LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

28 Jan 2021

Президент 1 ой ичида чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатма берди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Президент Шавкат Мирзиёев талабалар уйлари ташкил этиш дастурини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.

«Охирги 4 йилда ОТМлар сони 47тага ортди. Бугунги кунда 129та ОТМда 500 мингдан ортиқ талаба таълим оляпти. Лекин пойтахтнинг ўзидаги жами 85та талабалар уйида атиги 13 фоиз ёшлар турар жой билан таъминланган.

Ёки 18 минг талаба таҳсил олаётган Самарқанд давлат университетида бор-йўғи 1 600 ўринли ётоқхона мавжуд.

Шунинг учун 2021–2023 йилларда талабалар уйлари ташкил дастури 1 ой ичида ишлаб чиқилиб, ҳукуматга киритилиши керак», – дея президентнинг 27 январь кунги селектордаги сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Давлат раҳбари бу топшириқ ижросини бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев, олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ва молия вазири Тимур Ишметовга юклади.

 

Шу ой бошида Олий таълим вазирлиги расмийлари  маълум қилгандики, турар жойга муҳтож талабаларнинг ётоқхона билан таъминланиши кўрсаткичини 2020/21 ўқув йили охиригача 35–36 фоизга, 2025 йилгача 50 фоизга етказиш мўлжал қилинган.

Бунда ТТЖлар давлат-хусусий шерикчилиги асосида қурилади.

«Бу борада 2021–2025 йилга мўлжалланган дастурни ишлаб чиқиб, таклиф сифатида киритдик. Бу тасдиқланадиган бўлса, 2021 йилнинг ўзида 21та ТТЖ қурилади ва қўшимча 8200 талаба ётоқхона билан таъминланади», – деганди вазирлик бошқарма бошлиғи Отабек Базаров.

Унинг айтишича, 2030 йилгача мотел ва ҳостеллар ҳам қурилиб, уларнинг ҳисобига талабаларнинг 90 фоизга яқини турар жойга эга бўлиши кўзда тутилмоқда.

 
28 Jan 2021

Ўзбекистонда аҳоли муаммоларини ҳал этишнинг «фуқаробай» иш тизими жорий этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 27 январь кунги селекторда маълум қилди.

«Энди ишни «маҳаллабай» ташкил этишда маҳалла раиси, профилактика инспектори, мактаб директори, ёшлар етакчиси ёшлар муаммоларини «фуқаробай» аниқлайди.

Мана, бир пайтлар биз «мижозбай» ишладик. Энди маҳаллада «фуқаробай» ишлаймиз. Уйнинг ичидаги одамнинг кайфияти қандай? Нима мурод-мақсади бор? Нима муаммолари бор?

Шуларни «фуқаробай» аниқлаб, сектор раҳбарлари олдида аниқ ва лўнда масалаларни қўйишлари шарт», – деди президент.

Давлат раҳбарининг айтишича, вилоятлар ҳокимлари унга кафолат хатлари ёзиб берган. Бу ваъдалар бажарилишини Ҳисоб палатаси назорат қилади.

«Вилоят ҳокимлари жорий йилда қанча ёшларни касб-ҳунарга ўқитиши, тадбиркорликка жалб қилиши, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалигида бандлигини таъминлаш бўйича кафолат хатлари ёзиб берган.

Мен уларни ўқидим. Энди бу хат номига эмас. Ҳар ҳафта душанба куни ёзилган кафолат хатлари нима бўляпти, деб, Ҳисоб палатаси раҳбари менга маълумот беради.

Бугун ушбу раҳбарлар қоғоздаги рақамларни амалдаги ишга айлантириш бўйича ҳисобот беришлари шарт», – таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

28 Jan 2021

Шавкат Мирзиёев ёшларнинг ижтимоий муаммоларини тизимли ўрганиш ва мувофиқлаштириш вазифасини Давлат хавфсизлик хизматига юклади.

Ўзбекистонда ёшлар муаммоларини ўрганиш бўйича республика ишчи гуруҳи ўғил-қизларнинг таклифларини «маҳаллабай» ўрганмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, бугунги кунга қадар пойтахт ва 6та вилоятда 50 мингга яқин ёшлар билан мулоқот ўтказилган.

«Билдирилган таклиф ва истаклар асосида туман ва шаҳарлар кесимида ёшлар дастурлари тасдиқланди. Ушбу дастурларнинг ижроси ҳамда ёшларнинг ижтимоий муаммоларини тизимли ўрганиш ва мувофиқлаштириш вазифаси Давлат хавфсизлик хизматига юклатилди», – деди давлат раҳбари 27 январь кунги селекторда.

Президентнинг қайд этишича, вазифанинг муҳимлиги инобатга олиниб, ДХХ ёшлар муаммолари бўйича режаларнинг жойларда амалга оширилишини назорат қилади. Бу режалар бажарилишига кўмаклашади ва лозим пайтда масъулларга бажартиради ҳам.

28 Jan 2021

Қозоғистон томони Туркистондан Тошкентга қадар тезюрар темир йўли қурилиши бошланиши ҳақида маълумот берди. Шунингдек, янги темир йўлдан кутилаётган натижалар ҳақида ахборот берилди.

Яқин муддатда Қозоғистон томонидан Туркистон-Чимкент-Тошкент тезюрар темир йўли қурилиши бошланади. Бу ҳақда Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида маълум қилди.

«Ушбу лойиҳа туризм соҳасида янги 22 минг иш ўрнини яратиб, сайёҳлар оқимини 50 фоизга кўпайтиришга ёрдам беради. Шунингдек, иқтисодиётнинг турдош соҳаларида 100 минг иш ўрни яратилади», – деди мамлакат бош вазири.

Маминнинг сўзларига кўра, айни пайтда Қозоғистонда ички туризм салоҳияти 4,5 миллион сайёҳни жалб этган. Туризмнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 5,2 фоизни ташкил этган.

Аввалроқ, Туркистон-Чимкент-Тошкент тезюрар темир йўли қурилишини Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Қозоғистон бош вазирининг ўринбосари Роман Скляр муҳокама қилган эди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Қозоғистон йирик шаҳарлари ўртасида халқаро автобус қатновларини йўлга қўйиш, Туркистон – Чимкент – Тошкент тезюрар темир йўли ҳамда «Учқудуқ – Қизилўрда» транспорт йўлаги қурилиши ҳақида сўз юритилганди.

27 Jan 2021

Ўзбекистонда 18–30 ёшлилар орасида расмий ишсизлик 17 фоиз экани айтилди. Турли тузилмалар масъулларига ёшлар бўйича вазифалар тақсимлаб берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш масаласида видеоселектор ўтказди.

Расмий релизга кўра, Ўзбекистонда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18 миллиондан зиёд. Бу – аҳолининг қарийб 55 фоизини ташкил этади.

Мамлакатда 2021 йил Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили деб эълон қилинган.

Қайд этилишича, ёшлар билан ишлаш бўйича янгича тизим жорий этилади.

Шавкат Мирзиёев бу ишлар иккита муҳим йўналишда ташкил қилиниши зарурлигини кўрсатди. Биринчиси – ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўқитиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш; иккинчиси – ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш.

Таъкидланишича, бугунги кунда 18–30 ёшлилар орасида расмий ишсизлик 17 фоиз. Бу масалаларни тизимли ҳал этиш мақсадида Республика ишчи гуруҳи жойларда ўғил-қизларнинг таклифларини «маҳаллабай» ўрганмоқда.

Аниқланишича, ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, улар учун кредит ажратиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида кўплаб муаммолар бор.

Аксарият маданият марказлари, истироҳат боғлари ва спорт комплексларининг моддий-техник базаси қониқарсиз, тўгараклар номига ишлаяпти.

Йиғилишда бу муаммоларни манзилли ҳал этиш учун ҳар бир туман ва шаҳар кесимидаги устувор вазифалар кўрсатиб ўтилди. Унга кўра:

  • ҳокимнинг иқтисодиёт, инвестициялар ва қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлари – бандлик масалаларига;
  • солиқ идораси, савдо-саноат палатаси ва тижорат банклари раҳбарлари – ёшларни тадбиркорликка жалб қилишга;
  • ҳокимнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари – ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга;
  • туман прокурори, ички ишлар ва мудофаа бўлими бошлиқлари – уюшмаган ёшлар билан ишлаш, жиноятчиликни жиловлаш, уларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришга масъул бўлади.

2021 йилда 500 минг нафар ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш зарурлиги таъкидланди.

