LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

18 Jan 2022

    Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллиги, меҳнатга бўлган қизиқишини ошириш, таълим, илм-фан, техника, санъат ва спортга жалб этиш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

    “Мактабгача таълим муассасалари ва мактаб-интернатлардаги болалар таъминотига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низом”га кўра, жисмоний ёки ақлий ривожланишида нуқсони бор болалар таъминоти учун ота-оналардан тўлов ундирилмайди.

    Низомга кўра, нутқидаги оғир нуқсонлар (ринолалия, дудуқланиш, болалар афазияси, руҳий-нутқий ривожланишда орқада қолиш);

– эшитишдаги оғир нуқсонлар (II — IV даражадаги карлик);

– кўришдаги оғир нуқсонлар (кўзи ожизлар, бир кўзи соққаси йўқлиги (анофтальм), амблиопия ва ғилай бўлган заиф кўрадиганлар);

– таянч-ҳаракатланишидаги нуқсонлар (бош мия, бўйин, кўкрак қафаси, умуртқа, бўғимлар ва оёқлар операцияларининг барча турларидан кейинги ҳолати; бўйин, кўкрак қафаси, умуртқанинг идиапатик деформациялари; кифоз; лордоз; кифосколиоз; оёқ панжалари фалажи; таянч-ҳаракатланиш аъзоси ривожланиши аномалиялари; артрозоартритлар; остехондропатия; хондродистрофия; болалар церебрал фалажи; менингоэнцефалитга чалингандан кейин ҳамда туғруқ асоратларидан кейинги таянч-ҳаракатланиш аъзоларининг барча патологиялари (гемипарез, парапарез, монопарез ва шу турдаги плегиялар); полирадикулоневритлар ва уларнинг асоратлари);

– психик ривожланишда орқада қолиш (ақлий орқада қолиш, ақлий фаолиятининг орқада қолиши ва ақлий заифликнинг енгил даражаси); 

– мураккаб нуқсонлар (ривожланишда икки ва ундан ортиқ нуқсонлар мавжудлиги) ва сил касаллигининг илк кўриниши (сил касаллиги билан касалланган бемор билан бир оиладан (хўжаликдан) бўлиб алоқада бўлганлар, тубвираж);

– сил касаллигидан кейинги тиклаш давридаги касалликка чалинган болалар учун боғча пули талаб этилмайди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, боғчаларда болалар умумий сонининг 15 фоизи доирасида кам таъминланган оилалар фарзандлари тўловдан озод қилинади. Бунда биринчи навбатда ота-оналаридан бири ёки иккаласи I ёхуд II гуруҳ ногиронлиги бўлган кам таъминланган оила фарзандларига, шунингдек ўртача ойлик жами даромади энг паст даражада бўлган кам таъминланган оила фарзандларига имтиёз берилади.

Тўловдан озод қилинадиган кам таъминланган оила фарзандлари рўйхати маҳалла томонидан берилган оиланинг мулкий аҳволи тўғрисида маълумотномага ва тегишли боғча ота-оналар қўмитасининг хулосасига асосан аниқланади ва шакллантирилади.

Тўловдан озод қилинадиган кам таъминланган оила фарзандлари рўйхати ҳар ўқув йилининг 25 сентябрь кунига қадар тасдиқланади.

    Рўйхатига кирмай қолган, шунингдек йил давомида аниқланган кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳисобидан захира шакллантирилади.

 

17 Jan 2022

    Ишсизлик нафақаси 12 ойлик давр ичида кўпи билан 26 ҳафта давомида тўланади.

    Ўзбекистонда ишсизлик нафақаси «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Президент қонуни билан мустаҳкамланган. Ишсизлик нафақаси 12 ойлик давр ичида кўпи билан 26 ҳафта давомида тўланади.

    Нафақа миқдори қуйидагича:

ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) сўнгги 12 ойлик давр ичида маҳрум бўлган шахсларга — аввалги иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲЭКМ — 822 минг сўм)дан оз бўлмаган миқдорда;

ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган ҳамда узоқ (1 йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсларга — МҲЭКМнинг 1 баравари миқдорида;

илгари ишламаган, биринчи марта иш қидираётган шахсларга — МҲЭКМнинг камида 75 фоизи миқдорида.

    Маълумот учун, Ўзбекистонда 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида ишсизлик даражаси 9,4 фоизни ташкил этиб, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 1,7 фоизга, январь-июнь ойларига нисбатан 0,4 фоизга камайди


 

15 Jan 2022

#Президент_қарори

     “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

     Қарорга мувофиқ, 2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида: 

    мақсадли жамғармалар ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ресурслари банкларга йиллик 10 фоизда жойлаштирилади;

    имтиёзли кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада: 

➖ аҳоли ҳамда тадбиркорларга – 3 ойдан 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилгача;

➖ чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик учун – 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача;

➖ боғдорчилик, узумчилик ва лимончилик, иссиқхона, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарни харид қилиш учун – 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача;

➖ “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига – 3 йилгача ҳамда айланма маблағларни тўлдириш учун 18 ойгача ажратилади.

    Ҳужжатнинг расмий тўлиқ матни:

https://lex.uz/docs/5785317

 

15 Jan 2022

     Ҳукуматнинг 210-сон қарори билан, хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси сифатида қайта ташкил этилган.

     Қарор билан тасдиқланган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси тўғрисида” ги низомга кўра, мазкур жамғарманинг асосий вазифаларидан бири, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларга, ногиронлиги бўлган фарзандларини тарбиялаётган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож хотин-қизларга уй-жойларнинг бошланғич бадалини тўлаб беришдан иборат.

14 Jan 2022

    Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Бу ҳақда депутат Расул Кушербоев Telegram каналида маълумот берди.

    Қайд этилишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмаган. Янги таклиф этилаётган лойиҳага кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотларни эълон қилиш тартибини бузиш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан (810 минг сўм) беш бараваригача (1 миллион 350 минг сўм) миқдорда жаримага тортилади.

   Агар шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача (2 миллион 700 минг сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилмоқда.

   Бундай ҳуқуқбузарликлар бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг мансабдор шахслари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиб, судга юборади. «Жамоатчиликнинг кўплаб муҳокамаларига сабаб бўлиб келаётган қонуннинг парламентда кўриб чиқилаётгани қувонарли ҳол, албатта. Энди давлат идоралари масъуллари очиқлик масаласига янада масъулият билан ёндашади», — дейди депутат.

    Аввалроқ Ўзбекистонда хотин-қизларга гап отганлик, уларнинг интим ҳаёт дахлсизлигини бузганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланиши ҳақида хабар берилганди.

 

14 Jan 2022

     Маълумки, шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ҳамда 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ватанпарварлик ойлиги доирасида турли тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

    Ана шундай тадбирлардан бири “Халқ ва армия бир тану бир жондир!” шиори остида ўтказилди. Мазкур ёшларни ҳарбий хизматга бўлган иштиёқини ошириш, қалбида юртга меҳр, садоқат туйғуларини янада жонлантиришга қаратилган ватанпарварлик тадбирида ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси намойиш этилди.
Учрашувда 99818-сонли ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари томонидан аскарларнинг жанговар чиқишлари, сафда юриш ва турли спорт мусобақалари ташкил этилди. Ёшлар ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишларини катта қизиқиш билан томоша қилдилар.
    “Учқудуқ” ва “Қизилқум” маданият уйи бадиий жамоалари томонидан Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди.

 Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

14 Jan 2022


     Учқудуқ туман ҳокими Хамроев Соли Фармоновичнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамда 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган табриги
    Ассалому алайкум ҳурматли ҳарбийлар!
    Қуролли Кучларимиз фахрийлари!
    Муҳтарам тумандошлар!
   Аввало, сиз, азизларни, сизлар орқали бутун Учқудуқ аҳолисини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Айтиш жоизки, ушбу қутлуғ айём том маънодаги умумхалқ байрамига, азалдан халқимизга хос бўлган ватанпарварлик, мардлик ва жасурлик каби юксак фазилатлар тимсолига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради.
    Мутафаккир шоир Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси аввало ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир.
Биз сизлар билан – ана шундай масъулиятли ва олижаноб вазифани шараф билан адо этиб келаётган мард ва жасур, эл-юртга садоқатли ҳимоячиларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз.
Қолаверса, ҳимоячиларимизни Алпомишдек ботир, чинаккам ватанапарвар инсонлар этиб тарбиялаётган барча ота-оналарга каттадан-катта раҳматимизни билдирамиз!
    Ҳурматли Президентимиз таъкидлаганларидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Армия ва халқ – бир тану бир жон!” деган олижаноб ғоя ва амалий ҳаракат барча бўғиндаги ҳокимият ва бошқарув идоралари, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ташкилотлари, таълим-тарбия муассасалари фаолиятини, кенг жамоатчилик ҳаётини қамраб олмоқда. Бу эса Ватан ҳимояси чиндан ҳам барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки шарафли бурчимизга айланиб бораётганидан яққол далолат беради” деб айтган гапларида ҳам Қуролли Кучларимизнинг халқ билан ҳар қачонгидан ҳам яқинлигини англашимиз мумкин.
    Ҳурматли мард ва жасур Ватан ҳимоячилари!
    Сизларни ва сизлар орқали ота-оналарингизни, оилаларингизни бугун мамлакатимизда кенг нишонланаётган бугунги шону-шараф айёми – Ватан ҳимоячилари куни билан яна бир бор табриклар эканман, сизларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, масъулиятли фаолиятингизда улкан ютуқлар тилайман!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, мустақиллигимиз абадий бўлсин!!
     Эътиборингиз учун рахмат!

13 Jan 2022

       ЎзР ФА Биоорганик кимё институти олимлари томонидан яратилган «Рутан таблеткалари, 100 мг» препарат COVID-19 коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш протоколига киритилди.   Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова маълум қилди.

     Тақдим этилган маълумотга кўра, эндиликда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Рутан препаратини коронавирусга чалинган беморларда, ўткир респиратор инфекция билан боғлиқ бўлган ҳолсизликнинг биринчи белгилари пайдо бўлганида, шифокор тавсиясига кўра қўллаш белгиланди. Рутан препарати Rhus coriaria (Тотум) ўсимлигидан ажратиб олинган дори препарати бўлиб, клиник синовлар натижасига кўра, грипп вирусининг турли штаммларига, шунингдек, SARS-Cov-2 вирусига қарши самарали таъсир кўрсатиши аниқланди.

    Мазкур тадқиқотлар Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тақдим этилган грант маблағлари ёрдамида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-тадқиқот институти томонидан амалга оширилди.

    Клиник синовлар натижасида Рутан дори препаратининг 100 миллиграммлик оптимал дозаси 6 ёшдан катта беморларда хавфсиз қўлланиши мумкинлиги ва уни кунига 2 маротаба ичиш вируснинг кўпайишига тўсқинлик қилиши, шамоллаш ва яллиғланиш жараёнларининг олдини олиши, хусусан, ўткир ва атипик пневмония юзага келишига тўсқинлик қилишини кўрсатди. Вируснинг патологик таъсирга эга бўлган барча функционал ва структуравий оқсилларининг ҳосил бўлишида иштирок этувчи иккита асосий консерватив ферментини - 3СL протеазасини ва РНКга боғлиқ РНК полимеразасини ингибирлаш (тўхтатиш) хусусияти ва у ўсимликлардан олинган дори воситаси экани эътиборга моликдир. Натижада, организмда структуравий ва функционал оқсиллар пайдо бўлмайди ва инфекциялаш қобилиятига эга бўлмаган етилмаган вируслар ҳосил бўлади.

    Рутан препаратининг афзаллиги унинг вирусларга қарши қўлланилаётган бошқа препаратларга нисбатан токциклик даражаси ниҳоятда паст экани, даволаш самараси юқорилиги ва ножўя таъсирлари йўқлигидадир.

    «Рутан таблеткалари, 100 мг» препаратини қўллаш COVID-19 касаллигидаги яллиғланиш жараёнларининг асосий медиатори бўлган С-рекатив оқсилининг сезиларди камайишига олиб келди ва синов натижаларига кўра, даволаш гуруҳидаги беморларининг ҳеч бирида оксигинация ўтказиш талаб этиладиган критик ҳолат ривожланиши қайд этилмади.

    Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Биохимия ва биофизика институти билан ҳамкорликда олиб борилган изланишлар натижасида Рутан препарати кучли антигипоксик, мембранани барқарорлаштирувчи, антирадикал, антиоксидант хусусиятларга эга эканлиги ва унинг терапевтик самарадорлиги вирусга қарши фаоллиги билан уйғунлашганлиги муносабати билан COVID-19 билан касалланган беморларни даволашда препаратнинг самарадорлиги юқори бўлади. Тадқиқотлар Рутан 100 мг. дори препаратини коронавирус инфекцияси ўрта оғирликда кечаётган беморларга кенг қўллашни тавсия қилиш мумкинлигини кўрсатди.

 
13 Jan 2022

    Вазирлар Маҳкамаси "Маданият, санъат ва спорт йўналишлари бўйича олий таълим муассасаларига кириш учун белгиланган имтиёзлар оптималлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қарорини эълон қилди.
Унга кўра, Ҳукуматнинг "Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида"ги қарорининг айрим бандларига ўзгартиришлар киритилган. Жумладан, 4-илованинг 4-бандида "мусиқа" сўзи "рақс, театр, фольклор йўналишлари" сўзлари билан бойиган. 5-илованинг 1-бандидаги "спортнинг олимпия турлари, шу жумладан, спортнинг техник ва амалий турлари, "Кураш, миллий спорт тури, шахмат, шашка, автомобиль ва мототцикл спорти, спортнинг авиамодель ва ракетамодел" сўзлари "Олимпия ва паралимпия ўйинлари дастурларига киритилган спортнинг олимпия ва паралимпия турлари бўйича фақат олий таълим муассасаларининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги таълим йўналишлари" сўзлари билан алмаштирилади.

    2- банд қуйидаги таҳрирда ўқилади:

"2.Республика (1 ўрин) ва халқаро танловлар ва спорт мусобақаларининг (Олимпия ва Паралампия ўйинлари дастурларига киритилган спортнинг олимпия ва паралимпия турлари бўйича Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатларида охирги тўрт йилда ҳамда республика чемпионатларида охирги бир йилда ғолиб ва совриндор (1-3 ўрин) индивидуал турларида ғолиб чиққан академик лицейлар, профессионал таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларининг битирувчилари олий таълим муассасасига тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилинадилар, мусиқа, рақс, театр, фольклор, шунингдек тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишларидаги танловлар бундан мустасно".

    2-1 банд қуйидагича баён қилинади:

"2-1. Катталар ва ёшлар ўртасида Олимпия ва Паралимпия ўйинлари дастурларига киритилган спортнинг олимпия ва паралимпия турлари бўйича Олимпия ва Паралимпия, Осий ва Параосиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатларида охирги тўрт йилда ҳамда республика чемпионатларида охирги бир йилда ғолиб ва совриндорлар (1-3 ўрин) бўлган умумий ўрта таълим мактаблари, ўрта махсус профессионал таълим муассасаларининг битирувчилари олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатлар қабул қилиш бошлангунига қадар олий таълим муассасаларининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги таълим йўналишларига қўшимча давлат гранти асосида кундузги, сиртқи, кечки таълим шаклларига имтиҳон синовларисиз қабул қилинадилар"

 
 
12 Jan 2022

     "Аёллар дафтари"ни юритиш ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, уларга давлат томонидан манзилли тарзда кўмаклашиш бўйича аниқ тизим яратилишига асос бўлади.

     Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева иштирокидаги брифинг 2021 йилда «Аёллар дафтари» бўйича амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланди.
Ўтган йил давомида мазкур дафтар самарадорлиги қандай кечди?
Мутахассис томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан тегишли вазирлик ва ташкилотлар, маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда бугунги кунга қадар «Аёллар дафтари»нинг мавжуд 9 та тоифаси бўйича рўйхатга олинган хотин-қизларга ҳар томонлама ёрдам берилган.

     395 минг 729 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашилган. 75 минг 469 нафар боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд хотин-қизларга 58 миллиард 928 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам берилган ва 66 минг 394 нафар ногиронлиги бўлган ва ўзгалар парваришига муҳтож хотин-қизларга 55 миллиард 87 миллион сўмлик моддий ёрдамлар белгиланган тартибда тўлаб берилган.


    5 минг 140 нафар уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизларга моддий ёрдам берилиб, уй-жойлари таъмирланган. Нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган 5 минг 406 нафар хотин-қизларга 9 миллиард 975 миллион сўмлик ижара компенсацияси тўлаб берилган. 5 минг 186 нафар аёлларнинг имтиёзли арзон уй-жойлар олишлари учун 18 миллиард 918 миллион сўм маблағ тўлови амалга оширилган.
Шунингдек, қарамоғида ногиронлиги бўлган боласи мавжуд ёлғиз аёлларга «Аёллар дафтари» жамғармаси маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан моддий ёрдамлар ажратилган. Эҳтиёжманд хотин-қизларга тиббий хизмат кўрсатилиши йўлга қўйилган.

3-БОСҚИЧ БОШЛАНДИ...

    Қайд этилишича, ҳозирги кунда «Аёллар дафтари» билан ишлаш тизимининг 3-босқичи бошланди. 
«Аёллар дафтари» тизимининг 3-босқичини ташкил этиш бўйича Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Касаба уюшмалари федерацияси томонидан тегишли вазирлик ва ташкилотлар, маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда жорий йилда ҳам қатор ишлар амалга ошириш белгиланган.
Айни вақтда республикамиздаги барча маҳаллаларда яшовчи 30 ёшдан ошган хотин-қизларни хонадонма-хонадон юриш орқали қайта рўйхатдан ўтказиш ишлари бошланган. 2022 йил 31 январига қадар давом этиши белгиланган мазкур жараёнлар ҳар бир маҳаллада ташкил этилган Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан олиб борилади. Ушбу Ишчи гуруҳга фуқаролар йиғини раиси, унинг ҳуқуқ-тартибот ва оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича икки нафар ўринбосари, ҳудудий давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари жалб этилган.

МУАММОЛАР ҚАЙТАДАН ЎРГАНИЛАДИ...

    «Аёллар дафтари»нинг 3-босқичида кимлар дафтарга киритилмайди?
3-босқичда аввало аёлларнинг муаммолари қайтадан ўрганилади. Бунда ҳеч бир ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қиз четда қолиб кетмаслигига алоҳида эътибор берилади. «Темир дафтар»га киритилган оилалардаги хотин-қизлар ва фарзанди «Ёшлар дафтари»га киритилган аёллар, 1- ва 2-босқичларда 1-тоифа бўйича рўйхатга олинган ҳамда доимий иш ўрни билан таъминланган ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган хотин-қизлар «Аёллар дафтари»га киритилмайди.


     2021 йилда 9 та тоифа бўйича хотин-қизлар «Аёллар дафтари»га киритилган эди. Бу йил эса 6 та тоифага кўра киритилади, рўйхат нега камайтирилди?
Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг 2021 йил 29 декабрдаги кенгайтирилган йиғилишида 3-босқичда амалга ошириладиган ишлар белгилаб берилди.


     Жорий йилда «Аёллар дафтари» билан ишлаш тизими бўйича мавжуд қонунчилик ҳужжатларида қуйидаги муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, ҳуқуқий, тиббий ва психологик ёрдамлар «Аёллар дафтари»нинг қайси тоифасига киритилишидан қатъи назар, барча хотин-қизларга кўрсатилади. 


    «Аёллар дафтари»га киритиладиган хотин-қизларнинг эҳтиёжмандлик даражаси, яъни рўйхатга олиниши тоифалари сони ўзаро мувофиқлаштирилиши натижасида олдинги 9 тадан 6 тага камайтирилди. 


     Хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича Ўзбекистоннинг халқаро индексларда юқори кўрсаткичларга эриштириш мақсадида «Аёллар дафтари»ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича ҳуқуқий-норматив ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. 


      Лойиҳага мувофиқ, 2022 йилда «Аёллар дафтари»га ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар: бандлиги таъминланмаган, аммо ишлаш истагида бўлган, даромад манбаига эга бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган аммо бандлиги таъминланмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар, боқувчиси вафот этган ёки жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган ёхуд руҳий касалликка чалинган, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, боқувчиси бедарак йўқолган ҳамда никоҳи бекор қилинган эҳтиёжманд хотин-қизлар ҳамда ФҲДЁ органларининг маълумотномасига кўра ёлғиз аёллар, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар, меҳнатга лаёқатсиз, ўзгалар парваришига муҳтож хотин-қизлар, уй-жойга муҳтож эҳтиёжманд, нотурар жойларда истиқомат қилаётган, доимий турар жойи йўқ ёки турар жойида яшаш учун шароити бўлмаган, бир хонадонда 3 ва ундан ортиқ оила бўлиб яшаётган, бироқ ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар ва қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд хотин-қизлар 6 та тоифалар бўйича рўйхатга олиниши режалаштирилмоқда.  
     Маълумот учун айтиш лозимки, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига киритилган оилалардаги хотин-қизлар ҳам «Аёллар дафтари»га киритилиши мумкин.
«Аёллар дафтари»нинг 3-босқичи рўйхатига киритиладиган эҳтиёжманд хотин-қизлар рўйхатини шакллантириш ишлари жорий йил 10 февралида якунланади.

 

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: