Азизбек Бўронов туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг буйруғига асосан бир гуруҳ шифокорлар билан Кокаяз овули аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказиш учун сафарга отланди. Учқудуқдан 200-210 км. масофа узоқликдаги бу овулга бориш ҳар сафар анча қийинчилик туғдириши бор гап.
Баҳор бўлишига қарамай эрталабдан кун тафтига олган. Аҳолига чуқурлаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш учун махсус жиҳозланган автомашина ҳароратни писанд этмай елиб боряпти.
...Икки кунлик ишидан мамнун бўлган шифокорлар гуруҳи тиббий кўрикни тугаллаб йўлга чиқишди. Йўлда кетаётиб, кучли ёмғирга дуч келдилар. Челаклаб қуяëтган ёмғир ва унинг оқибатида вужудга келган сел туфайли машина юролмай қолди.
Йўл четидан анча ичкарида кўриниб турган чўпон уйига қараб йўл бошлаган ҳайдовчи машинани жуда секинлик билан эҳтиёт бўлиб бошқариб борарди. Иккита ўтов бир бирига яқин турар, ўнтача киши уйнинг эшигини очиб, тезда ичкарига кирдилар. Бу уйда чўпон фарзандлари, укаси ва онаси билан яшарди.
Уй эгалари билан ҳол аҳвол сўрашгач, шифокорлардан бири:
-Телефонингиз бўлса бериб туринг. Зудлик билан бош шифокоримизга қўнғироқ қилиб олай,- деди.
Юз-кўзларидан нур ёғилиб, оппоқ сочлари рўмолининг икки чеккасидан кўриниб турган онахон жилмайди.
- Кўрмаяпсизми болам, бу ерда телефон нима қилсин? Бироз дам олиб, овқатланиб олинглар.
Ўтовнинг ўнг томонидан жойлашган шифокорлар момоқалдироқнинг қаттиқ гумбурлашидан, ёмғирнинг зарб билан урилиб ёғаётганидан кайфиятсиз ҳолатда эдилар. Ёш, бўйчан истарали аëл онахоннинг келини бўлса керак, дастурхон тузаб чойга тараддуд кўрарди. Жувон тушкун ҳолатда бир сўз демай, чой қуйиб меҳмонларга узатиб турди.
Онахоннинг намоз ўқиб, узундан-узоқ дуо қилаëтгани Азизбекнинг эътиборини тортди. Кутилмаганда унинг кўзлари уйнинг чеккасида баланд қилиб солинган ўринда ётган болага тушди. 5 - 6 ёшлар чамасидаги бола ухлаганга ўхшаб, гўёки, ҳушсиз ётарди.
-Бу бола неварангизми? Нега узоқ дуо қилдингиз? дея сўради Азизбек ажабланиб. Онахон шундай жавоб қилди.
-Ҳа, бу набирам. Лекин у касал, иситмаси баланд. Ёмғир забтига олган бу кунда уни касалхонага олиб боролмаяпмиз. Касалхона олисда. Бу ердан ҳа, деганда машина ўтавермайди. Худодан набирагинамнинг тузалишини сўраб, илтижо қиляпман.
Азизбекнинг кўзларига ёш келди.
- Онажон ўрнингиздан туринг. Худо сизнинг дуонгизни кабул қил ди. Сизнинг дуонгиз чақмоқ чақтириб, дўл ёғдириб, селлар оқизиб, бизни шу ерга келишимизга сабаб бўлди. Биз шифокорлармиз, болакайни бир кўрайлик-чи!.
Болага "сурункали тонзилит" ташхиси қўйилиб, тезда муолажалар бошлаб юборилди. Антибиотик дорилар таъсиридан Нурбекнинг иситмаси тушиб, кўзларини очиб, сув сўраганида онахон қувончдан йиғлаб юборди.
Шу воқеадан сўнг, Нурбекни Азизбек Бўронов "ўғлим" деб эркалатса, қўли шифоли дўхтирни онахон ҳам "ўғлим" деб алқайди.
Бу воқеани бизга ҳикоя қилиб берган А.Бўронов: Куну - тун ишингиз баракаси, умрингиз бардавомлиги, бахту камолингизни сўраб Яратганга илтижо қилувчи онажонларингизни ҳамиша бошингизда тож қилиб кийиб юринг!
Бахтимизга улар ҳамиша соғ-омон бўлишсин, дейди самимий кулиб.
Райҳон ҚОДИРОВА.