмай қолди. Фарзандимнинг келажаги, соғлиги мен учун муҳим, — дейди Нилуфар Эшманова.
Адҳамбек каби йигитлардан яна бири Каримжон Норов. У «Химик»ка 14 йилдан буён қатнайди. Сабаби, унинг ҳам жисмоний имкониятлари чекланган. Ўз соғлигини бир меъёрда ушлаб туриш учун машқ қилиши зарур. Йўқса ҳаракати йўқолади.
Каримжоннинг бувиси Замира Жамолованинг айтишича, набираси кунора машғулотга бориб, 3-4 соат шуғулланиб келарди. Ёпиб қўйганларидан бери жуда ҳам тушкунликка тушиб, аҳволи ёмонлашиб қолган. «Ўзи спорт зал таъмирталаб аҳволда эди. Шуни ҳам тортиб олишяпти. «Дом» қурадиганларга сотиб ўтирибдилар. Бу нима қилиқ, ҳақиқат қани?», дея ўз хавотирини билдирди Замира Жамолова.
Аслини олганда, бу хавотир ноўрин эмасга ўхшайди. Чунки, спорт мажмуаси ўрнида «дом қурилиши» ҳақида гапирган фақатгина Замира Жамолова эмас, шу ерда мураббий бўлиб ишловчи Акмал Сайфуллаев ҳам бунга тўхталди. Қолаверса, қарийб 8 гектарлик стадион Навоий шаҳри четида жойлашган, «дом» қуришга қулай жой эканлиги бор гап.
— Спорт залимиздан кўплаб жаҳон чемпионлари чиққан. Уларнинг энг машҳурларидан бири Ҳусниддин Норбеков. Ундан ташқари, Токио олимпиадасига лицензия олган Элбек Султонов ҳам шу залдан чиққан. Бу ерда енгил атлетика билан бир қаторда армрестлинг спорт тури ҳам бор. Армрестлинг бўйича 7 карра жаҳон чемпиони Мирзоҳид Шаропов ҳам шу ерда машғулот олиб борган. Умумий айтганда, Навоий вилоятида армрестлингнинг маркази ҳисобланган бу спорт зали 100 нафардан ортиқ жаҳон, Осиё ва Ўзбекистон чемпионларини етиштириб берган.
Стадионда кўплаб ногиронлар шуғулланиб келяпти. Ёши катта эркак ва аёллар ҳам ўзининг соғлигини мустаҳкамлаб кетишади бизнинг масканда. Залимизни универсал деса ҳам бўлади. Сабаби, ногиронларни ҳам, халқни ҳам, спортчиларни ҳам алоҳида-алоҳида шуғуллантирамиз.
2021 йилдан залимиз ишламай қолди. Кўп жойлардан сўраяпмиз. Ҳеч ким аниқ жавоб айтмаяпти. Халқнинг орасида «Химик» стадиони сотилади, давлат хусусий-шерикчиликка берилади, бузилиб кетиб ўрнига уйлар, меҳмонхоналар қурилади, деган турли гаплар юрибди.
Спорт объекти аслида спорт йўналишидаги бирорта ташкилотга берилиши керак. Бундай стадионни қуриш учун миллардлаб пуллар сарф қилинади. Тайёр турган нарсани бузиб, ўрнига қандай бошқа нарса қуриш мумкин?! «Кимёгар» ўйингоҳидаги барча ходимлар, мураббийлар, спортчилар, болаларнинг ота-оналари – ҳамма хавотирда. Агар стадион бузилиб кетса, бу Навоий вилояти учун катта йўқотиш бўлади, — дейди Акмал Сайфуллаев.
Шу ўринда масаланинг яна бир жиҳати бор: Вазирлар Маҳкамасининг юқорида таъкидланган қарорининг 2-иловасида давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига давлат мулки сифатида баланс (қолдиқ) қийматида бериладиган активлар мавжуд иш ўрнини сақлаб қолиш шарти билан берилиши изоҳ сифатида белгилаб қўйилган. Аммо Навоийда шамол бошқа томондан эсяпти.
Kun.uz ушбу масала бўйича Навоий шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш, маънавий маърифий масалалари бўйича ўринбосари Умрзоқ Муродуллаев билан боғланди ва интервью беришни сўради.
