Бугун Навоий шаҳар 1-сонли болалар ўсмирлар спорт мактабида «Соғлом аёл – буюк келажак» шиори остида «Аёллар спорт фестивали» нинг вилоят босқичи ўтказилди. Унда фестивалнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган жамоалар иштирок этди.
Тадбир вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш ҳамда туризм ва спорт бош бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар жамиятимизда ҳар соҳада аёллар фаоллигини алоҳида эътироф этишди. Аёллар қадр топган жамиятда юксалиш, тараққиёт ва тинчлик бардавом бўлишини алоҳида таъкидлашди.
Шунингдек, сўнгги йилларда давлат раҳбари томонидан хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасидаги кенг кўламли ишларга алоҳида эътибор қаратилаётгани, аёлларнинг турли соҳаларда ўз иқтидор ва қобилиятини намойиш этиб, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, оила институтини янада мустаҳкамлаш бўйича режали ишлар амалга оширилаётгани эътироф этилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад хотин-қизларни жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳар томонлама жисмоний камол топишига кўмаклашишдан иборатдир.
Мусобақа беллашувларида 20 дан ортиқ жамоа иштирок этди. Муросасиз кечган баҳсларда Учқудуқ туманидаги 13 - сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти жамоаси "ГИМНАСТИКА - БАРЧА УЧУН" йўналишида фахрли биринчи ўринни эгаллаб, республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Мусобақа ғолиб жамоалари вилоят ҳокимлиги, вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси ҳамда ҳомийлар томонидан қимматбаҳо совғалар, медаллар ва дипломлар билан тақдирланди.
Дилдора САЪДУЛЛАЕВА,
туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси.