Нурафшон шаҳрида халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Kun.uz мухбири хабарига кўра, сессияда иштирок этган ва вилоятга янги ҳоким тавсия қилган давлат раҳбари ҳокимларни бевосита сайлаш ҳақида тўхталиб ўтди.
“Ҳокимлар ҳам бевосита сайлансин, деган гаплар жуда кўп айтилади. Бундан хабарим бор, ўзим ҳам айтганман вақтида. Лекин бир савол: ҳозир биз ҳокимларни сайлашга тайёрмизми? Битта маҳалла раисини адолатли сайлай олмаймиз-ку. Гуруҳларга бўлиниб олиб, ўз яқинларимиз ёки танишларимизни сайлаймиз.
Жамият тайёр бўлмаган муҳитга бундай сайловларни қўйиш хиёнат эмасми? Мен ҳам ҳокимлар сайланишини жуда ҳам хоҳлайман. Аммо кимни сайлаймиз? Лекин мен ишонаман, вақт келиб, албатта, ҳокимларни ҳам сайлаш жараёнига ҳам етиб келамиз”, деди Шавкат Мирзиёев.