Туман ва шаҳарларда анъанавий ёки масофавий ўқув курсларини кўпайтириш, ишсиз ёшларни ушбу тизим орқали касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиб, бандлигини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

«Ишга марҳамат» мономарказлари ҳамда касб-ҳунар коллежларини асбоб-ускуна билан таъминлаш, касб стандартларини ишлаб чиқиш ва ўқитувчилар малакасини ошириш вазифалари белгиланди.

«Ёшлар: 1+1» дастури доирасида ўғил-қизларни тадбиркорларга бириктириб, уларда бизнес кўникмаларини шакллантириш, имтиёзли кредитлар ажратиб, ўз фаолиятини бошлашга кўмаклашиш зарурлиги айтилди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига жойларда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди.

27 Jan 2021

2021 йил 1 феврал кунидан бошлаб нефт маҳсулотларида акциз солиғи ставкалари ошиши эълон қилинди.

Ўзбекистон миллий валютасида белгиланган айрим акциз солиғи ставкалари жорий йилнинг 1 феврал кунидан бошлаб ошиши маълум қилинди.

Хусусан, айрим нефт маҳсулотларининг оширилган солиқ ставкалари эндиликда қуйидагича бўлади:

  • 1 тонна Аи-80 бензини 240 минг сўм (2021 йил 1 январдан 200 минг сўм эди);
  • 1 тонна , Аи-92, Аи-93 ва Аи-95 бензини 275 минг сўм (2021 йил 1 февралга қадар 250 минг сўм);
  • 1 тонна дизел ёнилғиси 240 000 сўм (40 минг сўмга қимматлайди).

Аввалроқ пандемия сабабли миллий валютада белгиланган айрим акциз солиғи ставкалари 2020 йилнинг апрел-май ойларида оширилмаганлиги сабабли 2021 йилнинг февралида оширилиши кутилаётганлиги маълум қилинганди.

Юқоридаги ўзгаришлар республикада оммабоп бўлган Аи-80 бензини мисолида 1 тоннаси 127 050 сўмга (ҚҚСни ҳисобга олганда 146 108 сўмга) ёки 1 литри 95 сўмга (ҚҚСни ҳисобга олганда 110 сўмга) ошиши мумкин.

Маълумот учун, 2020 йилда республикада 1 миллион тонна бензин ишлаб чиқарилган.

Товар-хомашё биржасида ўтказилган савдолар якунига кўра, биржа савдоларига 30 минг 426 тонна Аи-80 маркали автомобил бензини қўйилди ва улардан 6 минг 520,5 тоннаси, яъни 21,4 фоизи сотилди.

Аи-80 маркали автомобил бензинининг бошланғич нархи кўтарилганлиги сабабли унинг ўртача кунлик нархи ҳам маҳсулотнинг бир тоннаси учун 5 миллион 763 минг сўмдан 5 миллион 822,5 минг сўмгача ёки 1,0 фоизга ўсди.

Кўриб чиқилаётган даврда Аи-80 русумли автомобил бензинининг ўртача ҳафталик котировкаси 5 миллион 767,9 минг сўмни, АИ-91 – 6 миллион 958,2 минг сўмни ташкил этди. Оширилган солиқ ставкалари қўлланилган ҳолда, бензин нархи улгуржи савдода тахминан 1-2 фоизга ошиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, турли манбаларда келтирилишича, автомобил бензинининг бир тоннаси ўртача 1293-1370 литрни ташкил қилади.

27 Jan 2021

«Заковат» интеллектуал клуби нодавлат нотижорат ташкилоти тузилади. Бу ҳақда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов маълум қилди.

 

«Бугун фонд Васийлик кенгаши йиғилишида «Заковат» интеллектуал клуби нодавлат нотижорат ташкилоти тузиш ҳақида қарор қабул қилдик», - деб ёзади у Telegram’даги каналида.

Комил Алламжоновнинг қайд этишича, яқин кунларда ушбу клубнинг сайти тақдим этилади ва унда «Заковат»га аъзо бўлиш тартиби, ўйин қоидалари, тадбирлар жадвали эълон қилинади.

«Барча билимли ёшларни клубга таклиф қиламиз!» - дейди Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси.

Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева ҳам бу ҳақдаги янгиликни эълон қилди.

«Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши «Заковат» лойиҳасини янги поғонага кўтариш мақсадида  «Заковат» интеллектуал клуби ННТ таъсис этиш ҳақида қарор қабул қилди.