Аммо ҳоким ўринбосари интервью бермаслигини айтиб, телефон орқали «Химик» стадионининг тақдири нима бўлишини билмаслигини, ҳозирги кунда унинг фаолиятини қайта йўлга қўйиш бўйича барча чоралар кўрилаётганини, шунингдек, у ерда ишловчи мураббийларни (фақат мураббийларни!) бошқа спорт ташкилотларига ишга жойлаштириш ҳаракати бўлаётганлигини ҳамда спорт комплекси берилиши учун тадбиркор «изланаётгани»ни маълум қилди.
Навоий вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шаҳло Нарзиева билан телефон орқали боғланганимизда эса у биздан ушбу масалани эълон қилмай туришни, «ўз каналлари» орқали Kun.uz раҳбариятига чиқиб, мақолани тўхтатишини айтди. Шунингдек, Шаҳло Нарзиева ҳам спорт мажмуасида ишловчи мураббийларни шаҳардаги БЎСМларга ишга жойлаштиришни, қолган ходимларни «Навоийазот» АЖга жойлаштириш чоралари кўрилаётганини таъкидлади.
Хулоса ўрнида айтганда, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан «самарали фойдаланилиши ва молиявий соғломлаштирилиши» кутилган «Кимёгар» спорт мажмуаси муаммолар гирдобига тушиб қолди. Коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлардан қарздорлик бўйича хатлар келишни бошлаган. Хавотирлар ўринли. Ушбу хавотирлар йўққа чиқиши учун эса Навоий вилояти ҳокимлиги масалага эътибор қаратиши зарур.
Ўзбекистонда ишсизлик нафақаси оширилади
«Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонун 21 январдан кучга кирди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
➡️ Қонунга кўра, ишсизлик нафақаси 12 ойлик давр ичида кўпи билан 26 ҳафта давомида тўланади ва қуйидаги миқдорда оширилади: (https://t.me/huquqiyaxborot/8973)
▪️ишдан ва иш ҳақидан сўнгги 12 ой ичида маҳрум бўлган шахсларга – аввалги иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (679 330 сўм)дан оз бўлмаган миқдорда;
▪️ишдан ва иш ҳақидан маҳрум бўлган ҳамда узоқ (1 йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсларга – МҲЭКМнинг 1 баравари миқдорида;
▪️илгари ишламаган, биринчи марта иш қидираётган шахсларга – МҲЭКМнинг камида 75 фоизи миқдорида.
Гипертонияга нисбатан бежиз кўринмас қотил таърифи берилмайди. Одам узоқ вақт давомида ўзида қон босими баландлигини билмаслиги орадан вақт ўтиб эса жиддий муаммоларга дуч келиши мумкин. Қон босимни ўлчайдиган ускуна кўрсаткичи 120 га 80 дан юқори бўладиган бўлса қуйидаги тавсияларга амал қилиш керак.
Спорт билан шуғулланинг
Мунтазам равишда жисмоний машқлар билан машғул бўлиш, ҳаттоки оддий юриш ҳам қон босимини пасайтириши ўнлаб тадқиқотларда аниқланган. Спорт қон айланишини яхшилайди ва юрак фаолиятига ижобий таъсир қилади.
Дам олишни ҳам унутманг
Стресс сабаб организмда кортизол ва адреналин гормонлари ажралади. Ушбу гормонларнинг организмда пульс тезлашиши ва қон-томирлар спазмига таъсир қилиши эса қон босимининг ошишига олиб келади. Тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олинг, медитация ва йога билан шуғулланинг, гаджет ва одамларсиз сокин жойда дам олишга ҳаракат қилинг.
Таомномангиздан тузни чиқариб ташланг
Тузни ҳаддан ортиқ истеъмол қилиш саломатлик учун жуда ҳам зарар. Кунига бир қошиқдан кўп бўлмаган туз истеъмол қилиш ва ундан тийилишни билиш керак.
Калийга бой маҳсулотларни истеъмол қилинг
Калий организмдан ортиқча тузни чиқариб юборишга ҳисса қўшади. Банан, картошка, ловия, исмалоқ, авокадо ва помидор каби маҳсулотлар калийнинг кони ҳисобланади.
Қора шоколад истеъмол қилинг
Қон-томирлар ва қон айланиши учун муҳим бўлган флавоноидларга бой экани сабаб ҳам қора шоколад фойдали ҳисобланади. Иложи борича таркибидан какао 70 фоиздан кам бўлмаган шоколад истеъмол қилишга ҳаракат қилинг.
Спиртли ичимлик истеъмол қилманг
Спиртли ичимликлар нафақат қон босимининг ошиши, балки саломатликда бошқа муаммолар келиб чиқишига ҳам сабаб бўлади.
Чой ва қаҳвадан тийилинг
Чой ва қаҳва қон босимини кўтарилишига таъсир қилгани сабаб уларнинг истеъмолидан тийилган яхши. Бунинг ўрнига бошқа шифобахш ўтлардан тайёрланган чой ичишга ҳаракат қилинг.
Камроқ ўтириб, кўпроқ ҳаракат қилинг
Агар иш ёки ўқиш сабаб кўп ўтиришга мажбур бўлсангиз, организмда қон айланиши яхшиланиши учун ҳар ярим соатда ўрнингиздан туриб, юриб келишга ҳаракат қилинг.
Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидаги мактабнинг 10-синфида таҳсил олувчи ўқувчига бир йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Бу ҳақда «Дарё»га Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди судьяси Бобораҳим Очилов маълум қилди.
Хабар берилишича, вояга етмаган А.И. 2020 йилнинг 17 декабрь куни маҳалла марказида жойлашган қурилиши тугалланмаган бинога ғайриқонуний равишда кириб, кузатув камераларининг симини узиб ташлаган. Ва бино ичидаги эшиги қулфланмаган хонага кириб, 5 миллион 180 минг сўмлик 2 дона кузатув камераси, 1 дона болгарка, 1 дона дрель, 2 дона вибратор, 1 дона арава ҳамда 2 дона AKFA эшикларини ўғирлаб, савдо мажмуасининг орқа томонидаги очиқ жой орқали воқеа жойидан кетган.
«Вояга етмаган ўсмир жинояти билан боғлиқ суд 2021 йилнинг 11 январида бўлиб ўтди. Унда 2004 йилда Ғиждувон туманининг ‘Дегрезон’ маҳалласида туғилган ўқувчи бола қилмиши кўриб чиқилиб, Жиноят кодексининг 169-моддаси, 2-қисмининг «г» банди (уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб содир этилган ўғрилик) билан айбланди. Аввалига айбини тан олмаган ўсмир ҳуқуқ-тартибот органлари ўрганувидан сўнг тўғри тушунтиришлар олиб борилгач, айбига иқрор бўлди», — дейди Бобораҳим Очилов.
Таъкидланишича, мулк эгаси «Дунё» савдо мажмуаси раҳбари томонидан туман ички ишлар бўлимига келиб тушган мурожаат ўрганилганда, эшикдан кираётганда камерага тушиб қолган ўсмир қонуний вакили ҳамда ҳимоячиси иштирокида сўроқ қилинган. Аввалига фақатгина болгаркани ўғирлаб, уни ўзига олдиндан таниш бўлган фуқарога 100 минг сўмга сотганини билдирган ўсмир бошқа буюмларни ўғирламагани ҳақида кўрсатма берган. Суриштирув-тергов жараёнларида эса А.И. қолган буюмларни ҳам ўзи ўғирлаганини тан олган.
«Вояга етмаган ўсмир ўз айбига тўла иқрор бўлди. Оғриқли жиҳати, у ҳали мактаб ўқувчиси. Онаси Россияда, отаси эса жазони ўташ муассасасида жазо муддатини ўтаётган экан. Шу сабабли аммаси М.Н. билан оилавий оғир шароитда яшаб келаётган ўсмир жиноят йўлига кирган. Шу жиҳатдан суд ҳукмини чиқаришда унинг ҳали ўсмир ёшдалиги, оилавий шароити, фуқарога етказилган моддий зарарлар тўлиқ қоплангани, шунингдек, Р.Ж.нинг унга нисбатан ҳеч қандай моддий ва маънавий даъвоси йўқлиги инобатга олинди. Ўсмирга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо қўлланилди», — дейди судья.
Суд ҳукмига кўра, вояга етмаган ўқувчи Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисмининг «г» банди (уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб содир этилган ўғрилик) билан айбли деб топилиб, унга 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлимининг бир қисми сотилгани айтилди. Шаҳарнинг ёш ҳокими Сабрина Турсунова эса масалага аниқлик киритиш мақсадида масъулларни саволга тутди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.
https://youtu.be/PoX1-GTgGpI
Маълум бўлишича, ёш ҳоким Сабрина Турсунова 2021 йилнинг 20 январь куни шаҳар тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлимида бўлиб, воқеадан хабар топган.
Ёш ҳоким билан суҳбатлашган ҳамширанинг айтишича, туғруқхонанинг бир қисми сотилгани сабаб айни пайтдаги ҳолати талабга жавоб бермайди.
«Шифокорларнинг дарди кўп. Энг асосий муаммо ‘роддомънинг сотилгани бўлди. Шу пайтга қадар ‘роддом’ сотилмаганди. Лекин 2018 йил сотилди. Биз бу ҳақда тегишли ташкилотларга мурожаат қилдик. Ҳатто депутатларга ҳам бу ҳақда хабар бериб, уларни муаммодан бохабар қилдик. Аммо муаммо ҳалигача ечилмай қолмоқда», — деди ҳамшира ёш ҳоким билан мулоқотда.
Ёш ҳокимга шикоят қилган тиббиёт ходимларининг айтишича, бўлим таъмирталаб аҳволга ҳам келиб қолган.
Шаҳар тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлими бошлиғи Шокир Умаровнинг аниқлик киритишича, бўлим 140 койкали икки блокдан иборат бўлиб, биринчи блогининг бир қавати шаҳар тиббиёт бирлашмасида фаолият юритувчи икки нафар шифокорга, тадбиркор сифатида ижарага берилган.
«Бўлимнинг бир қисми шаҳар тиббиёт бирлашмасининг шошилинч бўлими бошлиғи Муродилла Эгамбердиевга ижара асосида берилган бўлса, яна бир қисми шифокор Илҳом Мансуровга берилган. Бўлимнинг бир блоги тадбиркорларга ижарага бериб юборилган бўлса-да, бўлимнинг 140 койкадан иборатлигини сақлаб қолиш мақсадида 2 та каравот жойлашиши керак бўлган хоналарга 4-5 тадан каравотлар жойлаштирилган. Бу нафақат беморларга, бизга ҳам ноқулайлик туғдирмоқда», — дейди бўлим бошлиғи.
Шокир Умаровнинг маълумот беришича, туғруқ бўлимининг бир блоги собиқ бош шифокор Ғанишер Умрзоқов даврида тадбиркорларга бериб юборилган.
«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган ёш ҳоким Сабрина Турсунованинг айтишича, муаммо вилоят раҳбари Зоир Мирзаевга ҳам айтилган.
«Зоир Тоирович масъулларни чақириб мазкур муаммони тез орада батафсил ўрганиб, ечимини топиш топшириғини берди», — дейди Сабрина Турсунова.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш биринчи даражали вазифа эканига алоҳида эътибор қаратмоқда. Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш нафақат ҳуқуқ-тарғибот идораларнинг балки барчамизнинг ишимиздир. Бунга ҳар биримиз масъул бўлишими даркор.
ШКБ мажлислар залида сенатор Б. Шарипов иштирокида коррупцияга қарши курашишга оид давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда ШКБ да хизмат қилаётган масъул шахслар , ШКБ директори Я. Шакаров ва туман прокурори Р. Раҳматов иштирок этдилар.
Шунингдек, мулоқот давомида айрим ходимлар томонидан йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатлари, учраётган хато ва камчиликлар таҳлил қилинди ҳамда тизимни “Коррупциясиз соҳа”га айлантириш бўйича зарур кўрсатмалар берилиб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Тадбирда таъкидланганидек, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат қарор топтириш ўта долзарб масала бўлиб, гарчи уни бажариш доирасида масъул идоралар белгиланган бўлса-да, унинг тўлақонли рўёбга чиқиши учун ҳар бир фуқаро ўзида масъулият ҳис этса, қўйилган мақсад ва муддаолар ечими пайдо бўлади. Ҳар биримиз қаерда, қандай муаммога дуч келсак, унинг ҳал этилишида масъул шахсларнинг масъулиятсизлиги ёки таъмагирлигига гувоҳ бўлганда шароитга бўйсуниш, индамай кетавериш ёхуд чидаш ўрнига бонг уришимиз керак. Масъулиятсизликка, адолатсизликка нисбатан муросасизликни ўзимиздан бошлашимиз даркор. Шунда мудраётган мансабдор уйғонади, зиммасида қандай масъулият борлигини ҳис этади.
Фарғона вилоятида информатика фани ўқитувчиси Одинахон Йўлдошеванинг олимпиадага олиб чиққан барча ўқувчилари республика босқичига чиқди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар қилди.
Одинахон Йўлдошева – Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани 65-ИДУМИ информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиси, халқ таълими аълочиси.
Унинг 9–11-синфлардан олиб чиққан 9 нафар ўқувчисининг барчаси вилоят фан олимпиадасида ғолибликни қўлга киритиб, Республика босқичига йўлланма олди.
«Бундай натижага эришишида унинг ўқувчилари билан биргаликда тиним билмай шуғулланиши ва ўз касбига сидқидилдан ёндашиши сабаб.
Бу ютуқ Одинахон Йўлдошеванинг бошқа ҳамкасбларига ҳам намуна бўлишига ишонамиз», – дейилади вазирлик хабарида.
2021 йилнинг 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистонда эркакларнинг сони аёлларга қараганда 200 минг кишига ёки 0,7 фоизга кўпроқ.
Статқўм ҳисоботида таъкидланишича, жорий йил бошида Ўзбекистон доимий аҳолиси 34,6 миллион кишини ташкил этди. Шундан эркаклар сони 17,4 миллион (50,3 фоиз) киши, аёллар сони 17,2 миллион (49,7 фоиз) киши эканлиги қайд қилинган.
Аввалроқ, Ўзбекистоннинг демографик ҳолати бўйича маълумотлар эълон қилинганди. Унда 2020 йилда 841,8 минг бола туғилганлиги қайд этилган ва бу мос равишда 1000 аҳолига нисбатан туғилиш коэффициенти 24,6 промиллени ташкил этганлиги маълум қилинганди.
Шунингдек, республикада 2020 йилда қайд этилган оилавий ажримлар ҳақида ҳам маълумот берилганди.
Маълумот учун, 2020 йилнинг 1 январ ҳолатига кўра, аҳолининг 50,2 фоизини эркаклар, 49,8 фоизини аёлларташкил этган.
COVID-19’га қарши вакцина инфекцияни юқтирган ва антитанаси бор одам учун хавфсиздир. Бу ҳақда Россия Тиббиёт университетининг юқумли касалликлар кафедраси доценти Владимир Агафонов сўзларига асосланиб, «Интерфакс» ёзмоқда.
«Бундай кишиларга вакцина олиш зарар қилмайди, аксинча антитаналарнинг миқдори кўпаяди. Вакцина иммунитет тизимига хавф солмайди. Вакцинациялаш учун антитаналарнинг бор ёки йўқлигини текшириш талаб қилинмайди. Тўғри, бутун Россия аҳолисини эмлашнинг иложи йўқ... Аммо агар бундай имконият мавжуд бўлса, ёмон бўлмасди. Агар иложи йўқ бўлса, шарт эмас», — деди Агафонов.
Унинг қўшимча қилишича, агар антитана борлиги тасдиқланса, эмлаш шарт эмас. «Буни фақат сизнинг хоҳишингиз ва шифокорингизнинг тавсияси ҳал қилади», — дея таъкидлади Агафонов.
Россияда коронавирусга қарши кенг кўламли эмлаш ишларини бошлаш ҳақида президент Владимир Путин декабрь бошида буйруқ берган, биринчи навбатда хавф гуруҳидаги фуқаролар эмланиши кераклигини айтган эди. Кейинчалик мамлакатнинг барча ҳудудлари вакцинани қабул қилишга тайёрлиги, етказиб бериш, сақлаш ва эмлаш сифати параметрлари ҳамда беморлар ва тиббий ходимлар учун эслатмалар ишлаб чиқилгани маълум қилинганди.
Бухоро вилояти Когон туманидаги хонадонда хўроз уриштириш ўйинларида қатнашаётган 40 нафар шахс аниқланди, дея хабар қилинди Zo‘r TV телеканалининг «Бу кун» дастурида.
Таъкидланишича, 2021 йилнинг 16 январь куни Когон туманида олдиндан олинган маълумотларга асосан Бухоро вилояти ИИБ, Жиноят қидирув бошқармаси, Когон туман ИИБ ҳамда ДХХ Бухоро вилояти филиали ҳамкорликдаги тезкор тадбир ўтказилган.
Шу куни, тахминан, соат 20:30 ларда 1982 йилда туғилган Когон тумани «Ўзбекистон» маҳалласида яшовчи фуқаро ўзи яшаётган қурилиши тугалланмаган 2 қаватли хонадоннинг 1-қаватидаги хонада Когон ва Бухоро туманларида яшовчи 40 нафардан ортиқ фуқарони жамлаган ҳолда қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ёки ўтказиш мақсадида хўрозлар жангини ўтказаётгани аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан олиб берилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида 6 дона хўроз ҳамда хонадон эгасидан 470 минг сўм нақд пуллар тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 191-моддасига (қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этиш) мувофиқ қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этган ва унда қатнашган шахсларга нисбатан Когон туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.