Туман ҳокими С.Хамроевнинг 21 март – Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан учқудуқликларга йўллаган табриги
Ассалому алайкум азиз ватандошлар!
Қадрли учқудуқликлар!
Тароватли кунларда табиат уйғониб, жонажон диёримизга барчамиз орзиқиб, соғиниб кутган Наврўзи олам кириб келмоқда.
Минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг кўрку зийнати бўлиб келаётган бу ажойиб, хосиятли байрам бугун қалбларимизга яна чексиз қувонч ва завқ бағишламоқда.
Учқудуқнинг жонкуяр, фидойи, меҳнатсевар ҳамда меҳрибон аҳолисини шарқ миллий байрами Наврўз айёми билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Мана шундай файзли, шодиёна айёмда маҳалла ва овуллардаги барча-барча қизилқумликларга юксак ҳурматим ва энг эзгу тилакларимни изҳор этаман. Ҳаётингиз баҳор тонгидек тиниқ, бахтли ва фаровон бўлсин, дейман!
Шарқона Янги йилимиз — Наврўзи оламнинг қадами қутлуғ ва баракали келсин! Мана шу қутлуғ кунда сиз азизларга сиҳат-саломатлик, бахт, омад, оилаларингизга тинчлик-тотувлик, файз ва барака тилайман.
Ҳурматли юртдошлар!
Барчамизга маълумки, Наврўз — янги кун, янги фасл демакдир. Бугун она табиат бағрида янгиланиш ва яшариш фасли бошланмоқда.
Айни шу бетакрор ва дилбар неча юз йиллик анъана ва қадриятларимизни янгитдан кашф этамиз, қандай буюк тарих, қандай буюк маданият ворислари эканимизни яна бир бор англаймиз. Ва бундан қалбларимиз ғурур ва ифтихорга тўлади.
Ҳа, бугун Наврўз тантаналари маҳаллаларда, овулларда ҳам давом этмоқда. Байрам шукуҳи барчани яратиш, яшнатишдек эзгу юмушларга ундайди, албатта.
Шу ўринда байрамни муносиб нишонлашга оид давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қарор ҳамда пандемия тақозо этаётган тартибга қатъий риоя этган ҳолда ўтказиш ҳар биримизнинг юксак фуқаролик бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз лозим.
Азиз дўстлар!
Сизларни яна бир бор Наврўз байрами билан табриклаб, қалбимдаги энг эзгу тилакларни йўллайман!
Шарқона янги йил, янги деҳқончилик мавсуми барчамиз учун файзли, қут-баракали келсин.
Юртимиз осмони ҳамиша мусаффо, мустақиллигимиз абадий бўлсин!