Хотин-қизларни бу ажойиб интеллектуал ўйинда фаол қатнашиб, ўз потенциалларини намойиш этишга чақирамиз», - деб ёзади у.

Аввалроқ, Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёева «Заковат» лойиҳасини ўз оталиғига олгани хабар берилганди.

Ундан аввал эса, «Миллий» телеканали «Заковат» намойишини тўхтатгани маълум бўлганди.

Дастур муаллифи Абдурасул Абдуллаев «Миллий» телеканали муассиси Комил Алламжонов билан бу масала бўйича учрашганини билдирди.

«У «Заковат» эфирдан олинганлигидан бехабар бўлганини, бу ҳақда ижтимоий тармоқлар орқали хабар топганини, билимга чанқоқ ёшлар талаби албатта инобатга олиниши зарурлигини билдирди. Ўзи ҳозирги кунда фаолият олиб бораётган «Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди» ҳомийлиги остида «Заковат»ни қайта тиклаш, янада бойитиш, соврин учун ҳатто автомобиль қўйиш таклифини айтди», - деганди Абдурасул Абдуллаев.

27 Jan 2021

«Жамоатчилик фикрини ўзгартириш қийин; лекин нолиш эмас, уриниб кўриш керак», – дейди жамоатчилик фаоли Азиза Умарова.

Фото: SelfMama Uzbekistan

SelfMama Uzbekistan лойиҳаси Ўзбекистонда илк бор аёллар карьера форумини (Uzbekistan Women Career Forum – 2021) ўтказди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Форум аёлларнинг ижтимоий ўсишига кўмаклашиш, касбий кўникмалар ва малакалар билан таништириш, ҳозирги ва бўлажак оналарга мотивация беришни мақсад қилади.

Форумда оналик ва оиладаги аёллик вазифалари билан бирга турли жабҳаларда муваффақиятли карьера олиб бораётган фаол аёллар қатнашиб, қиз-аёллар учун тавсиялар беришди.

Жумладан, «SmartGov» консалтинг компанияси раҳбари, жамоатчилик фаоли Азиза Умарова «Аёллар етакчилиги – жамият трансформацияси калити сифатида» мавзусида чиқиш қилди.

У ўзбек жамиятида аёлларнинг роли борасида шаклланган учта нотўғри қараш хусусида сўз юритди.

1-нотўғри қараш: Аёл ҳуқуқлари тушунчаси бизга яқинда ғарбдан кириб келган

— Аслида аёллар ҳуқуқлари ҳақида биринчилардан бўлиб жадидлар сўз оча бошлашган. Хусусан, жадидларнинг таниқли вакилларидан бири Тавалло қизларнинг ўз отасига билим олишга рухсат сўраш мазмунидаги мактуби шаклида шеър ёзади. Шундан сўнг янги усул мактабларида қизлар учун ҳам синфлар ташкил қилинади.

1927 йилда паранжини ташлаш ва ёқиш ҳаракатлари бошланди. СССРда шарқ аёлларининг паранжи ташлаши большевикларнинг энг асосий модернизация лойиҳаларидан бири бўлди. Улар қаторида Бухоро амирининг собиқ канизаги Жаҳон Обидова ҳам бор эди, у кейинчалик ЎзССРнинг вице-президенти бўлди, аммо 30-йилларда қатағон қилинади ва унинг номи барча манбалардан ўчириб ташланади.

СССРда кўплаб аёллар вазир, судья, ҳоким лавозимларида фаолият кўрсатишган, ҳатто Москвада республика номидан иш олиб боришган. Аёлларни раҳбар лавозимларига тайинлаш давлат сиёсати даражасига чиққан. 1991 йилдан бошлаб бу масала яна ортга кета бошлади.

2-нотўғри қараш: Ўзбекларнинг менталитети ўзига хос, аёлларга бўлган муносабат ҳам мана шу менталитет билан боғлиқ

— Янги Зеландия, Грузия, Сингапур, Эстония, Дания, Греция, Бангладеш, Непал, Исландия, Аргентина, Литва, Коста-Рика, Бразилия, Финландия, Германия, Эфиопия, Сербия, Молдова. Булар – давлат ёки ҳукумат раҳбари аёллар бўлган давлатлар.

Парламентда аёллар улуши энг кўп мамлакат эса Африканинг Руанда давлати. Бу борада иккинчи ва учинчи ўринларни Куба ва Боливия эгаллаб турибди. Бундан кўринадики, ҳеч қандай менталитет ёки муайян ҳудудга хос қарашлар жамиятнинг аёлларга муносабатини изоҳлай олмайди. Аёллар етакчи бўлган давлатларнинг умумий жиҳати ҳам йўқ, улар диний, миллий ва ҳудудий жиҳатдан ўта ранг-баранг.

Бутун дунёда аҳолининг нақ ярми – аёлларнинг барча жабҳаларда ўз салоҳиятини намойиш қилиши учун кўмаклашиш жараёни кечмоқда. 2016 йилдан бошлаб бу борада бизда ҳам силжишлар бўла бошлади. Бироқ аёлларнинг номига қилинаётган тайинловларидан чекинган ҳолда бу муаммони ҳал қилишда жиддий қадамларни ташлаш керак.

Мансаб эгаси бўлган аёллар репрезентатив бўлиши учун улар давлат бюджети тақсимотида қандай бўлса ҳам таъсирга эга бўлиши керак.

3-нотўғри қараш: Ўзгариш қилиш имконсиз

— Тўғри, жамоатчилик фикрини ўзгартириш ҳар доим қийин кечади. Аммо нолиш эмас, балки уриниб кўриш керак.

2015 йилдан бошлаб Women Empowerment Club Tashkent пабликини юритиб келаман. Ўша пайтда у ягона эди, деса ҳам бўлади. Жамики муҳит Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ишғол қилинган эди. Биз ўзимиз мустақил равишда муҳим мавзуларни муҳокама қила бошладик, учрашувлар ташкил қилдик. Бир гал ҳатто 9 млн сўм жарима солишган. Шунчаки даун синдроми бўлган болаларни меҳрибонлик уйига бермасдан уйда тарбиялаш муҳокамасига йиғилганимиз учун.

Аммо замон ўзгарди. Ҳозир бу каби пабликлар талайгина. Ва мен аёллар ўз экомуҳитини яратаётганидан, биргаликда ривожланаётганини кўришдан фахрланаман. Муаммони кўрдингизми? Биринчи қадамни ташланг. Сизнинг ҳаракатингизда моҳият кўра бошлашса, бошқалар ҳам сизга эргаша бошлашади.

Тўғри, бизнинг жамиятда аёллар эркаклар билан баравар муваффақиятга эришиши учун икки карра тезроқ югуриши, уч карра баландроқ сакраши керак. Бир-бирингизни қўллаб-қувватланг, оилангиздаги аёлларга елкадош бўлинг. Таълим олишга илҳомлантиринг. Қанотларни синдирманг, балки қанот бўлинг. Атрофингиздагиларни илҳомлантиринг. Яратувчи бўлинг. Ўзингиз яшамоқчи бўлган ва фарзандларингиз яшайдиган жамиятни ўз қўлингиз билан яратинг.

***

Маълумот учун, SelfMama Uzbekistan – икки архетипни, яъни она ва self-made woman (ўз интилиши билан ютуқларга эришган аёл)ни бирлаштирувчи лойиҳадир.

Лойиҳа оналик ва профессионал соҳада ижтимоий ўсишни муваффақиятли бирлаштиришга интилаётган аёллар учун қулай муҳит ва касбий ўсишни ривожлантиришга қаратилган. Аёлларга оила ва иш ўртасидаги мувозанатни сақлаш, касбий қадр-қимматини яхшилаш, ҳар бир аёл учун энг яхши мартаба стратегиясини танлашга ёрдам беради

27 Jan 2021

2020 йил 1 июлдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари жисмоний шахсларнинг жами даромадлари таркибига киритилмаслиги белгиланган. Блогерлар ҳам ўзини ўзи банд қилган шахслар тоифасига кирадими?

 

Давлат солиқ қўмитасининг Жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Исмоиловнинг Kun.uz’га маълум қилишича, «Телеграм»«Инстаграм» каби ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаси ва катта аудиторияга эга бўлган, реклама жойлаштириш орқали даромад олувчи (чакана савдодан ташқари) ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида ҳисобга олинган бўлса, уларнинг ушбу фаолиятдан топган даромадлари солиққа тортилмайди.

«Шу билан бирга, интернет тармоғи орқали хизматлар кўрсатувчи (ишлар бажарувчи) ўзини ўзи банд қилган шахсларга (фрилансинг) кўрсатилган хизматлар учун контракт тузмасдан, келишув тўғрисидаги оммавий таклифни (оферта) қабул қилиш ёки электрон ёзишмалар алмашиш ёхуд ҳисоб-китоб фактураларни (инвойс), шу жумладан электрон шаклда тақдим қилиш йўли билан чет эллик жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи берилди », – деди у.

Президентнинг тегишли қарорига мувофиқ, ўзини ўзи банд қилган шахслар, фақат ижтимоий солиқни (пенсия ҳисоблаш учун) 2020 йил учун базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи (111,5 минг сўм) 2021 йилдан бошлаб бир баравари (223 минг сўм) миқдорида ихтиёрий тартибда тўлаши мумкин.

Қарорга асосан, ижтимоий тармоқлардаги фаолият билан (ПР-менежер, интернет-маркетолог, ижтимоий тармоқларда товарлар (ишлар, хизматлар)ни илгари суриш ва реклама қилиш (СММ), ижтимоий тармоқ саҳифалари администратори, аккаунт-менежер, маркетолог, линк-менежер, таргетолог, контекст-реклама бўйича мутахассис, директолог, медиа режалаштирувчи, СМО мутахассиси), ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланишлари белгиланди ҳамда фаолияти давомида олган даромадлари даромад солиғига тортилмайди.

Блогер Нурбек Aлимовнинг ушбу мавзу юзасидан сўзларига кўра, ўзини ўзи банд қилувчилар аслида давлатнинг фуқароларга иш топиб бериши мажбуриятидан соқит қилади.

«Солиқ давлатнинг асосий мавжудлик манбаларидан биридир. Блогерларга келадиган бўлсак, яқинда ўзини ўзи банд қилувчилар ҳақида чиққан қонунда блогерлар ушбу категорияга кириши назарда тутилган, улар даромад солиғидан озод қилинган. Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга даромад солиғи солинмаслиги – нормал қарор. Чунки бунда у одамлар давлатдан ҳеч нарса талаб қилмайди, ўзининг кейинчалик пенсия олиши учун ҳам ихтиёрий тўлов қилиши мумкин», – дейди блогер.

Блогер Умид Гафуровнинг Kun.uz’га маълум қилишича, у 2017 йилдан буён хусусий корхона эгаси сифатида пенсия жамғармасига ҳар ой тўлов қилиб келади. Шу боис, Умид блогер сифатида солиқ тўламаслигини маълум қилди.

Таъкидланишича, ижтимоий тармоқларда электрон тижоратни амалга ошириш фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 июндаги 185-сонли қарори билан тасдиқланган «Электрон тижоратни амалга ошириш» қоидалари асосида тартибга солинади. 

ДСҚ мулозимининг маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда савдо фаолиятини (онлайн кийим-кечак ва бошқа товарлар савдоси) амалга ошириш орқали даромад олаётган жисмоний шахслар белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳолда (якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги «Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3724-сон қарорига асосан, миллий реестрга киритилади ва топган даромадидан 2 фоиз ставка бўйича айланмадан олинадиган солиқ тўловчиси бўлиб ҳисобланади. 

Товар айланмаси 1 миллиард сўмдан ошгандан кейин умумбелгиланган тартибда солиқ тўловчиси бўлиб ҳисобланади ва фойда солиғини 7,5 фоизда тўлайди.

27 Jan 2021

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси 2021 йилда давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати соҳасида амалга оширилиши кўзланган режалар тўғрисида маълумот берди.

 

Таъкидланишича, бугунги кун талабларини, об-ҳаво шароитини инобатга олган ҳолда хизмат олиб бориш учун қулай, замонавий ва ихчам бўлган, йўл-патруль хизмати ходимларининг фарқловчи белгилари тақилган янги хизмат кийим-бош намуналари синовдан муваффақиятли ўтган тақдирда республикадаги барча ЙПХ ходимларини янги намунадаги кийим-бош билан таъминланади.

Бундан ташқари, ЙПХ ходимларининг пиёда хизмат олиб бориш тизимидан босқичма-босқич воз кечилади. Бунда ЙПХ ходимларининг фақат қоидабузарликларни автоматик тарзда аниқлаш қурилмалари билан жиҳозланган патруль автомобилларида хизмат олиб боришини йўлга қўйилади.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: