LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

03 Jan 2022

    Онамнинг соғинчига ўзларининг дийдорини кўрмаганимча таскин йўқ эди. Олдиларига бориб келганимдан сўнг, кўнглимнинг чанқоғи бир ойга босилар, кейин яна кўргим келаверарди: “Узоқ гаплашиб ўтирмасам ҳам майли, ўзларини бир кўрсам, ёнгиналаридан овозларини эшитсам, етарли!”.

   Шу боис менга ҳар хил тўй-маросимлар, туғилган куну йиғинларга боришнинг қизиғи йўқ эди. Турмуш ўртоғимдан биргина илтимосим – “Онамни кўриб келишим учун хурсандчилик билан розилик берсалар бас!”. Рухсат теккач, ёзнинг саратонидан  қишнинг қаҳратонидан қўрқмай,  йўл азобидан зарра ҳадигим бўлмай отланардим. 

    Эсимда бундан 25 йилча олдин “Учқудуқ-Бухоро” йўналишидаги автобуснинг жўнаш пайтига етиб борувдим. Байрам арафаси эди, бекат тўла йўловчи. Беш яшар қизимни бағримга босиб, бўш жойнинг йўқлигидан автобус йўлагида кетганман. Аммо Бухорога етгунча сал кам вақт 8 соатлик йўлни қалбим тўла ҳаяжон, қувонч билан ўтказганим бот-бот ёдимга тушаверади.

    Дийдорлашув пайтларидаги онамнинг бахтиёр чеҳрасини таърифлаш қийин. Кўпинча уйимизга бехосдан (ахир, у пайтларда телефон йўқ эди-да) кириб борардим. Дарвозадан уйга киришим билан онам яшнаб кетардилар. Овозларида қалбимни эритиб юборадаиган меҳр товланиб пешвоз чиқардилар.

    -Бугун қандай яхши кун экан! Қайси шамоллар учирди, болам? Бу нурли сиймога шунчалар азиз, суюкли эканимни неча –нечанчи бор ҳис этсам-да, ҳар гал томоғимни куйдириб, кўзларимга тўладиган ёшларни ютиш, яшириш учун гапни ҳазилга бурардим: 

-Қизилқумнинг аёвсиз шамоллари учирди, мени!

– Ҳа-я, гап улардилар онам. – Болажонимни келтирган ўша Қизилқумнинг аёвсиз шамолларидан ўзим айналай...

   Энди уринишларим бекор... Бу дунёдан эрта кетган дадамнинг ўринларига ҳам ота ҳам она бўлиб бизни ўкситмай катта қилган онажонимнинг ихчам жуссаларини бағримга босиб, бошимни елкаларига қўйган-ча, кўзимни кафтимни орқаси билан тез-тез сидирардим.

   Кейин чекка-чекка токчалардан, қутичаю тахмондаги кўрпалар орасидан менга атаб қўйган нарсаларни дастурхонга тўкардилар.

-Чўлда яшасак-да, биздаям ҳамма нарса бор, нимага ўзингиз емай асраб қўясиз?!

  -Янганг бозордан олиб келган майиздан сенга ҳам олиб қўювдим. Ол, есанг-чи, - дейди онам чой қуйиб узатаркан...

...Қиш хаёлкаш. Унинг ўйчанлиги “ёқиб”, майдалаб ёғаётган қорга термулган-ча, яна онамни эсладим. Соғиндим! Ҳаёлга нималар келмайди. “Қанийди, шу изғиринли қорли кунда минг машаққат билан йўлларни босиб, автобус йўлагида ўтириб бўлса-да, онамнинг дийдорини кўриш мумкин бўлса! Иккиланмай, ўйланмай, тўхтамай қувончларимдан қанот ясаб йўлга чиқардим”!...

   Ҳа, ҳаёлкаш қиш элагида қорни эмас, аслида дийдорга, эзгуликка, соғинчга ташна умримизнинг ғанимат онларини элаётгандай.

Яна хазонларга қайтаман ёлғиз,

Яна дард баргига кўмилар бу из,

Яна боғлар сенсиз ҳувиллар она,

Рутуб маҳзанида мубҳам кумуш қиш!

Райҳон ҚОДИРОВА, журналист.

 

03 Jan 2022

    2010 йил мен учун оғир келган. Айни Янги йил арафасида фирмам «банкрот» бўлди. Аммо буни энди тили чиққан болаларингга қандай тушунтирасан?!

  Аёлим Хадича кичиги билан декрет таътилида ўтирганди. Шундай оғир кунларда Қорбобо машмашаси бошланди. Ўғилларим Алишер ва Бобир ҳар куни «Қойбобо чақияйлик», деб қулоқ-миямни ерди. Тутақиб кетардим. 

   Э, қанақа Қорбобо?! - деб жеркиб ташладим уларни.

 - Дунëда ҳеч қанақа Қорбобо йўқ!

- Бой!!! - деди каттаси чучук тиллари билан.

Унга жимиттой ҳам қўшилди. Ўзининг ақли етмайдику-я, буни унга “катталар” ўргатишган. Хадича ҳам шулар билан тил бириктиргандай менга қараб жилмаярди.

-Кап-катта хотин, сен нега илжаясан?, - бақириб бердим охири.

- Бу Қорбобо текинга келса экан. Бир келганда эллик-юзни «уриб» кетади.

Бугун менга бир сўм ҳам пул! Янги йил дастурхонини эплаб берсам ҳам яхши...

Янги йил куни Хадича кичик синглисини чақириб, оддий маҳсулотлардан шундай дастурхон тузади-ки, кўриб ҳайрон қолибман. Ҳатто бу қадар тиришиб дастурхон ясатишнинг боиси не, деб ўйлаб ҳам қолдим.Кечқурун дастурхон атрофида жамулжам ўтиргандик, тўсатдан қопини орқалаганча Қорбобо кириб келса бўладими?! Эр-хотин ялт этиб бир-биримизга қарадик.

У жилмайиб, мен ўқрайиб... сабаби у Қорбобони дадаси чақирган, деб ўйлаб жилмайган, мен эса бу унинг ҳийласи, деб ўқрайганман.

Чунки, Қорбобонинг пулини барибир мен тўлайман-ку! Аммо болаларнинг хурсандлигини бир кўрсангиз эди! Уйни бошга кўтаришди, ўзиям. Кичиги бироз ҳайиқиб турди, каттаси Қорбобо ҳакида шеърлар айтдими-ей, қўшиқ айтиб, рақс ҳам тушишди.

Яна денг, Қорбобо уларга катта халтада совға ҳам берди. У болаларимга совға бергани сайин мен терлайвердим. Пулини тўлолмай шарманда бўлмасам эди...Ниҳоят, унинг кетадиган вақти бўлди, шекилли, ўрнидан қўзғалди.

Шапалоқдай квитанцияни бурнимга суқди. «Ана бошланди!», ўйладим хавотир билан.Имзо чекиб юборинг! Қорбобо соқолини селкиллатиб менга ручка тутқазди.

 Қоғоздаги рақамни кўриб додлаб юбораëз дим:- 250 минг сўм!?

- Қанақасига 250 минг бўлади? Қорбобоман деб, ўзингиздан кетманг, оғайни... Қорбобо кулди.Қўрқманг, ака, пули тўланган! - деди мени танг қолдирганча.Мен яна хотинимга қараб ўкрайдим. У елка қисди. Бу сафар квитанцияга синчиклаб кўз югуртирдим.

 - Ие? - дедим унда ëзилган манзилни кўриб. - Адашиб қолибсиз-ку, бобожон.

Бу ахир ўнинчи уй эмас, Ўнинчи “А” уй-ку!Бу сафар қорбобо гангиб колди. Болаларнинг қўлидаги совғаларга тумшайиб қараганча пўнғиллаб:-Э, падарига лаънат  “А”, “Б” сининг! - деганча ғойиб бўлди. Биз қаҳ-қаҳ отиб кулиб юбордик.Қарангки, ўша сафарги янги йилимиз ҳам саргузаштсиз ўтмади. Яратган ҳам қўлим қисқалигини билиб, Қорбобони йўлдан адаштирган, шекилли...

 Муҳими, болаларимнинг орзуси ушалди! Ахир, бу мўъжиза эмасми?!

Рустам Парпиев, тадбиркор.

03 Jan 2022

   2022 йил 1 январдан бошлаб юридик шахслар томонидан кўчмас мулкни ижарага бериш (олиш) ёки текин фойдаланиш шартномалари давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилади. Бунда жисмоний ва юридик шахслар томонидан кўчмас мулкни ижарага бериш ёки текин фойдаланиш шартномаларини давлат солиқ хизмати органларининг электрон тизимларида ҳисобга қўйиш масофадан туриб фақат электрон шаклда амалга оширилади.
   Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 сентябрдаги 595-сон қарори билан тасдиқланган Низомга асосан 2022 йил 1 январдан бошлаб солиқ тўловчилар ўз кўчмас мулкига эга бўлмай туриб ижарага олинган ёки текин фойдаланилаётган кўчмас мулки бўлмаганда солиқ хавфининг юқори даражасига эга солиқ тўловчилар гуруҳига кириши белгиланган.
   Низомнинг 31-бандига асосан солиқ хавфи даражаси юқори бўлган солиқ тўловчиларнинг қўшилган қиймат солиғи гувоҳномаси амал қилишини тўхтатиб турилиши назарда тутилган.
   Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш интерактив хизмати E ijara дастури тест режимида синовдан ўтказилмоқда.
    Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ўз кўчмас мулкига эга бўлмаган ҳолда ижарага олган объект бўйича ижара шартномаси давлат солиқ хизмати органларининг ijara.soliq.uz электрон тизимида ҳисобга қўйилади.
    Қўшилган қиймат солиғи гувоҳномаси амал қилиши тўхтатиб турилишини олдини олиш мақсадида муддати кейинги йиллар учун амал қиладиган яъни аввал тузилган ва 2021 йил декабрь ойида тузиладиган кўчмас мулкни ижарага бериш ёки текин фойдаланиш шартномаларини 2022 йил 1 январгача;
    - 2022 йил 1 январдан тузиладиган ижара шартномаларини эса шартнома имзолангандан кейин давлат солиқ хизмати органларининг ijara.soliq.uz электрон тизимида ҳисобга қўйилиши лозим бўлади.
   Қўшилган қиймат солиғи фақатгина белгиланган тартибда солиқ органларида махсус рўйхатдан ўтган ва фаол гувоҳномага эга бўлган етказиб берувчилар томонидан тақдим этилган ҳисобварақ-фактуралар асосида ҳақиқатда олинган товар (хизмат)лар бўйича ҳисобга олиниши мумкин.
Давлат солиқ ҳизмати органида ҳисобга қўйилмаган шартномалар асосида ижарага олинган ёки текин фойдаланилаётган кўчмас мулк объектларида сақланаётган товар-моддий захиралар қолдиқлари саноқдан (инвентаризациядан) ўтказилмайди ҳамда солиқ солиш мақсадларида солиқ тўловчининг омборида мавжуд эмас деб баҳоланади.

Улуғбек САНАЕВ,
Учқудуқ туман Давлат солиқ инспекцияси
жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш
бўлими катта инспектори.

03 Jan 2022

  Токио тиббиёт фанлари институти олимлари гуруҳи умр бўйи коронавирусдан ҳимоя қилувчи иммуниет шакллантирадиган вакцина ишлаб чиқмоқда.

   Japan Times шанба куни хабар беришича, клиник синовлар 2023 йилда бошланиши мумкин.

    Профессор Мининори Кохарай бошчилигидаги мутахассислар 18 асрда британиялик шифокор Эдвард Женнер томонидан ишлаб чиқилган чечакка қарши вакцинани асос сифатида олдилар. Унда одамлар учун зарарли бўлмаган чечак вируси мавжуд. Вакцина инсониятни қутқарди.

   Япониялик олимлар чечакка қарши вакцинанинг рекомбинант вирусини яратишни режалаштирмоқда. Унинг таркибида SARS-Cоv-2 вируси оқсили мавжуд. Уларнинг фикрича, бу ёндашув коронавирусга қарши умрбод иммунитетни шакллантиришга ёрдам беради.

   Тажрибалар чечакка қарши рекомбинант вакцина ёрдамида сичқонларда ўтказилди, бунинг натижасида антитанача даражаси юқори бўлди ва 20 ойдан ортиқ давом этди. Бундан ташқари, 20 ой ўтгач, парранда гриппи билан касалланган сичқонлар омон қолишди.

  «Мен турли хил вакцина технологияларини синаб кўрдим, масалан, аденовирус ва РНК вакциналари, аммо чечакка қарши вектор вирусли вакциналар энг яхши эканлигини исботлади», - деди Кохара.

  Унинг сўзларига кўра, вакцинанинг кичик ножўя таъсирлари бор ва улар ташиш ва сақлаш учун алоҳида шартларни талаб қилмайди.

31 Dec 2021

 

    Учқудуқ туман ҳокими Хамроев Соли Фармоновичнинг Янги йил табриги

     Ассалому алайкум азиз ва қадрли юртдошлар!

    Ҳурматли учқудуқликлар!

    Шу кунларда барчамиз ҳаётимизда ўчмас из қолдирган 2021 йил билан хайрлашиб, эзгу қадамлар ила кириб келаётган 2022 йилни кўтаринки кайфият ва шоду хуррамлик билан қарши олмоқдамиз. 

    Шу қувончли лаҳзаларда Сиз азизларни Янги йил байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман!

    Барчангизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт, тинчлик ва тотувлик тилайман!

    Албатта, 2021 йил туманимиз ҳаётининг барча соҳаларида сезиларли ўсиш ва аҳамиятли натижалар билан якунланмоқда. Бунинг замирида албатта сиз, мард ва танти тумандошларимизнинг фидокорона меҳнати, эзгу интилишлари мужассам.

    Қадрли тумандошлар!

    Ҳаммамиз эзгу орзу-умидлар билан Янги — 2022 йилга қадам қўйдик. Ўйлайманки, Сиз азизларнинг саъй-ҳаракатларингиз, қўллаб-қувватлашингиз, энг муҳими — юксак ишончингиз билан кириб келган янги йилда ҳам ўтган йилдагидан кўра салмоқлироқ натижаларга эришамиз.

     Менинг ниятим, тилагим шуки, ҳар бир оила, ҳар бир инсон мурод мақсадига етсин!

    Барчангизга яна бир бор мустаҳкам соғлик, оилавий хотиржамлик, фарзандлар, набиралар бахту камолини кўриш насиб этсин!

    Янги — 2022 йилнинг қадами жонажон Ўзбекистонимизга қутлуғ ва баракали келсин!

    Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!

    Янги йил барчамизга муборак бўлсин, азизлар!

 

 

30 Dec 2021

    Бугун Халқ депутатлари Учқудуқ туман Кенгашининг навбатдаги қирқ биринчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокимининг барча ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, тегишли ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарлари шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

    Мажлисни туман ҳокими, Кенгаш раиси С.Хамроев бошқариб борди.

    Депутатлар кун тартибида туман маҳаллий бюджетининг 2021 йилдаги ижроси, туманнинг 2022 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида, “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдам бериш ҳақида, Учқудуқ туманини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида Мингбулоқ сув қўрғонидан сув иншоотини қуриш лойиҳасини 2022 йилги Давлат дастурига киритиш тўғрисида ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан 2022 йилда Учқудуқ туманида амалга оширилиши назарда тутилган қурилиш ва таъмирлаш объектлари тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.

    Кун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан туман молия бўлими мудири Ж.Бобомуродов, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси ҳузуридаги “Саховат ва кўмак” жамғармаси раиси И.Рахимов, туман ҳокими ўринбосари О.Рамазоновларнинг маърузаси эшитилди.

    Kун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан депутатлар У.Давидов, Ш.Тилавов ва бошқалар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

    Халқ депутатлари Учқудуқ туман Кенгашининг навбатдаги қирқ биринчи сессияси кун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ва ижрога қаратилди.

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.

 

30 Dec 2021

 

    Таълим, илм-фан соҳасини ислоҳ қилиш бугунги ривожланаётган ҳар бир давлатнинг олдидаги асосий вазифа эканлиги таъкидлаб ўтиш лозим. Чунончи, Прездентимиз ҳам мамалакатимизда таълим соҳасига алоҳида эътибор бериб келмоқда. Буни сўнгги пайтда қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари мазмунидан ҳам кўришимиз мумкинки, мамлакатимизда замон талабларига жавоб берадиган таълим тизимини яратишга ҳаракат қилинмоқда.  

    Хусусан Президентимизнинг 2021 йил 24 декабрдаги “Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 61-сон Қарори қабул қилинди. Ушбу Қарор (1-илова) билан мамлакатимиздаги 35 та олий таълим муассасаларига молиявий томондан мустақиллик берилди. 

    Молиявий мустақиллик берилаётган давлат олий таълим муассасалари юридик шахс мақомига эга бўлган бюджет маблағларини олувчи давлат ташкилоти ҳисобланади. 

   Қарорда қуйидаги вазифаларни бажариш ОТМ томонидан амалга оширилиши белгиланди:

 контракт қийматини, тўлаш муддатларини белгилаш ва узайтириш;

 маҳаллий ва хорижий профессор-ўқитувчи ва мутахассисларни шартнома асосида жалб қилиш;

 ўз ҳисобидан талабалар учун стипендия ва грантлар ажратиш;

 хорижийан ўқув ва илмий адабиётлар, дарсликлар, ўқув қўлланмаларни тўғридан-тўғри харид қилиш;

 бўш турган бино ва иншоотларда пуллик хизматлар кўрсатиш тартибини белгилаш;

 автотранспорт воситаларининг йўл босиш йиллик лимити ва уларга хизмат кўрсатиш талабларини белгилаш.

    Шунингдек қарорга кўра, ички аудит ва молиявий назорат хизматлари учун давлат ОТМ харажатларини онлайн мониторинг қилиш имконияти яратилади. 

    Олий таълим муассасалари рахбарларининг фуқароларга таълим хизматлари кўрсатиш қамрови ва сифатини ошириш, таълим жараёнини илғор олий таълим стандартларига мувофиқлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва рақобатдош мутахассислар тайёрлаш бўйича белгиланган кўрсаткичларнинг бажарилиши юзасидан оммавив ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка мунтазам равишда ҳисобот бериб бориши бергиланди.

 

Мадад нодавлат нотижорат ташкилоти Учқудуқ туман ҳудудий бюроси бош мутахассиси Исмоилова Умида Ҳамро қизи

 

29 Dec 2021

 

    Халқимизга хос хислатлар ҳақида сўз кетганда, мурувват ва меҳр-оқибат, саховатпешалик алоҳида тилга олинади. Чиндан ҳам, бу каби инсоний фазилатлар юртдошларимизнинг кундалик ишлари, ниятлари билан уйғунлашиб кетган.

   Бинобарин, инсон ва унинг манфаатлари устувор саналган мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат замирида ҳам аҳоли турмушини янада фаровон этиш, эҳтиёжмандларга кўмаклашиш каби улуғвор мақсадлар мужассам. Шу мақсадда шакллантирилган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Қолаверса, халқимиз орасида саховатпеша инсонлар кўпки, улар ҳам имкон қадар йиқилганни суяб, элнинг оғирини енгил қилишда ҳисса қўшиб келишмоқда.

   Куни-кеча Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроев Қулқудуқ ва Мингбулоқ овулларида бўлиб, бу ердаги ижтимоий-тиббий кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олди. Янги йил байрами арафасида эҳтиёжманд оилаларнинг болаларига байрам совғалари, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда зарурий кийим-кечаклар берилди.

    Бу каби хайр-саховат ишлари бутун туман бўйича ёйилиб, чекка-чекка овуллардаги эҳтиёжманд оилалар фарзандларига байрам арафасида совғалар улашилмоқда. 

    Яратган барчамизни хайр-саховатли, меҳр-мурувватли, неъматларининг шукронасини адо этгувчилар қаторида бўлишликни насиб айласин!

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.

29 Dec 2021

 

    Биз бугун вақтнинг азим дарёдек шиддат билан ўтишига яна бир бор гувоҳ бўлиб, янги йилга, умр йўлимиздаги янги бир довонга қадам қўймоқдамиз. 2022 йилнинг кириб келишига оз фурсатлар қолмоқда.

    Ҳаммамиз гувоҳмиз, 2021 йил ҳам бутун дунё қатори юртимиз учун ҳам оғир ва мураккаб келди. Пандемия синовлари бизни тарк этмади. Мана шундай мураккаб вазиятга қарамасдан, мамлакатимиз иқтисодиётининг байроқдори НКМК жамоаси қатори ШКБ ҳар бир ишчи-ходими ўз олдига қўйилган вазифаларни сидқидилдан бажаришга эришди. 

    Биз бир ҳаяжон билан кузатаётганимиз 2021 - “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да барча ишлаб чиқариш соҳаларида Шимолий кон бошқармаси фидокорона меҳнат эвазига катта ўзгаришларни амалга оширди.

  Йил якунига етмасиданоқ, олдимизга қўйилган режаларни ортиғи билан бажаришга эришдик. 2021 йил сарҳисобидан: уран ишлаб чиқариш - 100 фоизга, сульфат кислота ишлаб чиқариш - 100,1 фоизга, “Шарқий” ва “Даугистау” конларидан тоғ массаларини қазиб олиш режаси октябр ойидаёқ удалланди. 

  Юртбошимиз томонидан қабул қилинган комбинатни ривожлантиришнинг 2017-2026 йилларгача бўлган даврга мўлжалланган дастурини муваффақиятли рўёбга чиқариш, Шимолий кон бошқармаси тизимида янги технологияларни ишга тушириш, мавжудларини модернизация қилиш ва кенгайтириш асосида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш борасида узлуксиз ва тизимли бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда олиб борилди. Бунинг натижаси ўлароқ, 3-Гидрометаллургия заводининг куйдириш цехида чиққиндидан олтинни ажратиб олиш 3,5% га ошди. 

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган “Инсон қадри учун” деган тамойил асосида ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш баробарида Янги Ўзбекистон билан янгиланиб бораётган Учқудуғимизда янги ижтимоий объектлар қад ростлади. Биргина, жорий йилнинг ўзида ШКБ томонидан 9 та ётоқхонада мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бу мақсадларга жами 8 миллиард сўм маблағ сарфланди. 

Бугун бутунлай янги ва замонавий қиёфа акс этган ётоқхоналарда бу ерда истиқомат қилаётган ишчи-ходимлар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. 

   Йил давомида аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш учун янги иш ўринларининг яратилганлиги таҳсинга сазовор.

    Ҳаракатлар стратегиясидан-тараққиёт стратегияси сари борар эканмиз, бу каби кенг кўламли ишлар кейинги йилларда ҳам диққат марказимизда бўлади, албатта.

   Юксак марралар учинчи Ренессанс пойдевори яратилаётган янги Ўзбекистонда янгича тафаккур ва янгича шижоат билан меҳнат қилишни тақозо этаяпти.   

    Энг қувонарлиси шундаки, НКМКдай улкан корхонага бешик вазифасини ўтаган Учқудуқда “2022 йил - Кончилар йили” деб эълон қилинди. Бу йил ШКБга қарашли Тоғ-кон жиҳозларини таъмирлаш цехи ўзининг 60 йиллигини, “Даугистау” кони эса 20 ёшли тўйини нишонлайди. Ана шундай қутлуғ саналарни аҳил жамоамиз билан зиммамиздаги топшириқларни шараф билан бажариб нишонлашимизга ишонаман.

   Бугунги шукуҳли дамларда жамоамиз аҳлини янги — 2022 йил билан самимий муборакбод этиб, барчангизга тинчлик-омонлик, сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга қут-барака тилайман.

 

Неъматилло АХАТОВ,

Шимолий кон бошқармаси директори.

29 Dec 2021

 

     Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 28 декабрдаги мажлисида «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Унда коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмаслиги бўйича норма ўз аксини топмоқда.

    Маълум қилинишича, қонун лойиҳаси билан давлат фуқаролик хизматини тартибга солиш ва тегишли субъектларнинг ваколатлари, давлат фуқаролик хизматчисининг мақоми, одоб-ахлоқ қоидалари, унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳамда жавобгарлиги белгиланмоқда.

    Қонун лойиҳасида давлат фуқаролик хизмати тизимида коррупцияга қарши курашиш, давлат фуқаролик хизматига кириш, уни ўташ ва тугатишнинг ягона қоидаларини жорий этиш кўзда тутилган. Мазкур ҳужжатда, шунингдек, биринчи марта давлат фуқаролик хизматчиларининг мақоми институти жорий этилмоқда.

    Шу билан бирга, лойиҳада давлат хизматчиларининг даромади ва мол-мулкини декларациялаш, коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмаслиги каби нормалар ўз аксини топмоқда. Мажлисда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: